Menu
Your Cart

«Намозимиз далиллари»

«Намозимиз далиллари»
«Намозимиз далиллари»
йўқ
«Намозимиз далиллари»
«Намозимиз далиллари»

«Намозимиз далиллари»

Муаллиф: Абдулваҳҳоб Машҳадоний
Таржимон: Аброр Мухтор Алий Ҳанафий
Нашриёт: «Hilol-Nashr» нашриёт-матбааси
Сана: 2021 йил
Ҳажми: 336 бет
ISBN: 978-9943-7032-3-0
Бичими: 84×108 1/32
Муқоваси: қаттиқ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йилдаги 4613-рақамли хулосаси асосида чоп этилди.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Муқаддима

Бизларни Ўзига ибодат қилиш бахтига лойиқ кўрган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳга қуллик энг буюк мақом эканлигини инсониятга билдирган саййидимиз Муҳаммад Мустафога битмас-туганмас салавоту саломлар бўлсин! Инсониятнинг зулматлар қаъридан нур сари чиқишида карвонбошилик қилган саҳобаи киромлардан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин. Шундай шарафли йўлда қиёматгача уларнинг изидан эргашганларга Аллоҳнинг нусрати ва раҳмати бўлсин! 

Аммо баъд:

Мустабид тузум даврида халқимиз ўзининг миллий қадриятлари қаторида муқаддас динимиз таълимотларидан мосуво бўлар экан, намоз каби улуғ ибодатни ошкора адо этиш у ёқда турсин, ҳатто Ислом ва Иймонга тегишли калималарни ошкора айтиш ҳам кишининг ҳаётига таҳлика туғдирар, аксари мусулмонлардан иборат бўлган миллатимиз диний вожиботларини махфий ҳолда бажаришга мажбур эди. 

Ўтган асрнинг 90‑йилларига келиб, Коммунистик тузумнинг сиёсати демократик ислоҳотлар, қайта қуриш жараёнларида охирги кунларини яшаётганини кўпчилик озми-кўпми, фараз қилиб қолган эди. Айниқса миллатнинг маънавий бўшлиғини тўлдиришда, унинг қадриятларини қайта жонлантиришда муҳим омил вазифасини ўтовчи Ислом дини ҳам ота-боболари мусулмон бўлган халқлар томонидан оммавий тарзда ўрганила бошланди. Ўша кезлари Ислом динига оид ҳар қандай маълумот ким томонидан тақдим этилишидан қатъи назар, қабул қилинар, унга муқаддас дин таълимоти ўлароқ муносабатда бўлинарди. Натижада кўплаб соҳаларда бўлгани каби, намоз ибодати хусусида ҳам ихтилофлар кўзга кўрина бошлади... 

Аллоҳнинг инояти ила юртимиз истиқлолга эришгач, қадриятларимиз тикланиб, динимиз таълимотлари олимларимиз томонидан секин‑аста ёритила бошланди. Хусусан, Ислом динининг рукнларидан бири бўлмиш намоз борасида ҳам она тилимизда бир неча китоблар тасниф қилинди. Намозни янги ўрганувчилар учун мўлжалланган «Мен ҳам намоз ўқийман», «Намоз ўқишни ўрганамиз» каби номлар билан ўнлаб рисолачалар нашр қилиниб, кўпчилик улардан фойдаланди. Уларда намознинг ўқилиши содда услубда баён қилинган бўлиб, далиллар келтирилмайди. 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари «Ҳадис ва Ҳаёт» номли катта илмий меросни халқимизга ўз она тилимизда тақдим қилдилар. Бу силсиланинг 5-6-7‑жузлари «Намоз китоби» бўлиб, уларда ҳадислар орқали намозга тегишли ҳукмларнинг илмий асосини ўрганишимиз мумкин. 

У киши ҳанафий уламоларимиз наздида мўътабар матнлардан бири бўлмиш «Мухтасарул Виқоя» китобининг таржима ва шарҳини ҳам «Кифоя» номи билан уч жилдда халқимизга тақдим қилдилар. Ҳанафий мазҳаби ижтиҳодига кўра қилинадиган ибодатларнинг далилларини шу китобда кўришимиз мумкин. Бу китоблар мусулмон халқимизни ташвишга солган турли ихтилофларнинг бартараф бўлишида асосий омиллардан бири бўлди. Лекин шунга қарамай, ҳозирда ҳам ўзини билмаган айрим тоифалар томонидан «Ҳанафийларнинг намозлари хато, ҳадислар асосида эмас», дейилаётганини эшитиб қоламиз. Ижтимоий тармоқларда шу каби иддаоларга дуч келганимда, намознинг ҳанафий мазҳаби қабул қилган далилларини баён қилиш кераклиги хаёлимдан ўтарди. Шундай кунларнинг бирида устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари менга Абдулваҳҳоб Машҳадонийнинг «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг ҳанафий мазҳаби ижтиҳоди ёғдусига кўра кайфияти» номли китобини бериб, уни таржима қилишни таклиф этдилар ва мен китобни таржима қилишга киришдим. Мазкур китобда ҳанафий мазҳабига кўра намоз ўқиш суратининг далиллари келтирилгандир. Муаллиф китобни таълиф этиш сабабини баён қилар экан, баъзи кишиларнинг «Ҳанафий мазҳаби ижтиҳодидаги намоз кўриниши кўп ҳолларда ҳадисга асосланмаган, ҳадислар эътиборсиз қолдирилган», деган гаплари бунга туртки бўлганини айтади. Дарҳақиқат, ҳанафий мазҳабини ҳали яхши ўрганмаган, билими саёз кишилар ёки уни нохолис ўрганган кимсалар томонидан шу маънодаги даъволарнинг бўлиб туриши бор гап. Улар одатда илмий далилларни ўрганиб, солиштириб чиқишдан кўра бошқаларни айблашни ўзларига маъқул кўришади. Лекин инсоф билан, чуқурроқ ўрганилса, тўрт мазҳаб, хусусан, ҳанафий мазҳабининг ижтиҳодлари етарли равишда илмий асосга эга экани равшанлашади.

Барча мужтаҳидларнинг мазҳаблари қатори, ҳанафий мазҳабининг ҳам ўзига хос усуллари мавжуд. Уларни ўқиб, ўрганмай туриб, юзаки маълумотлар асосида таъна қилиш инсофсизликдир. Аслини олганда, ҳанафий мазҳабида ҳадис қиёсдан устун туради. Ҳатто бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, ҳанафийларда заиф ҳадис бўла туриб, қиёсга ўтиб кетилмайди. Ҳанафий азизларимиз: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар, бажардилар ёки у кишининг ҳузурларида бундай қилинди», деган сўзнинг ҳиди бўлса ҳам, қиёсга ҳожат йўқ», дейишади. Биргина мисол: 

Имом Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал роҳматуллоҳи алайҳларнинг наздида қаҳқаҳа отиб кулиш таҳоратни синдирмайди. Бу азизларимиз ушбу ижтиҳодларига қуйидаги далилларни келтиришади.

1-далил ҳадисдан:

۱-وَأَخْبَرَنَا أَبُو بَكْرِ بْنُ الْحَسَنِ الْقَاضِى، أَخْبَرَنَا حَاجِبُ بْنُ أَحْمَدَ، حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ حَمَّادٍ، حَدَّثَنَا أَبُو مُعَاوِيَةَ، عَنِ الْأَعْمَشِ، عَنْ أَبِى سُفْيَانَ، عَنْ جَابِرٍ، قَالَ: إِذَا ضَحِكَ الرَّجُلُ فِى الصَّلاَةِ، أَعَادَ الصَّلاَةَ وَلَمْ يُعِدِ الْوُضُوءَ.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Киши агар намозда кулса, намозни қайтариб ўқийди, таҳоратни қайтариб қилмайди». 

Байҳақий ривояти. Ҳадиснинг санади саҳиҳ.

2‑далил қиёсдан: 

Кулги таҳоратни синдирувчи нажосатлардан эмас. Агар кулги намозда таҳоратни синдирса, намоздан ташқарида, шу билан бирга, жаноза намозида ва тиловат саждасида ҳам таҳоратни синдириши керак бўлади. Шу қиёсга кўра, кулги таҳоратни синдирмайди. 

Ҳанафийларда қаҳқаҳанинг таҳоратни синдириши қиёсга кўра эмас, балки ҳадиси шарифда келган матнга кўрадир. 

1‑далил ҳадисдан:

Имом Дорақутний Абу Ҳурайра ва Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумодан, Табароний Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга намоз ўқиб бераётган эдилар. Бир киши кириб, тўсатдан масжиддаги чуқурчага тушиб кетди. Унинг кўзида хасталик бор эди. Қавмдан кўпчилик намозда турган ҳолида кулиб юборди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулганларни таҳоратга ва намозини қайтадан ўқишга буюрдилар». 

Бу ҳадис мурсалдир. Мурсал ҳадис саҳиҳ бўлиб, жумҳурнинг наздида у ҳужжат бўла олади. Ҳанафийлар бу борада жумҳурнинг орасидадир. Баъзи уламоларимиз, хусусан, имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ мурсал ҳадисларнинг саҳиҳ бўлиши учун унда айрим шартлар топилиши лозимлигини айтишади. Ушбу шартлардан бири мурсал ҳадис бошқа бир йўл билан муснад шаклида, санади кесилмаган ҳолатда охиригача етиб борган тарзда ривоят қилинган бўлиши лозим. Қаҳқаҳа отиб кулиш таҳоратни синдириши борасида бир неча саҳобалардан муснад ҳадислар ҳам ривоят қилинган. Ибн Умар, Маъбад Хузоий, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик, Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳулар шулар жумласидандир. 

Буларнинг барчасини келтирсак, гап чўзилиб кетади. Шунинг учун Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисни ўрганиш билан кифояланамиз. 

قَالَ عَطِيَّةُ بْنُ بَقِيَّة: حَدَّثَنَا أَبِي: حَدَّثَنَا عَمْرُو بْنُ قَيْسٍ السَّكُونِيُّ، عَنْ عَطَاءٍ، عَنِ ابْنِ عُمَرَ، قَالَ: قَالَ رَسُولَ اللهِ : «من ضَحِك في الصَّلاَةِ قهقهةً، فَلْيُعِدِ الْوُضُوءَ وَالْصَّلاَةَ».

Атийя ибн Бақийя айтади: «Бизга отам сўзлаб берди: Бизга Амр ибн Қайс Сакуний Атодан, у Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб, сўзлаб берди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозда қаҳқаҳа отиб кулса, таҳорат ва намозини қайтадан қилсин», дедилар».

Тўғри, баъзилар бу ҳадисдаги Атийя ибн Бақийяни мудаллис дейишган. Яъни уни ҳадисни заиф ровийдан эшитиб, унинг исмини яширганликда айблашган. Лекин Атийя ибн Бақийянинг «ҳаддасанаа» ‒ «бизга сўзлаб берди», дейиши бу ривоятда ундан мудаллисликни кетказади, яни Бақийя бу ҳадисни ривоят қилишда мудаллис ҳисобланмайди. Шунга кўра қаҳқаҳа отиб кулиш тугал, яъни рукуъ, саждали намозда таҳоратни синдиради.

Кулги уч хил бўлади: 

1. Қаҳқаҳа отиб кулиш. Бу тугал намозларда таҳоратни ҳам, намозни ҳам бузади. Бунга ҳанафий уламолар келтирган юқоридаги ҳадислар далилдир. Жумҳурнинг қиёси бу ҳадислардан муқаддам тура олмайди; 

2. Қиқирлаб кулиш. «Қиқирлаб кулиш» деганда кишининг фақат ўзи эшитадиган даражада кулиши тушунилади. Рукуъ, саждаси бор намозда қиқирлаб кулиш намозни бузади, лекин таҳоратни синдирмайди. Жумҳурнинг кулги таҳоратни синдирмаслиги борасидаги келтирган далили шу кулгининг шу турига тегишлидир; 

3. Табассум. Бу овоз чиқармай кулиш, жилмайишдир. У таҳоратни ҳам, намозни ҳам бузмайди. 

Жумҳур далил қилган ҳадисни инкор қилмаймиз, у бизнинг наздимизда ҳам далил бўлади. Лекин у бизнинг наздимизда қаҳқаҳадан бошқа кулгига тегишли ҳисобаланади. Биз далил қилган ҳадис эса қаҳқаҳага тегишли бўлиб, у тугал намозларда балоғатга етган киши томонидан содир этилса, таҳоратни бузади. Жумҳурнинг қиёси эса, юқорида айтганимиздек, ҳанафийлар далил қилган ҳадислардан устун бўла олмайди.

Бирор мазҳаб аҳлининг усулларини пухта ўрганмай туриб, уларнинг ижтиҳодларини тушуниб бўлмайди. Бунинг умуман иложи йўқ. Аксинча йўл тутганлар эса мазҳабга билиб-билмай таъна тошини отишади, ўйламай-нетмай, «Ҳадис турганда, мазҳабга эргашамизми?» дейишга ўтишади. Бу эса уларнинг илмдан қанчалар йироқ эканларини кўрсатади. 

Мазҳабимиз уламолари ҳеч қачон ўз фикрларини ҳадисдан устун қўйишмаган. Ҳадис турганда, бошқа гапга ҳожат йўқлигини доимо таъкидлаб келганлар. Ҳар бир масалада ўзларига етиб келган ҳадисларнинг умумий далолатига кўра, ўз усуллари асосида ижтиҳод қилишган. Бунга биз ушбу китобни ўқиш жараёнида яна бир бор гувоҳ бўламиз. Шу билан бирга, ҳанафий мазҳабига кўра намоз ўқиётган ҳар бир кишининг намози айнан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари каби эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Аллоҳ таоло бу ишимизни ёлғиз Ўзининг розилиги йўлида бўлишини насиб этсин. Хато ва нуқсонларимизни фазлу карами ила афв қилсин. Агар У Зот ҳидоят этса, ҳеч ким адаштира олмайди, мабодо адаштириб қўйса, ҳеч ким тўғри йўлга сола олмайди!

Таржима жараёнида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

1. Дастлаб матн учун келтирилган далиллар рақамлаб чиқилди. 

2. Рақамланган матнларни бирин‑кетин келтириб, уларнинг ортидан ушбу матнларга далил бўладиган ҳадислар араб алифбосида берилди. 

3. Матннинг таржимаси унинг остидан берилди.

4. Ҳадисларнинг арабча матнидан кейин таржимаси берилди.

5. Ҳанафий мазҳабига хилоф далиллар зикр қилинганда, кўрсаткич белгиси ( → ) билан унга ишора қилинди. Ҳанафий мазҳабининг жавоблари эса унинг остидан берилди. 

6. Ҳадис истилоҳига тегишли атамаларнинг айнан ўзи бериб борилди. Чунки муҳаддислар истилоҳида бу жумлаларнинг ўзига хос маънолари бўлиб, агар уларни таржима қилсак, ҳадис истилоҳидаги маъносини ифода этмай қолиши мумкин. Шунинг учун таржимада уларнинг асли берилди. 

7. Рисоладаги истилоҳларнинг деярли барчасини ажратиб, муқаддимада ўша истилоҳларнинг қисқача таърифи бериб ўтилди. Бу борада Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Мусталаҳул ҳадис» номли китобларини асос қилиб олдик ва имкон қадар истилоҳий таърифларнинг ўзи билан кифояландик. Батафсил маълумотлар учун мазкур асарни албатта ўрганиб чиқишни тавсия этамиз. 

Шу ўринда дастлаб истилоҳларнинг маъно ва таърифи билан қисқача танишиб чиқамиз:

1. Жарҳ – ровийнинг жароҳатли, ҳадис ривоят қилишга яроқсиз эканини аниқлаш.

2. Таъдил – ровийнинг адолатли, ҳадис ривоят қилишга яроқли эканини аниқлаш.

3. Саҳиҳ ҳадис – санади бошидан охиригача адолатли ва зобтли киши ўзига ўхшаган адолатли ва зобтли кишидан муттасил (узлуксиз) санад ила нақл қилган ҳамда шозз ва иллатли бўлмаган ҳадисдир.

4. Машҳур – ҳар бир табақада уч ва ундан ортиқ одам ривоят қилган, аммо тавотур даражасига етмаган ҳадис «машҳур» дейилади.

5. Ҳасан – санади муттасил бўлиб, забти енгилроқ одил киши ўз мислидан охиригача ривоят қилган ҳамда шузуз ва иллати бўлмаган ҳадис ҳасан ҳадисдир.

6. Заиф – ҳасан сифатини унинг шартларидан бирининг йўқолиши туфайли ўзида тўлиқ жамламаган нарса.

7. Мутавотир – у кўпчилик томонидан ривоят қилинган хабар бўлиб, одатда мазкур ровийларнинг ёлғонга келишиб олишлари мумкин эмас.

8. Оҳод – ўзида мутавотир хабарнинг шартларини жамламаган хабар «оҳод хабар» деб аталади. Бошқача қилиб айтганда, мутавотир даражасига етмаган хабар оҳод хабардир.

9. Марфуъ – бевосита Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига нисбат берилган сўз, феъл, тақрир ёки сифатдан иборат ҳадис.

10. Мурсал – санаднинг охирида тобеъиндан кейин бирорта ровий тушиб қолган ҳадис мурсалдир.

11. Сиқа ва заифнинг таърифи: «Сиқа» сўзи луғатда «ишончли» деган маънони билдиради. «Заиф» эса «қовий»(кучли)нинг зиддидир. Заифлик ҳиссий ёки маънавий бўлиши мумкин. «Мусталаҳул ҳадис» уламоларининг истилоҳида: «Сиқа» деганда, адолатли ва зобтли бўлган ровий эътиборга олинади. «Заиф» эса умумий исм бўлиб, зобтида ва адолатида таъна етган кишиларни ўз ичига олади».

12. Содуқ – таъдилнинг тўртинчи мартабасидаги ровийнинг сифати.

13. Санади олий – ривоят қилган ровийларнинг сони бошқа санаддагига қараганда оз бўлади. Ҳадис битта бўлади, лекин икки йўл билан ривоят қилинган бўлиб, бир йўлнинг ровийларининг сони иккинчисиникидан оз бўлса, оз ровийлар билан қилинган ҳадиснинг санади олий бўлади.

14. Мудаллас – санаддаги айби махфий тутилган ва сиртдан кўринишини яхшилашга уринилган ҳадис.

15. Ҳадиси изтиробли – турли йўллар ила баён қилинган ва қуввати тенг бўлган ривоят изтиробли ҳадис бўлади.

16. Ваҳм – ривоят қилишда ўта эътиборсизлик, хаёли қочганлик, унутиб қўйишдир.

17. Шоз – ҳадиси мақбул бўлган одам ўзидан кўра яхшироқ ровийга мухолиф равишда ривоят қилган ҳадис «шозз ҳадисдир».

18. Маҳфуз – шознинг муқобилидаги ҳадисдир. Бунда сиқалиги ўта кучли одам оддий сиқа одамга хилоф равишда ҳадис ривоят қилади.

19. Матрук – санадида ёлғончиликда айбланган ровийси бор ҳадис матрук (тарк қилинган) ҳадисдир. 

20. Таҳмид – намозда «Роббанаа ва лакал ҳамд» калимасини айтиш. 

21. Тасмиъ: «СамиъАллоҳу лиман ҳамидаҳ» калимасини айтиш.

22. Басмала – «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм» калимасини айтиш.

23. Таъаввуз –«Аъуузу биллааҳи минашшайтоонир рожийм» калимасини айтиш.

Шу ўринда жарҳ ва таъдилнинг мартабаларини билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шундай ёзадилар:

Жарҳ ва таъдилнинг мартабалари

Ибн Абу Ҳотим ўзининг «Ал-жарҳ ват-таъдил» деб номланган китобининг муқаддимасида жарҳ ва таъдилнинг ҳар бирининг мартабалари тўрттадан эканини таъкидлаган. Шу билан бирга, ҳар бир мартабанинг ҳукмини ҳам баён қилган. Ибн Абу Ҳотимдан кейин келган уламолар унинг тақсим қилган мартабаларидаги жарҳ ва таъдилларнинг ҳар умумий сонига яна иккитадан қўшганлар. Шундай қилиб, жарҳ ва таъдилнинг мартабалари сони олтитадан бўлган.

Келгуси сатрларда ана шу мартабаларни ўзига хос лафзлари билан кўриб чиқамиз.


Таъдилнинг мартабалари ва баъзи лафзлари

1. «Сиқо» – «ишончли» деб баҳолашда муболағага далолат қилувчи ёки «афъала» вазни (орттирма даража)да келган лафз бўлса, энг юқори мартаба ҳисобланади.

Масалан, таъдил қилувчи олим бир киши ҳақида: «فُلَانٌ إِلَيْهِ الْمُنْتَهَى فِي التَّثَبُّتِ» яъни «Собитликнинг интиҳоси (ниҳояси, энг охири, энг юқори даражаси) фалончидир», дейди ёки «فُلَانٌ أَثْبَتُ النَّاسِ» – «Фалончи одамларнинг энг собитидир», деб «афъала» вазнини ишлатади.

2. Ишонч сифатларидан бири ва бир нечтаси таъкидланади. Мисол учун, «فُلَانٌ ثِقَةٌ ثِقَةٌ» – «фалончи сиқодир, сиқо» ёки «فُلَانٌ ثِقَةٌ ثَبْتٌ» – «фалончи сиқодир, собитдир» деса, ровийнинг мартабали экани маълум бўлади. Бу даража аввалгидан бир поғона паст ҳисобланади.

3. Ишончга далолат қилувчи биттагина сифат таъкидсиз айтилади. Мисол учун, «فُلَانٌ ثِقَةٌ» – «фалончи – сиқо (ишончли)» дейилади ёки «فُلَانٌ حُجَّةٌ» – «ҳужжат» деб айтилади, холос. Бу даража учинчи поғона ҳисобланади.

4. Таъдилга далолат қилувчи, лекин зобтнинг тугаллигига ишора бўлмаган сифат билан сифатланган шахслар. Мисол учун, «فُلَانٌ صَدُوقٌ» – «фалончи – содиқ (ростгўй)», «مَحَلُّهُ الصِّدْقُ» – «унинг жойи – ростгўйлик» ёки «لَا بَأْسَ بِهِ» – «ҳечқиси йўқ» – «бўлаверади» каби лафзлар билан бўлади. Фақатгина «ла баъса биҳи»ни Ибн Маъийндан бошқалар айтса, шундай бўлади. Ибн Маъийннинг китобида «ла баъса биҳи» дейилган бўлса, сиқо назарда тутилган бўлади.

5. Бировни баҳолаш пайтида ишончли эканини тасдиқловчи ёки жароҳатли эканига далолат қилувчи ишора бўлмайди. Мисол учун, «فُلَانٌ شَيْخٌ» – «Фалончи шайх», деб қўяди ёки «فُلَانٌ رَوَى عَنْهُ النَّاسُ» – «Фалончидан одамлар ривоят қилган», дейди. Бу ҳам адолатга далолат қилади. Лекин жуда паст ўринда бўлади.

6. Баҳолаш жароҳатга яқинроқ эканига далолат қилади. Мисол учун, «فُلَانٌ صَالِحٌ الْحَدِيثِ» – «Фалончининг ҳадиси дуруст» ёки «فُلَانٌ يُكْتَبُ حَدِيثُهُ» – «Унинг ҳадисини ёзса бўлади», деб қўйилади. Бу эса «сиқо» деб баҳолашнинг энг паст даражаси бўлади.


Ушбу мартабаларнинг ҳукми:

А. Юқорида зикр қилинган биринчи уч мартабани эгаллаган одамларнинг ҳаммаси, гарчи баъзилари баъзиларидан кучли бўлсалар ҳам, ҳужжат ҳисобланади.

Б. Тўртинчи, бешинчи мартабаларга келадиган бўлсак, бу мартабадаги кишилар ҳужжат деб қабул қилинмайди. Лекин ҳадисларини ёзиб олиб, синаб кўрилади. Яъни бошқа ҳадисларга солиштириб кўрилади. Агар бошқа ҳадислар уларни қўллаб-қувватласа, олинади, бўлмаса, тарк қилинади.

Шу билан бирга, тўртинчи даража билан бешинчининг орасида фарқ бўлиб, тўртинчининг устунлиги бор.

В. Олтинчи мартабадагилар ҳужжат бўлмайдилар. Ҳадислари эътибор (бошқалар ҳам ривоят қилганми – йўқми деб йўлларини излаш) учун ёзилади, синаш учун ёзилмайди. Бу мартабадаги ровийларнинг зобти собит бўлмагани учун шундай қилинади.

Жарҳнинг мартабалари ва лафзлари:

1. Бўшликка далолат қилувчи лафзлар.

Бу жароҳатлашнинг энг енгили ҳисобланади. Мисол учун, «فُلَانٌ لَيِّنُ الْحَدِيثِ» – «Фалончининг ҳадиси бўш» ёки «فُلَانٌ فِيهِ مَقَالٌ» – «Бу ровий тўғрисида гап бор», деб қўйса, «жароҳатли-ю, аммо жароҳати енгил» деган маънони билдиради.

2. Уни ҳужжат қилиб олмаслик очиқ-ойдин айтилади ва шубҳаси ҳам айтилади.

Мисол учун, «فُلَانٌ لَا يُحْتَجُّ بِهِ» – «Фалончини ҳужжат қилиб бўлмайди», «فُلَانٌ ضَعِيفٌ» – «Фалончи заиф», «لَهُ مَنَاكِيرُ» – «Унинг мункар ҳадислари бор», деб айтилади.

3. Унинг ҳадисини ёзмаслик ва шунга ўхшаган гаплар очиқ-ойдин айтилган бўлади.

Мисол учун, «فُلَانٌ لَا يُكْتَبُ حَدِيثُهُ» – «Фалончининг ҳадиси ёзилмайди», «فُلَانٌ لَا تَحِلُّ الرِّوَايَةُ عَنْهُ» – «Ундан ривоят қилиш ҳалол бўлмайди», «ضَعِيفٌ جِدًّا» – «Бу жуда ҳам заиф одам», «وَاهٍ بِمَرَّةٍ» – «Бу жуда ҳам бўш», деб айтилади.

4. Ровий ёлғончиликда айбланади ва шунга ўхшаган сифатлари айтилади.

Мисол учун, ровий «فُلَانٌ مُتَّهَمٌ بِالْكَذِبِ» – «Фалончи ёлғончиликда айбланади», ёки «فُلَانٌ مُتَّهَمٌ بِالْوَضْعِ» – «Ёлғон ҳадис тўқишда айбланади» ёки «يَسْرِقُ الْحَدِيثَ» – «Ҳадис ўғирлайди» «سَاقِطٌ» – «Соқит», «مَتْرُوكٌ» – «Тарк қилинган», «لَيْسَ بِثِقَةٍ» – «Сиқо эмас» каби сўзлар билан баҳоланади.

5. Ровий «ёлғончи» ёки шунга ўхшаган лафзлар билан васф қилинади.

Мисол учун, «فُلَانٌ كَذَّابٌ» – «Фалончи – каззоб», ёки «دَجَّالٌ» – «Дажжол» ёки «وَضَّاعٌ» – «Ваззоъ» (ҳадис тўқийдиган), ёки «يَكْذِبُ» – «Ёлғон гапиради» ёки «يَضَعُ» – «Ҳадис тўқийди» каби сифатлар билан эсланади.

6. Ровийнинг ёлғончилиги муболаға билан зикр қилинади.

Мисол учун, «فُلَانٌ أَكْذَبُ النَّاسِ» – «Фалончи одамларнинг энг ёлғончиси», ёки «إِلَيْهِ الْمُنْتَهَى فِي الْكَذِبِ» – «Фалончи ёлғончиликнинг чўққисига чиққан», ёки «هُوَ رُكْنُ الْكَذِبِ» – «Бу киши ёлғончиликнинг устунидир», деб бўрттириб кўрсатилади. Мана шуниси жарҳнинг энг оғири, энг ёмони, энг паст нуқтаси ҳисобланади.



Жарҳ мартабаларининг ҳукми

А. Биринчи ва иккинчи мартаба аҳлининг ҳадислари ҳужжат бўлмайди. Лекин бошқалардан кўра булар енгилроқ бўлгани учун эътибор (бошқалар ҳам бу ҳадисни ривоят қилганми – йўқми деб йўлларини излаш) жиҳатидан ҳадисини ёзиш мумкин. Шу билан бирга, айтиш керакки, биринчи даража билан иккинчининг орасида фарқ бўлиб, биринчиси енгилроқ, иккинчисининг жароҳати оғирроқ бўлади.

Б. Кейинги тўрт мартабага аҳл бўлган кишиларнинг ҳадисларини ҳужжат қилиб ҳам олиб бўлмайди, ёзиб ҳам олинмайди, эътибор ҳам қилинмайди.

Иқтибос тугади 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, «Мусталаҳул Ҳадис», учинчи фасл, 274-саҳифа.

Энди Аллоҳнинг изни билан китобнинг таржимасини сиз азиз китобхоннинг эътиборингизга ҳавола қиламиз.


Мундарижа

Муқаддима

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларининг Ҳанафий мазҳаби ижтиҳоди ёғдусига кўра кайфияти

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларига мувофиқ таҳорат ва намоз ҳукмлари

Муқаддима

 

Таҳорат китоби

1-дарс

Таҳорат ва унинг ҳукмлари

Ислом – поклик дини 

Таҳоратнинг турлари 

Сувларнинг турлари


2-дарс

Қолдиқ сувларнинг ҳукми

Қудуқ сувлари 

Тушиши билан сувни нажосат қилмайдиган нарсалар 

Нажосат икки қисмга бўлинади: 

Афв қилинган нажосатлар 

Нажосатдан покланишнинг йўл-йўриқлари 


3-дарс 

Қазои ҳожат ва истинжо одоблари 

Таҳорат ва унинг ҳукмлари 

Таҳоратнинг дуруст бўлиш шартлари 

Таҳоратнинг фарзлари 

Таҳоратнинг суннатлари 

Таҳоратнинг одоблари 

Таҳоратнинг макруҳлари 


4‑дарс 

Таҳоратнинг сифатлари 

Таҳоратни синдирувчилар 

Узрли кишининг таҳорати

Узрли кишининг ҳукми 

Узрли кишига вожиб бўлган нарсалар 

Таҳоратсиз кишига ҳаром бўлган нарсалар


5-дарс 

Ғусл ва унинг ҳукмлари ҳамда ғуслни вожиб қилувчи нарсалар 

Ғуслни вожиб қилмайдиган нарсалар 

Ғуслнинг фарзлари 

Ғуслнинг суннатлари 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғусллари 

Ғуслнинг турлари 

Ғусл вожиб бўлган киши бажариши ҳаром бўлган амаллар 


6‑дарс 

Оёқ кийимига масҳ тортиш 

Маҳсига масҳ тортишнинг шартлари 

Жавробга масҳ тортамизми ёки пайпоққами? 


7‑дарс 

Масҳ тортишнинг фарзлари 

Масҳ тортишнинг суннат кўриниши 

Масҳ тортиб юриш муддати 

Масҳни бузувчи амаллар 

Жароҳатга масҳ тортиш 


8-дарс 

Таяммум ва унинг ҳукмлари 

Таяммум қилиш лозим бўлган сабаблар 

Таяммумнинг шартлари 

Таяммумнинг рукнлари 

Таяммумнинг суннатлари 

Таяммум қандай адо этилади? 

Таяммумни бузувчи нарсалар 

Таяммумга ҳам, таҳоратга ҳам қодир бўлмаган киши нима қилади? 


9‑дарс 

Ҳайз ва нифос 

Ҳайз 

Нифос 

Истиҳоза қони 

Ҳайз ва нифос ҳолатида ҳаром бўлган амаллар 

 

Намоз китоби 

10-дарс 

Намознинг кўриниши 


11‑дарс 

Намознинг фарзлари, унинг шартлари  ва рукнлари ҳақида 

Намознинг шартлари 

Намознинг рукнлари 


12-дарс 

Намознинг вожиблари 

Намознинг суннатлари

Намознинг одоблари 


13‑дарс 

Намозни бузувчи амаллар 

Намоздаги макруҳ амаллар

Намозни бузиш жоиз ва вожиб бўлган ўринлар 


14-дарс 

Азон ва иқомат 

Азон ва иқоматнинг ҳукми 

Азоннинг шартлари 

Азон ва иқоматдаги суннатлар 

Муаззинга жавоб бериш 


15‑дарс 

Жамоат намози 

Жамоатнинг ҳукми ва ҳикмати 

Имомлик ва жамоатнинг шартлари 

Фарз намозларининг жамоатига етишиш 


16‑дарс 

Имомга иқтидо қилувчининг ҳолатлари 

Имомликка ким ҳақлироқ? 

Имомлиги макруҳ бўлган кишилар 

Имомга иқтидо қилувчи қандай туради? 


17-дарс 

Масжид одоблари 

Масжидда бажариш макруҳ бўлган амаллар 


18‑дарс 

Витр намози 

Нафл намозлар 

Фарз билан бирга ўқиладиган суннатлар 

Таъкидланган суннатлар 

Таъкидланмаган суннатлар 

Намоздан сўнг ўқилиши ворид бўлган зикрлар 


19-дарс 

Мустақил ўқиладиган, фарз намозларига тобе бўлмаган суннатлар 


20‑дарс 

Нафлларга тегишли ҳукмлар 

Нафл намозларини ўқиш макруҳ бўлган вақтлар 


21-дарс 

Фарз намозларни ўқиш жоиз бўлмаган вақтлар 

Маркабда намоз ўқиш 

Саждаи саҳв, яъни эсдан чиқарганлик саждаси 


22‑дарс 

Намозда иккиланиб қолиш 

Саждаи саҳвнинг ўрни ва унинг сифатлари 

Саждаи саҳвни қилиш соқит ҳам бўладими? 

Тиловат саждаси 

Тиловат саждасининг кайфияти  

Қуръони Каримдаги сажда оятлари 


23-дарс 

Жума намози 

Жуманинг вожиб бўлиш шартлари 

Жума намозининг дуруст бўлиш шартлари 

Жуманинг суннатлари ва одоблари 

Жума кунида макруҳ бўлган амаллар 


24‑дарс 

Икки ийд намози 

Ийд намозларининг кўриниши 

Такбири ташриқлар 

Мулоҳаза 

Икки ҳайитдаги суннат амаллар 

Ҳайит намозларидаги ҳикматлар 


25-дарс 

Мусофирнинг намози 
Қаср ўқиш вожиб бўладиган сафар масофаси 

Ватан икки қисм бўлади 

Мусофирнинг қазо намози ва унинг иқтидо қилиши 


26‑дарс 

Хавф намози 

Қазо намозларини ўқиш 

Қазо намозлари қандай ўқилади? 

Қазо намозларни ўқиш жоиз бўлмайдиган вақтлар 

Бемор кишининг намози 


27-дарс 

Жаноза 

Маййитни ювиш 

Марҳумни ғусл қилдиришнинг суннатлари, одоблари ва макруҳлари 

Кафанлаш 


28‑дарс 

Жаноза намози 

Жаноза намозининг кўриниши 

Тобутни кўтариш 


29‑дарс

Таъзия 

Қабрларни зиёрат этиш ва марҳумлар ҳаққига дуо қилиш 

Намоз амалларининг ҳукмлари баёни  

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Намозимиз далиллари»
34 000 сўм
  • Stock: йўқ
  • Код: C2859
  • Вазни: 0.45кг
  • ISBN: 978-9943-7032-3-0
Сотилган сони: 315
Кўрилган сони: 38719
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.