Menu
Your Cart

«Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар

«Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар
«Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар
«Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар
«Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар
«Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар
«Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар
«Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар
«Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар

«Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар

«Ислом одоблари энциклопедияси» номли ушбу китобда динимизга тааллуқли машҳур одоблар жамланган. Ушбу одоблар мўминларнинг дунёда саодатли ҳаёт кечиришлари ва охиратда жаннатга эришишларига сабаб бўлади. Мазкур одоблар «Мавсуъатул одобил исламиятил мураттаба ъалал ҳуруфил ҳижоия» (Алифбо бўйича тартибланган исломий одоблар энциклопедияси) асари асосида баён қилинган. Одобларни баён қилишда уларнинг далиллари ва айрим ҳикматлари ҳам келтирилган. Фиқҳий масалаларга тааллуқли одоблар ҳанафий мазҳабидаги мўътабар асарларга мувофиқ баён қилинган. Китобдаги одоблар ўкувчига қулай бўлиши учун кирилл алифбоси ҳарфлари тартибига кўра келтирилган.

Тайёрловчилар: Қудратуллоҳ Сидиқметов, Жалолиддин Холмўминов, Шокиржон Мадаминов, Абдулқодир Пардаев
Номи: «Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар
Нашриёт: «Hilol» нашриёт-матбааси
Ҳажми: биринчи китоб 608 бет, иккинчи китоб 592 бет 
Сана: 2023 йил
ISBN: 978-9943-9427-8-3
Ўлчами: 70×100 1/32
Муқоваси: қаттиқ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2017 йил 22 декабрдаги 8157-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

Муқаддима

Қуръони Карим орқали бандаларига одоб-ахлоқ ва гўзал тарбия йўлини баён қилиб берган Аллоҳ таолага чексиз ҳамду санолар бўлсин. Буюк хулқ узра бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога беадад дуруду салавотлар бўлсин. Энг сўнгги Пайғамбарга суҳбатдош бўлишдек саодатга мушарраф бўлган, Муҳаммадийя дорилфунунининг талабалари бўлмиш саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин.

Динимизда инсониятнинг одоб-ахлоқли бўлиши ҳамда дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатманд ҳаётга эришиши учун лозим бўлган барча маълумотлар бекаму кўст баён қилинган. Бунга қуйидаги оят далил бўлади:

«Биз Китобда (Қуръони Каримда) ҳеч нарсани қолдириб кетмаганмиз».

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда баъзи нарсаларни муфассал баён қилган бўлса, баъзи нарсаларни умумий баён қилган. Умумий баён қилинган нарсаларнинг тафсилотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилиб берганлар. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотларида мўмин банданинг Аллоҳ таолога нисбатан бўладиган одобидан тортиб, энг оддий нарсаларга нисбатан бўлган одобигача топишимиз мумкин.

Зеро, Ислом дини одоб-ахлоқ динидир. Исломнинг энг катта дарси ҳам ахлоқ дарсидир десак, янглишмаган бўламиз. Агар мусулмон бўлсаг-у, лекин гўзал ахлоқимиз бўлмаса, демак, биз Исломдан ҳеч нарсани ўрганмаган бўламиз. Шу маънода Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: «Диннинг деярли учдан икки қисми одобдир», деганлар. Ҳаким зотлардан бири: «Ким сиздан ахлоқ жиҳатидан устун бўлса, демак, у дин жиҳатидан ҳам сиздан устундир. Чунки дин ахлоқдир!» дея таъкидлаган. Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилганида у зотнинг насаби ёки мол-мулки, ёки шаклини васф қилмаган. Балки: «Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз!» деб, у зоти бобаракотнинг ахлоқларини ва одобларини васф қилган.

Шу маънода уламолар: «Ҳатто илм ҳам гўзал инсонийлик учун кифоя қилмайди», деганлар. Чунки инсоннинг гўзаллиги унинг одоб-ахлоқи билан намоён бўлади. Уламолар фақат илмнинг ўзи олимга наф бермаслигига, балки унинг одоб билан зийнатланиши зарурлигига шайтонни мисол қилиб келтирганлар. Яъни шайтонда ҳам илм бўлган, аммо унда гўзал ахлоқ бўлмаган. Шунинг учун одоб инсоннинг қадр-қимматини белгиловчи мезон ҳисобланади.

Одобнинг нақадар муҳим экани беодобларнинг ҳолини кўрганда янада намоён бўлади. Халқимизда «Одобни беодобдан ўрган» деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган. Бу гап «Одобсиз кимсанинг йўлиққан «кўргилик»ларини тафаккур қилиб кўрсанг, одобли бўлиш қанчалар муҳимлигини англаб етасан», деган маънони англатади. Ҳа, инсон одобсизлиги туфайли дунёда турли муаммоларга дуч келиши, охиратда эса афсус-надомат чекиши тайиндир. Чунки одобсизлик инсоннинг сўзи ва амалидаги зийнатни барбод қилади. Натижада бундай кимса то мазкур иллатдан халос бўлмагунича турли ноқулай ҳолатлар ва кўнгилсизликларга дучор бўлиши табий ҳолга айланади. Хўш, бундай иллатдан халос бўлиш ҳамда одобли инсонга айланишнинг қандай йўллари бор?

Уламолар одобсизлик иллатидан халос бўлиб, одобли инсонга айланиш йўлини иккига ажратганлар:

1. Одобларни назарий жиҳатдан ўрганиш;

2. Ўрганилган одобларни ҳаётга татбиқ қилиш.

Демак, дастлаб ҳақиқий одоб нима экани илмий равишда ўрганилади, сўнгра ўрганилган одоблар тақозосига кўра ҳаёт кечирилади.

«Одоб» сўзи луғатда чиройли бўлиш, «ярашиқли бўлиш деган маъноларга тўғри келади. Одобнинг истилоҳий маъноси тўғрисида Аллома Али ибн Саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ шундай ёзган: «Хатонинг барча турларидан сақланадиган нарсани англаш одобдир».

Аллома Журжонийнинг ушбу таърифи назарий одобга берилган таъриф ҳисобланади. Амалий одоб деганда эса мазкур назарий одоб тақозосига кўра амал қилиш тушунилади.

Одобли бўлишга ҳаракат қилиш ва одобсизликдан сақланиш масаласи ҳар бир давр ва ҳар бир жамиятда мусулмонлар орасида доимо муҳим масала бўлиб келган. Бунга қуйидаги ривоятлар ёрқин далилдир:

Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: «Ўттиз йил одоб ўргандим, йигирма йил илм ўргандим. Олдингилар аввал одобни, сўнгра илмни ўрганар эдилар», деган.

Ҳабиб Жаллоб айтади:

«Ибн Муборакдан: «Инсонга берилган энг яхши нарса нима?» деб сўрадим. У: «Туғма ақл», деди.

«Агар у бўлмаса-чи?» дедим. «Гўзал одоб», деди.

«Агар у ҳам бўлмаса-чи?» дедим. «Маслаҳатгўй, меҳрибон дўст», деди.

«Агар у ҳам бўлмаса-чи?» дедим. «Сукут сақлаш», деди.

«Агар у ҳам бўлмаса-чи?» дедим. «Тез етадиган ўлим», деди».

Ҳа, одоб инсонга ақл неъматидан кейин ато этилган энг улуғ неъмат ҳисобланади. Шунинг учун ҳам машойихлардан «Одоб кишининг улуғ мартабаларга эришишига сабаб бўлганидек, одобсизлик турли балоларга йўлиқишга сабаб бўлади», деган маънодаги ҳикматли сўзлар нақл қилинган.

Имом Заҳабий ривоят қилади: «Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳнинг дарсларига беш минглаб одамлар йиғилишар эди. Уларнинг орасидан беш юзтаси (ҳадисни) ёзар эди. Қолганлари эса у зотнинг хулқи ва одобларини ўрганишарди».

Шунинг учун ҳам динимизда одоб-ахлоқлар батафсил баён қилиб қўйилган бўлиб, уларга риоя қилганлар дунёда саодатманд бўлишлари, охиратда ҳам улкан ютуқларга эришишларининг хабари берилган.

Аслида мўминлар зиммасига юклатилган фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб амалларни адо этишдан Яратган Зотга итоат этиш ҳамда У Зот юборган элчига эҳтиром кўрсатиш назарда тутилган. Бир сўз билан айтганда, кимки кунини, кечасини, уйқусини, уйғонишини, бетоблигини, соғломлигини, қўйингки, бутун ҳаётини Аллоҳнинг элчиси бўлган зотга эргашиб ўтказаётган бўлса, у Ислом дини одобларига риоя қилиб яшаётган бўлади. Зеро, Қуръони Каримда мўминлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзлари учун намуна қилиб олишлари лозимлиги ҳақида шундай дейилган: «Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбарида гўзал намуна бордир».

Ушбу одобларни ўқир эканмиз, динимиз кўрсатмалари инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини қамраб олганига гувоҳ бўламиз. Шу маънода динимиз кўрсатмаларини яқиндан билган сайин, унинг ҳар бир замон ва маконга салоҳиятли сўнгги, мукаммал дин экани янада яққол намоён бўлиб бораверади.

Ислом таълимотлари мусулмонларнинг дини ва дунёси учун манфаатли бўлган барча яхшиликлар мажмуасидир. Чунки бу таълимотлар унга амал қилганларнинг танаси, ақли, дини, моли, саломатлиги ва ҳоказо, барча нарсалари учун фойдали бўлган кўрсатмалардир.

Демак, одобдан фақатгина фазилатли амалларнинг ўзи назарда тутилмайди. Балки фарз, вожиб, суннат ва мустаҳаб амалларни бажариш ҳам банданинг Робби ҳузуридаги одоби ҳисобланади. Шунга кўра қайси банда бирор мустаҳаб амални бажарса-ю, аммо зиммасидаги вожиб бўлган амални тарк қилса, бу банда аввало Роббига нисбатан одобсизлик қилган бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, мусулмон кишининг амаллари икки асос устига қурилади:

1. Ҳар бир сўз ва амални холис Аллоҳ учун адо этиш;

2. Ҳар бир сўз ва амални Аллоҳнинг элчиси кўрсатгандек адо этиш.

Қилинаётган амаллар қабул бўлиши учун ушбу икки асос муҳим мезон саналади. Ушбу мезонга кўра амал қилувчилар тақводор бандаларга айланадилар. Тақводор бандаларга эса жаннат ваъда қилинган.

Шунинг учун динимиз уламолари одобларга тегишли кўплаб асарлар таълиф этганлар. Бу асарларнинг баъзилари умумий одоблар ҳақида бўлса, айримлари муайян бир одобларга бағишланган. Исломий одобларга бағишланган китоблар жуда ҳам кўп бўлиб, уларни номма-ном келтиришнинг ўзи ҳам мушкулдир. «Саҳиҳул Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим» сингари мўътабар ҳадис тўпламларининг деярли барчасининг ичида «Китабул адаб», яъни «Одоб китоби» борлиги бу борадаги асл манбаларнинг нақадар кўплиги ҳақида етарлича тасаввур беради.

Ўзбек тилида ҳам шу пайтгача одоб-ахлоқ масалаларига бағишланган бир қанча асарлар таълиф этилди. Бундай асарларни таълиф этишда устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг хизматлари беқиёсдир. Устозимиз «Ижтимоий одоблар», «Одоблар хазинаси», «Яхшилик ва силаи раҳм» ва «Адаб китоби» («Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласидаги ўттиз еттинчи китоб) каби асарларида динимиз одобларини соф ўзбек тилида баён қилиб берганлар.

Шайх ҳазратларининг ҳузурларида ўн йилдан зиёд таълим олган бўлсак, у зотнинг шогирдларга муносабат борасидаги бир фазилатларига кўп гувоҳ бўлганмиз: шайх ҳазратлари шогирдларининг барча хайрли ишларига алоҳида аҳамият берар ва бунинг учун уларга миннатдорлик билдириб, рағбатлантирар эдилар. Устозимиз шогирдларининг фикр-мулоҳазаларини диққат билан тинглар, келгуси фаолиятлари учун зарур маслаҳат ва кўрсатмалар берар эдилар. Бундай эътибор шогирдларнинг ҳимматига ҳиммат, ғайратига ғайрат ва кучига куч қўшарди. Бунинг натижаси ўлароқ, дарс олиб қайтаётган шогирдлар янгидан-янги хайрли ишларни кўнгилларига тугиб чиқиб кетишар эди. Камтарона меҳнатимиз маҳсули бўлган ушбу китоб ҳам улуғ устозларимиз, хусусан, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ эккан ниҳолларнинг меваларидан бири десак, янглишмаган бўламиз.

Аслида бу китобимиз ҳамаср уламолардан Абу Умар Абдулазиз ибн Фатҳий ибн Саййид Ийду Нидонинг «Мавсуъатул одобил исламия мураттабати ъалал ҳуруфил ҳижоия» («Исломий одобларнинг алифбо ҳарфларига кўра тартибланган энциклопедияси») асари асосида таълиф этилди. «Ислом одоблари энциклопедияси» китобини таълиф этишда қуйидаги ишлар амалга оширилди:

– «Мавсуъатул одобил исламия мураттабати ъалал ҳуруфил ҳижоия» китобида келтирилган одоблар тўлиқ келтирилиб, қўшимча тарзда баъзи одоблар зиёда қилинди. Фиқҳий масалаларга тааллуқли одоблар ҳанафий мазҳабидаги мўътабар асарларга мувофиқ баён қилинди.

– Таржима қилишда ўқувчига янада тушунарлироқ бўлиши учун баъзи одоблар жамлаб келтирилди;

– Одобларга далил сифатида келтирилган ҳадис матнлари имкон қадар тўлиқ берилиб, баъзи одобларни баён қилишда уларга далолат қилувчи бошқа ривоятлар ва ҳикматли сўзлар ҳам келтирилди;

– Ўқувчига қулай бўлиши учун одоблар кирилл алифбоси тартибида берилди.

Аллоҳ таоло ожизлик билан адо этган ушбу амалимизни мақбул амаллардан қилган бўлсин!

Парвардигоро, бу асарни барча ўқувчилар учун Ислом одобларини мукаммал ўрганишга ва улар билан хулқланишга сабабчи қилгин!

Оламлар Роббига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг аҳли байтлари ва саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!

 

Мундарижа:

Муқаддима
Аллоҳ таолога нисбатан мўминнинг одоблари
Муҳаммад алайҳиссаломга нисбатан мўминнинг одоблари

А
Азон одоблари
Аксириш одоблари
Аллоҳнинг йўлига чақириш одоблари
Амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш одоблари

В
Васият одоблари
Ваъз қилиш одоблари

Д
Даволаниш одоблари
Дуо одоблари
Дўстлашиш одоблари ва ҳуқуқлари


Ж
Жаноза одоблари
Биринчи қисм. Ўлимдан олдинги одоблар
Иккинчи қисм. Ўлим пайтидаги одоблар
Учинчи қисм. Маййитни ювиш одоблари
Тўртинчи қисм. Маййитни кафанлаш одоблари
Бешинчи қисм. Маййитга жаноза ўқиш шартлари ва одоблари
Олтинчи қисм. Маййитни жанозадан сўнг қабристонга олиб бориш одоблари
Еттинчи қисм. Маййитни дафн қилиш одоблари
Саккизинчи қисм. Маййитни дафн қилишдан кейинги одоблар
Жонлиқ сўйиш одоблари
Жума одоблари

З
Закот ва садақа бериш одоби
Зиёрат одоблари
Зикр одоблари

И
Ижара одоблари
Изн сўраш одоблари
Илм олиш одоблари
Биринчи қисм. Илм ўрганишга киришишдан олдинги одоблар
Иккинчи қисм. Илм ўрганиш пайтидаги одоблар
Исм қўйиш одоблари
Истихора одоблари
Ичимлик ичиш одоби

Й
Йўл одоблари

K
Касал кўриш одоблари
Кечалари ибодатда қоим бўлиш одоблари
Китоб билан боғлиқ одоблар
Кўришиш одоблари

Л
Либос ва зийнат одоблари

М

Масжид одоблари
Масжиддан чиқиш одоблари
Мажлис ва ўтириш одоблари
Меҳмондорчилик одоблари
Биринчи қисм. Мезбонга хос одоблар
Иккинчи қисм. Меҳмонга тегишли одоблар
Мисвок ишлатиш одоблари
Мубошарат одоблари
Мусибат одоблари

Н
Намоз одоблари
Жамоат намози одоблари
Насиҳат одоблари
Никоҳ одоблари

О
Ота-онага яхшилик қилиш одоблари
Биринчи қисм. Ота-она ҳаётлик давридаги уларга тегишли ҳақлар
Иккинчи қисм. Ота-онанинг вафотидан сўнг уларга қилинадиган яхшилик
Алифбо кўрсаткич

П
Пиёда юриш одоблари
Пойабзал кийиш одоблари

Р
Раҳбарликка хос одоблар
Рўза одоблари

C
Савдо одоблари
Саломлашиш одоблари
Сафар одоблари
Силаи раҳм одоби
Соч ўстириш одоблари
Сурма қўйиш одоблари

Т
Тавба одоблари
Талоқ одоблари
Таомланиш одоблари
Биринчи қисм. Таомдан олдинги одоблар
Иккинчи қисм. Таомланиш асносидаги одоблар
Учинчи қисм. Таомдан кейинги одоблар
Тўртинчи қисм. Таомланишга алоқадор одоблар
Таҳорат одоблари
Биринчи қисм. Телефон қилувчига хос одоблар
Иккинчи қисм. Телефон қилинган шахсга оид одоблар
Учинчи қисм. Телефонда суҳбатлашувчига оид умумий одоблар
Тушга оид одоблар
Биринчи қисм. Яхши тушга тегишли одоблар
Иккинчи қисм. Ёмон тушга тегишли одоблар
Учинчи қисм. Тушга тегишли умумий одоблар
Тўй одоблари

У
Уйга кириш-чиқиш одоблари
Уйдан чиқиш одоблари
Уйқуга ётиш одоблари
Улов миниш одоблари
Умумий чўмилиш жойларига оид одоблар

Ф
Фарзанд тарбияси одоблари
Фатво одоблари
Биринчи қисм. Фатво сўровчининг одоблари
Иккинчи қисм. Фатво берувчининг одоблари
Фитрат одоблари

Х
Хутба одоблари

Э
Эр-хотин одоблари
Эснашга оид одоблар
Эътикоф одоблари

Қ
Қазои ҳожат (хало) одоблари
Қарз одоблари
Биринчи қисм. Қарз олувчига тегишли одоблар
Иккинчи қисм. Қарз берувчига тегишли одоблар
Учинчи қисм. Қарзнинг умумий одоблари
Қасам одоблари
Қозилик одоблари
Қурбонлик одоблари
Қуръон тиловати одоблари
Қуръон ҳофизлари одоби
Қўшничилик одоблари

Ғ
Ғазабланиш одоблари
Ғусл қилиш одоблари

Ҳ
Ҳадяга оид одоблар
Ҳаж ва умра одоблари
Ҳазил-мутойиба одоблари
Ҳайит байрамларига оид одоблар
Фойдаланилган манба ва адабиётлар
Алифбо кўрсаткич

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Ислом одоблари энциклопедияси» 1–2-китоблар
228 000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: 4327
  • Вазни: 2.05кг
  • ISBN: 9789943547551
Сотилган сони: 334
Кўрилган сони: 64794
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.