Бухорода «Китобхонлик мактаби» лойиҳасининг илк сони бўлиб ўтди

2026 йилнинг 15 июль куни «Hilol-Nashr» нашриётининг Бухородаги филиалида янги саҳифа очилган кун бўлиб тарихга кирди. Ушбу кунда дўконимизда «Китобхонлик мактаби» лойиҳаси биринчи марта ўтказилди.
Тадбирга Тошкентдан меҳмон бўлиб, аслида эса мезбон сифатида устоз Эркин Малик, Ёрқин Халил, Қамариддин Бекмуҳаммад, техник жамоамиз – Озод Ойбек ва Билол Саиджалол ташриф буюришди. Ҳақиқий мезбон бўлиб эса Бухоронинг севикли фарзанди Азизхўжа домла Хайруллоҳ ўғли дебоча сонимизда меҳмон бўлдилар.
Узоқ кутилган тадбиримиз минг йиллик қадриятларимизга кўра Қуръони Карим тиловати ва дуолар билан бошланди. Сўнг устоз Эркин Маликка сўз берилди. Устоз «Китобхонлик мактаби» лойиҳаси 35 йил аввал бошлангани, унга шайх ҳазратлари асос солгани, эндиликда Бухорода ҳам бу лойиҳа давом этиши ҳақида табрикларини тингловчиларга йўлладилар.
Устоздан кейин Азизхўжа домла Хайруллоҳ ўғли азим Бухорининг гўзал тарихи, ушбу шаҳарда яшаб ўтган алломалар ҳақида сермазмун фикрлари билан бўлишдилар.
«Китобхонлик мактаби» лойиҳасининг анъанасига кўра суҳбат ўртасида савол-жавоб ўтказилди. Унда нашриётимиз ва шайх ҳазратларига алоқадор саволлар берилди. Тўғри топган тингловчиларга эсдалик ҳадялар топширилди. Шу билан бирга, ҳаво иссиқ бўлишига қарамай, китоб ҳақидаги суҳбатга бораман, деб келган, дўконимизни тўлдириб турган ҳар бир илмга чанқоқ китобхонлар учун ҳам алоҳида камтарона совғалар тортиқ қилинди. Азизхўжа домла Хайруллоҳ ўғли ташаббуслари билан қўшимча 3 та – Бухоронинг тарихига боғлиқ савол ўйналиб, жавоб топганларга «Hilol-Nashr» нашриётидан сотиб олиш учун 100 000 сўмлик совға сертификати берилди.
Шу тариқа «Китобхонлик мактаби» лойиҳасининг Бухородаги илк сони якунига етди. Суҳбат охирида лойиҳамиз давомий бўлишини сўраб, дуолар қилинди. Азизхўжа домла Хайруллоҳ ўғли билан ўтадиган кейинги суҳбат учун Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаётларини ўқиб, саволлар тайёрлаб келиш вазифа қилинди. Бу суҳбат август ойида ўтказиш режа қилинди.

Аллоҳ таоло янги бошланган лойиҳамизни халқимиз, хусусан, Бухоро халқи учун манфаатли қилсин! Бундай маърифий суҳбатларни давомий қилсин! 


 Сиз бугунги тадбирга ташриф буюрдингизми? Изоҳда таассуротларингизни ёзиб қолдиринг.