Menu
Your Cart

«Фатволар тўплами. 500 саволга 500 жавоб» 1-китоб

«Фатволар тўплами. 500 саволга 500 жавоб» 1-китоб
«Фатволар тўплами. 500 саволга 500 жавоб» 1-китоб
«Фатволар тўплами. 500 саволга 500 жавоб» 1-китоб
«Фатволар тўплами. 500 саволга 500 жавоб» 1-китоб

«Фатволар тўплами. 500 саволга 500 жавоб» 1-китоб


Сизга тақдим этилаётган ушбу китоб Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказига юртдошларимиз томонидан йўлланган саволларга ёзилган жавоблар мажмуасидир. Китобга халқимиз томонидан энг кўп сўраладиган саволлар киритилган. Саволларга Куръони карим, ҳадиси шариф ва мўътабар манбалар асосида жавоб берилган. Китоб кенг оммага мўлжалланган.


Муаллифлар жамоаси раҳбари: Нуриддин домла Холиқназаров
Нашриёт: «Shamsuddinxon Boboxonov»
Сана: 2023 йил
Ҳажми: 632 бет
ISBN: 978-9943-12-697-8
Муқова: қаттиқ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 декабрдаги 02-07/9839-сонли хулосаси асосида нашрга тайёрланди.


СЎЗБОШИ

Фатво - Исломда муфтий ёки уламолар кенгаши томонидан диний ва ижтимоий масалалар ҳукмини баён қилишдир. Исломнинг дастлабки даврида Пайғамбаримиз соллаллоху алайҳи ва саллам, саҳобалар, айниқса, дастлабки тўрт халифа (чорёрлар)нинг турли диний масалалар юзасидан берган баёнлари, шунингдек, уларнинг фиқҳга доир чиқарган ҳукмлари фатво деб айтилган. Фатво ҳалол ва ҳаром, савоб ва гуноҳ каби масалалар билан боғлиқ бўлгани сабабли унинг масъулияти ва жавобгарлиги жуда каттадир. Исломда фатво масаласи ўта масъулиятли ва аҳамиятга молик иш ҳисобланади. Зотан фатво ишига Аллоҳ таолонинг Ўзи мутасадди бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Улар сендан фатво сўрайдилар. Уларга айт: “Аллоҳ калола борасида фатво беради” дейди. Яна бир оятда Аллоҳ таоло: "Сендан аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Уларга айт: “Аллоҳ улар борасида фатво беради", дейди. Бу оятларда Аллоҳ таоло фатво беришни ўзининг зотига нисбат бермокда. Бу фатво бериш нақадар буюк иш эканига далолат қилади. Аллоҳ таолонинг ўзи мусулмонларга фатво беради. Сўнгра Аллоҳ таоло фатво бериш масъулиятини ўзининг пайғамбарига юклади. У ўзига нозил қилинган нарсаларни одамларга баён қилиб беради. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи ва салламдан фатво сўрар эдилар. У зот уларга фатво берар эдилар. Тўғри фатво бериш орқали инсонларни яхши ишларга йўллаш, ёмон ишлардан қайтариш савобли ишдир. Бироқ илмсиз, асоссиз тарзда берилган фатво эса хатарлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Фатво (бериш) га журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир", деганлар (Имом Доримий ривояти). Бу дегани, етарли билим ва тажрибага эга бўлмай туриб, қўрқмасдан фатво бериш оғир гуноҳдир. Дастлабки мусулмонлар авлоди фатвонинг жавобгарлигини чуқур англаб етганлари туфайли ўзларидан илмлироқ киши бўлган жойда сукут сақлашни лозим кўрганлар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан элликта масала сўралганда биттасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган. Бунинг сабабини сўралганда: "Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин", деганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоху анхумо Куръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини жуда яхши билар эди. Шу билан бирга, билмаганларини дарҳол тан олар ва ўз ўрнида "билмайман" деб айтар эди. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илмсизлик билан (нотўғри) берилган фатвонинг гуноҳи фатво берувчига бўлади. Биродарига тўғри йўлни била туриб нотўғри маслаҳат берган киши ҳақиқатда унга хиёнат қилган бўлади", дедилар» (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти). Савол берилганда жавоб берувчи масаланинг ечимини аниқ билмаса, уни фатво китоблардан кўриб ёки ўзидан илмли кишилардан сўраб, кейин жавоб бериши керак. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бугунги кунда саволларга жавоб берувчи уламоларимиз аксар ҳолатда ўтган фуқаҳоларнинг фатволарини сўраганларга етказадилар. Олдин мавжуд бўлмай кейинги пайтларда юзага чиққан замонавий саволларга фатво бериш эса, асосан, халқаро Фатво уюшмалари ва академиялари томонидан амалга оширилмокда. Мусулмонлар динимиз аҳкомларини ўрганиш учун Ислом келганидан бошлаб олимлардан фатво сўраб келишган. Зеро, ўзлари диний аҳкомларни асл манбалардан тушуниб, улардан тўғри ҳукмлар чиқара олишмаган. Шу сабабдан олимларга мурожаат қилишга эҳтиёж сезилади. Аллоҳ таоло айтади: “Агар билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз!” (Наҳл сураси, 43-оят). Умуман олганда, мусулмонлар тақводор ва ишончли олимга мурожаат қилиб, ҳукм ўрганишар экан, бу уларга эргашиш ва улар чиқарган ҳукмга тақлид қилиш демакдир. Шуни таъкидлаш керакки, саҳобалардан кейин Қуръони карим, ҳадиси шариф ва бошқа Ислом манбаларидан ҳукм олиш услублари устида етук олимлар шуғуллана бошладилар. Натижада ҳозирги машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб (ҳанафий, шофиъий, моликий ва ҳанбалий) олимларининг тутган йўллари мусулмон оммаси томонидан тан олиниб, эргашадиган ишончли манбаларга айланиб қолди. Ушбу тўрт мазҳаб тарафдорлари аҳли сунна вал жамоа номи билан ҳам таништирилади. Зеро, ушбу мазҳаб асосчиларидан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа каби олимлар ҳукм олиш услубларининг мукаммал намунасини ҳамда дастурларини ишлаб чиқишган. Шунга биноан улардан кейинги олимлар уларнинг манҳажларини маҳкам тутиб, услубларига эргашишда ўрнак бўлиб келишмоқда. Модомики, олимлар уларнинг йўлини маҳкам тутар экан, мусулмон уммати эса мазҳаблар атрофида жипслашиб, унинг талабларига риоя этадилар. Вақт ўтиши билан олимлар ўзларининг минтақасидан келиб чиққан ҳолда, устозлари эргашган мазҳабларни ёш авлодга етказиш анъанасини жорий қилдилар. Бугунги кунга келиб, алоҳида йўналиш ва мазҳабсизлик йўлини тутиш фитнага сабаб бўлувчи маъносиз иш бўлиб қолди. Зеро, минг йиллар давомида олимлар талабига мувофиқ бўлиб келган ушбу тўрт мазҳаб йўли қиёматгача давом этиши ҳам нақлга, ҳам ақлга мувофиқдир. Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволларга фатво бериш фарзи кифоядир. Ҳаёт давом этар экан, кундан-кунга янги ва замонавий масалалар ва урф-одатлар пайдо бўлиши табиийдир. Мана шундай замонавий ва янги масалаларни ечишда ҳар бир юртнинг ўзига хослиги ва вазияти инобатга олиниб, олимлар ўзаро иттифоқ бўлиб, масалага ечим топишлари зарур. Шунда ўзаро якдиллик ва ҳамжиҳатлик бўлади. Мана шуларни инобатга олиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида Фатво марказини ташкил қилдик. Айни пайтда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази юртимиз мўмин-мусулмонларининг турли диний масалаларда ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қиладиган илмий даргоҳга айланиб бормоқда. Ўз навбатида Фатво марказида мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжини қондириш, уларга қулай имкониятлар яратиш учун интернетдаги сайт, ижтимоий тармоқлардаги каналлар орқали ҳам савол-жавоб рукнлари очилди. Қўлингиздаги ушбу фатволар тўплами ҳам Ислом таълимотининг ҳукм ва тушунчаларини ҳаётга тўғри татбиқ этишга хизмат қилади, деган яхши ниятдамиз. Сизга тақдим этилаётган ушбу китоб Фатво маркази томонидан жорий қилинган “FATVO.UZ” номли телеграм каналида ҳавола этилган савол-жавоблардан 500 таси асосида кенг омма учун янада қулайроқ бўлиши учун тўплам шаклида нашрга тайёрланди. Аллоҳ таоло ушбу китобни халқимизга манфаатли қилиб, тўпламнинг кейинги китобларини давомли нашр этиб бормоғимизни насиб айласин! Омин!

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси, Фатво маркази директори, муфтий

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Фатволар тўплами. 500 саволга 500 жавоб» 1-китоб
96 000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: 4605
  • Вазни: 1.07кг
  • ISBN: 9789943126978
Сотилган сони: 108
Кўрилган сони: 11589
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.