«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобининг тақдимоти ўтказилди

 

Бугун «Ҳилол Нашр» нашриётининг мажлислар залида Урдун Халқаро исломий илмлар дорилфунунининг доктори шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратларининг қаламларига мансуб «Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобининг тақдимоти ўтказилди.

 

Бу китоб тўрт мазҳабнинг, хусусан, ҳанафий мазҳабининг аҳамиятини, унинг Ислом уммати, мусулмонлар ҳаётида тутган ўрнини кўрсатиб беради. «Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китоби – Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг фиқҳини, манҳажини ўрганиш, динимизни ўрганиш сари қўйилган муҳим қадамдир. Китобда ҳанафий мазҳабининг тарихи, шаклланиши ва моҳияти баён қилинган, айни пайтда асримизнинг вабоси бўлган фитнага – мазҳабсизликка қарши ақлий ва нақлий, илмий асосланган, аниқ ва ишончли далиллар келтирилган. Халқимиз асрлар давомида амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабига билиб-билмай туҳмат тошлари отилаётган, мазҳабга эргашувчилар Қуръону Суннатга эмас, бир шахсга кўр-кўрона эргашишда ноҳақ айбланаётган бугунги кунда «Ҳанафий фиқҳига теран нигоҳ» китобининг чоп қилиниши давр тақозоси ўлароқ, айни муддао бўлди.

 

Тақдимотда китоб муаллифининг ўзлари ҳам қатнашиб, китоб ҳақида ва ҳозирги пайтда долзарб бўлиб турган мазҳаб тушунчаси, шунингдек, ҳанафий мазҳаби ҳақида керакли маълумотларни бердилар.

 

Шунингдек, тадбир давомида шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари ўзларининг яна бир китоблари «Марваридлар шодаси» ва шайх Абдулғоний Нобулсийнинг қаламларига мансуб «Кифоятул ғулом» китоби ҳақида ҳам мухтасар маълумот берилди.

 

Тақдимот Қуръони Карим тиловати ва хайрли дуолар билан якунланди.

 

Маълумот учун, «Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» асари 2024 йилнинг ноябр ойида сотувга чиқиши режа қилинган.