АЛЛОҲ ВА РАСУЛИНИНГ АРСЛОНИ
(Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу)
Пайғамбарликнинг олтинчи йили эди. Исломнинг кенг ёйилаётганини ҳазм қилолмаган Макка мушриклари иймон эгаларини маънан синдириш учун ҳар хил чора-тадбирларни қўллаб кўришарди. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалига чиққанларида мушрикларнинг бузуқ ақлларига у зотга зарар етказиш фикри келиб қолди. Абу Жаҳл ўзининг тарафдорлари Адий ибн Ҳамро ва Ибнул Асдони эргаштириб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқди. Улар Аллоҳнинг Расулини ҳақоратлай бошлашди. Бу ҳақоратлар билан кифояланмай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак бошларидан тупроқ сочиб, устиларига ифлос нарсалар ташлай бошлашди. Ҳатто мушриклардан бири у зотнинг бўйинларини босишга ҳам журъат этди. Қўлларидан келган барча ёмонликни қилишганидан кейин тарқалишди. Сабр тимсоли Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ҳеч қандай қаршилик кўрсатмай, ўрниларидан туриб, уйлари томон кетдилар. Абу Жаҳл эса одамлари билан бирга Каъба атрофида йиғилишиб турган мушрикларнинг олдига борди.
Воқеани ўша ерда яшайдиган Абдуллоҳ ибн Жудъаннинг жорияси кузатиб турган эди. Пайғамбаримизнинг амакилари Ҳамза қиличини белига, камонини бўйнига осиб овдан қайтаётган эди. У жуда моҳир мерган эди ва кунининг асосий қисмини овда ўтказарди. Овдан қайтиш асносида Каъбани тавоф қилар, Қурайшнинг йиғилишига қатнашиб, улар билан бир оз суҳбатлашгач, уйига кетарди.
Воқеага гувоҳ бўлган жория тўғри Каъбага қараб келаётган Ҳамзанинг қаршисига чиқиб келди. «Эй Уморанинг отаси», дея гап бошлаб, бўлиб ўтган воқеани гапириб берди: «Абу Жаҳл дўстлари билан акангни ўғли Муҳаммадга қилган ишларини кўрганингда чидаб туролмасдинг», деди.
Ҳамза бирдан жаҳл отига минди. Жориянинг гапи тугашини ҳам кутмай «Унга нима қилишди?» деб сўради. Жория Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга азият етказилган жойни кўрсатиб, «Шу ерда ўтирганида олдига келиб, унга турли тазйиқлар ўтказишди. Ҳақоратлаб-ҳақоратлаб, сўнг тарқалишди», дегач Ҳамза янаям аниқлик киритиш учун «Сен бу нарсаларни ўз кўзинг билан кўрдингми?» дея сўради. Жориянинг «Ҳа, кўрдим», деди. Ҳамза вақтни бой бермай тезлик билан Каъба томон йўл олди.
Ҳамза Қурайшнинг энг мард ва эътиборли йигитларидан эди. Ҳақсизликни кўрганида чидаб туролмас, жонини таҳликага қўйиб бўлса ҳам зулмга қарши чиқарди.
Уйига ҳам кирмай, Абу Жаҳл дўстлари билан ўтирган Қурайшнинг йиғилишига келди. Абу Жаҳлни топиб, унинг ақлини киритиб қўймоқчи эди. Акасининг ўғлига етказилган азият унга тинчлик бермаётган эди. Мусулмонликни қабул қилмаган бўлса ҳам қариндошлик алоқалари уни бу ишга бефарқ қарашга қўймаётган эди. Абу Жаҳлни кўрган заҳоти ҳеч нарса демай камонини унинг бошига куч билан урди. Кутилмаган зарбадан Аллоҳнинг душмани чайқалиб кетди, боши ҳам яхшигина ёрилди.
Қай томондан зарба тушганини билолмай қолган Абу Жаҳл оҳиста бошини кўтарганида Расулуллоҳнинг амакилари арслондек олдида турганини кўрди. Ҳамза ўзини босиб олгач, таҳдид билан: «Акамнинг ўғлини ҳақорат қиладиган, азият етказадиган сенмисан? Мана мен ҳам унинг динидаман. Унинг айтган гапларини мен ҳам айтаман. Кучинг етса, унга кўрсатган жабрларингни менга ҳам қилгин-чи, қани», деди.
Абу Жаҳл кутилмаган бу ҳолатдан лол бўлиб қолди. Ҳамзанинг важоҳатидан қўл-оёғининг мажоли қочди. Ҳақ эканини исботлаш учун ўзини оқлай бошлади: «Ўзингга маълум, у бизга ноҳақлик қилди. Бутларимизни ҳақоратлади. Ота-боболаримизнинг йўлидан чиқиб, бошқа йўл топиб олди...»
Ҳазрати Ҳамза Абу Жаҳлнинг гапини бўлди. Унинг гапларини охиригача эшитишга сабри чидамади. Куч-қувватига иймон ҳаяжони ҳам қўшилди. Йиғилишиб турган Қурайшнинг барча кўзга кўринган вакилларига қарата ҳайқирди:
«Мен шаҳодат этаманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг расулидир!»
Унга нисбатан қилинган ҳақоратларга чидолмаган Абу Жаҳлнинг одамлари ёрдам бериш учун ўрниларидан туришди. «Эй Ҳамза, сен ота-боболарингнинг динини тарк этганга ўхшайсан...», дея гап бошлашлари билан ҳазрати Ҳамза «Тарк этсам нима бўпти?! Муҳаммаднинг дини ҳақ ва ҳақиқийдир. Аллоҳга қасамки, бундан кейин мен ундан айрилмайман. Агар айтган гапингизда содиқ бўлсангиз, қани, келиб менга тўсқинлик қилинг», деди.
Мушриклар бу қатъий азму қарор олдида мум тишлашди. Абу Жаҳл уларга: «Уморанинг отасини ўз ҳолига қўйинг. Унинг бундай йўл тутишига ўзим сабабчиман. Акасининг ўғлига ёмон гаплар гапиргандим», дея айбини тан олди.
Ҳазрати Ҳамза муҳораба майдонида ғалабага эришган музаффар бир қўмондондек у ерни тарк этди. Уйга қайтар экан шайтон: «Сен Қурайшнинг энг улуғларидан эдинг. Шу динидан қайтган бир кишига тобе бўлдинг. Ота-боболаринг ибодат қилган ва шу йўлда ўлиб кетган, сен учун ҳам хайрли бўлган динни тарк этишинг яхши эмас», деб васваса қила бошлади.
Ҳамза қалбидаги иккиланишни енгиш учун Каъбага борди. Раббига муножат қилди. «Аллоҳим, бу тутган йўлим тўғри бўлса, қалбимга ҳам уни тасдиқлат, шубҳаларимни бартараф эт ёки мен учун бу борада чиқадиган йўл, бир нур кўрсат», деб дуо қилди.
Ўша кеча ухлади. Эртаси тонг отиши билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориш учун йўлга чиқди. У зот яшаётган жойларига етиб келгач, тўғри ичкарига кириб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлиб ўтган воқеаларни гапириб берди. Аллоҳ Расули унга насиҳат ва ҳақига дуо қилдилар. Исломни ўргатдилар. Жаҳаннам азоби ва жаннат неъматлари ҳақида гапириб бердилар. Бу муборак муждалардан кейин ҳазрати Ҳамзанинг қалби нурланиб, юмшади. Севинч ва ҳаяжон билан шаҳодат калимасини айтди: «Эй акамнинг ўғли, мен шаҳодат келтираманки, сен тўғри йўлдасан. Энди динингни менга батафсил тушунтириб бер». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳақ диннинг барча асосларини тушунтириб, унинг қалбига жасорат бердилар.
Амакиларининг мусулмонлар сафидан жой олиши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни жуда хурсанд қилди. Ҳазрати Ҳамзанинг Исломни қабул этиши бошқа мусулмонларга ҳам хотиржамлик берди. Мушриклар энди аввалгидек азият бериб, турли тазйиқларни ўтказолмай қолишди. Мушрикларнинг бир истеҳкоми қулаб, мусулмонларга бир паҳлавон қўшилган эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ривоятига кўра Анъом сурасининг 122-ояти ҳазрати Ҳамза ҳақида нозил бўлган экан: «Аввал ўлик бўлган одамни тирилтириб, унга одамлар орасида юрадиган нурни бериб қўйган бўлсак, у билан зулматлар ичида ундан чиқа олмай юрувчи одам ўхшаш бўлурми? Шундай қилиб, кофирларга қилаётган амаллари зийнатлаб кўрсатилди».
Ояти каримадаги ўлик ҳолида тирилган ва нур берилган киши ҳазрати Ҳамза, зулматлар ичида ундан чиқа олмай юрувчи киши эса Абу Жаҳл эди.
Ҳалигача оз сонли ҳисобланган мусулмонлар бундай қаҳрамоннинг, Қурайшнинг энг кўзга кўринган кишисининг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг мусулмон бўлиши билан жуда катта дастакка эга бўлишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари у зотдан икки ёш катта эди. Лекин у Исломни қабул қилгач, на ёши катталиги, на амаки эканига қарамай Пайғамбаримиз амрларига бош эгиб, Исломнинг фидойиларидан бири бўлди.
Уҳуд жангининг энг оғир, энг даҳшатли онлари эди. Мусулмонлар пароканда бўлиб турган бир пайтда ҳам «Аллоҳ ва Расулининг арслони» дея таъриф берилган ҳазрати Ҳамза жанг майдонини тарк этмаган саноқли кишилардан бири эди. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан мушриклар орасида ёлғиз қолиб кетди. Мушриклар унинг қаршисига чиқиб жанг қилишга юраклари дов бермаётган эди. Ҳазрати Ҳамза мусулмонлар тарқалиб кетган бир пайтда ҳам олдидан чиққанни ер тишлатаётган эди. Камончилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига итоат этмай, эгаллаб туришган Айнайн тепалигини тарк қилишганида бу талотўпдан хафа бўлиб, Аллоҳга бундай илтижо қилган эди:
«Аллоҳим, мусулмонларнинг бу аҳволидан Сендан паноҳ сўрайман, Сендан афв этишингни тилайман».
Ислом қўшинининг енгилмас ва билаги толмас қаҳрамони мушриклар учун катта қўрқув ва ташвиш эди. Бундан аввалги жангларда кўрсатган қаҳрамонликларини ҳали унутишмаган эди. Бадрда иккита қўлидаги қилич билан ўт ўргандек мушрикларни ер тишлатганди. Мушриклар Уҳудда ҳам уларга жуда катта тўсиқ бўладиган ҳазрати Ҳамзани йўқотиш учун турли хил режа тузишган эди.
Ҳазрати Ҳамзанинг ҳаётига нуқта қўйиш мақсадида Ваҳший исмли ҳабаш қулни танлашди. Ваҳший мўлжалга олган ҳар бир нишонини аниқ урадиган моҳир мерган эди. Унинг ҳожаси ҳазрати Ҳамзадек Исломнинг кўзга кўринган вакилини ўлдирса, қулликдан озод қилишини айтган эди. Шу билан бирга Абу Суфённинг хотини Ҳинд Бадрда ўлдирилган отасининг интиқомини олиш учун ҳазрати Ҳамзани ўлдиришини Ваҳшийдан сўраб, уни рағбатлантириш мақсадида катта ҳадялар ҳам ваъда қилган эди.
Мусулмонларнинг фидойиси, мушрикларнинг қўрқинчли туши бўлган ҳазрати Ҳамза Уҳудда душманларни тор-мор қилаётган эди. Олдидан чиққанни ер тишлатиб, орадан келганни эса бир ҳаракатда суробини тўғирлар эди. Ҳабаш қул Ваҳший жангнинг бошидан кўзини ҳазрати Ҳамзадан узмай, уни таъқиб қиларди. Бир пайт қулай фурсат бўлиши билан Ваҳший ўзи яширинган қоя орқасидан ҳазрати Ҳамзани нишонга олиб, найзасини отди. Найза ҳазрати Ҳамзанинг биқинига санчилди ва уни бошқа ўрнидан турмайдиган қилиб йиқитди. Бу зарба уни фоний ҳаётдан олиб абадиятга қовуштирди.
Ваҳший шу билан чекланиб қолмади. Қулликдан озод бўлиш ва қимматбаҳо ҳадяларга эгалик қилиш илинжида бу Ислом қаҳрамонининг аъзоларини кесди, кўксини ёриб, жигарини чиқарди ва Ҳиндга олиб борди.
Уҳуд тўфони тиниб, ҳаммаёқни сукунат эгаллади. Душман аста-секин чекина бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Ҳамзанинг шаҳид бўлганини эшитган, лекин унинг муборак жасадини ҳали кўрмаган эдилар. Жанг тугаб, шаҳидлар орасида унинг фожиали аҳволини кўргач, чидай олмадилар. Қалблари худди парчаланиб кетгандек бўлди. Кўзлари ёшга тўлган улуғ Пайғамбарнинг тилларидан бу сўзлар чиқди:
«Эй Аллоҳ Расулининг амакиси, эй Аллоҳ ва Расулининг арслони Ҳамза, эй яхшиликлар эгаси Ҳамза! Эй Аллоҳ Расулига бутун борлиғи билан ҳомий бўлган Ҳамза, сизни Аллоҳ раҳматига олсин. Агар мотам тутиш керак бўлганида, сиздан кейин хурсандчиликни тарк этиб, мотам тутардим».
Ўша пайтда жанг майдонига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аммалари ва ҳазрати Ҳамзанинг опалари ҳазрати Софийя ҳам келган эди. У кимни кўрса укасини сўрарди.
Расулуллоҳ яқинлашиб келаётган аммалари ҳазрати Софийя эканини билганларидан кейин унинг ўғли Зубайрга: «Онангга айт, орқасига қайтсин. Укасининг жасадини бу аҳволда кўрмасин», деб буюрдилар. Ҳазрати Зубайр онасининг олдига чиқиб, «Онажон, Расулуллоҳ қайтиб кетишингизни амр этдилар», деди. Аммо ҳазрати Софийя ўғлининг бу насиҳатомуз гапларига қаршилик билдирди:
«Агар укамга нисбатан қилинганларни кўрмаслигим учун қайтишимни истаган бўлсалар, мен шундоқ ҳам унинг жасади парчалаб ташланганини биламан. Укамга бу мусибат Аллоҳ йўлида етди. Биз Аллоҳ йўлида бундан ҳам баттарига сабр қиламиз. Савобини Аллоҳдан умид қилиб, чидаймиз, иншааллоҳ».
Ҳазрати Зубайр онасининг бу гапларини Расулуллоҳга бориб айтганидан кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Софийяга укасини кўриш учун рухсат бердилар.
Манзара ҳақиқатда жуда ачинарли эди. Ҳазрати Софийя укасининг бош томонига ўтирди. Овоз чиқармай, ич-ичдан инграб йиғлай бошлади. Инсоннинг юраги бундай оғриққа чидай олмас эди.
Уни кўрган Расулуллоҳ кўзёшларини тиёлмадилар. Ҳазрати Софийядаги иймон ва таслимият ҳақиқатдан ҳам буюк эди. Мусибатларга қарши Аллоҳдан паноҳ сўрашнинг ифодаси бўлган Бақара сурасидан ушбу оятни ўқиди: «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз». Кейин эса укасини Аллоҳ таоло раҳмат ва мағфират этишини сўраб дуо қилди.
Бир оздан кейин Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, ҳазрати Ҳамзанинг исми кўкларда «Аллоҳ ва Расулининг арслони» деб ёзилганини билдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хабарни тасалли бўлсин деган мақсадда ҳазрати Софийяга етказдилар.
59 ёшида бақо оламига етишган ҳазрати Ҳамзанинг устига ўралган кийими калта эди. Оёқлари ёпилса, боши, боши ёпилса, оёғи очилиб қолаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Юзини ёпинглар», деб буюрдилар. Очилиб қолган оёқлар устига эса бир ҳирқани ташладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўтариб, асҳобларига қараганларида уларнинг йиғлаётганини кўрдилар. «Нима учун йиғлаяпсизлар?» деб сўраганларида улар «Ё Расулуллоҳ, амакингизга кенгроқ кафан ҳам тополмадик. Шунинг учун йиғлаяпмиз», дея жавоб беришди.
«Шаҳидларнинг энг хайрлиси», дея тавсиф этилган ҳазрати Ҳамза ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фаришталарни кўрдим, уни ювишаётган эди», деб марҳамат қилдилар.
Йўлида қанчалаб қаҳрамонлар шаҳид бўлган Ислом даъвоси кундан-кун илгарилаб бораётган эди. Чунки фардлар фоний, даъво боқий эди. Ислом даъвоси қисқа вақт ичида жуда катта даражага эришди. Туғилиб ўсган диёрларидан ҳижратга мажбурланган мусулмонлар энди ғолибона ўша шаҳарни фатҳ этиш учун кетишаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом даъвосига катта зарар етказган олти эркак ва тўрт аёлни қаерда кўрилса, ўша ерда қатл этишни буюрдилар. Бу аёллар орасида Абу Суфённинг хотини Ҳинд бинти Утба ҳам бор эди. Лекин шу томони ҳам борки, Ҳинд эридан кейин мусулмонликни қабул қилган эди. Ҳалигача буни билдирмагани учун ҳар он ўлимга дучор бўлиш эҳтимоли бор эди. Бир йўлини топиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат беришга кетаётган аёллар орасига кириб олди. Ташқи кўринишини ўзгартириб, юзини ҳам ёпиб олган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганида юзини очиб, ўзини танитди. Ўтмишда йўл қўйган хатоларидан пушаймон бўлиб, Исломни қабул қилганини билдирди. Расулуллоҳ ҳам бошқа аёллар қатори унинг байъатини қабул этдилар.
Макка фатҳ этилганида Ваҳший қўрққанидан Тоифга бориб беркинди. Лекин кейинчалик тоифликлар жамоат шаклида Мадинага бориб, Исломни қабул қилишгач, ер юзи унга тор келиб қолди. У ердан Шом ва Яман томонларга қочишни ўйлай бошлади. Аммо бир киши унга «Нега хафасан? Валлоҳи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломга кирган биронта одамни ўлдиртирмаган», дегач Расулуллоҳ ҳузурларига боришга қарор қилди. Мадинага бориб, у ерда шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ваҳший, ўтир ва менга Ҳамзани қандай ўлдирганингни гапириб бер», дедилар.
Ваҳший ҳикоясини тугатгач, «Эссиз, менинг кўзимга кўринма», дедилар. Чунки шавқатли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўрганларида суюкли амакилари эсларига тушиб, ғамгин бўлиб қолардилар. Ваҳший ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига итоат этиб, то у зотнинг вафотларига қадар кўзларига кўринмади.
Ҳа, Ислом инсонийлик дини эди. Тавба қилган, ҳақ йўлини танлаган ким бўлишидан қатъи назар уни ўзининг шавқат қучоғига оларди. Муҳими ўша киши тавба қилиб пушаймонликни ҳис қилиши, ҳидоятга эришиб, илоҳий даргоҳга йўналиши керак.
Шаҳидларнинг саййиди унвони фақат ҳазрати Ҳамзага берилган мартабадир. Чунки у ҳақ йўлида, Ислом даъвосида ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдида жанг қилиб фоний ҳаётини фидо этган эди. Бу билан «Аллоҳнинг йўлида қатл бўлганларни «ўликлар» деманг. Балки улар тирикдирлар, лекин сиз сезмассиз» (Бақара сураси, 154-оят) мазмунидаги ояти каримасининг ифодасига кўра у ўлмаган, бу дунёдан янаям ҳузур-халоватли оламга, «шаҳидлар ҳаётига» юксалди.
Мустафо МАҲМУД
тайёрлади
5 Изоҳлар
Maqoladan kop malumotlar oldim.raxmat.
A‘lo darajada ⭐️⭐️⭐️⭐️⭐️
Таъсирлива манф
аатли.аллох рози булсин
Таъсирли ва манфаатли
Assalomu alaekum rahmat alo olloh rozi bo'sin
Изоҳ қолдириш