«Васатия – ҳаёт йўли» китоби ҳақида суҳбат бўлиб ўтди

Кеча «Hilol-Nashr» нашриётининг суҳбатгоҳида шайх ҳазратларининг «Васатия – ҳаёт йўли» китоби ҳақида суҳбат ўтказилди.
Тадбирга ҳазратнинг шогирдларидан бири устоз Нодиржон домла Хидиров меҳмон бўлдилар.
Устоз нутқлари аввалида 2006-йил китоб илк бор нашр қилинганда Мисрдаги Ал-азҳар ўқув юртида таҳсил олаётган бўлганлари, тезда китобни Тошкентдан олиб келтириб ўқиб чиққанларини хотирладилар.
Шундан сўнг китобнинг мавзуси, китобнинг ёзилиш сабаби, Қуръон ва суннатда васатийликка тарғиб, бугунги кунда васатий ҳаётда яшаш нима учун кераклиги, агар васатийликка амал қилинмаса, қандай уқубатларга учраши мумкинлиги ҳақида муҳим маълумотлар билан бўлишдилар.
Тадбир давомида 2015-йилнинг 9-март куни шайх ҳазратлари билан бўлиб ўтган «Хислатли ҳикматлар шарҳи» китобининг тақдимотидан лавҳа тингловчилар эътиборига ҳавола қилинди. Унда шайх ҳазратларининг тадбир сўнггидаги дуода устоз Нодир домлани эслаб, ҳақларига дуои хайрлар қилгани акс этган эди. Устоз шайх ҳазратларининг охирги дуоларини олганлардан бири эканини эслаб ўтамиз.
Суҳбатда устоздан тингловчилар берган саволларга жавоблар ҳам олинди.
Тадбир Қуръони Карим тиловати ва дуо билан якунига етди.
Эслатиб ўтамиз, «Васатия – ҳаёт йўли» китобини «Hilol-Nashr» нашриётининг барча дўконларидан сотиб олишингиз, hilol.uz саҳифасидан буюртма беришингиз мумкин.