Усмон НУРИ ТЎПБОШ

 

ЛАЙЛОНИ ИНЖИТМA...

Бир кун Мажнун хасталаниб ётиб қолди. Уни даволаш учун табиб чақиришди. Табиб:

– Томиридан қон олишимиз керак, – дея Мажнуннинг қўлини боғлай бошлади. Қон олиш учун игнага қўл узатган эди, Мажнун дод-фарёд солди:

– Эй табиб, мени тинч қўй. Истаганингча пул ол ва бу ердан кет. Бу хасталикдан ўлсам-да зарари йўқдир. Қон олишдан воз кеч, – деди.

Табиб Мажнундан:

– Сен чўлларда бўкирган арслонлардан қўрқмайсан-у, қўлингга игна санчилишидан қўрқасанми? – деб сўради.

Мажнун бундай жавоб берди:

– Мен наштардан қўрқмайман. Менинг бутун вужудим, борлиғим Лайло билан тўлгандир. Менинг қўлимга игна санчганингда, Лайлони инжитарсан деб қўрқаман. Мен мана шундан таҳликадаман.

Маснавий: «Вужудимда бир исмдан бошқа нарса қолмади. Эй гўзалим, вужудимда сендан бошқа бир борлиқ қолмади. Шунинг учун ҳам сирка асал денгизида йўқ бўлгани каби, мен ҳам борлиғингда шу тарзда йўқ бўламан».

Ёлғизликни фақат ўзига муносиб кўрган Аллоҳ таоло бутун мавжудотларни жуфт-жуфт қилиб яратган. Дунёвий илмлар яқинда кашф этган бу жуфтлик қоидаси бизга ўн тўрт аср аввал илоҳий оятлар орқали маълум қилинган.

Башарий идрок ва завқдан ташқарида бўлган Яратувчи зарраларни, доналарни, ўсимликларни, ҳайвонларни, инсонларни, моддаларни, ҳатто атом ичидаги электрон ва протон каби кўз илғамас жисмларни Ўз қонунига кўра тартибга солган. Бу ҳақида Қуръони Каримда қуйидагича марҳамат қилинади:

«Ер ўстирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан – барчасидан жуфтлар яратган Зот покдир» (Ёсин сураси, 36-оят).

Лекин зоҳир ва ботин нарсаларни қамраб олган жуфтлик қонуни инсонларда энг мукаммал даражасига етгандир. Аллоҳ таоло оилада фикр эгалари учун бир қанча ҳикматлар борлигини шу тарзда марҳамат қилади:

«Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратгани ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйгани Унинг оят (белги)ларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят (белги)лар бордир» (Рум сураси, 21-оят).

Оила қурадиган бир-бирига бегона икки кишининг тақдири азалийнинг дастури натижасида бир-бири билан боғланиши, улар ўртасида пайдо бўлган муҳаббат ва марҳамат муносабатлари жиддий тушунилиши лозим бўлган илоҳий қудратнинг кўринишини ўз ичига олади. Барча мавжудот илоҳий низомга кўра ваҳдат, яъни бирликка интилади.

Мавжудотларнинг энг мукаммали эса инсондир. Кишиларнинг ўзаро муҳаббати ҳам шунга кўра баркамоллик касб этади. Эр-хотиннинг жисмоний ва руҳий яқинлик орқали илоҳий лаззатларни ҳис қилиши охир-оқибатда уларни Аллоҳ таолога яқинлаштиради.

Лайло йиллар ўтиб Мажнуннинг ёнига келади. Мажнун унга эътибор бермайди. Лайло:

– Менинг учун чўлларда саргардон бўлган сен эмасмисан? – деганда Мажнун:

– Бевафо Лайлога қалбимда жой қолмади, – дея жавоб беради.

Мажнуннинг яшашдан асл мақсади бўлган Лайло илоҳий муҳаббат йўлида бир поғона эди, холос. Мажнун ҳақиқатини топишга уринган илоҳий муҳаббат боғида ўз ўрнини топгач, нисбий гўзаллик соҳиби бўлган Лайло аҳамиятини йўқотган эди.

Маснавий ҳикояларининг қаҳрамони бўлмиш Лайло эса охир-оқибатда илоҳий муҳаббатга қайтган ва шахсиятини Ҳақда деб билган илоҳий севгининг тимсолидир. Бошқача айтганда, Лайло кўнгилларни мажнун қилган, жисмоний иродани йўққа чиқарган илоҳий бир ишқнинг уфқидир. Бу маънода Лайлолар билан бошлаган муҳаббат можаролари Мавлода эриб битади.

Лайло бир гўзалдир. Қайс исмли маъшуқини «Мажнун» (телба) номи билан тилларда достон қилади. Лекин у гўзал Лайло эмас, коинот борлиғининг сабабчиси ва Аллоҳ таоло «Ҳабибим» деб атаган муборак зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлса, унга нисбатан муҳаббатнинг қай даражага эришишини тасаввур қила оласизми?

Энди бир қанча мисол ва мисралар билан буни изоҳлашга уринайлик.

Ҳазрати Мавлоно Румийнинг муриди Гуржи хотуннинг қўмондон эри Қайсарига хизматга тайинланади. Гуржи хотун Салжуқли саройининг машҳур мусаввири ва наққоши Айнуд Давлани ҳазрати Мавлононинг расмини яширин чизиб келиш учун унинг ёнига юборади. Лекин мусаввир бор гапни Мавлонога айтиб беради. Ҳазрати Мавлоно кулимсираб:

– Сенга айтилган ишни ўзингга маъқул тарзда бажар, – деди.

Мусаввир Мавлононинг расмини чиза бошлайди. Фақат ҳар чизганида қоғоздаги расм бошқа, қаршисида ўтирган одам бошқача бўлиб чиқаверади. У қоғозини йигирма марта алмаштиради. Лекин барибир Мавлононинг расмини чизишга муваффақ бўла олмайди. Унинг санъати ҳазратнинг қаршисида муз каби эриб кетади. Шунда мусаввир ўзини ҳазратнинг оёғига ташлаб:

– Бир диннинг валийси шундай бўлса, набийси қандай бўлган экан? – деб бу сўзлар орқали ўзининг ҳаяжон ва даҳшатини ифодалайди.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ дунёвий ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тақлид қилиш ишқида яшаб ўтди. Мадинаи Мунавварада бирор марта ҳам отга ёки туяга миниб юрмади. Равзада имомлик қилганда доимо паст овозда гапирар эди. Ўша пайтдаги халифа Абу Жаъфар Мансур баланд овоз билан гапирганда:

– Эй Халифа! Бу маконда баланд овоз билан гапирма. Аллоҳ Ўз огоҳлантиришини сендан фазилатлироқ кишиларга юборди, – деди ва ушбу ояти каримани ўқиди:

«Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Набийнинг овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек, баланд сўзламанг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин» (Ҳужурот сураси, 2-оят).

Бундан ташқари, имом Молик ҳазратлари ўзларига зулм қилган Мадина волийсининг ҳаққини ҳалол этиб:

– Маҳшарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг невараси бўлган бир зотга даъвочи бўлишдан уяламан, – деган эди.

Асад Арбилий ҳазратлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган оташин муҳаббатини ушбу мисраларда нақадар гўзал ифодалаган:

Мумкинми бунча оташ-ла шаҳидий ишқни ғусл қилмоқ,

Жасад оташ, кафан оташ, ҳам оби хўш ғубор оташ...

(Бу қадар олов билан шаҳид бўлган ишқни ювиш мумкинми? Танам оташ ичида, кафаним оташ ичида, шаҳидни ювадиган тотли сув ҳам оташ ичида).

Озарий шоири Фузулий машҳур «Сув» қасидасида дейди:

Сочма, эй кўз, ишқдан кўнглимдаги одлара сув,

Ки, бу денгли тутушан одлара қилмас чора сув.

(Эй кўз, ёшларингни бекорга тўкма, барибир кўнгимдаги оловни сўндира олмайсан).

Аҳмадхон Биринчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ковушларининг нусхасини ясатиб, ундан файз олишга уринган эди:

Ёлғиз тожим каби бошимда кўтарсам доим,

Қадами покини ул Ҳазрати Шоҳнинг расулин.

«Бу ёшдан кейин менга тупроқ устида юриш ҳаромдир», деган буюк ишқ ва важд қаҳрамони саййид Aҳмад Яссавий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан айни тарзда яшаш йўлида абадийлашди. У яшаган тупроқлар бу муборак зот шарафига «Ҳазрати Туркистон», дея аталади.

Вайсал Қоронийга Уҳуд жангида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир тишлари сингани ҳақида хабар келганда, у зотнинг қайси тишлари синганини билмагани учун ҳамма тиши ўзига бегона бўлди. Бутун тишларини олдириб ташлаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлиш завқидан ўзини бахтиёр ҳис этди.

Динор ўғилларидан бир аёлнинг Уҳуд жангида эри, укаси ва отаси шаҳид бўлди. Учовининг ҳам шаҳид бўлганининг хабарини эшитгандан кейин:

«Менга Расулуллоҳни кўрсатинг, у зотни бир кўрай», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргандан кейин:

«Ё Расулуллоҳ, сиз соғ-саломат экансиз, менга қолган фалокатлар ҳеч нарса эмас», деди.

Базми олам Волида Султон:

«Муҳаббатдан Муҳаммад бўлди ҳосил, Муҳаммадсиз муҳаббатдан не ҳосил?» дея руҳ озиғининг фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бўлган муҳаббат эканини гўзал тарзда ифодалаган эди.

Раҳматли устозимиз Ёмон Дада ушбу маснавий мисраларини бизга мовий кўзларидаги ёш билан изоҳлар эканлар, юзларидан нур ёғар эди:

Кўнгил хун бўлди шавқингдан бўяндим, ё Расулуллоҳ!

Бу ҳижронга қандай чидадим, билмайман, ё Расулуллоҳ!

Фироқ йиғлар, висол йиғлар, азал масруринг бўлмаса,

Жамолинг-ла фароқ-нақд айлаки, ёндим, ё Расулуллоҳ!

Тарихда пайғамбарлар ва авлиёларнинг иймон хусусида уларни чўққига чиқарган нарса ҳам инсон фитратидаги қудсий ишқни юксалтган машъаладир. Инсонлар бундай юксалишга руҳий улфат ва Ҳақ дўстларига яқинлашиш билан эришиб, мангулик сирининг илоҳий қалам билан ёзиладиган шоҳномаларидан ўрин олишади.

Инсон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга олиб борадиган Аллоҳ дўстлари билан айни тарзда ҳаёт кечириши учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг дўстларининг кўнгил дунёсидан насибадор бўлиши ва ўзини у зотга тамоман йўналтириши талаб этилади.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорни кутилмаганда қаттиқ титроқ босади. Ёнидагилар олов ёқиб, титроққа барҳам беришга уринишади. Шу пайт хожа билан руҳан бирлашиб кетган бир муриди совуқ сув тўла хандаққа тушиб кетгани учун титраганча хонага киради. Муридга дарҳол қуруқ кийим бериб, иссиқ жойга ўтказишади. Ундан иссиқ ўтгандан кейин Хожа Убайдуллоҳ ҳазратларининг титраши ҳам тўхтайди.

Боязид Бистомий ҳазратлари илоҳий муҳаббатдан шу даража таъсирланар эдики, Яратган учун яратилганларнинг ҳар бирининг изтиробини ўзида ҳис қиларди. Бир кун у зотнинг кўз ўнгида бир эшакни шу қадар калтаклашдики, унинг орқасидан қон оқа бошлади. Шу онда Боязид Бистомий ҳазратларининг болдиридан ҳам қон оқиб туша бошлади.

Булбул сайраётганида унинг хониши қаршидаги тоғдан акс-садо беради. Улфатимиз қанчалик бўлса, яқинларимиз ҳам шунчалик бўлади.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга бир киши у зотни жуда қаттиқ севишини айтишади. Ҳазрати Алий «Тўғри, мен уни севганим каби у ҳам мени севади», дея жавоб беради. Яъни руҳан умумлашиш вужуддан жой олган юракдаги ишққа бегона эмасдир.

Муҳаққақки, инсон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан руҳий титрашларни ҳис этса ва бу орқали руҳини ташқи дунёга оид барча ҳислардан қутқара олса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир хил ҳаёт тарзини яшайди.

У зотни ҳеч ким том маънода таърифлай олмаган. Яратилиш ҳикматини ҳам тўлиқ таний олмайди. Жаброил алайҳиссалом ҳам сидратул мунтаҳода: «Мен охирги чегарадаман. Сиз давом этинг», деган эди.

Саҳобалардан ҳар бири ўз истеъдоди даражасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳиятини ҳис этарди. Ўз виждонининг дарчасидан уни томоша қила оларди. Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиймоси шунчалик порлар ва нур сочар эдики, юзлари ўн тўрт кунлик ой каби бўларди. Юзларининг ёруғлигидан кечалари игнага ип ўтказа олар эдим», деган эди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзида энг кўп ҳис қилган ва ҳақиқати Муҳаммадияга эришган Абу Бакр розияллоҳу анҳу эди. У муҳаббат оловининг ичида куйган жигарининг ҳиди билан яшаб ўтди. Фахри коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳаётларининг сўнги онларида: «Барча эшикларни ёпинглар, фақат Абу Бакрнинг эшиги очиқ қолсин», деган эдилар.

Ҳазрати Мавлоно: «Икки дунё бир кўнгил учун яратилгандир. «Сен бўлмаганингда бу коинотни яратмаган бўлур эдим» ҳадисининг маъносини тушунинг», деган эди.

 

Муҳаммад ҚОБИЛ

таржимаси


«Ҳилол» журналининг 12 (33)-сонидан