СИЙРАТ 

НУБУВВАТ ХОНАДОНИДАН МУҲАББАТ ҚИССАСИ 

Муҳаббат энг бетакрор инсоний туйғулардан бўлиб, қадимдан барча жамиятлар ҳаётида юқори ўрин тутган. Хусусан, икки жинс вакиллари ўртасидаги муҳаббат мавзуси барча завқи соғлом инсонларни ҳамиша ўзига ром этиб келган. Исломият тарихида ҳам бу мавзуга ўзига хос эътибор қаратилган эса-да, афсуски, буни кўпчилик яхши билмайди.

Одатда Ислом ҳақида гапирганимизда асосан жиддий мавзулар ‒ ростгўйлик, ҳақиқатпарварлик, адолат, ибодат, сиёсат, риёзат ва бошқа шу каби масалалардан сўзлайверганимиздан Исломда севги-муҳаббатга ўрин йўқдек кўринади. Ислом тарихи, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳақидаги суҳбатларимизда ҳам кўпинча ана шундай жиддийлик билан чекланиб қоламиз. Бироқ, башарият ҳаёти фақат шу мавзулардан иборат эмас! Аллоҳ таоло инсоният ҳаётини хилма-хил туйғулар, бетакрор шуурлар билан рангдор, тотли қилган экан, У Зот Одам болалари учун нозил қилган илоҳий таълимотларида, соф табиат динида бу жиҳатни эътибордан соқит қилиши мумкин эмас эди. Шу боис, Қуръон ва Суннатда бу борада ўзига хос ўрин борлигини кузатиш мумкин. Зотан, Ислом инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат этади: «У Зотнинг оятларидан (мўъжиза ва неъматларидан) бири ‒ сизларга ўзларингиздан жуфтлар яратиб, орангизга севги ва меҳр солиб қўйганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган одамлар учун оят-белгилар бордир» (Рум сураси, 21-оят).

Ушбу ояти каримада эр-хотин ўртасидаги муҳаббат илоҳий чизги бўлиб, Аллоҳ таолонинг қудрати белгиларидан экани таъкидланмоқда. Бироқ У Зот Ўз шариатида ушбу муҳаббатнинг ҳалол-пок йўл билан, никоҳ воситасида бўлиши лозимлигини қайдлаш орқали инсон зотини шарафлаган ва имтиҳон қилишни ирода этган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари барчамиз учун барча жиҳатдан гўзал ўрнакдир. У зотнинг нафақат масжиддаги ёки жамият ўртасидаги сийратлари, балки хонадонларидаги тутумлари ҳам сизу бизга жуда кўп ҳаётий ҳақиқатларни кўрсатиб беради. Шу боис, нубувват хонадонида эр ва хотин ўртасидаги муҳаббат ва вафо қандай бўлганини Набиййимизнинг жигарбандлари Зайнаб бинт Муҳаммад ва домодлари (куёвлари) Абу Ос ибн Рабиъ мисолида баён этмоқчимиз.

 

Муҳаммад алайҳиссалом табиатан мулойим, меҳрибон киши эди. Ҳеч қачон биров билан жанжаллашмаган, биров билан уришмаган. Ҳамиша заифлар, бечораларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уринарди, зотан, у киши яшаётган жамиятда адолатсизлик, ҳақсизлик ҳукмрон эди. Хусусан, аёлларга бўлган муносабат жуда ҳам аянчли ҳолатда эди. Иш шунга бориб етган эдики, одамлар қиз кўришдан ор қилишарди, ҳатто айрим жоҳиллар қизалоқларни тириклайин кўмишгача боришарди. Муҳаммад алайҳиссалом жоҳилиятнинг бу жирканч одатларидан, ваҳшийликларидан ҳамиша озурда бўлиб, қаттиқ нафратланар эди.

Муҳаммад алайҳиссалом 25 ёшга тўлганида Хадижа бинт Хувайлид деган номдор, олийжаноб аёлга уйланди. Аллоҳ бу бахтиёр оилага ўғил фарзанд берди. Унга Қосим деб исм қўйишди. Улар ўғил кўрганларидан хурсанд эсалар-да, қиз фарзанд кўришни ич-ичларидан қаттиқ исташар, орзулар эдилар. Айниқса, Муҳаммад алайҳиссалом қиз туғилса, жоҳилият аҳлининг қизалоқларга бўлган золимларча муносабатига акс ўлароқ, каримасига чексиз меҳру шафқат кўрсатиб, уни ардоқлаб, жамият учун керакли, оиласи учун фидокор, баркамол аёл қилиб тарбиялаб, аёл зотининг асл ҳақиқатини, унинг қанчалар кераклилигини, қадр-қийматини одамларга кўрсатиб қўйишни қалб-қалбдан истар эди.

Афсуски, Қосим узоқ яшамади, бир ярим ёшида вафот этди. Орадан уч йил ўтиб, яна узоқ кутилган хурсандчилик онлари бўй кўрсатди. Оилада тўнғич қиз дунёга келди. Унга яхши ниятлар билан серсоя, гўзал бир дарахтнинг номидан келиб чиққан, жамолу баркамоллик маъносини англатувчи исм қўйишди – қизалоқни Зайнаб деб аташди.

Зайнаб жуда ҳам ёқимтой, гўзал қиз бўлди. Унда отасининг ақлу заковати, онасининг ҳусну латофати балқиб турарди. Ҳали гўдак бўлишига қарамай, қилиқлари катталарникидек маънили, сўзлари залворли эди. Нигоҳидан ақлу фаросати барқ уриб турарди. Ота-онаси Зайнабни жуда ҳам севиб, эркалашса-да, у асло ўзидан кетиб қолмас, талтаймас эди.

Зайнабнинг Ҳола бинт Хувайлид исмли холаси бор эди. У жуда ҳам келишган, фаросатли аёл эди. Опаси Хадижага ўхшаб кетарди, юриш-туришлари, ҳатто овози ҳам уни эслатар эди. Ҳоланинг Лақит исмли ўғли бўлиб, уни эркалатиб Абу Ос дейишарди (Абу Ос ‒ исёнкорлик маъносидан келиб чиққан куня бўлиб, ўжар, қатъиятли одам деган маъноси бор).

Абу Ос ибн Рабиъ кўҳлик, кўркам қоматли, мард ва жасур йигит бўлиб тарбия топди. У ўта ростгўйлиги, бағоят ориятли, самимий ва босиқлиги билан бошқалардан ажралиб турарди. У Макканинг энг кўзга кўринган навқирон йигитларидан, саноқли ишончли кишиларидан бири эди. Уни кўрган ҳар қандай она уни қизига куёв қилишни орзу қилиб қоларди.

Зайнаб эндигина ўн ёшга тўлган бўлса-да, вояга етиб, қизлик ҳусни кўзга ташланиб қолди. У пайтларда қизлар эртароқ етилар, эрта турмуш қуришга лаёқатли бўлар экан. Шу боис, у даврда арабларда қизларни 9-10 ёшида турмушга бериш оддий ҳол эди.

Абу Оснинг Зайнабга кўнгли тушиб қолди. Холаси ҳам уни куёв қилишни дилида тугиб юрган эди. Бу ишни амалга ошириш учун жуфти ҳалолига ишора қилиб, оғиз очиб ҳам қўйди. Аммо ишни ҳал қилиш Абу Оснинг ўзига боғлиқ эди. У журъатли, самимий йигит бўлганидан ва қизнинг отаси олийжаноб инсон эканини яхши билганидан ҳеч иккиланмай, ўзи совчи бўлишга қарор қилди.

Қайнота бўлмиш кишини маккаликлар Муҳаммад Амин, яъни ишончли Муҳаммад деб чақиришарди. «Нега уни бундай номлайсизлар?» дейилса, «Чунки у ўта ростгўй, омонатдор, асло ёлғон сўзламайди, ичимиздаги энг ишончли одам», дейишарди. «Қайнота-куёв ўртасида нисбат бўлади» деганларидек, Абу Ос ҳам ўта тўғри, покиза йигит эди. Шу боис у Зайнабга бўлган муҳаббатини яшириб ўтирмади, бевосита қизнинг отасига ўз муддаосини изҳор қилди.

Ҳар бир суҳбатдошини яхши тинглаб, яхши тушуниб, яхши қабул қилишга одатланган Муҳаммад алайҳиссалом Абу Оснинг совчилигини ҳам самимий қарши олди. «Зар қадрига заргар етади» деганларидек, унинг совчилигини биринчи дафъадаёқ қабул қилди: «Эй Абу Ос, биз сени мард, тўғри инсон деб биламиз, таклифингга қаршилигимиз йўқ. Бироқ Зайнабнинг ўзидан изн олишим керак», деди.

Зайнаб иффату ҳаё даргоҳида униб-ўсгани боис, ўта иболи қиз эди. Отаси ҳам табиатан тортинчоқ одам. У киши қизига ўта эҳтиёткорлик, ҳассослик билан мунобасатда бўларди. Бу гал совчилик ҳақида сўз очишга тўғри келгани учун янада эҳтиёткор бўлиш керак эди. У киши мавзу нозик бўлганидан ўта пардали гап бошлади: «Қизим, холангизнинг ўғли Абу Ос сизни зикр қилмоқда». Зайнаб зийрак бўлгани учун гапнинг мазмунини дарҳол тушунди ва ним табассум қилди-ю, беихтиёр юзлари қизариб кетди, лекин лом-мим демади. Ота бу ҳолат розилик аломати эканини пайқади-да, бошқа гапга ўтмай, қайтиб чиқиб кетди ва Абу Осга розилик билдирди.

Ўша даврнинг урфига кўра тўйга тайёргарлик кўрилди. Гувоҳлар иштирокида никоҳ ўқилди. Никоҳ кечаси Хадижа Зайнабга яхши тилаклар билан ўзининг бўйнидаги маржонни совға қилди. Зайнаб бундан жуда ҳам қувониб кетди. «Бахтли-тахтли бўлиб, ўзларидан кўпайишсин», деган мазмунда дилизҳорлар янгради.

Зайнабнинг Руқайя ва Умму Кулсум исмли сингиллари ҳам бор эди. Бу хонадоннинг фазилати барчага маълум бўлганидан у ерда тарбия топган қизлар қавм ўртасида талаш эди. Тўнғич қизнинг узатилаётганидан хабар топган қариндошлар хонадоннинг кейинги қизларини қўлдан чиқармаслик учун мусобақалашиб кетишди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг амакиларидан бири Абу Лаҳаб ҳаммадан бурун отни қамчилаб, ўзинининг икки ўғли – Утба ва Утайбага Руқайя ва Умму Кулсумнинг қўлини сўраб келди. Отадан етим қолиб, амакиларига ўзгача эҳтиромда бўлган Муҳаммад алайҳиссалом Абу Лаҳаб ва унинг хотини Умму Жамилнинг хулқи ёмонлигини билса-да, қариндошликни бағоят риоя қилганидан совчиларга розилик берди. Қизларнинг волидаси Хадижа она бўлажак хотинқуданинг тили заҳар, бадхулқлигини ўйлаб, бу ишга қаршилик қилгиси келди, лекин йигитлар ўз хожасининг амакиваччалари экани эътиборидан, у зотни ўта эҳтиром ва эҳтиёт қилганидан, қолаверса, катта қизини ўз жиянига бера туриб, энди кейинги қизларини узатишда эрининг уруғини рад этишдан андиша қилиб, ўзини тўхтатди. Шундай қилиб, Руқайя Утбага, Умму Кулсум Утайбага никоҳланди. Бироқ бу тадбир унаштириш мазмунидаги муносабат бўлиб, келин қилиб тушириш кейинроққа белгиланди.

Зайнабнинг тўйидан кейин Абу Ос тижорат учун Шом томон сафар қилди. У пайтларда бундай узоқ масофали сафарлар кўп муддат талаб қилар, ойлаб вақт кетар эди. У сафардалигида нафақат Маккада, балки бутун оламда катта ўзгариш рўй берган, олам узра нур таралган эди: Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий нозил бўлиб, у зот охирзамон пайғамбари бўлган эдилар. У зотнинг рисолатларини жуфти ҳалоллари Хадижа розияллоҳу анҳо биринчи бўлиб тасдиқлади. Тўнғич қизлари Зайнаб ҳам отасини яхши билганидан, у зотнинг ростгўйлигига заррача шубҳа қилмаганидан хабарни эшитган заҳоти, иккинчи ваҳийдан кейиноқ иймон келтирди. Бироқ Абу Ос буларнинг барчасидан бехабар эди.

Абу Ос сафардан қайтганида аёли Зайнаб унга янги дин хабарини берди: «Хожам, биласиз, мен сизни жуда ҳам ҳурмат қиламан, яхши кўраман. Сиз ақл-идроки ўткир одамсиз. Отамни яхши биласиз, ўта ростгўй, олийжаноб инсонлар, ҳаргиз ёлғон гапирмаганлар. Аллоҳ у зотни охирзамон пайғамбари қилиб сайлади, ваҳий нозил бўлмоқда. Биз, онам, сингилларим ‒ барчамиз отамнинг пайғамбарликларига иймон келтирдик. Сиз ҳам мусулмон бўлсангиз, бахтимиз яна ҳам мукаммал бўлар эди, икки дунёда саодат қучардик», деди. Абу Ос бироз аччиқлангандек бўлди-ю, ўзини тўхтатиб, босиқ овозда бундай жавоб берди: «Биламан, отангиз ҳеч ёлғон сўзламаганлар. Бутун қавм у кишини энг ишончли одам деб билади. Мен у кишини ёлғон даъво қилмоқда, дея олмайман. Аммо одамларнинг «Ота-бобосининг динидан қайтиб, хотинининг динига кирибди», дейишларини кўтара олмайман. Бу менга тўғри келмайди. Сизнинг ихтиёрингиз ўзингизда, менинг қаршилигим йўқ. Лекин иккимизнинг айри эътиқодда бўлишимиз орамизни бузмайди деб умид қиламан», деди. Зайнаб эрини тўғри тушунди, унга бўлган эҳтирому муомаласини заррача ўзгартирмади ва дилдан унга ҳидоят сўрашда давом этди.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг даъватлари аста ёйилиб, одамларнинг қалбини бирма-бир ром этиб борган сари Макка зодагонларининг қаршилиги кучайиб борди. Яқиндагина у зотнинг қизларини келин қилиш илинжида ҳеч кимга йўл бермай, қўярда-қўймай қўл қоққан амакилари Абу Лаҳаб энди энг катта душманга айланган эди. У ўғиллари Утба билан Утайбага: «Муҳаммаднинг қизларини талоқ қиласизлар, токи у ўзи билан, оилавий ташвиши билан овора бўлиб қолсин», деб буюрди. Улар бу гапни сўзсиз қабул қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизларини талоқ қилганларини эълон қилишди. Бу ҳам у зотга кутилмаган зарба бўлди.

Абу Лаҳабнинг ўғиллари қилган беандишаликдан руҳланган мушриклар Абу Оснинг олдига келиб, «Сен ҳам Муҳаммаднинг қизини талоқ қил, биз сенга Қурайшнинг қизларидан хоҳлаганингни, энг гўзалини ўзимиз олиб берамиз», деб роса қисташди. Лекин Абу Ос қатъият билан: «Асло, мен жуфти ҳалолимни ҳеч бир аёлга алмаштирмайман. Менинг маҳбубамни бошқа биров хотин қилишига ҳаргиз йўл қўймайман», дея рад жавоб берди.

Шу орада Абу Ос билан Зайнаб ўғил кўрдилар. Унга Алий деб исм қўйишди. Орадан кўп ўтмай, қизлик ҳам бўлиб, уни Умома деб номлашди. Эр мушрик, хотин муслима бўлса-да, ораларидаги муҳаббат сўнмаган, бир-бирларини ниҳоятда эҳтиётлашар, ҳурмат қилар эдилар. Айниқса, Зайнаб турмуш ўртоғининг ҳидоят топиши умидида кўз ёш билан тўхтовсиз дуо қилар, отасидан маслаҳатлар олар, қўлидан келган барча чорани кўриб борар эди. У эрининг мусулмон бўлиши илинжида унга янада меҳр кўрсатар, гўзал ахлоқу ширин муомаласи билан уни Исломга даъват қилар эди. Қўполлик, дағаллик, манманлик каби иллатлар унинг табиатида йўқ эди.

Зайнаб йигирма ёшида оғир жудоликка учради: онаси бироз беморликдан сўнг оламдан ўтди. Бу айрилиқ нафақат Зайнаб, балки ўша пайтдаги бутун мусулмон уммати учун катта мусибат бўлди. Мўминлар ўзларининг энг меҳрибон ҳомийлари, Пайғамбарларининг суянчиғи бўлган жуфти ҳалолларидан, маънавий оналаридан айрилишди. Айниқса, Зайнаб онасига жуда ҳам суянар эди. У оилапарварликни, эрга вафо ва садоқатни айнан онасидан ўрганган эди. Қачон бирор муаммога дуч келса, онасидан маслаҳат олар, шу билан ҳаёт қийинчиликларини осонлик билан енгиб борар эди. Мусулмон бўлмаган эр билан қандай муносабатда бўлиш, оилани қандай қилиб асраб қолиш борасида ҳам унга кўпроқ онаси йўл-йўриқ кўрсатиб турар эди. Энди эса унинг ана шундай самимий, дардкаш, оқила маслаҳатгўйидан айрилган эди.

Макка мушрикларининг зулми ортиб, мусулмонлар учун у ерда яшаш хатарли бўлиб қолди. Айни пайтда Ясрибдаги мўминлар динқардошлари учун бағирларини очиб, уларни ўз юртларига таклиф қилаётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга Ясрибга ҳижрат қилишни буюрдилар. Мусулмон оилалар бирин-кетин йўлга тушишди. Зайнаб яна икки ўт орасида қолди. У отасининг олдига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, отажон, сиз мусулмонларга Ясрибга ҳижрат қилишни буюрибсиз. Мен-ку амрингизга сўзсиз итоат этгум. Лекин ўзингиз биласиз, эрим мусулмон эмас, у боргани кўнмайди. Агар рухсат берсангиз, мен эрим ва болаларим билан шу ерда қолсам», деди. Ҳикмат соҳиби бўлган меҳрибон ота: «Майли, қизим, сиз оилангиз билан бўлинг, аммо ўзингизни эҳтиётланг, иймонда собит туринг», деб қизга далда бердилар.

Зайнаб барча яқинларию диндош дугоналарини кузатиб, оиласи билан Маккада бир ўзи қолди. У эрининг муруввати ва муҳаббатига вафо қилишни ўзининг бурчи деб билди. Эри мушрик бўлса-да, унинг яхшиликларини қадрлашни истади, бунинг учун ҳар қандай машаққатни кўтаришга тайёр турди. У бир тарафдан динқардошларидан айрилиб ёлғизланган бўлса, иккинчи тарафдан мусулмонларга нисбатан буғзу адовати тўлиб-тошган қавмнинг ичида уларнинг таънаю маломатларига нишон бўлар эди. Бироқ, Аллоҳга иймону ишончи ва жуфти ҳалолига бўлган муҳаббату садоқати туфайли уни ҳеч бир қийинчилик енга олмас эди. Оиласини бус-бутун кўриб туришнинг ўзи унинг учун энг катта юпанч ва таянч эди.

Мусулмонлар Ясрибга боргач, у ерни Мадина деб номладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом жамияти кун сайин тараққий этиб, кучланиб борар эди. Бундан ғазабланган Макка мушриклари юртдан чиқиб кетган мусулмонларни минг турли айблар билан айблаб, ҳақсиз деб эълон қилишди ва уларнинг Маккадан қолган мол-мулклари, уй-жойларини мусодара қилиб, савдо карвонига қўшиб юборишди. Карвон Шомга бориб-келишда Мадина яқинидан ўтар эди. Ҳодисалардан хабар топган мусулмонлар карвонни қўлга киритиб, ўз мулкларини тортиб олиш ниятида Бадр деган жойга чиқишди. Уларнинг ҳаракатлари ҳақида эшитган Макка мушриклари эса мингга яқин жангчидан иборат қўшин тузиб, катта тайёргарликлар билан Мадина томон йўлга тушишди. Қўшин ичида мусулмонларга нисбатан адовати бўлмаган кишилар ҳам, ҳатто иймонини яшириб юрган Аббос ибн Абдулматталиб ҳам бор эди. Бироқ улар Қурайш раҳбариятининг буйруғидан ташқари чиқа олишмас эди. Абу Ос ҳам қайнотаси билан жанг қилишни сира истамаса-да, қавмдан ажрай олмаганидан, ҳарбий мажбурият бўлганидан мушриклар билан бирга бориши керак эди.

Ҳаммадан ҳам Зайнабга қийин бўлди. Бир томонда меҳрибон отаси, иккинчи тарафда маҳбуб эри. Энди улар бир-бирига қарши жанг қилишади. Зайнаб остонада ёрини жангга кузатиб қолар экан, қизалоғига қараб, «Қизим, эртага ё сен етим бўласан, ё мен етим бўламан», деб йиғлар эди. Абу Ос оиласи билан хайрлашар экан, отни қамчилаганча йўлга равона бўлди.

Мусулмонлар аслида жанг қилмоқчи эмас эдилар. Улар мол-мулкларини қайтариб олишмоқчи эди, холос. Бу орада карвон бошқа йўл топиб, мусулмонларнинг ҳужумидан қутулиб ҳам улгурди. Бироқ Макка мушриклари ўзларининг ҳарбий қувватига ишониб, ўзларидан уч баравар кам ададдаги мусулмонларни бир ҳамла билан йўқ қилиб, биратўла улардан қутулиш мақсадида жанг қилишга қарор этишди. Улар буни жуда ҳам қулай фурсат деб фаҳмлашди. Мусулмонлар учун жанг қилишдан бошқа чора қолмади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маккалик муҳожирлар ва мадиналик ансорийлардан иборат 313 кишилик қўшин билан жангга ҳозирлик кўрдилар. У зот мусулмонларни урушга тайёрлаш билан бирга, Аллоҳ таолога қаттиқ ёлвориб дуода бўлардилар. Ҳатто қаттиқ илтижо қилиб, «Аллоҳим, агар бу жамоа ҳалок бўлса, ер юзида Сенга ибодат қиладиган киши қолмайди», деб йиғладилар. Дуолар қабул бўлди, осмондан фаришталар тушди, жангда мусулмонлар ғолиб бўлишди. Жангнинг табиати шу – кимдир ютади, кимдир ютқазади. Урушда мусулмонлардан 14 киши шаҳид бўлди, мушриклардан эса 70 киши ўлдирилди ва шунча одам асир тушди.

Абу Ос жангда мушриклар билан бирга бўлса-да, биронта мусулмонга қурол ўқталмади, ҳеч кимни ўлдирмади, ўзини бошқа вазифалар билан банд қилди. Балки шунинг учундир, у ҳам асирлар ичидан жой олди.

Мусулмон жамияти у пайтда энди барпо бўлган, иқтисодий ва илмий салоҳият жиҳатидан ҳали заиф эди. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асирларни озод қилиш учун иккита шартдан бирини бажаришни талаб қилдилар. Биринчиси – хат билганлар мусулмон фарзандларидан ўнтасига ўқиш-ёзишни ўргатиш, иккинчиси – товон пули тўлаш эди.

Маккаликлар ўз яқинларини озод қилиш учун товон пули юборадиган бўлишди. Зайнаб эри асир тушганидан бироз маҳзун бўлса-да, отаси ҳам, эри ҳам талафот кўрмаганидан хурсанд эди. Бироқ уйида товон тўлашга арзулик ортиқча нарса йўқ эди. У онаси никоҳ кечаси бўйнига тақиб қўйган маржонни беришга мажбур бўлди. Онасидан ёдгорлик ўлароқ бу маржонни қанчалар қадрламасин, эрига бўлган муҳаббати олдида бунга ўхшаган қимматбаҳо тақинчоқлардан мингтасини беришга тайёр эди. У маржонни бир қутига солиб, эрининг укаси орқали Мадинага юборди...(Давоми кейинги сонда)


«Ҳидоят ва залолат» журналидан