Устозларнинг меҳнати, шогирдларига илмни тушунтириб етказишдаги заҳмати, бу йўлда чеккан беҳисоб машаққатини таърифлашга сўз етмайди. Шунинг учун олимларга эҳтиром кўрсатишга, уларнинг иззатини жойига қўйишга, хизматларини адо этишга бурчлимиз. Айниқса, дин илмини ўргатган устозларимизга кўпроқ эътибор ва марҳамат кўрсатишимиз зарур. Чунки дунёвий илм ёки бир касб-ҳунар ўргатган устоз дунё ҳаётининг камоли ва равнақи учун ёрдам беради. Диний илм ўргатувчи устозларнинг эса ҳам дунё, ҳам охиратимизга фойдаси тегади, улар бизни жаҳаннам оловидан паноҳ топишимизга сабабчи бўлишади. «Олимлар эҳтиромга лойиқ буюк инсонлардир. Илм билан мустаҳкамланмаган ҳар қандай улуғликнинг оқибати хорликдир», деган эди Аҳнаф ибн Қайс.
Аждодларимиз устозни ҳурматлаш, унинг шаъни ва иззатини кўтариш бобида ғоятда катта ибратни қолдиришган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг уловлари тизгинини ушлаб, унга минишда ёрдам бературиб бундай деганлар: «Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли».
«Ҳидоя» муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳикоя қиладилар: «Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс халқасида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак толиблар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: «Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юришибди. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келишса, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман», деб жавоб қилдилар.
Яна ҳикоя қилишадики, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир муддат Маккаи Мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи имом ҳазратларига Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатиб меҳмон қилганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва табаррукона мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.
Марвлик қози Имом Фахриддин ал-Арсобандий вилоятдаги барча олимларнинг раиси эди, у зотни Марв султони ҳам қаттиқ ҳурмат қилар эди. Шу киши айтган эканлар: «Устозимнинг дуолари баракотидангина шундай мартабага эришдим. Ҳамиша устоз хизматларини ва ҳурматларини ўринлатишга интилдим. Устозим қози Имом Абу Язид Дабусий хизматларига қуш мисоли учар эдим. Кийимларини ювиб, пойабзалларини тозалаб, таомларини ҳозирлар, устоз овқатланиб бўлгунларича ўзим тановул қилмас эдим».
Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу илм ўрганувчига қарата бундай деганлар: «Олимнинг сендаги ҳақларидан бири сен одамларга омматан салом бериб, муаллимга хос салом беришингдир. Унинг рўбарўсида ўтиришинг, унинг ҳузурида қўлинг билан ишора этмаслигинг, кўзингни қисмаслигинг, устозга керагидан зиёда савол бермаслигинг, жавоб беришида унга ёрдам бермаслигинг, агар хоҳламаса, унга қайта-қайта савол бермаслигинг, устоз туришга ҳаракат қилганда унинг кийимларидан ушламаслигинг, унинг сир-асрорларини фош этмаслигинг, устоз ҳузурида бирон-бир кишини ғийбат қилмаслигинг, уни бирон-бир масалада хато қилишини ҳеч қачон тиламаслигинг, устоз агар ногоҳ адашса, узрини қабул этишинг, устозга қарата: «Мен фалончи бундай деганини эшитдим» ёки «Фалончи сизнинг хилофингизга гапирди», деб айтмаслигинг, устоз ҳузурида бирон-бир олимни тавсифламаслигинг, узун суҳбатидан ҳеч қачон малолга келмаслигинг, устоз хизматидан ўзингни олиб қочмаслигинг лозим бўлади. Устознинг бирон ҳожати чиқиб қолса, уни адо этиш учун барча қавмлар чопишади. Устоз гўё бир хурмо дарахтига ўхшайдики, сен ундан бирон нарса тушишини пойлаб турасан». Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу айтдилар: «Уламолар бўлишмаганида эди, инсонлар гўё ҳайвонларга ўхшаб қолишарди»
1 Изоҳлар
Bismillih
Изоҳ қолдириш