«Бу дунёда дўстларингиз ким?» дейишса, «Мискинлар» дейман!

Чорсу бозори ёнидаги ер ости йўлида бир эр-хотин ўтиришади. Ёнларида тарози. Тиланчиликни касб қилгандан кўра имкони борича меҳнат қилиб, кун кўришга уринаётган инсонларнинг мен учун қадри баланд. Ўғлимга «Кел, ўғлим, тарозида ўзимизни тортириб кўрамиз», деб қўлидан етакладим. Ўғлимнинг вазнини айтишгач, икки киши учун пул узатдим. Бу жуфтликка Аллоҳ таоло тил билан гуноҳ қилмаслик неъматини ато этган экан, гапиришолмас экан. Устига-устак фақат ўзлари ҳақдор бўлган нарсага эгалик қилишни билишаркан. Ёнларидаги қоғозга «1000 сўм» деб ёзиб қўйишибди. Ўзим ҳам чиқаман-ку деган ўйда икки киши учун пул узатсам, «Ортиқча пулингиз керак эмас» дегандек ишора қилишяпти. Инсоннинг ҳалолга интилишини кўрсангиз, қалбингиз яйрар экан. «Мени ҳам тортинг тарозингизда», дедим. Аёл жилмайиб «Бунча озғинсиз, кўпроқ овқат енг» деб имо-ишора қиляпти. Ичимдан минг ўй ўтди: «Кошки, гуноҳларим ҳам вазнимдек енгил бўлса... Кўпроқ овқат еб нима қиламан, шундоғам мискинларнинг ҳаққидан қўрқмайдиганлар етарли». Ичимдаги ўйлардан фарқли ўлароқ аёлнинг беғубор табассуми таъсирида хандон отиб кулиб юбордим.

Хаёлимдан гўзал ҳадис ўтди: «Ҳисоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ҳисоб қилинг. Ўлчанишингиздан аввал амалларингизни ўлчанг» (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Муборак, Имом Аҳмад Умар розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолда ривоят қилганлар).

Бугун ҳеч бўлмаса, хонадонларига битта иссиқ нон киришига бизни сабабчи қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Қодир қилиб қўйганига шукр. Алҳамдулиллаҳ! Ер юзидаги муҳтожларнинг эшиклари ҳар бир гуноҳкор қул учун бир имкон эшигидир...

Дилбар РАЖАБОВА