«Исломда ёшлар тарбияси»
Сўнгги йилларда юртимзида кечаётган янгиланишлар ва кенг кўламли ислоҳотлар жараёни халқимизнинг барча қатламларини, жумладан, ёшларни ҳам қамраб олади. Зотан, мамлакатнинг эртаси айнан бугуннинг чамбарчас боғлиқдир. Шуни ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш жоизки, ёшларнинг жамиятда тутган муҳим ўрнини ҳис этган ҳолда, уларнинг ҳаётидаги муаммоларга, ёшлар тўқнаш келадиган мураккаб вазиятларга нисбатан амалий ва илмий-маърифий кўмак бериш ҳар биримизнинг маъсулиятли вазифамиз ҳисобланади. Шу билан бирга, Ислом умматининг келажакда қай ҳолда майдонга келиши ҳам айнан ўсиб-улғайиб, катта ҳаётга қадам босаётган навқирон авлодга боғлиқ бўлиб, бу жиҳат масалнинг долзарблигини янада оширади
Муаллиф: Шайх Муҳаммад Хойр Шаъол
Таржимон: Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Нашриёт: «Hilol-Nashr»
Сана: 2021 йил
Ҳажми: 160 бет
ISBN: 978-9943-7031-5-5
Ўлчами: 70×90 1/16
Муқоваси: қаттиқ
МУҚАДДИМА
Оламларнинг Робби Аллоҳ таолога Ўзининг улуғлигига лойиқ ҳамду мақтовлар бўлсин!
Инсониятга ҳидоят йўлини кўрсатиш учун юборилган энг сўнгги пайғамбар – набиййимиз Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли оилалари, саҳобалари ва мўмин-мусулмон умматларига Аллоҳ таолонинг салоту саломи, тўхтовсиз раҳмати бўлсин!
Муқаддас ва баркамол динимиз Исломда жамиятда яшовчи барча инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, бурчлари ўзининг аниқ ва тўла-тўкис ифодасини топган. Ислом шариатида ҳеч кимнинг манфаати ва ҳуқуқлари ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиш ёхуд қисқартириш ҳисобига амалга оширилишига йўл қўйилмайди. Жумладан, ёшлар ва ўсмирларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳам шундай.
Тарихга назар соладиган бўлсак, Ислом умматининг шаклланишида, ҳидоят нурининг бутун олам узра кенг тарқалишида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан елкадош бўлган ёш ва навқирон саҳобаларнинг ҳиссалари катта экани равшанлашади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзан катта-катта қўшинларнинг ҳарбий қўмондонлигини анчагина ёш саҳобаларга топширганлари ҳам ёшларга юксак ишонч ва эҳтиром намунаси эди.
Мусулмон ёшлар барча соҳаларда умматнинг энг пешқадамлари бўлиб келишган. Булар шаръий ёхуд дунёвий илмлар бўладими, гўзал хулқ ва маданий жабҳалар бўладими ёки ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳарбий соҳа бўладими, фарқи йўқ.
Бу мусулмон ёшларнинг улуғ марраларни забт этишида эса Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам берган тавсияларга қатъият ва сабот, чуқур ишонч ва ихлос билан амал қилишгани ҳал қилувчи омил вазифасини бажарган. Набавий ўгитларга оғишмай амал қилинган ҳар бир даврда жамият мислсиз тараққиётга, гўзал муносабатлар тизимига эга бўлган, кишилар ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро кўмаклашиш ва бирдамлик руҳи қадрият даражасида қарор топган. Ана шу тарихий жараёнда шаклланган гўзал қадриятлар мевасидан ҳали-ҳануз баҳраманд бўлиб келмоқдамиз. Ҳолбуки, бошқа жамиятларда кучли диний асосларнинг етишмаслиги ортидан маънавий ва руҳий инқироз келиб чиқиб, тобора чуқурлашиб бораётганини бугун ҳар биримиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.
Аммо бу – бизнинг жамиятимизда бугун шахслараро, оилавий ёхуд умумижтимоий муаммолар, маънавий пасайишлар кузатилмаяпти дегани эмас. Бу ҳам кўз ўнгимиздаги очиқ-ойдин ҳақиқат. Бунинг таъсири, айниқса, ёшларда қаттиқроқ сезилмоқда, бугун улар ҳар доимгидан кўра кўпроқ эътиборга, тўғри йўл кўрсатишга муҳтож бўлмоқда.
Ушбу мўъжаз рисолада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмон ёшларнинг чинакам исломий юксак шараф соҳибига айланиши учун берган тавсиялари жамланган бўлиб, ушбу набавий насиҳатлардан хабардор бўлиш ва уларни шахсий ҳаётида татбиқ этиш ҳар бир ёшнинг, хусусан, юртимизда яшаётган мўмин-мусулмон фарзандларимизнинг шарафли вазифаларидир.
Аллоҳ таоло ушбу ожизона уринишимизни манфаатли қилишини сўраб, дуо қилиб қоламиз.
Эҳтиром ила таржимонлар:
Абдулҳамид Зайриев,
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Мундарижа:
Муқаддима
Муаллиф ҳақида
Ёшлар масалалари
Ислом нигоҳида
Қуръони Карим ёшлар ҳақида нима дейди?
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёшлар ҳақида нима деганлар?
Ёшлар ва илм
Ёшлар ва масжид
Ёшлар ва касб-ҳунар масаласи
Ёшлар ва иффат
Ёшлар ва ота-онага яхшилик қилиш
Ёшлар ва муҳаббат
Ёшлар ва Аллоҳ таолога боғланиш
Ёшлар ва вақт
Ёшлар ва оила қуриш
Ёшлар муаммоларига оид амалий тавсиялар