«Ҳилол нашр» нашриётидан янги китоблар

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган «Ҳилол-нашр» нашриёти китобхонларни хурсанд қилишда давом этади.

2026-йилнинг август ойида нашриётимиз томонидан 3 та янги китоб китоб ихлосландлари эътиборига тақдим қилинди. Келинг, улар ҳақида қисқача таништириб ўтамиз.

1. «Саййидимиз» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам)

Ҳар бир мўмин-мусулмон учун энг олий ўрнак – саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. У зотга чин муҳаббат эса фақатгина даъво билан эмас, балки таниш, билиш ва англаш билан камол топади. Ушбу китоб, айнан шу маънавий йўлда ишончли йўлдош бўлишни мақсад қилган.

Асарда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ташқи кўринишлари, улуғ ахлоқлари, ҳаёт тарзлари, одамлар билан муомалалари ва ҳар бир ишга ёндашувлари саҳобалар ривояти ва ишончли манбалар асосида батафсил ёритилган.

Китобни мутолаа қилган сари ўқувчи қалбида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг сийрати жонланади, у зотга бўлган муҳаббат ва эргашиш истаги тобора зиёда бўлади.


2. «Шифо»

«Аш-Шифо битаърифи ҳуқуқил Мустафо» – Имом Қози Иёз томонидан битилган, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғ мақомлари ва инсоният зиммасидаги ҳақларини баён қилувчи муҳим манбадир.

Асар тўрт асосий қисмдан иборат:

1-қисм (4 боб, 79 фасл). Аллоҳ таоло томонидан Набий алайҳиссаломга берилган юксак қадр-қиммат, у зотнинг жисмоний ва ахлоқий гўзалликлари, икки дунёдаги икромлари ҳамда мўъжизалари ёритилган.

2-қисм (4 боб, 28 фасл). Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш, итоат қилиш, у зотни севиш, шаънларини улуғлаш ҳамда салавоту саломлар айтишнинг фарзлиги ва фазилатлари баён этилган.

3-қисм (2 боб, 25 фасл). Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг диний ва дунёвий ишларидаги исматлари (гуноҳлардан поклиги) ҳамда у зотга нисбатан жоиз ва маҳол бўлган башарий ҳолатлар чуқур таҳлил қилинган.

4-қисм: Китобнинг якуний хулосаларини ўз ичига олади.

Ушбу асар Пайғамбар алайҳиссаломнинг шаънлари ва ҳақларини чуқур англашни истовчи ҳар бир мусулмон учун қимматли қўлланмадир.


3. «Қиблагоҳим, аллома имом Аввома ҳазратлари билан Ўзбекистонга сафар»

Ушбу китоб муаллифнинг қиблагоҳи — улуғ муҳаддис, олим ва устоз шайх Аввома ҳазратлари билан Ўзбекистонга қилган сафарлари давомидаги хотиралари ва таассуротлари ёзилган.

Асарда сафар давомида содир бўлган воқеалар, учрашувлар, буюк уламоларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақидаги маълумотлар, шунингдек, шайх Аввома ҳазратларининг насиҳат ва кўрсатмалари ўрин олган.

Муаллиф отасининг илмга, уламоларга бўлган муносабатини сафарлар давомидаги воқеалар орқали очиб беради.

Китобда Ўзбекистоннинг Бухоро ва бошқа ҳудудларига қилинган сафарлар, юртимиз уламолари ва илмий мероси ҳақидаги маълумотлар ҳам келтирилади. 

Айрим ўринларда юртимиз ҳақида тарқалган нотўғри тасаввурларга аниқ ва холис маълумотлар асосида изоҳ берилади.

«Қиблагоҳим Имом Аввома ҳазратлари билан Ўзбекистонга сафар» — оддий сафар хотиралари эмас. Унда илм аҳлининг ҳаётидан ибратлар, устоз-шогирдлик одоби, отага бўлган ҳурмат ва юртнинг бой илмий-маърифий меросига назар мужассам. Китоб ўқувчини тарихимиз ва уламоларимиз ҳаётини янада чуқурроқ ўрганишга ундайди.

Мазкур янги китобларни «Ҳилол нашр» нашриётининг барча дўконларидан харид қилишингиз, hilol.uz саҳифаси орқали буюртма беришингиз мумкин.

Китоб ҳақида ва харид қилиш ҳақида +998712175999 рақамга қўнғироқ қилиб батафсил маълумот олишингиз мумкин.