Баъзан истироҳат боғларида бир-бирининг пинжига тиқилиб ўтирган ёшларни кўрсам, Аллоҳнинг уйи – Ҳарамда кўрганим бир воқеа ёдимга тушаверади. У ерда ҳам ёш бир келин-куёвнинг устунга суяниб ўтиришганига кўзим тушган эди. Маккалик бўлишса керак. Икковлари ҳам эҳромда бўлгани учун битта танага ўхшаб кўринар, фақат йигитнинг қоп-қора сочию, қизнинг бир бурда юзи уларни бир биридан ажратиб турарди. Аввало Аллоҳнинг уйи, Масжидул Ҳаромда ҳам шунақа бир-бирига ёпишиб ўтириш мумкинми, деган хаёлга бордим. Ёшларни ичимда айблаган ҳам бўлдим. Бир нарса деяй десам, тил билмайман. Кейин тил билганлар ҳам индашмаяпти-ку, балки мумкиндир, деб ҳам ўйладим. Мен Каъбани етти марта тавоф қилиб (бунинг учун бир соатдан мўлроқ вақт кетади) яна жойимга қайтдим. Не кўз билан кўрайки, бояги ёшлар қандоқ ўтирган бўлса, ўшандоқ ўтиришибди. Йигит бир нуқтага тикилган, қиз унинг кўксига бош қўйган. Кўзлари эрининг нигоҳида. Эрининг кўзи эса Каъбада. Худди Каъбапўштга тилла ҳарфлар билан ёзилган оятларни ўқиб охирига ета олмаётгандек. Субҳоналлоҳ, бу ёшларни биров сеҳрлаб қўйганми? Шу аҳволда яна қанча ўтириш мумкин? Ҳарамга нимага келганини ҳам эсларидан чиқариб қўйганми бу ёшлар, тавба? Нимага энди уларни ичимда бунчалик тергай бошлаганимни ўзим ҳам тушунмасдим. Бошқалар бепарво-ку, нимага энди мен уларга тирғалиб қолдим. Ундан кўра ибодатимни қилаверсам-чи, Ҳарамда ўқилган икки раъкат намоз ташқарида ўқилган беш юз раъкат намознинг ўрнини босади, дейишади. Диққат қилсам, боланинг лаби қимирлаб-қимирлаб қўйяпти... Қизиқишим барибир мени тинч қўймади. Одамзод ўзи шунақа... Аста бориб ёшлар суянган устунга мен ҳам орқа тарафдан суяндим. Гўё шу устунда бир сир бордек. Ҳа, сир бор экан, салдаёқ ўша сир ўзини кўрсатди. Йигит атрофдагиларга малолим тегмасин деб паст овозда Қуръон ўқир, йигит адашибми қолса келинчаги уни йўлга соларди. Билдимки, ёш келин ва куёв Ҳарамда ўтириб, Қуръонни хатм қилишаётган экан...

 

Эркин МАЛИК