Бугун, 28 апрель куни Тошкент ислом институтида «Hilol-nashr» нашриёти билан ҳамкорликда «Исломга бағишланган умр» номли ҳужжатли фильм ҳамда «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад Содиқ» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда «Hilol-nashr» нашриёти вакиллари, фильм ижодкорлари ҳамда Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар.
Тошкент ислом институти проректори Умиджон домла Ходжаев тадбирни кириш сўзи билан очиб берди.
Шундан сўнг, «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жомеъ масжиди ноиб-имоми Ҳасанхон қори Абдулмажид, ТИИ «Ҳадис ва ислом тарихи фанлари» кафедраси катта ўқитувчиси Абдул Азим домла Саидаҳмедов ва «Hilol-nashr» нашриёти муҳарири, фильм ижодкори Озод Мунаввар сўзга чиқиб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ибратли ҳаёт йўли, илмий фаолияти ва шахсий фазилатлари билан боғлиқ хотираларини талабаларга сўзлаб бердилар. Маърузачилар Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишланган «Исломга бағишланган умр» номли ҳужжатли фильмнинг ғояси, вужудга келиш тарихи, иш жараёнлари ва томошабинларга берадиган фойдаси тўғрисида маълумот бердилар.
Фильмни тайёрлаш жараёни 2018 йилда бошланиб, 2022 йилда якунланди.
Фильмнинг баъзи кадрлари Тошкент ислом институтида ҳам тасвирга олинди.
Сабаби шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ 1971-1975 йиллари Олий маъҳадда таҳсил олиб, таълим муассасасининг илк битирувчиси ҳисобланади.
Шайх ҳазратлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида:
1981 йилда ўқитувчи;
1982 йилда ректор муовини;
1984 йилда ректор вазифаларида ишлади;
1981-1989 йилларда Тафсир, Ҳадис, Улумул Қуръон, Ақида фанларидан дарс берди.
Олий маъҳаднинг ўқув дастурига «Қуръон илмлари», «Улумул ҳадис», «Роваиъул баян», «Манҳалул ҳадис» каби бир қанча дарсликларни олиб кирди.
Манба: oliymahad.uz
Изоҳ қолдириш