АЁЛ-ҚИЗЛАРГА ОИД «МАРВАРИДЛАР ШОДАСИ» КИТОБИ ТАҚДИМОТИ ЎТКАЗИЛДИ

 

2024 йил 26 сентябрь куни пойтахтимиздаги «Шайх Зайниддин» жомеъ масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил қилинган «Марваридлар шодаси» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланган тадбир аввалида сўзга чиққан нотиқлар мазкур янги китоб билан ижодкор ва иштирокчиларни қутлаш баробарида юртимизда аёл-қизларнинг илму маърифатини юксалтириш, уларнинг саломатликларини яхшилаш ва ёш қизларни таълим-тарбия олишлари учун муносиб шароит яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар.

 

Маърифий тадбир давомида мазкур китоб бугунги кунда жамиятимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аёл-қизлар саводхонлигини ошириш, шариатимизнинг аёлларга хос бўлган аҳкомларни содда ва тушунарли тарзда баён этишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Шунингдек, рисоланинг она тилимизга таржима қилиниши ва халқимизга туҳфа этилгани айни муддао бўлганига урғу қаратилди. Бундан ташқари, маърузаларда аёл-қизларга хос тиббий, ижтимоий ва психологик тавсиялар ҳам муҳокама қилинди.

 

Тадбир давомида китоб муаллифи Ҳанафий фиқҳи олими, динимизга кўп йиллардан буён хизмат қилиб келаётган фазилатли шайх Салоҳ Муҳаммад Абул Ҳожнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган видео табриги намойиш этилди. Мазкур китобни таржима қилишда иштирок этган олималар ва «Хадичаи Кубро» мадрасаси устозлари жамоасига миннатдорлик изҳор этилди.

 

Маросимда Хадичаи Кубро мадрасаси ва Тошкент ислом институти устоз ва талабалари, юртимизда фаолият олиб бораётган кўплаб отинойилар, шунингдек, фахрли меҳмонлар иштирок этишди. Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари, фалсафа фанлари доктори, профессор Матлуба Қаҳҳарова, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудираси Моҳира Зуфарова, «Пешқадамлар карвони» муассасаси раҳбари, «Марваридлар шодаси» китоби бош муҳаррири Одинахон Муҳаммад Содиқ ва бошқа қадрли меҳмонлар китобнинг аҳамияти, долзарблиги, аёл-қизлар учун муҳим қўлланма бўла олиши ҳақида нутқ сўзладилар.

 

Тақдимот Қуръони карим тиловати ва Одинахон Муҳаммад Содиқнинг хайрли дуолари билан якунланди.