«Hilol-Nashr» нашриётининг дўконлари ходимлари жамланишди


1 октябр куни «Hilol-Nashr» нашриётининг Тошкентдаги бош офисида нашриётнинг 11 та расмий дўконлар ходимлари йиғилишди.
Йиғилишдан асосий мақсад ходимларнинг фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросларини халқга етказишга қўшаётган муносиб ҳиссаларини тақдирлашдан иборат эди. Баъзилари 10, баъзилар 5 йил, яна баъзилари яқинда келиб қўшилган ходимларга нашриёт номидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалар тарқатилди.
Шундан сўнг барча меҳмонларни нашриёт босмахонасига олиб борилиб, иш жараёни, нашр ишлари билан таништирилди. Китобларнинг таҳрир қисмидан бошлаб то қоғоз ҳолига етиб боришидаги барча босқичлар босмахона менежери Аҳрор Усмонхўжаев томонидан таништирилди.
Кейинги сафар манзили «Шайх Зайниддин» (Кўкча) масжиди бўлди. Нафақат ўзбек халқи, балки бутун дунё Ислом олами учун устоз бўлган Ҳазратимиз роҳимаҳуллоҳнинг қабрлари зиёрат қилинди, Қуръон тиловати қилиниб, масжидда аср намози ўқилди.
Учрашув сўнггида Ҳазратимизнинг ҳаёт ва илмий фаолиятлари тўғрисида суратга олинган ҳужжатли видео дастурдан лавҳалар ходимларимизга намойиш қилинди. Шундан сўнг Ҳазратимизнинг ҳақларига тамомланган хатми Қуръон бағишланиб, хайрли дуолар қилинди.
Ушбу учрашувда ҳар томонлама хордиқ олган дўконларимиз ходимлари сиз азиз китобхонлар учун янада кўпроқ ва сифатлироқ хизмат кўрсатишларини айтиб ортларига қайтишди. Шу билан 2 кунлик меҳмонларимизнинг ташрифи ўз ниҳоясига етди.