Малайзиянинг «Nasyrul Quran» маркази вакиллари «Hilol Nashr»да

Бугун, 5 май куни Малайзиянинг «Nasyrul Quran» маркази вакиллари «Hilol Nashr» босмахонасига ташриф буюришди. Меҳмонларни нашриёт раҳбари, устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ кутиб олдилар.

Меҳмонлар ташриф давомида «Hilol Nashr» босмахонасида китоб яратилишининг барча босқичлари билан яқиндан танишдилар. Саҳифадан тайёр китобгача бўлган жараён меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Замонавий технологиялар ва маърифий саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланди.

Меҳмонларнинг кейинги зиёратлари «Hilol Nashr» нашриёт-матбаасининг бош дўкони бўлди. Улар бу ерда диний- маърифий, адабий-бадиий асарлар ҳамда фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий мерослари билан танишиб чиқдилар. Меҳмонлар шайх ҳазратларининг ҳаёт йўллари, илмий мерослари ҳақидаги маълумотларга эга бўлдилар.

Сўнгра «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» номидаги мажмуага ташриф буюриб, масжид хонақоҳи ва у ерда яратилган шароитлар билан танишдилар.

Эслатиб ўтамиз, бугун пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида «Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, имкониятлар ва долзарб масалалар» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Конференция давомида «Nasyrul Qur’an» марказида чоп этилган 20 минг нусха Қуръони Карим Ўзбекистондаги «Вақф» хайрия жамоат фондига топширилди.

Маълумот ўрнида: «Nasyrul Quran» маркази – дунёдаги Қуръон чоп этиш бўйича йирик марказ бўлиб, Малайзияда фаолият кўрсатади. Мажмуа Мадинадаги Қирол Фаҳд мажмуасидан кейин иккинчи энг йирик Қуръони Карим босиб чиқарувчи марказ ҳисобланади.

«Nasyrul Quran» мажмуасининг фаолияти ички ва дунё миқёсида Қуръон нусхаларига бўлган эҳтиёжни қондириш имконини беради.

Мажмуа ҳар йили бир миллион нусха Қуръон чоп этишни мақсад қилган бўлиб, унинг 70 фоизи ички фойдаланиш учун, қолган қисми эса эҳтиёжманд бошқа мамлакатларга тақдим этилиши режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, «Nasyrul Quran» маркази вақф ташкилоти ҳисобланади.