
«Hilol Nashr» нашриёти Абу Дабидаги халқаро кўргазмада қатнашяпти
Абу Даби шаҳрида 25 апрелдан буён дунёнинг 96 мамлакатидан келган 1 400 дан ортиқ нашриёт, китоб савдо ташкилоти ва адабиёт соҳаси вакиллари иштирокида 34-халқаро китоб кўргазма-сайли ўтказилмоқда. Ушбу нуфузли тадбир китобхонликни тарғиб қилиш, адабий алоқаларни ривожлантириш ҳамда турли халқлар маданияти ва адабиётини яқиндан танитиш мақсадида ташкил этилган. Кўргазма 5 майгача давом этади.
Мамлакатимиз кўргазма стенди хорижий иштирокчилар ва меҳмонларда катта қизиқиш уйғотяпти. Кўргазма доирасида Ўзбекистон вакиллари хорижий нашриётлар ва адабий ташкилотлар, жумладан, Бирлашган Араб Амирликларидаги нашриёт, ёзувчи ва адабий агентликлар билан қатор учрашувлар ўтказди. Бу учрашувлар давомида тажриба алмашиш, ўзбек адабиётини хорижий тилларга ҳамда чет эл адабиётини ўзбек тилига таржима қилиш, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва ижодкорлар билан бевосита мулоқот қилиш масалалари муҳокама қилинди.
«Hilol Nashr» нашриёти ҳам мусҳафлар ҳамда «Тафсири Ҳилол», «Олтин силсила» каби тўпламларни кўргазмага қўйган. Шу билан бирга, кўргазмада намойиш этилган хорижий нашриётларнинг энг сара, долзарб мавзудаги китоблари ўрганиляпти. Юртимиздаги ноширлар бу китобларни ўзбек тилида чоп этиш бўйича режалар тузиб, ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилишяпти.
Изоҳ қолдириш