МУҲАРРИР МИНБАРИ
АВВАЛ ЎЗИМИЗНИ ЎНГЛАЙЛИК...
Яқинда устозлардан бири бундай зорланиб қолди: «Ҳозирги ёшлар жуда эътиборсиз, лоқайд бўлиб кетяпти, куйиб-пишиб гапираману ҳаммасининг хаёли бошқа ёқда, мени мутлақо эшитгиси келмайди». Ўйланиб қолдим: «Нега нотиқ ўз сўзини тингловчига етказа олмаётир? Нима учун устоз ўз фикрини талабасига уқтира олмаяпти? Не сабабдан хонадон бошлиғи гапини оила аъзоларига ўтказа олмаётир? Ҳозирги пайтда одамларнинг «гапуқмас» бўлиб кетаётгани сабаблари қаерда?»
Бунинг илдизларини сал олисроқдан, солиҳ аждодлар тажрибасидан ахтаришга тўғри келади.
Бир киши Абул Қосим ал-Ҳакимдан сўради: «Олдинги замондаги олимларнинг панд-насиҳатлари одамларга таъсир қилардию, нега ҳозирги олимларники таъсир этмайди?» Ҳакимнинг жавоби жуда маънодор бўлди: «Илгари замонда олимлар уйғоқ, одамлар уйқуда эдилар. Уйғоқ киши уйқудагини уйғота олганидек, уларнинг панд-насиҳатлари ҳам одамларга таъсирини ўтказар эди. Бугунги кунда эса олимлар уйқуда, одамлар эса ўлик. Ўзинг айт-чи, уйқудаги кимса ўликни тирилтира оладими?»
Энди бир мулоҳаза қилинг: сиз олий ўқув юртида талабаларингизга ҳалоллик, ўзгалар ҳақини поймол қилмаслик ҳақида соатлаб ваъз ўқисангизу, аммо ўзингиз талабалардан пора олсангиз, гапингизнинг самараси ва таъсири бўлармикин? Маҳалла-кўйда ахлоқ-одоб ҳақида тинмай одамларга панду насиҳат қилсангизу, аммо ўзингиз ахлоқсиз бўлсангиз, одоб қоидаларига риоя этмасангиз, насиҳатингиз одамларга етиб борармикин? Масжид меҳробидан туриб қавмга ваъдага вафо қилиш ҳақида хитоб қилсангиз-у, аммо ўзингиз ваъдангизни бажармасангиз, сўзларингизнинг эътибори бўлармикин?
Ёки оилавий муносабатларни олиб кўринг. Бола улғайиш жараёнида ҳамма нарсани асосан атрофидаги катталардан ўрганади. Улардан ибрат олишга, уларга тақлид қилишга интилиб, ҳаётий тажриба орттиради. Энди ўзингиз қўпол ва бадхулқ бўлсангизу, болангизни чиройли хулқли ва одобли қилиб тарбиялайман, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Ёлғон гапирадиган ёки алдоқчи киши боласидан ростгўйлик ва омонатдорлик кутиб овора бўлмасин.
Инсонлар билан ўзаро мулоқотларда ҳам олдин ўзингиз сўзлашиш, баҳслашиш одобларини ўрганиб олинг. Одамлар билан сўзлашаётганда, айниқса, баҳсга киришганда «Мен ҳаммасини биламан», деб эмас, «Суҳбатдошим ҳам кўп нарсани билиши мумкин» деган кайфият устун бўлсин. Заруратсиз баҳс-мунозаралар, ўз фикрини зўрлаб ўтказиш ёки тасдиқлатиш учун уринишлар, сўзамоллик, маккорлик, ҳийлакорликни ишга солиб бошқалардан устунликка эришиш ёки зулм қилиш энг ёмон иллатлардандир. Бу йўл билан бошқаларни мағлуб қилишни ўйлаган кимсанинг ўзи ютқазади. Буюк мутафаккир Абу Ҳомид Ғаззолий айтганидай, «Баҳс-мунозара – ўзингни билимдон қилиб кўрсатиб, бошқаларни таҳқирлаш ниятида хатосини изҳор этиб, таъна қилишингдир».
Ўз фикрингизни, тутган йўлингизни ёки қилмишларингизни ҳақ санаб, бошқаникидан устун қўйишингиздаги тортишувлар ҳам сизга яхшилик келтирмайди, бошқалар кўз ўнгида обрўйингизни тўкиб қўяди. Агар бу тортишув ҳақиқатни аниқлаш ва уни қарор топтириш учун бўлса, нур устига нур. Аммо у ҳаққа қаршилик кўрсатиш учун ёки ҳақни англамай туриб қилинган бўлса, бундай тортишувдан узоқроққа қочган маъқул.
Ҳар бир инсон бошқаларга фикрини етказиш ёки таъсир ўтказишдан олдин ўзи шу ишга муносиб ёки муносиб эмаслиги ҳақида бир ўйлаб кўрсин. Жаҳон мутафаккирларининг ҳам тавсияси шу. Хусусан, улардан бири: «Инсоннинг энг катта камчилиги ўзининг эмас, ўзганинг камчилигини санашни афзал билишидир», деган.
1 Изоҳлар
Assalomu alaykum Va rohmatullohi Va barokatuh
Tòģri aytilgan gapla ekan
Alloh hammamizdan rozi bòsin
Изоҳ қолдириш