«СОҒИНЧ
МАКТУБИ» КИТОБИДАН ИҚТИБОСЛАР
Муаллиф Абдуллоҳ Қосим ўзининг ушбу “Соғинч мактуби” китобида бадиий
бўёқлар, рамзий воситалар орқали мусулмонларга эслатмоқчи бўлган ғоя – икки
олам сарвари, ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни янада
яхшироқ танитиш, у зотга уммат бўлиш шарафининг нечоғлик аҳамиятли экани, он ҳазратимиз
соғинчи жами яратиқларга бегона эмаслиги ҳақиқатдан ҳам кичик ҳодиса эмас.
Мўъжаз тўпламга киритилган асарларнинг залвори, ўқишлилиги шу маънода
вақтингизни сарф этишга арзийди, деб ўйлаймиз. Албатта, асл баҳони ўзингиз
берасиз. Шундай экан, сизга ҳузурли мутолаа тилаймиз.
Ушбу “Соғинч мактуби” китобидан “Арафа кунининг қуёши”, “Изтироб”, “Соғинч
мактуби”, “Ой билан суҳбат”, “Виждонимиз нималар дейди?” каби ҳикоялар ўрин
олган.
Китобдан иқтибослар:
Биласизми, мен тупроққа ҳавас қиламан. Чунки мен бор йўғи 63 йилгина У
зотнинг юзларига боқдим. Тупроқ эса у зотни то қиёматгача бағрида сақлайди. Бир
лаҳза бўлса-да, ажрамайди. Қанийди, унинг ўрнида бўлсам... Мен яна сиз
одамларга ҳавас қиламан: “Қанийди инсон бўлиб қолсам-у, Расулуллоҳнинг суннатларини
маҳкам тутиб, кўрсатмаларига тўла амал қилсам. Қанийди ер юзига тушсам-у,
Расулуллоҳ юрганларидек юрсам, У зот таом еганларидек овқатлансам, намоз ўқиганларидек
ибодат қилсам, таҳажжуд ўқиганлари каби кечалари қоим бўлсам. Қанийди… Қанийди
бир бора ер юзига тушсам-у, Расулуллоҳ кўрсатиб берганларидек одамлар ўртасида
меҳр-муҳаббатни, инсонийликни намоён қилсам… Ота-онага яхшилик қилиш қандай
бўлишини Расулуллоҳ таълим берганларидек одамларга кўрсатсам. Илм олсам, унга
амал қилсам, Қуръон ўқисам, ҳаётга амалларим ила татбиқ этсам. Қани эди бир
зумгина инсонга айланиб, у зотнинг зиёратларига борсам...
* * *
У эса совуққина: «Ассалому алайкум», деб ўтиб кетди. Устимдан муздек
сув қуйилгандек бўлди. Базўр алик олдим... «Наҳотки танимаган бўлса?!»
Бироз шу зайл тургач, шумшайиб йўлимда давом этдим. Ҳа, аламларимни
кўтаришга ожизлик қилаётган жисмимни базўр судраб кетардим.
* * *
«Наҳотки шу ур-калтак қилинаётган инсон Абу Бакр розияллоҳу анҳу
бўлсалар?! Нақадар нурли инсон экан. Шундай улуғ саҳоба шу даражада хор қилинган
бўлса?!»
* * *
Мактуб ниҳоясига етди. Энди уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга
қандай жўнатади?! Чора тополмай, у зотнинг соғинчи фироғидан яна йиғларкан,
мактуб ёмғирда қолгандай ивиди. У мактубни токчага қўйиб қўйди. Балки уни тунда
фаришталар олиб бориб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб беришар.
Аллоҳдан ёлвориб сўраб, ухлаб қолди.
* * *
Бундай муборак нигоҳ, қўллар оғушида жон беришдек завқ бўлмаса керак. У
зот бармоқларини юргизган эдилар, енгил бўлдим. Самода оҳиста сайр қилдим. Ҳеч
бир оғриқ сезмадим. Қарасам, ярмим ўрнимда қолган, ярмим қарши томондаги тоғнинг
тепасига келган. Ўзим икки томондан ҳам ўзимни кўриб турибман. Сўнг Аллоҳнинг
изни ила яна асл ҳолимга қайтарилдим.
* Китоб 27 ноябрь чоршанба куни сотувга чиқади
Изоҳ қолдириш