Menu
Your Cart

«Ҳадис ва Ҳаёт» - 12 (Мp-3)

«Ҳадис ва Ҳаёт» - 12 (Мp-3)

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумининг «Фароиз ва васиятлар» деб номланган 12-жузи ёзилган аудиодиск савдога чиқарилди.
Муҳтарам китобхонлар! «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг ўн иккинчи жузи зарур масалаларни ўз ичига олиб, унда турли сабабларга кўра, бизда унутилиб кетган мавзулар ҳақида сўз боради.
Мерос масаласи ана ўша мавзулардан бўлиб, у ҳатто кўпгина илм аҳлларига ҳам бегона бўлиб қолган эди. Баъзи бир дарс олиб юрганлар «йўқдан кўра бор» қабилида бир оз ўрганган бўлишмаса, бошқа бировнинг иши ҳам йўқ эди. Аллоҳ таолонинг инояти ила камина бу илмни хорижда қўлдан келганича ўргандим, Ислом маъҳадида дарсга киритиб, бир муддат дарс бериш бахтига ҳам муяссар бўлдим. Шундан сўнг баъзи бир илм толиблари бу илм билан ошно бўлдилар.
Халқимиз дийнимизга қайтиш жараёнида бу масалага унча кўп бўлмаса-да, қайта эътибор бера бошладилар. Қадимда фиқҳ китобларида келган фароиз бобларидан ташқари, «Фароизи Сирожия»га ўхшаш мерос илми ҳақида алоҳида китоблар ҳам бўлар эди. Аммо ҳозирда бу илм ҳақидаги охирги китоб қайсилигини ҳам билмай қолганмиз.

Ана шу нуқтаи назардан қўлингиздаги китоб янгилик, тўғрироғи, қайта тақдим этилаётган эски илм¬нинг ўз тилимиздаги янгича талқини бўлса, ажаб эмас. Албатта, ҳар бир одам ҳам бу илмда зикр қилинган масалаларни бир ўқишда уқиб кетавермайди. Бунинг учун ўзига яраша ҳаракат ва тушунча лозим. Аммо уни ўқиган киши бирон нарса ўрганиши турган гап. Ақалли шу илм ҳақида умумий тушунча олади ва ҳар бир одам билиши зарур ҳисобланган ҳақиқатларни ўрганади. Албатта, бу масалада бир китобни ўқиб чиқиш билан киши ўзини бу илмнинг мутахассиси деб эълон қилиши жоиз эмас. Бошқа исломий илмлар қатори, бу илмни ҳам ўз устозларидан алоҳида ўрганиш ва уларнинг ижозатларини олишгина юқоридаги даъвога асос бўлиши мумкин.
Китобимиздаги иккинчи муҳим мавзу васият масаласига тегишлидир. Бу масала ҳам бизда унут бўлиб кетган ҳисобланади. Одамларнинг кўпчилиги васиятнинг маъносини билишади. Аммо унинг ҳақиқатини, шаръий таърифини ва унга қандай амал қилишни билишмайди. Шунинг учун ҳам васиятга оид маълумотларни ҳам оят ва ҳадислар асосида илмий равишда ўрганиб чиқиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун ўзига яраша аҳамиятга эгадир.

«Ҳадис ва Ҳаёт»нинг ўн иккинчи жузи бизга мазкур маълумотларни илмий равишда ўрганиш имконини беради, иншааллоҳ.
Китобдаги учинчи мавзу қул озод қилишга бағишланган. Бу масала аллақачонлар эсдан чиқиб кетган. Қолаверса, дунёда расман қулчиликнинг битирилганига анча вақт ўтди. Қулчилик яна қайта тикланиши мумкин ҳам эмас. Бу ишга энг қаттиқ равишда қарши турадиган дийн ҳам Исломдир. Чунки бизнинг дийнимизда ҳур одамни қул қилиш мутлақо мумкин эмас.

Аммо қулчиликнинг тарихини ўрганиш муҳим. Айниқса, биз, мусулмонлар бу масалани алоҳида эҳтимом билан ўрганишимиз лозим. Чунки инсоният тарихида биринчи бўлиб қулчиликка қарши курашган дийн бизнинг дийнимиздир. Айнан ўша ҳақиқатни англаб етишимиз учун ҳам бу масалани чуқур ўрганишимиз лозим.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг бошқа жузлари каби, «Фароиз ва васиятлар китоби» деб номланган бу жузи ҳам сиз, азизларнинг жавобини ахтариб юрган кўп саволларингизга жавоб беради ва талай масалаларда кўмакчи бўлади, деган умиддамиз.
Аллоҳ таолодан бу ожизона хизматни Ўз даргоҳида солиҳ амаллар қаторига қўшишини сўраб, дуолар қиламиз.
Сиз, азизлардан эса дуоларингизда бизни ҳам унутмаслигингизни илтимос қиламиз.


Муаллиф: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Номи: «Ҳадис ва Ҳаёт». 12-жуз. «Фароиз ва Васиятлар» (CD МР3)
Нашриёт: «SEMURG’ MEDIA» MChJ
Сана: 2012
Ҳажми: 417 дақиқа

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитанинг 789-сонли тавсияси ила нашр этилган

Ушбу аудио дискда қуйидаги мавзудаги ҳадислар билан танишасиз:

1. Кириш сўзи
2. Фароиз илмини ўрганишга ва одилона тақсимлашга қизиқтириш ҳақида
3. Мерос олиш ҳаққи
4. Меросхорлик даражалари
5. Мероснинг арконлари. Мероснинг шартлари
6. Меросни ман қилувчи нарсалар
7. Меросдан тўсиладиганлар
8. Фарзандларнинг мероси ҳақида
9. Ота-она ва абасанинг мероси
10. Бошқанинг сабабидан асаба бўлиш
11. Бошқа билан бирга асаба бўлиш
12. Сингиллар ва калола мероси ҳақида
13. Ҳажб масаласи
14. Маҳрум қилувчи ҳажбга учрамайдиган меросхўрлар
15. Маҳрум қилувчи ҳажбга учрайдиган эркак меросхўрлар
16. Маҳрум қилувчи ҳажбга учрайдиган аёл меросхўрлар
17. Муборак биродар масаласи
18. Машъум биродар масаласи
19. Муштарак масала
20. Эр ва ҳотиннинг мероси ҳақида
21. Бобо ва момо мероси ҳақида
22. Вало орқали мерос олиш ҳақида
23. Аёл томонидан бўлган яқинлар мероси
24. Эркак меросхўрлар
25. Аёл меросхўрлар
26. Набий алайҳиссаломнинг молу мулклари умматларигадир
27. Ҳисоб
28. Авл масаласи
29. Авл бўладиган ва бўлмайдиган масалалари
30. Авл бўлмайдиган масалалар
31. Авл бўладиган масалалар
32. Минбария масаласи
33. Радд
34. Радднинг қоидалари
35. Васият ҳақида
36. Васият учдан биргадир
37. Ворисга васият қилиш йўқ
38. Васий етимнинг молидан маъруф ила ейди
39. Балоғатдан сўнг етимлик йўқ
40. Қул озод қилиш ҳақида
41. Қариндош моликлик ила озод бўлади
42. Мукотаба
43. Хотима
44. Хулоса. Ҳуррият ҳаққи
45. Ислом ва қулчилик

 

Тавсия ёзиш

Изоҳ: HTML is not translated!
Ёмон Яхши
«Ҳадис ва Ҳаёт» - 12 (Мp-3)
16 000 сўм
  • Stock: Мавжуд
  • Код: C47
  • Вазни: 0.15кг
Сотилган сони: 9
Кўрилган сони: 38694
Сайтимиз ишлашини яхшилаш учун биз cookie-файллардан ва шунга ўхшаш бошқа технологиялардан фойдаланамиз. Талаб ва шартлар.