Андижон ва Наманганда устозлар билан учрашув бўлиб ўтди

3 октябр куни «Азимат», «Устоз», «Жаннатим онам», «Қиблагоҳ» каби китоблар муаллифи устоз Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ва «Аллоҳ таоло сизни эслашини хоҳлайсизми?», «Аллоҳ таоло барака беришини хоҳлайсизми?», «Аллоҳ йўлида дўстлашишни хоҳлайсизми?» каби китоблар муаллифи Абдусаттор Икром билан Андижон ва Наманганда «Дастхат куни» лойиҳаси ўтказилди.

Тадбирнинг биринчи қисми «Hilol-Nashr» нашриётининг Андижондаги дўконида бошланди. Дўкон ҳажми кичик бўлишига қарамай, учрашувга кўплаб китобхонлар ташриф буюришди.

Ҳар иккала меҳмон устозимиз сўнгги чоп этилган китоблари ҳақида қисқача маълумот бериб, мазмунли суҳбат қилиб бердилар. Шундан сўнг китобхонлар учун энг мароқли жараёнлардан бири – муаллифлардан дастхат олишга навбат берилди.

Эслатиб ўтамиз, тадбирларни янада эсда қоларли ўтказишни мақсад қилиб, Қамариддин Бекмуҳаммад бошчилигидаги ташкилий жамоа Тошкентдан водийга етиб боришган эди.

Андижондаги учрашувимиз якунига етгач, устозлар билан биргаликда Намангандаги дўконимиз сари йўлга тушилди.

Наманганда Андижондагидан-да кўпроқ китобхонлар жам бўлишди. Шунингдек, Наманганнинг яна бир суюкли фарзанди устоз Нозимжон Ҳошимжон ҳам суҳбатда иштирок этдилар.

Режага кўра устозларга бирин-кетин сўз берилди. Ўртада китобхонлар ўртасида савол-жавоб ўтказилиб, ғолибларга меҳмон устозларнинг китоблари ҳадъя қилинди. Сўнгра дастхат улашиш вақти бошланди.

Шу тариқа водийда ўтказилган навбатдаги учрашувимиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Аллоҳ таоло бундай тадбирларни бардавом ва манфаатли қилсин!