«Тафсири Ҳилол» китоби ҳақида биринчи суҳбат бўлиб ўтди
Бугунги тарихий 10 март санасида «Устозлар билан мутолаа» лойиҳасидаги янги йўналиш — «Тафсири Ҳилол» мутолаасининг муқаддима суҳбати ўтказилди.
Режага кўра устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ меҳмон бўлишлари керак эди. Аммо зарур юмушлари чиқиб қолгани сабабли келолмадилар, уларнинг ўринларига Қуръони Карим ходими Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид ташриф буюрдилар.
Тадбирни Қамариддин Бекмуҳаммад олиб бордилар.
Суҳбат аввалида 2016 йилнинг 1 июнь куни «Тафсири Ҳилол» тўпламининг қайта нашри чиққани муносабати билан ўтказилган тадбирдаги устоз Исмоил Муҳаммад Содиқнинг асар ёзилиш тарихи ҳақида сўзлаган нутқлари тингловчиларга қўйиб берилди.
Шундан сўнг Эркин Маликка сўз берилди. Устоз 2006 йилда «Тафсири Ҳилол» асарининг илк бор чоп қилиниш воқеасини эслаб ўтдилар.
Тадбирнинг асосий қисмида устоз Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид «Тафсири Ҳилол» асарини ўқишга оид керакли тавсиялар бердилар, Қуръони Каримни ўқиш ва ўрганишга оид одобларни эслаб ўтдилар.
Нутқдан сўнг одатдаги савол-жавоб ўтказилди. Тўғри жавоб топганларга «Асмои Ҳусно» китоби ҳадя қилинди.
Савол-жавобдан кейин устоз Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид «Тафсири Ҳилол» асарининг биринчи жузининг бошидан ўқиб бердилар. Мутолаадан аввал одобга кўра Қуръони Карим тиловати қилиниб, савоби барча ўтган мўмин-мусулмонларга, хоссатан, бизларга шундай қимматли асарни ёзиб қолдириб кетган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига бағишланди.
Тадбир якунида устозга нашриёт номидан эсдалик ҳадъялар топширилди. Аллоҳ таоло бу бошлаган янги суҳбатларни давомий қилсин, барчамиз учун манфаатли ва муборак айласин!

Изоҳ қолдириш