21 sen
ИСЛОМ ТАРИХИ ВА СИЙРАТ ФАНИГА ОИД КИТОБЛАР ТАЛАБАЛАРГА ТАҚДИМ ЭТИЛДИ
Сентябрь ойи – Ислом тарихи ва сийрат фани ойлиги доирасида Тошкент ислом институтида талаба-ёшларнинг ислом тарихи, сийрат ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ҳақидаги билимларини янада бойитишга қаратилган маърифий тадбир ташкил этилди.
Тошкент ислом институти Ўқув ишлари бўйича проректори Жаҳонгир Рузиев, Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ёқуб Бухарбоев, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Юсуфхон Абдурахимов ҳамда кафедра катта ўқитувчиси Абдул Азим домла Саидаҳмедов бошчилигида институтнинг Модуль таълим тизимининг 2-босқич талабалари (имом-хатиблар)га сийрат ва ислом тарихига оид қимматли китоблар мажмуаси ҳадя қилинди.
Жумладан, талабаларга Абдул Азим домла Зиёуддин қаламига мансуб “Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” (Макка ва Мадина даврлари, тўплам), “Нурул-яқийн фи сийрати саййидил-мурсалийн” (Макка ва Мадина даврлари, 1-2-жузлар), “Расулуллоҳ ва аҳли байт”, “Сиз Пайғамбарни танийсизми?” (1-2-3-жузлар), “Умра атласи”, “Ҳикмат нелигин билмас эдим” каби асарлар жамланмаси тақдим этилди.
Шунингдек, Тошкент ислом институти аёл ўқитувчи ва талаба қизларига ҳамда ҳамкор таълим муассасалари – “Хадичаи кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ва “Жўйбори калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасининг аёл ўқитувчи ва талаба қизларига “Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” (Макка ва Мадина даврлари, тўплам) китоби ҳадя қилинди.
Мазкур маърифий ташаббус Тошкент ислом институти “Хадичаи кубро” ва “Жўйбори калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасалари ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Таълим муассасалари жамоалари ўртасидаги бундай ҳамкорлик талаба-ёшларнинг диний-маърифий билимларини ошириш, мутолаа маданиятини ривожлантириш ҳамда ислом тарихи ва сийрат фанларига бўлган қизиқишини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Китобларнинг талаба ва ўқитувчиларга тақдим этилиши орқали уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари, сийратлари, аҳли байтлари ҳамда Макка ва Мадина даврига оид тарихий воқеаларни чуқурроқ ўрганишлари учун қўшимча манба яратилди.


Изоҳ қолдириш