«Hilol-Nashr»нинг 15 йиллиги: маърифат ва зиё таратиб

Китоб ва мутолаа — ҳар бир жамиятнинг маънавий юксалиши, илмий ва маданий савиясини белгилаб берувчи энг муҳим омиллардан биридир. 2026 йил 10 октябрь куни «Hilol-Nashr» матбаа-нашриёти ташкил этилганининг 15 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳридаги «Dream Park» хиёбонида («Ғафур Ғулом» боғида) байрам тадбири ўтказилди. Унда юртимизнинг пешқадам устозлари, зиёлилар, илм аҳллари, азиз меҳмонлар ва китобхонлар иштирок этиб, нашриётнинг 15 йиллик фаолияти сарҳисоб қилинди. Нашриёт ташкил этилганидан буён 13 миллиондан ортиқ нусхада китоблар чоп этилиб, китобхонларга етказиб берилди. Нашриётдан 800 дан ортиқ номдаги турли мавзу ва йўналишдаги сара асарлар ўрин олган бўлиб, 50 дан зиёд муаллифлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Китоблар мамлакатимиз бўйлаб 100 дан ортиқ ҳамкор дўконлар, шунингдек, хорижий филиаллар орқали тарқатилмоқда. Бугунги кунга қадар 250 мингдан зиёд онлайн буюртмалар ўз эгаларига етказилган. «Hilol-Nashr» нашриёти 2018 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Мусҳафи шарифни чоп этиш бахтига муяссар бўлди ва уни тан нархида халқимизга тақдим этди. Шу йилдан буён 500 мингдан зиёд Қуръони Карим 7 хил турда ва ҳар хил ўлчамда юқори сифатда чоп этилди.
Китоблар мамлакатимиз бўйлаб 100 дан ортиқ ҳамкор дўконлар, шунингдек, хорижий филиаллар орқали тарқатилмоқда. Бугунги кунга қадар 250 мингдан зиёд онлайн буюртмалар ўз эгаларига етказилган. «Hilol-Nashr» нашриёти 2018 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор Мусҳафи шарифни чоп этиш бахтига муяссар бўлди ва уни тан нархида халқимизга тақдим этди. Шу йилдан буён 500 мингдан зиёд Қуръони Карим 7 хил турда ва ҳар хил ўлчамда юқори сифатда чоп этилди.
Тадбирда илк бор 2012 йилларда пойдевори қўйилган ва 2014 йилда тўлиқ шаклланган «Hilol eBook» иловасининг бугунги кундаги имкониятлари, ўқувчилар учун қулай ҳолда хизмат қилаётгани ҳақида маълумот берилди. Ушбу иловада фойдаланувчиларга 600 дан ортиқ электрон ва аудиокитоблар, хусусан, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ўзбек ва рус тилларидаги асарлари тақдим этилган.
Байрам тадбирини журналист Жамшид Умрзоқов олиб борди. Тадбирда сўзга чиққан устоз Исмоил Муҳаммад Содиқ домла ўз нутқларида байрамга ташриф буюрган азиз меҳмонларга ташаккурларини изҳор қилиб, ўтган 15 йил мобайнида нашриёт томонидан амалга оширилган кўрсаткич ва ютуқлар ҳақида маълумот бердилар. Ушбу хайрли ишларда хизмат қилган барча ходимлар, муаллифлар, матбаа ишчилари ва китобхонларга миннатдорчилик билдириб, хайрли тилакларини изҳор этдилар.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, профессор Шерзодхон Қудратхўжа сўзга чиқиб, нашриёт фаолияти ва шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросига юксак баҳо берди.
Меҳмон ўз сўзида Имом Бухорий, Марғилоний ва Термизий каби буюк аждодларимиз йўлини давом эттирган шайх ҳазратларидек улуғ олим билан бутун ислом олами ва ўзбек халқи фахрланиши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳазратнинг илм-маърифат ва китобхонлик йўлидаги хизматларини чуқур ўрганиш зарурлигини билдирди.
Сўзида давом этиб: «13 миллион китоб дегани — 13 миллион хонадонга исломнинг нури, ҳидоят сўзи киргани, миллионлаб инсонлар маърифатдан баҳраманд бўлганидир. Бизнинг салоҳиятимиз эса бундан ҳам юқори — 100 миллионлик китоб ададларига ета олади», дея таъкидлади.
Шунингдек, Шерзодхон Қудратхўжа журналистика ва олий таълим муассасаларида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бой илмий меросини оммалаштириш, «Hilol-Nashr» нашриёти билан ҳамкорликда янги китобларни чоп этишда камарбаста эканини билдириб, нашриёт жамоасини байрам билан қутлади.
Меҳмонларнинг сўзга чиқишлари орасида Янги Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш қай босқичга кўтарилгани, юртимизда бу борада Президентимиз томонидан эълон қилинган «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори», эълон қилинган ҳукумат қарорлари ва ўтказилган турли танловларнинг юксак натижалари ҳақида ҳикоя қилувчи видеолавҳа намойиш этилди.
Байрам тадбирида сўз олган устоз Муҳаммад Айюбхон Косоний нашриётнинг босиб ўтган йўли ва шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий мероси ҳақида фикр билдирдилар. Устоз ўз нутқларида ўтган 15 йил давомида эришилган 13 миллионлик адад ва бошқа муваффақиятлар холис ният ва фидокорона меҳнат самараси эканини эътироф этиб, шайх ҳазратларининг бошлаган хайрли ишлари бугун ҳам муносиб давом этаётганини юқори баҳоладилар ҳамда нашриёт жамоаси фаолиятига муваффақият ва барака тиладилар.
«Hilol-Nashr» нашриётининг 15 йиллигига бағишланган тадбирда устоз Аброр Мухтор Алий домла сўзга чиқиб, нашриёт асосчиси, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг илмий фаолияти ва чоп этилган китобларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Устоз Аброржон домла ўз сўзида шайх ҳазратларининг китоблари мураккаб даврларда халқимизнинг эътиқодий ва фикрий бўшлиғини тўлдиришда, ихтилофларнинг олдини олишда муҳим қалқон бўлганини таъкидлади. Шайх ҳазратларининг китоблари орқали жамиятга динимизнинг соф ақидаси ва одоб-ахлоқ мезонлари сингдирилганини айтиб ўтдилар.

Шунингдек, «Hilol-Nashr»нинг 15 йиллик фаолияти давомида минтақада диний-маърифий адабиётлар нашри бўйича юксак даражага эришганини, ҳазратнинг илмий меросини асраб-авайлаш, ёш авлодга етказишда улкан хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этиб, миллатнинг ривожланиши китоб билан, илм-маърифат билан бўлишини айтиб ўтдилар ҳамда нашриёт жамоасига миннатдорчилик билдирдилар.

Байрам тадбирида шайх ҳазратларининг архив видеолавҳалари орқали китоб ўқишга тарғиблари, китобларни чоп этишда эса сифатли, мазмунли ва гўзал ҳолда бўлишига юксак талаблари ва хайрли дуолари ёдга олинди.
Файзли байрам тадбири доирасида нашриёт тарихига ва шайх ҳазратларининг илмий меросига бағишланган «Бадр» номли ҳужжатли фильм намойиш этилди, шунингдек, «Тафсири Ҳилол» ҳақида махсус ҳужжатли фильм тайёрланаётгани айтилди. Ушбу фильм асосида тайёрланган махсус видеолавҳа тақдим қилинди.
Бундан ташқари, шайх ҳазратларининг ҳали чоп этилмаган қўлёзмалари устида иш олиб борилаётгани ва улар ҳам босқичма-босқич китобхонларга тақдим этилиши маълум қилинди.

Байрам тадбирининг биринчи қисми Қуръони Карим тиловати ва юртимиз равнақи, халқимиз маънавияти ҳамда китобхонлик маданиятининг янада бардавом бўлишини сўраб қилинган хайрли дуолар билан якунланди.
Тадбирнинг иккинчи қисми очиқ мулоқот, савол-жавоб ва викториналар шаклида давом этди. Китобхонлар шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарлари «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт» туркуми, одоб-ахлоққа оид китоблар бўйича берилган қизиқарли саволларга жавоб бериб, қимматбаҳо тўпламлар ва эсдалик совғаларини қўлга киритдилар.

Байрам муносабати билан нашриёт китобларига 15 фоизлик, «Hilol eBook» иловасининг йиллик обунасига эса махсус 30 фоизлик чегирма эълон қилингани маълум қилинди.