Устоз Исмоил Муҳаммад Содиқдан 3 та китоб тавсияси


Ёз келиши билан кўпчилигимизда меҳнат таътили, ёшларимизда эса ўқув таътиллари бошланади. Бу палла — ҳордиқ чиқариш билан бирга, ҳар бир мусулмон учун ўз динини, одоб-ахлоқини ўрганишга алоҳида вақт ажратиши учун фурсатдир.
Хонадонимизда китобхонлик муҳитини шакллантириш ва бу иссиқ кунларни имкон қадар фойдали ўтказиш мақсадида устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ учта китобни тавсия қилдилар.

1. "Тафсири Ҳилол" (30-жуз)
Намоз – охиратда биринчи бўлиб ҳисоб-китоб қилинадиган, мўмин ҳаётининг энг асосий устунидир. Лекин ҳар доим ҳам жойнамозда турганимизда ўқиётган сураларимизнинг маъносини чуқур ҳис қила оламизми?

Исмоил домла тавсия қилган ушбу китоб айнан намозда энг кўп ўқиладиган кичик сураларнинг маъно-мазмунини англаш учун айни муддаодир. Суралар тафсирини ўқиб, тадаббур қилиш намозимиздаги ихлосни буткул ўзгартиради. Қолаверса, ушбу жуз орқали муфассирлар ва тафсир илми билан танишиб олган китобхон келажакда бутун бошли "Тафсири Ҳилол" мажмуасини ўқишга пойдевор яратган бўлади.

2. "Мукаммал саодат йўли"
Ислом дини инсон ҳаётининг барча жабҳаларини – оиладан тортиб жамиятгача гўзал тартибга солиб берган. Ҳаётда қандай эшикни тақиллатмайлик, ундан биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирганлар, яъни ҳар бир вазиятда қандай йўл тутишни ўз ҳаётларида кўрсатиб кетганлар.

Шайх ҳазратларининг ушбу асари мусулмон киши билиши керак бўлган энг муҳим ҳаётий қоидаларни ўзида жамлаган. Уни шунчаки ўқимаймиз, балки дунё ва охиратда ҳақиқий саодатга қандай эришиш мумкинлигини англаб, ҳаётимизга татбиқ этамиз.

3. "Кексаларни эъзозлаш"
Бугун интернет ва технология туфайли дунё жуда кичрайиб қолди. Телефонимиз экранидан уйимизга турли фикрлар, ёт фалсафалар ва бегона маданиятлар осонгина кириб келяпти. Бундай шароитда энг кўп зарар кўраётган нарса – ёшларимиз ўртасидаги шарқона одоб-ахлоқ, катталарга бўлган ҳурматдир.

Устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ айнан мана шу кемтикни тўлдириш, жамиятда кексалар ва ёшлар ўртасидаги гўзал суннатларни қайта тиклаш учун ушбу китобни мутолаа қилишни маслаҳат бердилар. Бу асар ёшларимизни ҳам маънан улғайтиради, ҳам уларга чексиз ажр-савоблар келтиради.

Азизлар, ёзги таътил кунларини ижтимоий тармоқлардаги виртуал оламга тикилиб, шунчаки исроф қилмайлик. Келинг, устоз тавсия қилган ушбу китобларни оилавий дастурхон атрофида, фарзандларимиз билан бирга мутолаа қилайлик. Бу ёз хонадонимиз учун ҳақиқий илм ва тарбия мавсуми бўлсин!