Menu
Your Cart

«Мажолиси Ҳакимул умма»

«Мажолиси Ҳакимул умма»
«Мажолиси Ҳакимул умма»
«Мажолиси Ҳакимул умма»
«Мажолиси Ҳакимул умма»

«Мажолиси Ҳакимул умма»
(Ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ суҳбатлари)


Достони фасли гулро аз Назирий мешинав, Андалиб ошуфтатар мегуяд ин афсонаро.

Маъноси: «Гул фасли ҳақидаги достонни Назирий ( яъни мен) дан эшит. Чунки булбул бу афсонани ошуфта ҳол-ошиқроқ, шайдороқ ҳолда айтади».

Муаллиф Муҳаммад Шафеъ Усмоний сарлавҳада шоир Назирийнинг бу байтини келтириш орқали устози ва шайхи Ҳакимул умма ҳузуридаги ҳикматларга бой ва мароқли суҳбатларни ўз қулоғи билан эшитганига ва уларни гўзал тартиб билан тўплаганига ишора қилмоқда.


Муаллиф: Муаллиф Муҳаммад Шафеъ Усмоний
Таржимон: Ёрқинжон Фозилов
Нашриёт: «Hilol-Nashr» нашриёт-матбааси
Сана: 2022 йил
Ҳажми: 416 бет
ISBN: 978-9943-7548-0-5
Ўлчами: 60×90 1/16
Муқоваси: Қаттиқ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 9 ноябрдаги 03-07/6865-рақамли хулосаси асосида чоп этилди.




МУАЛЛИФ МУҚАДДИМАСИ

Барча ҳолатимиз учун кифоя қилувчи Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Танлаб олган бандаларига, хусусан, хожамиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотга эргашганларга саломлар бўлсин!


یا رب کجاست محرم رازی که یک زمان
دل شرح آن دهد که چه ديدو چها شنید


Ё Раб, кужост маҳрами розе, ки як замон,

Дил шарҳи он деҳад ки, чи диду чиҳо шинид.

Ҳофиз Шерозий


Маъноси: Ё Раб! Бир сирдош бормики, дилим унга ўзи кўрган ва эшитган (яъни маҳбуб билан ўзи орасидаги) нарсаларнинг шарҳини бир он бўлса ҳам айтиб берса?


Исломнинг илк асридан бошлаб ҳозирги кунимизга қадар ҳар бир замонда Аллоҳ таолонинг бандаларига таълим-тарбия бериш ҳамда уларнинг амал ва хулқларини ислоҳ қилиш учун олимлар, солиҳлар ва валийларнинг мажлислари нусхайи иксир, яъни энг фойдали шифо йўриқномаси экани собит бўлган. Мендек ожиз ва нотавон бир бандани Ҳақ таоло шундай бир муҳитда дунёга келтирдики, ақлимни таниганимдан бошлаб, ўшандай ажиб ва гўзал мажлислар тазкирасидан воқиф бўлганман.


Волиди можид (улуғ отам) мавлоно Муҳаммад Ёсин раҳматуллоҳи алайҳ олам қутби бўлмиш мавлоно Рашид Аҳмад Гангуҳий қуддиса сирруҳунинг хос муриди ҳамда мавлоно Муҳаммад Яъқуб роҳимаҳуллоҳнинг шогирди бўлиб, бундан ташқари барча Девбанд улуғларининг хизматидан ҳам файз топган, уларнинг тирик ёдгорлиги бўлган инсон эди, десам айни ҳақиқатдир. Мана шу муҳитда кўзимни очишим билан ҳазрат Гангуҳийнинг тазкирасини эшитганман. Болалигимнинг беғубор давридаги мана шу ишлар ҳам ҳамон ёдимдаки, уйимизда бирор ташвиш ва паришонлик ҳолати рўй бериб қолса, дарҳол Гангуҳ қишлоғига дуо учун хат ёзилар, жавобига ҳазратнинг дуоли хатлари етиб келиши билан уни ўқиб эшиттирилар эди. Кейинроқ менга Муҳаммад Шафеъ деб исм қўйган киши ҳам ҳазрат Гангуҳий эканини эшитганман. Мени Қуръони Мажид таҳсили учун мактабга беришганида ҳам дуо сўраб, ҳазрат номига хат ёзилган. Ўша вақтлари ҳазрат Гангуҳий қуддиса сирруҳунинг мажлислари халойиқнинг маржеъси (мурожаат қилинадиган жойи) эди. Лекин мен унда иштирок этишга имкон топмадим. Саккиз ёки тўққиз ёшларга етганимда, ҳижрий 1323 йили ҳазрат Гангуҳий қуддиса сирруҳу вафот этдилар.


Болалигим Девбанд «Дорул улум»нинг муҳитида ўтган. У ерда каттаю кичикнинг тилидан «Катта мавлавий соҳиб» деган номни эшитар эдим. Отам менга ўша «Катта мавлавий соҳиб» у кишининг устози эканини, шу билан бирга, жуда улуғ зот эканини айтганлар. Бироз таълим олиб, хат-саводим чиқа бошлаганида билдимки, «Катта мавлавий соҳиб» ўша вақтда «Дорул улум»нинг бош мударриси бўлиб, ҳадисдан дарс берар эканлар. Бу илм даргоҳининг барча мударрис ва мутасаддилари у зотнинг шогирдлари ёки мухлислари бўлишган. У вақтларда «Ҳазрат», «Мавлоно» деган пуртакаллуф лафзлар кам тилга олинса-да, лекин улуғларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва уларга муҳаббат қўйиш жонфидолик даражасигача етиб борган эди. «Шайхул ҳадис», «Шайхул кулл», «Ҳазрат», «Шайх» деган тил учидагина айтиладиган (мақтовли) лақаблар улуғларга нисбатан таъзим ва муҳаббат камайган замоналарда юзага келди.


Хуллас, одамлар бу устозни жону диллари билан яхши кўрсалар ҳам, у кишини «Катта мавлавий соҳиб», дейиш билан кифояланар эдилар. Кейинчалик билдимки, у зотнинг исми шарифлари Маҳмуд Ҳасан экан. Орадан ҳеч қанча ўтмай, у зот Шайхул Ҳинд деган ном билан танилдилар.


Кунларнинг бирида «Бугун катта мавлавий соҳиб ҳузурларида «Саҳиҳул Бухорий» сабоқлари бошланар экан, барча олим ва талабалар табаррукан унда иштирок этишга боришяпти», деган гап қулоғимга чалиниб қолди. Биз ҳам уларга қўшилиб бордик. У зотдан «Саҳиҳул Бухорий»дан «Ваҳийнинг бошланиши» бобидаги биринчи ҳадис шарҳини эшитдик. Худди шунингдек, йил охирида «Саҳиҳиул Бухорий» хатмонасидаги йиғинда охирги ҳадис шарҳини эшитишга ҳам муваффақ бўлдик.


Шундай қилиб, менда иштиёқ ва ҳавас пайдо бўлди. Ҳар йили «Саҳиҳул Бухорий»нинг биринчи ва охирги дарсидан баҳраманд бўлиш насиб бўлар эди. Ёшликда қувваи ҳофизам яхши бўлгани учун дарсда айтилган баъзи гаплар ҳозиргача ҳам эсимда сақланиб қолган. Ҳолбуки, у вақтларда нафақат ҳадис, балки бирорта ҳам фан сабоқларига ақлим етмас эди. Чунки мен эндигина форсий, урду, ҳисоб ва риёзиётга оид оддий китобларни ўқиётган эдим. Бора-бора катта мавлавий соҳибнинг аср намозидан кейин уйларида бўладиган йиғинга отам билан ора-сира борадиган бўлдим.


Улуғ олим ва солиҳларнинг ажибу ғариб йиғини бўларди. Уларнинг сўзларини ҳали у қадар тушунмасам-да, лекин у жойда ўтиришнинг шавқи ҳеч бир сабабсиз дилимга ўт каби тушган эди. Энди мен учун «отам билан бирга» ёки «асрдан кейин бориш» деган қайд ҳам қолмади. Уйғонсам бўлди, вақти-бевақт у жойга ҳозир бўлар эдим.


Катталарнинг кичикларга кўрсатадиган меҳр-шафқатидан менга ҳам насиб эта бошлади. Талабаликнинг дастлабки даврида бўш вақтимни ўйин-кулги билан ўтказиш ўрнига ҳазратнинг мажлисида ўтказар эдим. Муборак Рамазон ойида ҳазрат одатларига кўра кечаси билан нафл намоз ёки таровеҳда Қуръони шариф эшитар эдилар. Аллоҳ таоло мени икки йил ана шунга ҳозир бўлишга ҳам муваффақ қилган. Ҳижрий 1330 йил бошланган арабий таълимимнинг дастлабки даврида Дорул улумнинг таълимот нозими ҳам ҳазратнинг ўзлари эдилар. Шунинг учун таълимий муомалаларда ҳам у кишига мурожаат қилишга тўғри келарди. Шу тариқа ҳазратнинг менга бўлган шафқат ва таважжуҳлари янада ортди.


1332 йил саводим ўрта даражага етиб, «Ҳидоя» ва бошқа китоблардан таълим ола бошладим. Ўша йиллари бутун мамлакат бўйлаб барчанинг оғзида Европа давлатларининг туркий хилофат устига мустамлака юришлари ҳақидаги гап-сўзлар эди. Ҳар куни газеталарга эътибор қаратиларди. Шу боис ҳазратнинг мажлислари мавзуси ҳам бироз ўзгарди. Суҳбатларда кўпроқ ўша воқеалар муҳокама қилиниб, аҳволни ислоҳ қилиш фикрига вақт сарфланар эди.


Мамлакатда сиёсий ҳаракатлар кучайгач, ҳазратнинг эътиборлари Дорул улумдаги таълимий хизматлардан кўра Ҳиндистонни инглизлар истилосидан озод қилиб, мустақил ҳукумат қоим қилишга қаратилди. Қолган гапларни ўрни бўлмагани учун келтирмадим. Лекин ушбу ҳолатларда ҳам Дорул улумда «Саҳиҳи Бухорий»дан дарс силсиласи 1333 йилгача давомли бўлиб турди.


1333 йилда ғайрат қилиб, «Мишкот», «Жалолайн» ва бошқа китоблар сабоғини якунлаб олдим. Таълим олиш навбатим ҳадис илмига келди. Орзуим – келаси йили Шайхул Ҳинднинг ҳузурларида «Саҳиҳул Бухорий»ни ўқишга насибадор бўлиш эди. Лекин ўша йили Рамазондан бошлаб «Ҳазрат ҳаж сафарини ирода қилибдилар», деган хабар тарқала бошлади. Бора-бора сафар тайёргарликлари кўрилди. Кимдир ҳазратни «ҳижрат қилиб кетяптилар» деса, яна кимдир «Туркий ҳукуматга ёрдам бергани сафар қиляптилар», деган фикрда эди. Биз эса буюк ҳасрат билан бу манзарани томоша қилишдан нарига ўта олмас эдик. Ниҳоят, ҳазрат сафарга равона бўлдилар.


Биринчи жаҳон уруши бошланди. У зот 1334 йилни тўлиқ Ҳижозда ўтказдилар. Ўша йили «Ҳазрат қайтиб келсалар, у кишининг ҳузурида ўқийман», деган умид билан ҳадис таълимимни ортга сурдим. Шунинг учун ўша йили бошқа фанлардан дарс олиб туравердим. Лекин қазо ва қадар ҳукми билан ҳазрат 1335 йили Ҳижозда асир олиниб, Мальтадаги қамоқхонага жўнатилди. Ҳамма умидларим чиппакка чиқди.


1335 йили ҳадис даврам мавлоно Анваршоҳ Кашмирийнинг ҳузурларида бўлди. Шу йили ҳадис даврасини тугатгач, низомий дарслар деярли мукаммал бўлди. Бир нечтагина фанлардан китоблар қолган эди, уларни 1336 йили якунлаб олдим. Ҳадис даврасини тамомлаган пайтимда таълиму тадрис, илмий тадқиқот шавқи, китоб ўқишга бўлган қизиқиш, турли илмий баҳслар ‒ ҳамма нарса бор эди. Лекин кўзларим қалбга сокинлик ва хотиржамлик берадиган мажлисни изларди. Бунинг завқи менда Шайхул Ҳинднинг хизматларига бир неча кун ҳозир бўлишдан пайдо бўлган эди. Ўша вақт Таҳонабавнда Ҳакимул умма, Мужаддидул милла ҳазрат мавлоно Ашраф Али Таҳонавийнинг мажлислари халойиқнинг маржеъси (мурожаат қилинадиган жойи) эди. Ҳазратнинг илмий камолотлари у киши ёзган таснифлар орқали илмий салоҳиятимга яраша менга маълум эди. Уйимиздаги барча аёллар «Беҳиштий зевар»ни ўқир эдилар. Таҳонабавн ва у ердаги мажлисларнинг ҳолатини муҳтарам отамдан эшитар эдим. Ҳазратнинг Девбандга ваъз-насиҳат учун ташриф буюрган мажлисларига улкан шавқу ихлос билан иштирок этардим. Бир куни отам уйимизда ҳам у кишига ваъз қилдирганлар. Ўша ваъзнинг баъзи сўзлари ҳамон ёдимда туради. Отам ҳазратга ҳамаср ва ҳамсабоқ бўлганлар, лекин у кишининг улуғлиги, поклиги ва тақвосига ниҳоятда муътақид (мухлис) эдилар.


Таҳонабавнга илк бор ҳозир бўлиш


Отам Дорул улумда мударрис эдилар. У кишига шаъбоннинг охирида саккиз-ўн кун таътил берилар, бу таътилни одатда ҳазрат Гангуҳийнинг хизматида ўтказардилар. Отам бу одатларини 1322 йили ҳазрат Гангуҳий вафотларидан кейин ҳам тарк қилмадилар. Аввал Гангуҳдаги мозорга борардилар, кейин ҳаёт бўлган улуғларни зиёрат қилиш учун Ройпур, Таҳонабавн ва бошқа жойларга сафар қилардилар. Бир марта мени ҳам бу икки жойга ўзлари билан бирга олиб борганлар. Ройпурда ҳазрат мавлоно Абдурроҳим Ройпурийни илк бор отам билан бирга зиёрат қилганман. Худди шунингдек, Таҳонабавнга биринчи бор келишим ҳам ўша болалигимнинг беғубор даврида отам ҳамроҳлигида бўлган. Зиёратимиз чоғида ҳазратнинг болаларга қилган шафқатлари тасвири кўз олдимда элас-элас гавдаланади. Лекин на ўша йил, на ўша кун, на у ердаги бирор гап ёдимда қолган.


Иккинчи ҳозирлик


Ҳижрий 1332 йили таълим олишим учун навбат юнон фалсафасининг «Майбизий» номли китобини ўқишга етиб келган эди. Шу ўринда отамдан эшитган мана бу гап ёдимга келди: ҳазрат мавлоно Гангуҳий роҳимаҳуллоҳ арабий мадрасаларда юнон фалсафасини ўқитишга қарши фикрда эдилар. Ғолибан, қачондир уни дарс қилиб ўқитишни Дорул улум фанлари рўйхатидан чиқариб юборишни маслаҳат ҳам берганлар. Ўшанда менда ҳам бу фанни ўқиш ёки ўқимаслик борасида иккиланиш бўлди. Отамнинг қалбларида ҳазрат мавлоно Гангуҳийга нисбатан ошиқона муҳаббат бўлса ҳам, ўша вақтда оқилона ҳукм чиқардилар: «Ҳазрат Гангуҳий энди дунёда йўқлар. У кишидан кейин ҳазрат мавлоно Ашраф Али Таҳонавийни у кишига қоим мақом (ўринбосар) деб биламан. Шунинг учун сен ҳақингда у кишининг маслаҳатига амал қилиш муносибдир». Мана шу мақсадда мени ўзлари билан бирга олиб, Таҳонабавнга сафар қилдилар.


Толиби илмлик давримда ҳазрат Таҳонавийга нисбатан кўнглимда мукаммал эътиқодим (муҳаббатим) бўлса ҳам, у кишининг ҳузуридаги тартиб-қоидалар жуда қаттиқлиги ҳақида эшитганим учун у ерга ҳозир бўлишдан қўрқар эдим. Мазкур қоидалардан бирортасини бузиб қўйсам, у киши мендан норизо бўлиб қолишлари мумкин, деган қўрқинч ҳам турар эди. Лекин отам буюрганлари учун бирга боришга ҳиммат қилдим.


Поезд вокзалга тушлик вақтида етиб борди. У замонлар Таҳонабавн қишлоғида вокзал йўқ эди. Уч мил нарида жойлашган вокзалда тушиб, кейин Таҳонабавнга боришга тўғри келарди. Пухта йўллар ва машиналарнинг ҳам замонаси эмас эди. Пиёда уч мил йўл босиб, Таҳонабавнга етиб бордик. Пешин намозининг азонига бироз вақт борлиги учун меҳмонхонага бориб, ёнбошладик. Азон айтилгач, ҳазрат Ҳакимул умма таҳорат қилгани ҳовузга келдилар. Отам у киши билан ўша ерда кўришдилар.


Отам ҳазратга ҳамсабоқ бўлганлар. Уларнинг бу самимий учрашувлари кўришга лойиқ эди. Отам илк учрашишлари билан: «Бу сафар менинг келишимга сабаб мана шу бола», дедилар. Мен олдинга чиқдим. Ҳазрат ниҳоятда шафқат билан мени қучоқлаб, бошимга қўлларини қўйдилар.


Отам: «Ўғлим ҳузурингизга бу ерда қаттиқ қоида ва тартиблар бўлса, уларга қандай амал қиламан, деб қўрққанидан келмас эди», дедилар.


Ҳазрат ниҳоятда шафқат билан: «Одамлар мени бадном қилишди. Мен ўзимча тартиб-қоида тузмаганман. Келувчи одамларнинг хатолари ва бетартиб келишлари уларни қайсидир бир вақт ва қоидага амал қилдиришга мени мажбур қилган. Бўлмаса, бирор иш қилиш ва дам олиш у ёқда турсин, ҳатто бир маротаба Аллоҳнинг номини айтишга қўймайдилар». Кейин менга шундай дедилар: «Сен менинг болаларим ўрнидасан. Нимага ташвиш қиласан? Қачон хоҳласанг, келавер. Менинг қоида ва тартибларимда шу қадар мустаснолар борки, улар мустасно минҳудан ошиб кетади. Ҳеч ташвишланма». Ҳазратнинг бу шафқат, лутф ва карами биринчи маротаба менинг дилимга шу қадар ўрнашдики, у ердан қайтишни дил истамас эди.


Пешин намози ўқилди. Намоздан кейин умумий ўтириш бўлди. Аллоҳ таоло унда иштирок этишни насиб қилди. Кечқурун шомда хусусий (алоҳида) учрашувга ҳам вақт ажратдилар. Шунда отам менинг келишимдан мақсадни зикр қилдилар.


Ҳазрат шундай дедилар: «Ҳа, мен бу муомалада ҳазрат Нонутвий ва ҳазрат Гангуҳийнинг фикрларида ихтилоф бўлганлигини биламан. Ҳазрат Нонутвий фалсафада ўргатиладиган усул ва қоидалар билан исломий ақийдаларни мудофаа қилиш мумкин бўлгани учун юнон фалсафасини ўқиш ва ўқитишни ҳимоя қилардилар. Ҳазрат Гангуҳий эса бу фалсафанинг жуда кўп назариялари исломий ақийдаларга тескари эканлигини кўриб, буни диний мадрасаларда дарс сифатида ўқитиш талабаларнинг қалбида шак-шубҳалар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин, деган фикрда эдилар».


Кейин шундай дедилар: «Бу икки улуғ зот бизнинг муқтадо ва пешвоимиздир. Улардан қайсиларининг фикрига амал қилинса ҳам, яхшилик ва фақат яхшилик бўлади. Лекин сен ҳақингда менинг маслаҳатим шуки, сен бу фанни аниқ ўқигин. Ўқиганда ҳам меҳнат билан (астойдил) ўқигинки, унинг ботил фан эканлиги ўзи сенга очиқ-ойдин маълум бўлсин. Умидим борки, иншааллоҳ, ҳазрат Гангуҳий кўзда тутган хатарнинг зарари сенга бўлмайди. Яна бир фойда шуки, бу вақтда барча исломий мадрасаларда бу фанни ўқитиш тартиби жорий. Агар сен бу фанни ўқимасанг, сенда уни билувчи олимларнинг олдида қўрқув пайдо бўлиши мумкин. Агар уни тушуниб ўқисанг, мана шу қўрқиш ҳам қолмайди ва иншааллоҳ, ундаги хато назарияларнинг ботиллиги мукаммал тарзда маълум бўлади».


Умримда ҳазратдан олган биринчи таълимим ана шу бўлди. Қайтиб келиб, Майбизий сабоғини бошладим. Кейин «Садро», «Шамси бозиға» ва фалсафанинг бошқа ҳамма дарслик китобларини ўқидим. Кейин Аллоҳ таоло шундай имконият ҳам насиб қилдики, устозимиз мавлоно Анваршоҳ Кашмирий баъзи талабаларга янги фалсафа ўқитишни ваъда қилган эдилар, кейинчалик Аллоҳ таоло ўша дарсларда иштирок этиш имкониятини ҳам насиб қилди. Ниҳоят, мен учун фалсафанинг бирор масаласида мушкуллик қолмади. Ҳазрат айтганларидек, бу фандаги хато назарияларнинг ботиллиги менга ёруғ кундай маълуму равшан бўлди.


1335 йилда ҳадис даврасини тўлиқ якунладим. Баъзи фанлардан ўқилмаган китоблар қолган эди, уларни ҳам 1336 йил мукаммал тугатиб олдим. Ўша йили Дорул улумнинг мудири мавлоно Ҳабибурраҳмон соҳиб менга бир неча китоблардан дарс беришни ҳам топширдилар.


Отам роҳимаҳуллоҳнинг аввалдан фикрлари шу эдики, арабий илмларнинг нисобидан (дастуридан) фориғ бўлгандан кейин бирор улуғнинг хизмат ва суҳбатида туриш керак, зеро, ботин тазкияси ва зикруллоҳсиз зоҳирий илмлар руҳсиз (бежон) бўлади. Ўша вақтда ҳазрат Шайхул Ҳинд Мальта қамоқхонасида асир эдилар. Ҳазрат мавлоно Халил Аҳмад Саҳаранфурий ҳам Ҳиндистонда эмасдилар. Кўзга икки улуғ кўринар эдилар: бирлари мавлоно Шоҳ Абдурроҳим Райпурий раҳматуллоҳи алайҳ, иккинчилари ҳазрат Таҳонавий қуддиса сирруҳу. Отам ҳазрат Таҳонавийга мурожаат қилиш фикрини афзал кўрдилар. Чунки аввалги ҳозирлик ва таълим туфайли орада бир муносабат пайдо бўлган эди.


Таҳонабавнга учинчи ташриф


Тахминан 1337 йили бўлса керак, отам мени ҳазрат   Ашраф Али Таҳонавийга топшириш учун, у зотдан сулук ва тариқат таълимини олишим учун мени ўзлари билан бирга олиб, Таҳонабавнга сафар қилдилар. Биринчи ташриф чоғида ҳазратдан кўрган меҳр ва иноятга таяниб, бу сафар менда гапиришга ҳам бироз журъат пайдо бўлди.


Отам менинг келишим мақсадини айтган эдилар, ҳазрат мендан баъзи ҳолатларни сўрадилар. Мен ҳазратнинг соф ва тўғри сўзни яхши кўришларини билганим учун шундай дедим: «Аллоҳ таоло менга бироз муддат ҳазрат Шайхул Ҳинднинг хизматларида бўлишни насиб этган. Дилим у зотга байъат қилишни истар эди. Лекин у киши ҳозир асирликдалар. Қачон қутулишлари ҳам аниқ эмас. Энди мен «Нима қилай?» деб ҳазратдан (сиздан) маслаҳат сўрамоқчиман»


Ҳазрат ўз мамнуниятларини изҳор қилиб, шундай дедилар: «Бунда қандай мушкуллик бор экан? Тасаввуф ва сулук – ботиний амалларни ислоҳ қилиш демакдир. Зоҳирий амалларни ислоҳ қилиш қай даражада фарз бўлса, бу ҳам ўша даражада фарздир. Буни орқага суриш менинг наздимда дуруст эмас. Лекин бунинг учун байъат шарт эмас. Байъат учун ҳазрат мавлонони кутгин. Ҳазрат қайтиб келгунларича мен хизматга тайёрман. Менинг кўрсатмаларимга кўра ислоҳ ишини бошлайвер».


Менинг наздимда бу жуда мушкул босқич эди, лекин осонгина ҳал бўлди. Кейин яна ўша соддалик билан айтдим: «Ҳазрат! Менинг орзуларим жуда кўп. Тасаввуф ва сулук марҳалаларини (босқичларини) бирма-бир босиб ўтишни истайман. Лекин эшитишимча, бунда қаттиқ мужоҳадалар, риёзатлар, меҳнатлар қилиш, шу билан бирга, анчагина вақт ҳам талаб қилинар экан. Мен хилқатан (яратилишда) заифман. Ортиқча меҳнатга бардош беролмайман. Фурсатим ҳам кам. Ҳамма вақтим дарс, тадрис ва мутолаа билан ўтади. Мана шу ҳолатда ҳам менга бирор ҳисса насиб бўлиши мумкинми?» ҳазрат менга шафқат назари билан боқиб, шундай дедилар: «Аллоҳнинг йўли заифлар учун эмас, кучлилар учун; фурсати йўқлар учун эмас, фурсати борлар учун», деган гапни қаердан топдинг? Ҳақиқат шуки, йўл ҳамма учун очиқдир. Тўғри, ҳар бир киши учун амал қилиш тариқаси турлича бўлади. Улуғлар айтганлар:


الطُّرُقُ إِلَى اللهِ بِعَدَدِ أَنْفَاسِ الْخَلَائِقِ


«Аллоҳ таолога етишиш йўллари халойиқнинг нафаслари ададичадир (беҳисобдир)».


Бу атторнинг дўкони эмаски, ҳаммага бир хил дори берилса. Биз сизга шундай йўлни айтамизки, унда на қувватга зарурат бўлади, на фурсатга».


Кейин шундай дедилар: «Барча мусулмонлар адо қиладиган фарзлар, вожиблар, суннат ва бошқа амаллар ўз ўрнида. Сиз фақатгина уч нарсага астойдил бўлсангиз, иншааллоҳ, сулукнинг ҳаммаси мана шу билан мукаммал бўлади:


1. Тақвони ихтиёр қилинг. Сизга бунинг маъносини айтиб беришга ҳожат йўқ. Ҳа, тақво фақатгина намоз ва рўза каби зоҳирий ишлардагина эмас, балки ботиний амалларда ҳам бўлиши керак.


2. Ҳар қандай бефойда иш, гап-сўз, ўтириш ҳамда учрашувлардан ўзингизни четга олинг. Бефойда деганда менинг муродим динга ҳам, дунёга ҳам фойдаси бўлмаган ишлардир. Агар яхшилаб эътибор берсангиз, бизнинг ишларимиз, гапларимиз ва йиғинларимизда фойдалилари жуда кам, бефойда ва ортиқчалари жуда кўп экани маълум бўлади. Сиз ана шулардан сақланинг.


3. Ҳиммат ва фурсатга қараб, кунда бироз бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинг.


Энди айтинг-чи, бу кўрсатмада меҳнат ва фурсат бўлмаса, қилиб бўлмайдиган нима нарса бор экан? Агар ўйлаб қарасангиз, бунда куч ва қувват янада кўпроқ тежалиб қолади. Чунки тақво инсон қувватини зое кетказадиган жуда кўп нарсалардан тўсади. Беҳуда ва бефойда ишлар, учрашувлар ва мажлислардан ўзингизни тортсангиз, илмий машғулотлар учун вақтингиз янада кўпроқ ортади».


Охирида шундай дедилар: «Сиз учун кўрсатмалар мана шу, холос. Агар дилингиз истаса, фурсат ҳам топилса, эрталаб ва кечқурун «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ», «Лаа илааҳа иллаллоҳ», истиғфор ва салавотни юз мартадан айтиб қўйинг. Намозлардан кейин айтиладиган «тасбеҳи Фотима»да бардавом бўлинг».


Шу билан суҳбат тугади. Отам билан яна бир кун туриб, ҳазратдан уйга қайтишга ижозат олдик. Ҳазратнинг бу суҳбат ва таълимлари қалбимга ўрнашди. Лекин қайтиб келгач, Дорул улумнинг таълимий машғулотларига берилиб кетдим. Шу билан бирга, ўша вақтда 1914 йилги Жаҳон уруши тамомий оламни ўз гирдобига чулғаб олган эди. Европа давлатларининг бирлашган фитнали ҳаракатлари туфайли Усмонли Туркий халифалик парчаланиб кетди. Шайхул Ҳинд ҳам мана шу борадаги айблов билан Мальтада қамоқда эдилар.


Ҳиндистонни инглиз истилосидан озод қилиш ҳаракатлари тезлаб кетди. Ҳазрат Шайхул Ҳиндни қамоқдан халос этиш ҳаракати ҳам бошланди. Ҳиндистоннинг барча мусулмонлари, хусусан олимлар, солиҳлар, диний мадрасалар ҳаммаси бу ҳаракатдан таъсирланди. Ўша кунлари арабий мадрасаларда дарсларни мунтазам давом эттириш ҳам осон бўлмай қолди. Бутун мамлакат бўйлаб ҳаяжонли ва нотинч кайфият ҳукмрон эди. Охири, ҳижрий 1338 йил, Рамазоннинг иккинчи куни, милодий 1920 йил, март ойида ҳазрат Шайхул Ҳинд қуддиса сирруҳу Мальта қамоқхонасидан чиқиб, беш йил деганда Девбандга қайтиб келдилар. Ҳазратни зиёрат қилиш ва у зот билан кўришиш истагида атроф-жавонибдан одамлар селдай оқиб кела бошлади. Шайхул Ҳинд заифлик ва беморликларига қарамай, юқорида айтилган ҳаяжонли ҳолатлар билан машғул бўлдилар. Ҳозир бу тафсилотларни тўлиқ келтириб ўтишнинг ўрни эмас. Шунчаки айтмоқчиманки, ҳазрат 1338 йил Рамазоннинг иккинчи куни Мальтадан қайтиб келган бўлсалар, 1339 йил 18 рабиъул аввал куни, милодий 1920 йил октябрь ойида Деҳлида вафот этдилар. Қамоқдан кейин бор-йўғи бир йилу олти ойгина яшадилар. Шу муддат ҳам ниҳоятда машғуллик ҳолатида ўтди. Шунга қарамай, бир куни вақт топиб, мен ва дўстим мавлоно Муҳаммад Тоййиб ва яна бир қанча кишилар ҳазратнинг қўлларида тариқат байъатини адо этдик. У зот бизга бир неча тасбеҳларни ўргатдилар. Бу йўлда у зотдан бундан ортиқ фойдаланишга имкон бўлмади. Биз учун бу ҳам кичик неъмат эмас эди, чунки байъат тўғрисидаги эски орзуимиз амалга ошган эди.


Ҳазрат Шайхул Ҳинднинг вафотидан кейин мамлакатда ташвишли ҳолатлар, янгидан-янги инқилоб ва фитналар даври бошланди. Иккинчи томондан, ўзимнинг ҳам бола-чақам кўпайиб, уларнинг ташвишидан ортмай қолдим. Шу қадар ғафлатга мубтало бўлдимки, олган сабоқларим гўё зеҳнимдан чиқиб кетгандек эди. Ўша аснода таълим бериш билан бирга китоб ёзиш ишлари ҳам давом этиб турди. Лекин улуғларнинг хизматидан файз олиш ҳақидаги аввалги ғайрат-шижоатим жуда заифлашиб кетди. 1339 йилдан 1345 йилгача ҳолат шундай давом этди. 1345 йили бироз ҳушёр тортдим. У вақтда ҳазрат Абдурроҳим Ройпурий ҳам вафот топган эдилар. Энди бу мақсад учун Таҳонабавндан бошқа паноҳ бўлгудек маъқул жой йўқ эди. Лекин бунда бир муаммо бор эдики, Шайхул Ҳинд қайтиб келиб, у кишига байъат қилганимдан кейин қалбий боғлиқлигим, иқтидо қилишим ва эргашишимнинг маркази у кишининг муборак вужудлари бўлиб қолган эди. У кишининг кўрсатмалари билан мен нотавон ҳам ўз қурбимга яраша Ҳиндистонни озод қилиш ҳаракатларига қўшилдим.


Ҳазрат Таҳонавий қуддиса сирруҳу ҳазрат Шайхул Ҳинднинг шогирди, мухлиси ва у киши билан жиҳод масаласида буткул ҳамфикр эдилар. Лекин ўша вақтдаги сиёсий ҳаракатларда ҳиндуларнинг иштироки ва шаръий аҳкомдан бехабар йўлбошчиларнинг аралашуви сабабли йиғилишларда шариатга хилоф ишлар бепарволарча қилинар эди. Ҳиндулар билан шерик бўлиб ишлашда исломий шиорлар ва шаръий ҳукмларга умуман эътибор қолмаган эди. Шунинг учун ҳазрат Таҳонавий мазкур ҳаракатлардан ўзларини четга олдилар.


Ўша вақтдаги ҳаракат бошлиғи бўлмиш Шайхул Ҳинд роҳимаҳуллоҳ ҳам буни сезиб, олимлар раҳнамолиги остида, юқорида айтилган мункар ва шариатга зид ишлардан сақланиш мақсадида «Ҳинд уламолар жамияти» деган бир жамоа тузишга мажбур бўлдилар. Унинг биринчи мажлиси Деҳлида, ҳазратнинг бошчилигида бўлиб ўтди. Бошқарув хутбасида ана шундай мункар ишлар танқид қилинди.


Лекин ҳазрат Ҳакимул умма қуддиса сирруҳунинг назарларида ўша вақтда бу ҳаракат олимларга эргашиши ва шариат чегараларини риоя қилиши умид қилинмайдиган лидерлар қўлига ўтиб бўлган эди. Хусусан, ҳиндулар билан қилинаётган шериклик натижасида исломий ҳукумат қуришга ҳеч қандай умид йўқ эди. Шунинг учун Таҳонавий бу ҳаракатларга қўшилмадилар. Аммо бу иккала улуғларнинг қарашларидаги бундай хилма-хиллик диний ва шаръий асосларга биноан, шу билан бирга, ихтилофнинг аслий ҳудуди ва одобидан чиқмаган ҳолда бўлган.


Ҳазрат Ҳакимул умма шогирд бўлгани учун ҳазрат Шайхул Ҳиндга ниҳоятда одоб ва эҳтиром кўрсатар эдилар. Ҳазрат устознинг ҳолати ҳам шундай эди. Қишлоқ одамлари Таҳонабавндаги халифалик мажлисида раислик қилиш учун ҳазратни чақирдилар, чунки ҳазрат ўша замонларда кўпинча шу каби мажлисларда қатнашиш учун сафарларга бориб турар эдилар. Лекин таҳонабавнликларнинг илтимосига шундай дедилар: «Бошқа жойда мажлис қилсангиз, мен иштирок этаман. Лекин Таҳонабавнга бориб мажлис қилиш менга маъқул эмас, чунки мавлоно Таҳонавийнинг менинг фикримга қаршилиги диний ва шаръий асосларга эгадир. Агар мен у ердаги мажлисга борсам, у киши ўзининг фиқҳий ва шаръий фикрига биноан иштирок эта олмайди. Иштирок этмай деса, қаттиқ сиқилиш ва тангликка учрайди. Мен у кишининг сиқилишига чидай олмайман».


Хуллас, ушбу икки улуғ зотнинг қарашлари фақатгина диний сабабларга кўра бир-биридан фарқ қиларди. Биз нафақат ўша вақтда, ҳатто бугун ҳам уларнинг фикрларини муҳокама қиладиган даражада эмасмиз. Фақатгина қалбимиз ким томонга кўпроқ мойил бўлса, ўша кишига эргашишимиз мумкин эди, холос.


Шунинг натижасида биз ҳазрат Шайхул Ҳинднинг ҳаракатларига қўшилдик. Алҳамдулиллаҳ, ҳазрат Ҳакимул умма қуддиса сирруҳуга ҳам муҳаббатим камаймаган бўлса-да, у кишининг фикрларига эргашмаганлигим туфайли ўртада қандайдир парда пайдо бўлиб қолган эди. Тахминан саккиз йилгача Таҳонабавнга бориш ва хат ёзишлар тўхтаб қолди. Мана шунинг шармандалиги этагимдан тутиб, Таҳонабавнга борадиган йўлимга тўсиқ бўлиб қолди. Отам маслаҳат бериб, шундай дедилар: «Бу шармандалик бу йўлда тўсиқ бўлмаслиги керак. Сен Таҳонабавнга бориб, ўзингнинг ҳамма ҳолатингни очиқ-ойдин баён қил, чунки очиқ гапирадиган кишиларга ҳазрат меҳр ва шафқат билан муомала қилишини олдин кўргансан».


 


1345 йил Таҳонабавнга тўртинчи ташриф


Отамнинг бу буйруқлари менинг иродамни янада қувватлантирди. 1345 йили, яъни орадан саккиз йил ўтиб, яна Таҳонабавнга бордим. Ўша вақтда отам мен билан бирга борганмидилар ёки якка ўзим борганмидим, эсимда йўқ. Лекин шуниси ёдимдаки, ҳазратнинг ҳузурларига бориб, шунча вақтгача келмаганлигим ва алоқа боғламаганлигим учун узр айтганимда у киши олдин ўзим кўрган шафқат ва иноят билан муомала қилдилар. Шунча замонгача келмаганим ва алоқа боғламаганимнинг таъсири муомалада сезилмади. Шундан кейин Таҳонабавнга сафарлар бир-бирига уланиб кетди ва ўн етти йилдан кейин, яъни 1362 йили ҳазрат вафот этганларида ниҳоясига етди. Рамазон ойидаги таътилни тўлалигича Таҳонабавнда ўтказиш силсиласи ҳам тахминан 1346 йилдан 1360 йилгача давом этди. 1361 йили ҳазратнинг маслаҳат ва ижозатлари билан Дорул улумдан истеъфо олганимда у киши «Аҳкомул Қуръон»ни тасниф қилиш учун мени Таҳонабавнга чақирган эдилар. Лекин афсуски, охирги сафаримдан бир неча ой кейин, 1362 йил 16 ражаб куни ҳазратнинг вафотлари мени шундай хаста ва шикаста қилдики, энди менда бирор иш қилишга ҳиммат ва мажол кўринмас эди.


Бу охирги даврда Ҳақ таоло ҳазрат саййидим Ҳакимул умма қуддиса сирруҳуни диний тарбия ва халқни ислоҳ қилиш учун танлаб олган эди. У кишининг мажлислари илм-маърифат билан бирга зоҳир ва ботинни ислоҳ қилишга қанчалик таъсири борлигини ўша даргоҳга ҳеч бўлмаганда бир бор ҳозир бўлган кишигина билиши мумкин. Уни таъбир ва баён билан тушунтиришнинг имкони йўқ. Мажлисга ҳозир бўлганларнинг жуда кўплари бу суҳбатларни ёзишга ҳаракат қилар, булар ҳазрат кўриб берганларидан кейин нашр этилиб ҳам турарди. Мен нодоннинг эса мажлисда ўтириб, суҳбатни тўлалигича ёзишга ҳимматим жуда кам бўлар эди. Лекин баъзи бир хос ва муҳим гапларни эсдалик учун ён дафтаримга қайд этиб қўярдим.


Шундай қилиб, мунтазам ёзиб юрмаган бўлсам ҳам, анчагина захира тўпланиб қолган эди. Ҳазратнинг кўрсатмалари шу эдики, у кишининг суҳбатларини ёзиб, жамловчи киши модомики ўзларига кўрсатиб, ижозат олмагунича уни оммага тарқатиши ман қилинар эди.


У зот васиятномадаги бир васиятда шундай ёзган эдилар: «Мендан кейин бирор кишининг қўлида менинг чоп қилинмаган ҳолдаги ва ўзим кўриб бермаган бирор маърузам ёки суҳбатим мавжуд бўлса, уни чоп қилиб, тарқатиш учун (ўзларининг махсус халифаларининг исмини ёзиб) шуларни кўриб, ижозат бериши кифоя қилади».


Ўша вақтдаги ишлар ўзим ёзган малфузотларни (суҳбатларни) соф ҳолда ёзиб, оммага тақдим қилишга имкон бермади. Ундан кейин уни нашр қилиш хаёли ҳам дилдан чиқиб кетди. Эндиликда ўзимнинг хоҳишим ҳамда баъзи аҳбобларнинг талаби билан Дорул улумнинг «Ал-балоғ» ойномасида «Мажолиси Ҳакимул умма» деган сарлавҳа остида ҳазратнинг махсус таълимот ва суҳбатларини муттасил бериб боришни ирода қилдим. Шунда баъзи дўстларим ўзим саралаб тўплаган малфузотларга эътиборимни қаратдилар. Лекин энди «Он қадаҳ бишикасту, он соқий намонд», яъни у қадаҳ ҳам синди, у соқий ҳам қолмади, деган аҳволда эдим. Исмлари васиятномада ёзилган халифаларнинг кўпчилиги вафот қилиб бўлган эди. Шундай бўлса ҳам, ҳазратнинг шартига мувофиқ ҳолда нашр этилиши ҳамда тўпланган бу захира фойдали бўлиши учун ҳаёт бўлган халифаларининг назаридан ўтказиб олишни ғанимат билдим. Шоядки бу ишдан Аллоҳнинг яхши бандаларига фойда етса, мен учун ҳам охират озуқаси бўлса.


Ҳазратнинг васиятларини амалга ошириш мақсадида «Мажолиси Ҳакимул умма»нинг қораламасини кўз югуртириб беришлари учун жўнатмоқчи эканимни билдириб, Зафар Аҳмад Усмонийга хат ёздим. У киши аввало менга шундай жавоб ёздилар:


«Тўғри, ҳазрат ўзларидан кейин мавоиз ва малфузотларини чоп қилиш учун баъзи халифаларининг кўриб беришини шарт қилганлар. Бунинг маъноси шуки, ёзувчи киши ўша шартда айтилган зотлардан илм-маърифатда даражаси пастроқ бўлиши керак. Агар ёзувчи ўша зотлардан илм-маърифатда устун бўлса, ишончим комилки, у киши бу шартдан мустаснодир. Мен сиз тўплаган «Мажолиси Ҳакимул умма»га бирор кишининг назар қилишига зарурат бор, деб ўйламайман. Вассалом.


Дуога муҳтож Зафар Аҳмад Усмоний.


1393 йил 15 муҳаррам».


Лекин мавлоно Зафар Аҳмад Усмонийнинг бу гапларига қарамай, «У киши орқали ҳазратнинг ҳукмига амал қилишга имкон бўлиб турганда нима учун бу таъвилга амал қилишим керак экан», деган фикрга келдим. Шунинг учун мукаммал қоралама нусхани мавлоно Усмонийнинг ҳузурига жўнатдим. У киши шундай жавоб ёздилар:


«Муҳтарам муфтий Муҳаммад Шафеъ соҳиб домат баракотуҳум.


Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ.


«Мажолиси Ҳакимул умма»нинг қораламасини жўнатибсиз. Бир қисмини тўлиқ, қолган жойларини юзаки назар билан кўриб чиқдим. Маашааллоҳ, яхши қайд қилгансиз. Баъзи ўринлардаги иборалар чигал экан, ўшаларни равшан қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Сизнинг ҳукмингизга амал қилдим, холос. Бўлмаса, сиз тўплаган малфузотни бирор киши кўришига зарурат йўқ эди

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Мажолиси Ҳакимул умма»
61 000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: 3378
  • Вазни: 0.81кг
  • ISBN: 9789943754805
Сотилган сони: 248
Кўрилган сони: 38681
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.