Кичкина ўғлимнинг кеча кечқурундан бери мазаси йўқ. Ишдан келсам, ҳамон аҳволи ўзгармаган, бирор натижа сезилмайди. Уни шифохонага олиб боришга қарор қилдим. У ерда навбат кутаётганлар кўп, бир соатдан мўлроқ вақт қолиб кетишим аниқ эди. Ҳамма қатори навбат олдим.
Ҳар хил қиёфалар... Уларнинг ичида ёшлар ҳам, қарилар ҳам бор. Ўтирганларга кўз югуртира бошладим. Баъзилар аллақандай китобларни қизиқиш билан ўқир, яна баъзилари кўзини юмганча нималарнидир ўйлар, яна бировлари атрофдагиларнинг ҳаракатини бирма-бир кўздан кечириб, ўзларича баҳо бериб ўтирар эди. Кутишдан зерикиб, бетоқат бўлаётган кимсалар ҳам бор эди.
«Фалончининг навбати...»
Ҳамширанинг овози узун сукунатни бузиб юборди. Чақирилган кишининг чеҳрасида табассум жилваланди. У тез қадамлар билан юриб кетди. Сўнг яна ҳаммани жимлик ўраб олди. Балоғат ёшидаги бир йигит диққатимни тортди. Уни атрофдаги ҳеч нарса қизиқтирмас эди. Қўлида кичкина Қуръон китоби бор эди. У бошини кўтармай, пичирлаб ўқиб ўтирарди. У ҳақда кўп ўйлаб ўтирмадим, лекин бир соатдан ошиқ навбат кутганимдан сўнг, унинг ҳаёт услуби ва вақтидан унумли фойдаланиши мени қизиқтира бошлади.
Умримдан роппа-роса бир соат ўтди. Лекин мен ҳеч қандай иш ёки машғулотсиз ўтирган ҳолда, бу вақтда зерикарли кутишдан бошқа ҳеч нарсага эришолмадим. Муаззин шом намозига азон айтди...
Шифохона масжидига намоз ўқиш учун бордик. Мен ўша йигит билан ёнма-ён бўлишга ҳаракат қилдим. Намозни адо қилганимиздан сўнг у билан бирга кетдим ва очиқдан-очиқ унинг вақтдан унумли фойдаланишини ёқтириб қолганимни айтдим. У эса, биз мутлақо фойдаланмайдиган жуда кўп вақтлар ҳақида гапирди. Бу вақтлар биз сезмаган ҳолимизда умримиздан тугаб бораётган кеча ва кундузлардир. У фақат бир йилдан бери, бир дўсти вақтни қадрлашга қизиқтирганидан бошлаб, бу Қуръонни ёнида олиб юрадиган бўлганини айтди. Ҳамсуҳбатим бир ярим соатдан буён бу ерда ўтирганини ҳақида гапириб, мендан сўради:
– Қуръон ўқиш учун қачон бир ярим соат вақт топа оласиз?
Мен ўйланиб қолдим. Аниқроғи, берадиган жавобим ҳам йўқ эди. Мен шундагина бекор кетган вақтларимдан ҳисоб беришимни тушундим. Қанча вақтлар бекорга кетяпти. Сен ҳисобини билмаган ҳолда ҳаётингдан қанча лаҳзалар ўтиб кетмоқда. Балки қанча ойлар сен Қуръон ўқимаган ҳолда ўтган ва ўтяпти. Атрофга бир назар ташла, эй гумроҳ одам. Нимани кутяпсан...
Ҳамширанинг овози ўйларимни бўлиб юборди. Дўхтирнинг олдига кирдим. Шифохонадан чиққач, тезда китоб магазинига бориб, кичкина Қуръон китоби сотиб олдим. Шу кундан бошлаб вақтимдан унумли фойдаланишга қарор қилдим.
2 Изоҳлар
Шайх хазратларини "Иймон"номли китобларини рамазон ойида укийман.
Kitob sotib olish
Изоҳ қолдириш