23 okt
Самарқандда «Китобхонлик мактаби» лойиҳасининг илк сони бўлиб ўтди
2026-йил 23 октябрь «Hilol-Nashr» нашриёти ва самарқандлик китобхонлар учун тарихий санага айланди. Шу кунда 4 йилдан бери давом этиб келаётган, 235 та суҳбати бўлиб ўтган «Китобхонлик мактаби» лойиҳаси Самарқанддаги «Hilol-Nashr» нашриётининг дўконида ҳам бошланди.
Тадбирга устоз Эркин Малик, устоз Анвар Аҳмад, Самарқанддаги «Намозгоҳ» масжиди имом-хатиби Қамариддин қори Баҳриев, Ёрқин Халил ва Қамариддин Бекмуҳаммад меҳмон бўлишди.
Илк сўз устоз Анвар Аҳмадга берилди. Устоз тарихда китобга назар, салафларнинг китоб билан муомаласи, олимларни тарбиялаган оналар, тарихда ўтган аёлларнинг китобга эҳтироми мавзуларида суҳбат қилиб бердилар.
«Китобхонлик мактаби» лойиҳасининг анъанасига кўра тадбир давомида шайх ҳазратлари ва у зотнинг китоблари ҳақида савол-жавоб ўтказилди. Тўғри жавоб берганларга китоблар ҳадя қилинди.
Савол-жавобдан сўнг лойиҳамиз асосчиси устоз Эркин Малик нутқ сўзлаб, «Китобхонлик мактаби» лойиҳасининг тарихи, шайх ҳазратлари ва бу лойиҳанинг боғлиқ томони ҳақида хотиралари билан бўлишдилар.
Айтиб ўтганимиздек, суҳбатга ҳам мезбон, ҳам меҳмон бўлиб Қамариддин устоз ҳам ташриф буюрдилар. Устоз бугунги кунда китобхонлик ривожланаётгани, айниқса ёшлар ҳозир кўпроқ китоб билан машғул бўлишлари кераклиги, машойихларнинг китобни қанчалар улуғлагани ҳақида муҳим тавсиялар бердилар.
150 дан ошиқ китобхон ташриф буюрган суҳбат кўтаринки руҳда давом этди. Эндиликда ҳар ойда бир марта суҳбат бўлиб ўтиши айтилди. Кейинги суҳбат ноябрда бўлиши, шу суҳбатдан бошлаб шайх ҳазратларининг «Тасаввуф ҳақида тасаввур» китобларини ўқиш бошланиши, айнан мазкур китоб асосида ҳар суҳбатда савол-жавоб ўтказилиши эълон қилинди.
Тадбир сўнггида Қамариддин устозга нашриётимиз номидан ҳадя улашилди.Шайх ҳазратлари ҳар бир хайрли ишни Қуръони Карим тиловати билан бошлашни хушлар, шунга амал қилардилар. Самарқанддаги илк суҳбатимиз ҳам Қуръони Карим тиловати билан якунига етди. Аллоҳ таолодан янги бошланган ишни хайрли, манфаатли ва давомли қилишини дуо қилиб сўраймиз!
Суҳбатга ташриф буюрган китобхонлар, таассуротларини изоҳда билдиришлари мумкин.


Изоҳ қолдириш