Menu
Your Cart

«Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (2-китоб)

«Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (2-китоб)
«Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (2-китоб)
«Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (2-китоб)
«Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (2-китоб)

«Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (2-китоб) 

МУАЛЛИФ МУҚАДДИМАСИ

    Азиз ва муҳтарам ўқувчи! Мана, «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» китобининг биринчи қисми – «Макка даври» илк бор нашрдан чиққанига ҳам ўн уч йил бўлибди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, камтарона меҳнатимиз халқимиз эътиборига тушди. Шундан кейин каминанинг зиммасида китобнинг иккинчи қисми – «Мадина даври»ни ҳам ёзиш бирламчи вазифа бўлиб турди. Лекин... ҳадеганда қўлим ишга боравермади. Сабаби – ўзимни бунга тайёр эмас деб ҳисоблардим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларининг Мадина даврини Макка давричалик яхши билмас эдим. Шунинг учун Мадина даврини дақиқ ўрганишга астойдил киришдим ва йиллар давомида бир неча мўътабар сийрат асарларини, айниқса муҳаққиқ уламоларнинг китобларини кўпроқ мутолаа қилдим. Маълумотларни асл манбалардан излаб топишга, ихтилофли масалаларни қиёсий таҳлил этишга ва муҳаққиқ уламоларнинг илмий хулосаларини ўрганишга ҳаракат қилдим. Бу изланишларим Ислом олий маъҳадидаги дарсларимда ҳам асқотди. Орада ўзбек тилида нашр этилган, сийратга оид бир нечта китобларни илмий жиҳатдан таҳрир ҳам қилдим.

    Китобни ёзишга бир неча бор уриниб ҳам кўрдим. Ҳар гал савол тузиш, маълумотларни баён қилиш услубимдан қониқмай, иш тўхтаб қолаверди. Янги-янги усулларни қўллаб кўрдим. Китобнинг биринчи қисмини ёзиш тажрибаси, 2002 йилдан бери Маъҳаддаги илмий фаолиятим ва китобхонларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб айтмоқчиманки, тест тузишда урғуни муҳим нуқтага бериш катта маҳорат талаб қилар экан. Қолаверса, тест услубида ёзилган бу китобдан кўзланган асосий мақсад ўқувчини фақат имтиҳон қилиш эмас, балки унга аниқ-тиниқ илм ҳам беришдир.

    Фазилатли устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт» номли китобимизга ёзган сўзбошида: «Энди сийратни фақат ўрганибгина қолмай, бу илм бўйича келган маълумотларни текшириш, таҳлил қилиш ва саралаш савияси ҳам пайдо бўлди», деган эдилар. Айни шу тавсия китобимиз ёзилишида дастурул амал бўлди, яъни маълумотларни текшириш, таҳлил қилиш ва саралашга ҳаракат қилинди.


Китобнинг иккинчи жузини ёзишда қуйидагиларга эътибор қаратилди:

1) саволларни тузишда ҳар бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида билиши керак бўлган маълумотларга кўпроқ эътибор берилди;

2) савол беришдан олдин воқеа-ҳодисалар қисқача баён қилинди;

3) воқеа-ҳодисалар хронологик услубда – даврий тартибда келтирилди;

4) савол остидаги эҳтимолий жавобларга имкон қадар турли китобларда келадиган ихтилофли маълумотлар киритилди;

5) тўғри жавобларни танлашда мўътабар ва мўътамад манбаларга суянилди;

6) ихтилофли ўринларда муҳаққиқ уламоларимизнинг таҳқиқларидан фойдаланилди;

7) тўғри жавоблар остидаги изоҳларда ўқувчиларга илм бўлиши учун қўшимча маълумотлар келтирилди;

8) саналар ҳам ҳижрий, ҳам милодийда берилди;

9) қўшимча маълумот олиш учун манбалар ҳавола шаклида берилди;

10) ўқувчилар ўқиб-ёдлаб олишлари учун оятларнинг арабий матнлари ҳам тақдим этилди;

11) китобнинг қизиқарли ва оммабоп бўлиши доим эътиборда тутилди.

    Самоҳатли устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бу китобнинг биринчи жузига ёзган сўзбошида: «Умид қиламизки, муҳтарам муаллифимиз Абдул Азим домла яна бир ғайрат қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан кейинги сийратларини ҳам худди аввалги жузга ўхшатиб ўқувчиларига тақдим этади. Бунда Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдамчи бўлсин», деб умид билдирган эдилар. У зотнинг ушбу тарғиблари ҳам бизга илҳом бахш этиб турди.

    Китоб ёзиб бўлингач, катта устозларга тақдим қилиниб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам олинди.

    Шу тариқа китобда берилган ҳар бир маълумот имкон қадар синчиклаб ўрганилиб, нозиктаъб китобхонларимиз, толиби илмларимиз эътиборига ҳавола қилинмоқда. Катта устозимизнинг одатларига биноан айтамизки, ушбу китобдаги барча ишончли маълумотларни Аллоҳ таолодан, беихтиёр йўл қўйилган саҳву хатоларни камина ходимингиздан деб билгайсиз. 

    Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ожизона меҳнатимизнинг Ўзи учун холис бўлишини насиб этсин, омийн.

 

Муаллиф: Абдул Азим Зиёуддин 
Номи: «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (2-китоб) 
Нашриёт: «Hilol-Nashr» нашриёт матбааси
Сана: 2020 йил
Ҳажми: 304 бет 
ISBN: 978-9943-5980-4-1‎
Ўлчами: 84×108 1/32‎  
Муқоваси: юмшоқ

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари буйича ‎қўмитанинг 2020-йил 25 сентябр ва 15 октябрдаги 4861 ҳамда 5169 сонли ҳулосаси асосида нашрга тайёрланди.‎

Мундарижа
Саҳиҳ манбаларга таянган китоб 
Тарих омонатдорликни талаб қилади 
Муаллиф муқаддимаси 
Саволлар 
Жавоблар 
Фойдаланилган манба ва адабиётлар  

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (2-китоб)
29 000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: C02478
  • Вазни: 0.32кг
  • ISBN: 9789943598041‎
Сотилган сони: 124
Кўрилган сони: 40385
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.