«Энг осон шарҳ» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун «Hilol-Nashr» нашриётининг суҳбатгоҳида устоз Одинахон Муҳаммад Содиқ таржима қилган «Энг осон шарҳ» («Арбаъин Нававий» шарҳи) китобининг тақдимоти ўтказилди.

Тадбирга устозлар Исҳоқжон домла Муҳаммаджон ўғли, Қудратуллоҳ домла Сидиқметов ва Одинахон Муҳаммад Содиқ меҳмон бўлишди.

Аввал Исҳоқжон домлага сўз берилди. Устоз китобнинг муаллифи, таржимони ҳақида маълумотлар бердилар. Китобнинг бошқа китоблардан фарқи, таржимон қилган меҳнатлар ҳақида фикрлари билан бўлишдилар. Шунингдек, китобда келтирилган «Амаллар ниятга боғлиқдир» ҳадисига тўхталиб, бугунги кунимиздан мисоллар билан шарҳ қилиб бердилар.

Сўнгра Қудратуллоҳ домла нутқ сўзладилар. Устоз китобнинг ёзилиш услуби, китобнинг фойдалари ҳақида гапириб ўтдилар. «Арба‘ин»га киритилган, машҳур «Жаброил ҳадиси» деб номланувчи ҳадисни ўқиб, ундан олинадиган фойдаларни санаб ўтдилар.

Тадбир давомида китоб таржимони устоз Одинахон Муҳаммад Содиқга ҳам сўз сўзлаб, китобнинг тақдимотини қилиб берган устозларга, китобни нашр қилишда ўз ҳиссасини қўшганларга ташаккурини айтдилар.

Суҳбат якунида «Hilol-Nashr»нинг 15 ёшга тўлгани муносабати билан нашриётнинг раҳбарлари, ходимларига, шу билан бирга, тақдимотга меҳмон бўлиб келган домлаларга устоз Одинахон Муҳаммад Содиқ томонидан эсдалик ҳадялар топширилди.

Тақдимот Қуръони Карим тиловати ва дуолар билан якунига етди. Аллоҳ таоло янги китобни барчамиз учун манфаатли қилсин! 

Эслатиб ўтамиз, «Энг осон шарҳ» китобини «Hilol-Nashr» нашриётининг барча дўконларидан, hilol.uz саҳифамиздан сотиб олишингиз мумкин. Нархи 29 000 сўм