«Ишқ саҳроси»
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
СЎЗБОШИ
Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавот-ларимиз бўлсин!
Адабиёт тафаккур маҳсули бўлибгина қолмай, у ин-сон виждонининг энг тотли меваси, маънавий оламининг энг гўзал безакларидан саналади ҳамда халқларнинг маданияти, маънавий бойлиги, қуввати ва қадрини белгилаб берувчи меъёрлардан ҳисобланади. Шу боис, Ислом динида ва маданиятида бу соҳага алоҳида эътибор берилган. Инсоният тарихида ҳеч бир миллатда, ҳеч бир дин аҳлида мусулмон шоирларчалик кўп ва хўп шеър битганлар топилмайди. «Шарқ маданияти», «Шарқ тафаккури», «Шарқ адабиёти» каби атамалар ҳам аслида Ислом номи билан боғлиқ. Зеро, Шарқ маданияти, тафаккури, адабиётида кишини ўзига ром этадиган буюклик ва гўзалликларнинг барчаси Ислом сарчашмасидан сизиб чиққан, унинг пойдевори узра қад кўтаргандир. Хусусан, Шарқ адабиёти деганда кўз ўнгимизда бехос мусулмон адиблар гавдаланадики, улар забт этган чўққиларга бошқалар яқин ҳам кела олмаган. Бу тараққиётнинг негизи эса Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларнинг лисоний қудратига, адабий бойлигига бориб тақалиши илм аҳлига маълумдир. Бу икки илоҳий манбанинг ана шундай юксак намуна кўрсатибгина қолмай, ўрни келганда балоғату шеъриятни мақтагани ва тарғиб қилгани ҳам исломий адабиёт тамаддунида катта аҳамият касб этган.
Қуръони Карим беҳуда, ботил шеърларни танқид қилиш билан бирга, Аллоҳнинг зикрига вобаста бўлган, адолат ҳимояси учун айтилган шеърларни мақтайди (Шуъаро сураси, 200-ояти тафсирига қаранг). Шундай қилиб, Қуръон бу соҳада ҳам ўзининг ҳидоятини тақдим қилади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдурраҳмон ибн Каъбдан, у отаси Каъб ибн Моликдан ривоят қилишича, у киши Шуъаро сурасида шоирлар ҳақидаги оятлар нозил бўлганда Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Аллоҳ таоло шоирлар ҳақида Ўз ҳукмини нозил қилиб қўйибди-ку?!» дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши қиличи билан ҳам, тили билан ҳам жиҳод қилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизларнинг уларга отадиган «ўқ»ингиз камон ўқидан ҳам ўткирроқ», дейдилар.
Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам шеърда ана шундай қудрат борлигини ва бу ҳам Аллоҳнинг йўлидаги курашнинг бир тури бўлиши мумкинлигини баён қилиш билан бирга, ўрни келганда ана шундай «жанг» қилишга шоир саҳобаларни «сафарбар» этганлар. Мушриклар Исломни, Набий солллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонларни масхара қилиб шеър битишганда Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам машҳур шоир Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳуни уларга қарши шеър айтишга ундаб, «Аллоҳим! Уни ҳам Руҳул-қудс билан қўлла!» дея илтижо қилганлар (Бухорий ривояти). Бошқа нақлга кўра, у зот ўшанда Ҳассон розияллоҳу анҳуга қараб, «Руҳул-қудс сен билан», дея марҳамат этганлар.
Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча ўринларда қофияли гапирганлари, баъзан шеър айтганлари саҳиҳ ривоятларда келган. У зот алайҳиссаломнинг шеър хусусида айтган энг машҳур сўзлари эса: «Баённинг ҳам сеҳрлиси, шеърнинг ҳам ҳикматлиси бор», деган ҳадисларидир (Имом Ҳоким «Мустадрак»да Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган). Ушбу набавий илтифот асрлар оша мусулмон шоирлар ижодининг маёғи бўлиб келган.
Ҳа, ҳақни қўллаш, иймону ихлос руҳиятини шакллантириш, илму муҳаббат нурини таратиш, элюрт, Ватан меҳрини қалбларга сингдириб, ҳақиқатни ҳимоя этишда шеъриятнинг ўрни жуда катта. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишга Ҳассон розияллоҳу анҳуни камарбаста қилмоқдалар.
Дарҳақиқат, шеърда ҳикмат бор, сир бор, сеҳр бор. Оддий фикрларни ҳам шеърга солсангиз, ўзгача таъсир касб этади. Ушбу қонуниятдан келиб чиқиб, юқорида зикр қилинган оят-ҳадисларга таянган ҳолда, яхшиликка тарғиб қиладиган, эзгу маъноларни ўзида акс эттирган шеърлар динимизда қадрланади, юксак баҳоланади. Бу борада мумтоз адабиётимиз олий намуна ўлароқ юксак чўққида турганидек, замонавий шеъриятимизда ҳам жуда кўп ютуқлар бор. Ана шундай дурдоналарнинг энг саралари замонавий ўзбек шеъриятининг машҳур намояндаси Абдулла Ориповнинг асарларида ҳам ўз ифодасини топган.
Ҳар бир даврнинг ўз кишиси бўлганидек, ҳар бир замоннинг ўз шоири бўлади ва у замондошларининг дарду ҳасратларини қаламга олиб, уларнинг тилида хитоб этади. Адиб Абдулла Орипов ҳам ана шундай шахсиятлардан эди.
Абдулла Ориповни ҳамма қатори ёшлигимиздан таниб, айрим шеърларини мактабдаёқ ўқиб, ўрганган бўлсада, у кишининг ўзи билан шахсан танишиб, ҳамсуҳбат бўлиш сўнги йиллардагина насиб бўлди. Бу суҳбатларда улуғ шоирнинг нодир ва пишиқ мулоҳазаларидан кўп фойда олдик. Учрашувларнинг бирида у кишига «Олтин силсила» туркумининг айрим жузларини совға қилган эдик, жуда мамнун бўлдилар ва бу лойиҳа билан қизиқиб қолдилар. Хусусан, унинг юқори сифатини кўриб, нашриётимиз ҳақида қизиқдилар. Биз бу китоб устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ бошчилигида чоп этилган асар эканини ва у зот асос солган «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасида чоп қилинганини айтдик. Шоирнинг ҳазратга муҳаббати ва эҳтироми ҳам ўзгача экан, устоз ҳақларида жуда кўп илиқ сўзлар айтдилар ва ушбу самимий муҳаббат сабаблими, ўша ердаёқ ўзларининг бирор китобини нашриётимизда чоп қилиш ниятлари борлигини изҳор қилдилар. Шу заҳоти севимли шогирдлари Алишер Назарга айрим кўрсатмаларни айтдилар, тез орада нашриётни бориб кўриб, шайх ҳазратларини хотирлаш, устознинг фарзандлари ва шогирдларига, нашриёт ва матбаа аҳлига дил изҳорларини баён этиш режалари борлигини таъкидладилар. Кўп ўтмай, бу ниятлари амалга ошди.
Алишер Назар раҳматли шоиримиз Абдулла Орипов нашриётимизда чоп эттирмоқчи бўлган шеърлари тўпламини каминага юбориб, ундаги шеърларнинг мазмунини диний нуқтаи назардан баҳолаб, фикр-мулоҳаза билдиришимни илтимос қилди. Мен бу вазифани бажонидил бажариб, қўлдан келганича баъзи сатрлар юзасидан камтарона таклифларимни айтган бўлдим. Мени хурсанд қилган ва шоиримизга бўлган муҳаббатимнинг ортишига сабаб бўлган иш шу бўлдики, бу инсон ноёб истеъдод эгаси, улуғ шоир, қатор унвонлар соҳиби, замонасининг етакчи адибларидан бўлишига қарамай, шеърлардаги баъзи фикрларга шаръий аҳкомлар юзасидан айтилган таклиф ва мулоҳазаларни ҳеч бир эътирозсиз қабул қилиб, ўз фазилатларини яна бир бор намоён этдилар. Таъкидлаш лозимки, бундай тузатишлар саноқли ўринлардагина керак бўлди. Қўлингиздаги китобча шу зайлда нашрга тайёрланди.
Бу тўпламда шоирнинг энг сара асарлари ва асосан дину диёнат, иймон-эътиқод мавзусига оид шеърлари мужассам бўлган. Уларнинг айримлари анча аввал битилган бўлса, бошқалари сўнги йилларда яратилган. Тўплам билан танишар экансиз, шоир ижодининг шу пайтгача кўпчиликка маълум бўлмаган қирраларини мушоҳада этасиз. Унда қалб қаъридан сизиб чиққан дуою салавотлар, юксак тафаккур самосидан акс-садо берган ноёб фикрлар, ярим аср мобайнида сайқалланган ўткир қарашлар, кишининг завқини келтирадиган нозик ишоралар борки, улардан истефода қилиш ҳар бир китобхон учун, айниқса, адабиёт мухлислари учун беҳад ҳузур бахш этади.
Тўплам шоирнинг ҳаётлик чоғида тузилган бўлса-да, унинг нашрини кўриш муаллифга насиб бўлмади. Бу ҳам Аллоҳ иродаси, албатта. Аммо ният холис экан, мана, устознинг орзуси ушалиб, китоби сиз азиз ўқувчиларга тақдим қилинмоқда. Бундан бағоят мамнунмиз.
Аллоҳ таоло ўзбек халқининг буюк шоири Абдулла Ориповни Ўз раҳмату мағфиратига олсин, барча хайрли амалларини ўзига ҳамроҳ этсин. Ушбу асарнинг фойдасини эл-улусга мўл қилиб, ажру савобидан адиб-нинг руҳини шод айласин!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Муаллиф: Абдулло Орипов
Номи: «Ишқ саҳроси»
Нашриёт: «Hilol» нашриёт-матбааси
Сана: 2018 йил
Ҳажми: 192 бет
ISBN: 978-9943-5110-8-8
Муқоваси: юмшоқ
Мундарижа
Мундарижа
Сўзбоши
Каъбатуллоҳ
Пайғамбар
Тиланчи бола
Аллоҳ даргоҳи
Лайлатул-қадр
Жумбоқ
Ҳасрат
Она
Арофат
Ҳожилар
Аслият
Шайтон
Ибодат
Жаброил
«Қум фа анзир!»
Ваҳий
Меърож
Ҳазрати одам
Инсон
Она
Ота
Фарзанд
Дўзахийлар
Жинлар базми
Шайтон
Баҳс
Кибр
Тавба
Дуо
Ибрат
Бандага сиғинма
Хазина
Марҳумлар шаъни
Эзгулик
Ҳасад
Мавҳум зот
Шоҳ ва гадо
Риоя
Савоб
Ҳаж
Қиёмат
Ғийбат
Хожа ва шоир
Ҳайит
Камолот
Лайли ва мажнун
Ойиша
Паҳлавон
Шафқат
Ҳордиқ
Шамол
Рўза
Билол ҳабаш
Ҳидоят йўли
Тенглик
Жон аччиғи
Сен каби
Чора
Азроил
Яшил новда
Ҳидоят йўли
Саҳарлик
Оллоҳ марҳамати
Насиҳат
Йўриқ
Дуо
Соҳибдил
Бомдод
Иймон
Тавалло
Кибр
Ибтидо
Урф
Иқрор
Меҳмон
Қиёмат аломатлари
Муфтий
Ҳаёт ҳадислари
Бобо дуоси
Сўров
Сажда
Уч зина
Жаннат қопқасида
Туташ дунёлар
Кибр
Илтижо
Англаш
Тасодиф
Ибодат
Соғуний
Иймон
Таяммум
Тилак
Буюк сабр
Ҳаёт муаммолари
Фожиа
Ҳаёт ибратлари
Авлиё қиссаси
Дард
Ҳақиқат
Тарози
Ҳаётга муҳаббат
Хавотир
Дийдор
Насиба
Қул ва қуёш
Зиёратгоҳ
Меҳрибон
Дахлсизлик
Яхшилик
Туйғу
Тажриба
Тақдир
Шарҳ
Она нигоҳи
Дуо
Суймаса худойим
Кечув
Асосий нусха
Лўттибоз
Огоҳлик
Инсон ғурури
Орият
Қаноат
Икки кўриниш
Бойқаро
Баҳо
Ўкинч
Нуҳ кемаси
Бахиллик
Осмондаги зилзила
Ҳаёт ажойиботлари
Тарқоқ қавм
Бегона одам
Ёшлик
Ҳаёт дарсларидан
Мулла ва бемор
Ота-ўғил тортишуви
Ёлғончи ҳақида баллада
Мувофиқлик
Тафаккур мадҳи
Қарз
Ўтган тарихлар
Ҳаёт йўлларида
Мангу паноҳ
Муаззамлик
Шикоятчи ҳангомаси
Умр дафтарлари
Дўстлар
Кекса муҳожир
Сўконғич
Аксиома
Танишлар
Туғилиш
Тўртликлар
Ассалом
Вақт
Ҳасадгўй
Яхши ва ёмон
Ҳимоят
Ҳақ гап
«Ишқ саҳроси»
11 000 сўм
- Stock: Мавжуд
- Код: C249
- Вазни: 0.15кг
- ISBN: 9789943511088
Сотилган сони: 68
Кўрилган сони: 51047