Menu
Your Cart

«Сўнмас Қуръон садолари - Шаҳобиддин қори»

«Сўнмас Қуръон садолари - Шаҳобиддин қори»

ШАҲОБИДДИН ҚОРИ - МЎМИНЖОН ЎҒЛИ

(1892 - 1975)

 

Шаҳобиддин қори 1892 йили (ҳижрий 1309 1310 йиллар) Андижон шаҳрининг Тўқмоқ маҳалласида, диндор оилада дунёга келган. Отаси Мўминжон ака оддий деҳқон одам эди.

Шаҳобиддин қори дастлаб Андижон шаҳри марказидаги қорихонада Қуръон ёдлаган. Айтишларига қараганда, бу қорихона Жомеъ мадрасанинг яқинида жойлашган экан.

Шаҳобиддин қори 1930 йилдан то 1940 йилларгача қатағон давридаги сургун сабабли оилалари билан Ҳаққулобод қишлоғида яшайди. 1942 йили қори Оренбургдаги заводда ишлаш учун мажбурий жўнатилади ва 1944 йилнинг кузида уйига қайтади. Бу орада фарзандларига уларнинг тоғаси қараб туради.

XX асрнинг бошларида бизнинг диёрларда Қуръони Карим асосан форсий лаҳжа услубида ўқилар эди. Шаҳобиддин қори арабий қироатни дастлаб Андижонда Муҳаммад Амин Маккийдан олган бўлиб, у кишидан араб тилини ҳам ўрганган. Муҳаммад Амин Маккий асли андижонлик бўлиб, бир муддат Маккаи Мукаррамада таълим олиб келгани учун мазкур нисбатни олган. 

Шаҳобиддин қори бир неча дўстлари билан Ўшда ҳам таълим олган. Ўшдаги устози қорига Қуръони Карим қироатидаги ўзининг силсиласидан махсус ижоза васиқасини ёзиб берган. Кейинчалик устоз Мисрга кетиб, Қоҳирада жойлашиб қолган. Омонуллоҳ қори аканинг зикр қилишича, Шаҳобиддин қори Ҳакандаги Довудхон тўрамда ҳам Қуръондан таълим олган экан.

Шаҳобиддин қори ака 1945 йили Андижондаги «Уйғур» масжидига имом хатиб қилиб тайинланади ва икки уч йил шу ерда хизмат қилади. 

1953 йили Шаҳобиддин қори муфтий Зиёуддин қори бошчилигидаги ўн олти кишилик гуруҳ билан ҳаж сафарига боради. Саудия Арабистони қироли Абдулазиз ибн Сауд уларни алоҳида меҳмон қилади. Қайтишда Миср араб республикасига ҳам ташриф буюришади. Қоҳирада «Азҳари Шариф»нинг шайхи Абдурраҳмон Тож уларнинг ташрифи муносабати билан катта зиёфат уюштиради. Икки юздан ортиқ меҳмон иштирок этган бу мажлисда Шаҳобиддин қори Қуръон тиловат қилиб беради. Ўзбек қорисининг тиловатидан завқланган шайх Абдурраҳмон Тож ўрнидан туриб, ўтириб тиловат қилаётган қорининг ортига ўтиб, тик туриб олади.

Шаҳобиддин қори ҳар бир ҳарфни алоҳида эҳтимом билан, дона дона қилиб, жуда ширин, мулойим, файзли ва таъсирли тиловат қилар, у киши қироат қилганда сомеъ қалблар эриб кетар эди. У киши Куръон нурини нафақат ўзбек диёрига, балки хорижий давлатларга ҳам таратган ҳамда ўзбек миллатининг шарафини кўкларга кўтарган инсон бўлган. Муфтий Зиёуддин қори ҳам бир қанча чет эл сафарларига Шаҳобиддин қорини Қуръон тиловат қилиш учун бирга олиб борар эдилар. Айниқса, 1967 йили Шаҳобиддин қори Покистонда бўлиб ўтган қорилар кўригида қатнашиб, кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлади. 

Шаҳобиддин қори Қуръони Каримни нафақат тиловат қилиш, балки таълим беришда ҳам етук мактабга эга бўлган. У киши Мубин қори, Раҳматуллоҳ қори Қосимов, Душанбеда яшаб ўтган Абдулмалик қори каби етук устозларни тарбиялаган, Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида 27 йил давомида Қуръони Карим қироати, араб тили грамматикаси ва муҳоварасидан дарс берган.

1968 69 йиллар орасида Шаҳобиддин қори Андижонга борган кунлари бетоб бўлиб қолади. Уч кун ўтиб, бирор илож бўлмагач, Тошкентга олиб келишади. Бу ердаги шифохоналарнинг бирида бир ой ичида икки марта жарроҳлик муолажасини олади.

1975 йилга келиб, соғлиги бироз яхшилангач, Қуръонни тўлиқ тасмага ўқиб беришга киришади ва буни қисқа муддатда адо этади. Бироқ, беморлик ва кексалик у кишининг қироатларига бироз таъсир ҳам ўтказган эди.

Шу йилнинг охирларига келиб, Шаҳобиддин қори даданинг аҳволи янада яхшиланади. Заҳматкаш мураббий мадрасада таълим бериш учун Тошкентдан Бухорога 9 ноябрга чипта олади. Лекин Аллоҳнинг тақдири экан, 7 ноябрь (ҳижрий 1395 йил 3 зулқаъда) жумъа куни жумъа намозини адо этиб чиқиб, тўсатдан вафот этадилар. Бутун умр Каломуллоҳдан айрилмаган, ярим аср давомида Қуръон хизматини тарк этмаган, кексайиб қолганида ҳам илм ва Қуръон хизматига камарбаста бўлиб турган ўз даврининг шайхул қурроси Шаҳобиддин қори саксон уч ёшида вафот этади. Жанозасига муфтий Зиёуддин қори жаноблари имом бўладилар. Марҳум «Кўкча» қабристонига дафн қилинади.

Аллоҳ таоло устоз Шаҳобиддин қорини ўз раҳматига олсин, ажру савобини зиёда қилиб берсин, омин!

 

Лойиҳа муаллифлари:

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид

 

Муаллиф: Шаҳобиддин қори - Мўминжон ўғли 

Номи: «Сўнмас Қуръон садолари - Шаҳобиддин қори» (2 CD МР3) 

Нашриёт: «SEMURG’ MEDIA» МЧЖ

Сана: 2016

Ҳажми: 956 дақиқа

 

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Сўнмас Қуръон садолари - Шаҳобиддин қори»
18 000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: C98
  • Вазни: 0.15кг
Сотилган сони: 6
Кўрилган сони: 43391
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.