Menu
Your Cart

«Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» (Ўзбек Қуръон устозларининг таржимаи ҳоллари)

«Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» (Ўзбек Қуръон устозларининг таржимаи ҳоллари)
«Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» (Ўзбек Қуръон устозларининг таржимаи ҳоллари)
«Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» (Ўзбек Қуръон устозларининг таржимаи ҳоллари)
«Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» (Ўзбек Қуръон устозларининг таржимаи ҳоллари)

«Ўзбек қориларининг олтин силсиласи»
(Ўзбек Қуръон устозларининг таржимаи ҳоллари)

Муаллиф: Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Нашриёт: «Hilol-Nashr» нашриёт-матбааси
Сана: 2022 йил
Ҳажми: 496 бет
ISBN: 978-9943-7796-8-6
Ўлчами: 60×90 1/16
Муқоваси: қаттиқ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 13 декабрдаги 03-07/7679-сонли хулосаси асосида чоп этилган

КИРИШ

بسم الله الرحمن الرحيم

Карамли, мурувватли, ёрдам ва фазлу инъом соҳиби бўлмиш Зотга, бизни иймонга ҳидоят қилган, бизларга Ўз Китобини – замонлар ўтишига қарамай мўъжизалиги давом этаверадиган Қуръонни нозил қилиб, марҳамат кўрсатган, уни қалб кўзи очиқ, маърифатли кишилар учун қалблар баҳори қилган, кўп такрор билан ёки вақтлар ўтиши билан эскирмайдиган қилган, ёш болалар ҳам ёдлаб оладиган даражада зикр учун осон қилиб қўйган ҳамда унга ўзгартириш ва янгилик дахл қилишидан сақлаш кафолатини берган, Ўз каломи Фурқонда: «Зикрни (Қуръонни) Биз нозил қилдик ва уни Ўзимиз муҳофаза қилгувчимиз», деб марҳамат қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

Барча макону замонлар қориларининг шайхи, «Умматнинг энг шарафлилари – Қуръон ҳомилларидир», «Сизларнинг энг яхшиларингиз – Қуръонни ўрганиб, ўргатганларингиздир», «Қуръонни ўқинглар, чунки у Қиёмат куни ўз соҳибини шафоат қилади», дея марҳамат қилган саййидимиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Қуръони Каримни бевосита нубувват маёғидан олган ва кейингиларга уни порлоқ ҳолида тўла-тўкис етказган аҳли байт ва саҳобалардан Аллоҳ рози бўлсин. Ушбу машъалани бугунги кунгача сўндирмай, ёғдуси ила сақлаб келган қироат устозлари ва қориларга Аллоҳ таолонинг фазлу раҳмати ёғилсин!

Бир неча йиллардан буён ўзбек қориларининг, яқин ўтмишимиздаги Қуръон устозларининг санадини аниқлашга қизиқиб, шу ҳақда сўраб‑суриштириб юрар эдим. Бу борада устозлардан, улуғ ёшдаги аҳли донишлардан эшитганларимни гоҳо овозли шаклда, гоҳида ёзма суратда қайдлаб бордим. Изланишлар маълум босқичга етиб, кўплаб саволларга жавоблар топилиб, асосий масалаларга аниқлик киритилгач, ушбу мавзуни атрофлича ёритиб, элга тақдим қилишга киришилди. Йиғилган маълумотларни тартиблаб, юртимиздаги ва хориждаги устозларга тақдим этиб, маслаҳатлар олинди. Улар яна айрим нуқталарни ёритиш ва иложи бўлса, буларни жамлаб, бир китоб шаклига келтириб, кейин тақдим этишни тавсия қилишди. Қўлингиздаги рисола ана шу маслаҳатга кўра тайёрланиб, эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.

Санад – Ислом умматининг улуғ хусусиятларидан бири бўлиб, бу шараф бошқа бирор халқда топилмайди. Санаднинг аҳамияти ҳақида қуйида тўхталамиз. Бу ерда айтмоқчи бўлганимиз шуки, санадни ўрганиш, унинг устида ишлашнинг ҳам ўзига яраша қонун‑қоидалари, йўллари бор. Ўзбек қориларининг санадини тиклашда ана шу маънода ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда ўз ўрнида сўз юритилади.

Исломий илмларда ижоза бериш анъанаси мавжуд бўлиб, бу маълум бир илмни эгаллаганлик ҳақидаги шаҳодатнома ҳисобланади. Шаҳодатноманинг, ижозанинг ҳам турлари, тартиб-қоидалари, шартлари, одоблари бор. Рисолада ушбу мавзуда ҳам кўпчилик учун керакли ва қизиқарли маълумотлар ўрин олган.

Охирги йилларда қориларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туташ санади бўлиши, уларга ижоза ва шаҳодатномалар берилиши ҳақидаги гапларни кўпчилик катта қизиқиш ва ҳайрат билан қарши олди. Чунки оммада бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Одамларимиз бу мавзуни асосан чет элларда ўқиган қорилардан эшитгани учун «Бундай санад ва ижоза фақат араб қориларда бор‑у, бизда бўлмаган экан», деган хаёлда ҳам бўлинди. Бу табиий эди, чунки мустабид тузум даврида калимаи шаҳодатни айтиш жиноятга айланган бир ҳолатдан мусулмончилик қайтадан дунёга келгандек тикланиб турган бугунги кунга етиб келгунимизча бу каби илмий мавзулардан сўз очишга ҳеч ким журъат ҳам, қунт ҳам қила олмаган. Натижада омма халқимизни қўйинг, ҳатто қориларимиз ҳам ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туташ санадлари борлигини билмайдиган ҳолатга тушиб қолган эдилар. Бундай бўлиши эса асло дуруст эмас, чунки қорилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санадларини тўлиқ билмасалар ҳам, унинг муттасил эканига, мавжуд эканига ишончлари комил бўлиши керак эди. Ушбу бўшлиқни тўлдириш мақсадида қўлингиздаги тўпланиб турган маълумотларни жамлаб, тартиблаб, кўпчиликнинг эътиборига ҳавола қилиш лозим топилди.

Баъзан аҳли Қуръонлар даврасида айрим қориларнинг «Биз санад ва ижозадан маҳрум эканмиз-да», деган маънода тушкун гапларига гувоҳ бўлсак, баъзида айрим кишиларнинг юртимиздаги қориларни гўё санадсиз ўқиганликда камситиб, қироатлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиши ҳақида далил йўқлиги билан кўнгилларига хижиллик туширилгани қулоққа чалиниб қолар эди. Бунга қарши баъзи бир устозларнинг кескин сўзлари айтилар, ўзаро ранжишлар ва баъзан тортишувлар ҳам юз бериб турар эди.

Юртимизда қори бўлиб, юзлаб қориларни тарбиялаган бир устозга: «Сиз ҳам араб шайхларга ўқиб бериб, ижоза олсангиз бўларди», дейишибди. Шунда у киши: «Менга устозим берган таълим етади, ўша кишининг ўзи санадликка кифоя», деб жавоб берибди. Бу аслида тўғри гап, аммо санаднинг номаълумлиги бу борада қаноат ҳосил қилишга бироз тўсқинлик қилиши бор гап эди. Қолаверса, қўлларида санадлари бўлмагани учун улар ўз шогирдларига бу борада бирор васиқа бера олмасликлари ҳам аниқ. Бу муаммонинг ечими ҳам ушбу илмий ҳаракатни тақозо қилди.

Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда юртимизда маҳаллий устозлардан таълим олган юзлаб, минглаб қорилар бор. Бироқ сўнгги пайтларда уларнинг ижозаси, санади йўқ қорилар сифатида кўрилиши кўпчиликнинг, хусусан, устозларнинг эътирози ва ранжишига олиб келмоқда. Аслида эса катта устозларнинг қироатини эшитиб, мулоҳаза қилган одам биладики, бу даражадаги етук қироат санадсиз бўлиши мумкин эмас, фақат ўша санадни исботлаш керак, кўрсатиш керак, холос. Акс ҳолда бу даъво қуруқ бўлиб қолади, илмий доирада ҳам қабул қилинмайди.

Хуллас, бу мавзудаги қарашлар, гап‑сўзлар ҳам ўз ечимини топиши, илмий далиллар билан хулосаланиши лозим эди. Қорилар билан учрашилган айрим йиғинларда ўзимиздаги баъзи маълумотлар асосида ўзбек қориларининг санади ҳам мавжудлиги, бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туташ эканини айтиб ҳам юрдик. Бироқ тўлақонли иш ҳали қилинмаган эди. Бугун ана шу маънодаги уринишларнинг камтарона хулосасини сиз азиз китобхонларга етказишга муваффақ қилгани учун Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду шукроналар айтамиз ва бу борадаги изланишларни давом эттиришда Ўзидан ёрдам сўраб қоламиз.

Бир неча йил олдин укам Ҳусайнхон Яҳё қори Мулла Рўзи домланинг етти қироатдан олган ижозалари устида ишлаб, уни ўзбек тилига таржима қилган, бу ижоза матни устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳнинг «Улумул-Қуръон» номли китобларида нашр этилган эди. Ундан кейин қўқонлик биродарларимиздан Рафиқжон қори «Қуръоний олтин силсила» номли рисола ёзиб, унда мазкур ижоза таржимасини қисқартирилган суратда, айрим ноаниқликларни изоҳлаб, санаддаги қориларнинг қисқача таржимаи ҳоли билан нашр қилдилар. Бу икки уриниш ўз ўрнида жуда катта қийматга эга бўлса‑да, ўзбек қориларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга санадлари муттасил эканини далиллашга етарли бўлмаган эди. Бунинг икки асосий сабаби бор:

1. Мулла Рўзи домланинг ижозаларида берилган санадда узилишлар бор бўлиб, мазкур нашрларда бу муаммо ҳал қилинмаган. Узилган санад ҳеч қачон мақсадга эриштирмайди. Қўлингиздаги рисолада ана шу муаммо илмий асосда ҳал қилинди.

2. Мулла Рўзи домланинг санади шогирди Қодирхон қори орқали Абдулбоқий қорида давом этган бўлса‑да, Шаҳобиддин қори, Мубин қори ва бошқа устозларнинг шогирдларига бу санад кифоя қилмайди. Айни пайтда, бошқа устозларнинг ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган санадларини аниқлаштириш лозим. Ушбу рисолада мана шу нуқта ҳам муолажа қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, қўлингиздаги китобда аксар ўзбек қориларининг ваҳий соҳиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санади борлиги илмий асосда кўрсатиб берилган. Санаддаги ҳар бир кишининг Қуръонни кимдан олиб, кимга ўргатгани табақот китоблари, соҳа мутахассисларининг нақллари асосида баён қилинган. Шу билан бирга, уларнинг қисқача таржимаи ҳоллари ҳам берилдики, бу Қуръони Карим бизга қандай улуғ зотлар орқали, қандай оғир машаққатлар эвазига етиб келганини кўрсатади. Санадлар устида қилинган бошқа ишлар ҳақида қуйида бериладиган алоҳида мақолада батафсил сўз юритилади.

Устозлар, қорилар ва китобхонларга санадларни ўрганишни қулайлаштириш мақсадида уларнинг арабча матни ўзбек тилидаги таржималари билан бирга илова қилинди. Бунда санад икки хил кўринишда ‒ ижоза ёрлиқларидаги каби ҳикоя услубида ҳамда рақамли тартибда берилди. Бунда санадни катта устозларга етказиш билан чекланилди. Зеро, уларнинг шогирдлари ҳозирда барча қориларга маълум бўлиб, ҳар ким уларни ўзи билиб олса ва агар лаёқати етса, санадни улаб олса бўлаверади. Бу борадаги омонатдорлик, эҳтиёткорлик ва турли хафагарчилик, дилхираликларнинг олдини олиш юзасидан уни давом эттиришга биз журъат этмадик.

Китобнинг бир қисми, аниқроғи, ўзбеклардан бошқа мусулмонлар учун қизиқарли ва аҳамиятли бўлган маълумотлар араб тилига ҳам таржима қилинди. Бу орқали ўзбек Қуръон устозларини бошқа дин қардошларимизга, араб қориларига ҳам танитиш назарда тутилган. Бунда бир қатор катта шайхлардан маслаҳат олиб, қилинган ишлар уларнинг кўрикларидан ўтказилди. Жумладан, бугунги кунда барча Қуръон аҳлига таниш бўлган устоз доктор Айман Рушдий Сувайд, Миср қориларининг шайхи Аҳмад Муъасровий, суриялик қироат устози Яҳё Ғавсонийлар ушбу илмий ҳаракатни кузатиб, ўз маслаҳатларини бериб бордилар. Хусусан, қироат санадлари бўйича таниқли мутахассис Мустафо Шаъбон Мисрий ушбу илмий ишни тайёрлашда бизга яқиндан ёрдам бердилар ва санадларни таҳлил қилишда ўз илму тажрибаси, беминнат кўмаги билан ўзбек қориларига муносиб хизмат қилдилар. Аллоҳ барчаларини Ўз марҳамати ила мукофотласин!

Ушбу камтарона уринишни ниҳоясига етказиб, сиз азизларга тақдим этишда кўмаклашган барча устозларга ва дўстларга, жумладан, устозим шайх Муҳаммад Убайд, Абдуллоҳ ва Асрориддин қориларга чин қалбдан ташаккур айтаман.

Айтишимиз лозимки, бу уринишлар банданинг ҳаракати бўлгани учун камчиликлардан холи эмас. Шу билан бирга, айрим устоз қориларимизнинг санадида ҳали аниқлай олмаган жойларимиз бўлгани учун уларни бу ерда келтира олмадик. Аллоҳ муяссар этса, уларни кейинги нашрларда тақдим этиш ниятидамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча аҳли Қуръонларни, Қуръон устозларини ва бутун ўзбек халқини Қуръон қироатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санадлари эълони билан муборакбод этаман ҳамда ушбу шарафга лойиқ бўлишимизни Аллоҳ таолодан сўраб қоламан.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
2021 йил 3 июль

Мундарижа

Шайх Аҳмад Ийсо Маъсаровийнинг тақризи 

Шайх Яҳё ал-Ғавсонийнинг тақризи 

Абу Абдуллоҳ Файюмийнинг тақризи 

 

Кириш 

Биринчи бўлим

Санад ва ижозалар ҳақида 

Санад ҳақида 

Санад – ислом умматининг хусусиятларидандир 

Санад – қироат тўғри бўлишининг рукнларидан биридир 

Санад икки жиҳатдан устунликка эга бўлади 

Санадни ўрганиш ва давом эттириш шартлари 

Ижоза ҳақида 

Муҳаддислар ижозаси билан қорилар ижозаси ўртасидаги фарқ 

Ижоза беришда қўшимча назарий билимнинг аҳамияти 

Қуръонни устоздан ўтказиш ва ижоза олиш даражалари 

Самоъий ‒ тинглаш билан ижоза олиш 

Қуръони каримнинг бир қисмини ўқиб бериб, ҳаммаси учун ижоза олиш ҳақида 

Ижозанинг турлари 

Айрим калималарнинг турлича ўқилиши бўйича ижоза 

Ижоза ва санад 

Санад ва ижоза ўртасидаги муносабат 

Ушбу рисолада берилган ўзбек санадлари устида қилинган ишлар 

Фазилатли шайх, устоз, қуръон ўқитувчиси мулла Рўзи ибн Муҳаммад Толеъ ал-Андижоний ал-Бухорийнинг Шотибий тариқи бўйича етти қироатда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санади 

Фазилатли устоз, қуръон ўқитувчиси Довудхон Тўра ибн Аъзамхон тўра Андижонийнинг Шотибий тариқида етти қироат бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санади

Фазилатли устоз, маҳоратли қуръон ўқитувчиси Шаҳобиддин ибн Мўминжон Андижонийнинг имом Ҳафс имом Осимдан ривоят қилган қироат бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санади

Фазилатли устоз, маҳоратли қуръон ўқитувчиси Абдулбоқий ибн Мулла Рўзи ибн Муҳаммад Толеъ Андижонийнинг ҳафс Осимдан ривоят қилган қироат бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санади

Фазилатли устоз, маҳоратли қуръон муаллими Муҳаммад Мубин ибн Аминжон Махдум Андижонийнинг имом Ҳафс имом Осимдан ривоят қилган қироат бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санади

Фазилатли устоз, қуръон муаллими Ҳусайн ибн Юнус Андижонийнинг имом Ҳафс имом Осимдан ривоят қилган қироат бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санади

Устоз Абдулбоқий қори Андижонийнинг санадидаги қорилар

Устоз Муҳаммад Мубин ибн Аминжон Андижонийнинг қироат санадидаги қорилар

Иккинчи бўлим

Санадда зикр қилинган зотлар ҳақида

Аллоҳ жалла жалалуҳу 

Жаброил алайҳиссалом 

Сўнгги пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 

1‑Табақа. Усмон ибн Аффон

Алий ибн Абу Толиб 

Абдуллоҳ ибн Масъуд 

Убай ибн Каъб 

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу 

2‑Табақа. Абу Абдурраҳмон Суламий 

Зирр ибн Ҳубайш 

3‑Табақа. Имом Осим 

4-Табақа. Ҳафс ибн Сулаймон 

5‑Табақа. Убайд ибн Соббаҳ 

6‑Табақа. Аҳмад ибн Саҳл 

7‑Табақа. Алий ибн Муҳаммад Ҳошимий 

8‑Табақа. Тоҳир ибн Ғалбун 

9‑Табақа. Абу амр Доний 

10‑Табақа. Сулаймон ибн Нажоҳ 

11‑Табақа. Алий ибн Ҳузайл 

12‑Табақа. Абул Қосим ибн Фиррух Шотибий 

13‑Табақа. Алий ибн Шужоъ 

14‑Табақа. Муҳаммад ибн Аҳмад Соиғ 

15‑Табақа. Абу Аббос ибн Наҳла 

[15]‑Табақа. Абдурраҳмон ибн Аҳмад Бағдодий 

16‑Табақа. Ибн Лаббон 

17 [16]‑Табақа. Имом Жазарий 

18‑Табақа. Ризвон уқбий 

[17]‑Табақа. Аҳмад ибн Асад Умютий 

[18]‑Табақа. Муҳаммад ибн Иброҳим Самадийсий 

19‑Табақа. Закариё Ансорий 

[19]‑Табақа. Алий ибн Ғоним Мақдисий 

20‑Табақа. Носируддин Kабловий 

21‑Табақа. Шиҳоза Яманий 

22‑Табақа. Ибн Абдулҳақ Сунботий 

23 [20]‑Табақа. Абдурраҳмон ибн Шиҳоза Яманий 

24 [21]‑Табақа. Муҳаммад Бақарий 

25 [22]‑Табақа. Аҳмад Бақарий 

26 [23]‑Табақа. Абдурраҳмон Ужҳурий 

27 [24]‑Табақа. Иброҳим Убайдий 

28 [25]‑Табақа. Аҳмад Саламуна 

29 [26]‑Табақа. 1. Аҳмад Дуррий 

2. Муҳаммад Мутаваллий 

30 [27]‑Табақа. Ҳасан Журайсий 

31[28]‑Табақа. Иброҳим Саъд Мисрий 

32 [29]‑Табақа. Aбдуллоҳ Ҳиндий 

33 [30]‑Табақа. 1. Довудхон Тўра Андижоний 

2. Шайх Ҳасан ибн Иброҳим Шоъир 

3. Устоз Мулла Рўзи қори домла 

4. Устоз ибн Ямин қори

34 [31]‑Табақа. 1. Устоз Шаҳобиддин қори 

2. Қодирхон қори Андижоний 

3. Устоз Боқибиллоҳ қоридада 

35 [32]‑Табақа. 1. Устоз муҳаммад Мубин қори 

2. Устоз Абдулбоқий қоридада 

3. Устоз Яҳёхон қори 

36 [33]‑Табақа. Устоз Бадриддин қори 

Учинчи бўлим

Ўзбек диёрида қироат ва тажвид илмлари тарихига назар 

Ўзбекистон ҳудудидан чиққан мутақаддим қорилар тарихига қисқача назар 

Мовароуннаҳрда қироат ва тажвид илмининг ривожланиши 

«Савлатия» мадрасаси ўзбек қориларини етиштирган даргоҳлардан бири бўлган 

«Савлатия» мадрасаси ҳинд уламосининг хотирасида 

Илова 

1. Мулла Рўзи ибн Муҳаммад Толеъ Андижонийнинг ижоза васиқаси 

2. Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг осим қироати бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санади 

Ушбу санад – «етти қироат»нинг санади бўлиб, машойихлар ва ишончли имомлардан махлуқотларнинг энг афзали бўлган зотга туташган мутавотир санадлардир 

Ҳасанхон ибн Яҳё ибн Боқибиллоҳ ибн Абдулмажид Андижонийнинг имом Осим қироати бўйича Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга туташган санади 

Хотима ўрнида  

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Ўзбек қориларининг олтин силсиласи» (Ўзбек Қуръон устозларининг таржимаи ҳоллари)
61 000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: 3360
  • Вазни: 0.74кг
  • ISBN: 9789943646360
Сотилган сони: 101
Кўрилган сони: 29388
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.