Биз нега бефарқмиз?
“Виртуал олам болалари” номли китобчани бир ўқишда якунладим. Дастлаб унга бошқача сарлавҳа қўйдим: “Вертикал олам фожеалари”.
Бу китобни бошқача ном билан аташ мумкин эмас. Сарлавҳадан сўнг ўзимга ўзим савол бердим: “Биз − катталар, таълим-тарбия хусусида, бахтли болалик ҳақида тинмай бонг урадиган ёзувчи, журналист, маърифат тарғиботчилари, яна қанча-қанча омон бўлгур мураббийлар, нима иш билан машғулмиз ўзи, қаёққа қараяпмиз? Ота-оналик бурчимизни унутиб қўймадикми? Болаларимизнинг хоҳиш-истакларини керагидан ортиқ даражада бажараяпмиз, нима деса, муҳайё қилаяпмиз, аммо уларнинг маънавий эҳтиёжига эътибор бераётганимиз йўқ.
Шундоққина кўз олдимизда болалар ғайриахлоқий тарбия олаётганига, ким бўлиб етишаётганига нега бефарқмиз? Дунёбузарлар оила деб аталмиш муқаддас бирлашмага дунё миқёсида уруш эълон қилиб, ўндан ортиқ давлатларда бир жинслиларни оила бўлишига рухсат берилгани, яна 6 – 8 давлатда бу “масала” парламентлар муҳокамасига қўйилгани етмаганидек, ўз болаларимизни ўзимиз маънан майиб-мажруҳ қилаётганимизни наҳотки сезмаётган бўлсак?
Китобдаги ҳаётий лавҳаларни ўқиб, саросимага тушиб қолдим. Тафсилоти бадиий бўёқларда берилган воқеаларнинг (аслида воқеа эмас – етилиб турган фожеаларнинг) бирортасини инкор қилиб бўлмайди.
Ҳаммаси бор воқеалар, аччиқ, аянчли ҳақиқатлар.
Бугун оилага, демакки, жамиятнинг маънавий пойдевори, ўқ илдизларига ҳужум “сериал” деб номланган офат ниқобида кун сайин авж олмоқда. Виртуал олам ўз исканжасига тушган болалар яна саккиз-ўн йилдан кейин оила қуриш ёшида бўладилар. Муҳтарам зиёлилар, миллат қайғусини қиладиган уйғоқ мунавварлар, аҳли қаламлар, сиз бу бўлажак оилаларнинг қандай бўлишини тасаввур қила оласизми? Мен тасаввур қила олмай қолдим бу китобчани ўқиб. Бир вақтлар, қўшни Афғонистонга совет қўшинлари киритилганида, оналар, ҳа-ҳа, бошқалар эмас, айни Оналар ўғил болаларининг вояга етишини бироз секинлаштириб туришни Оллоҳдан илтижо қилган эдилар, нечгаки, вояга етган болалар Афғонистонга жўнатиларди.
Китобчани ўқиб шу воқеа ёдимга тушди. Бошқалар қатори, менинг ҳам набираларим вояга етмоқда. Биз уларни қайси дунёга, қайси қадрият ва қайси имониятга тайёрламоқдамиз. Моддий бойлик исканжасида кун сайин ёвузлашиб бораётган дунё (бу менинг иборам эмас, халқаро Давос форумида айтилган фикр) уларни жоҳилиятга етакламайди, деб ким кафолат беради?
Шу тўғрида ўйлашимиз зарур.
Ҳали ҳам вақт бор.
Фикримча, бу китобча вояга етаётган азиз фарзандларини комил инсонлар бўлиб тарбияланишини хоҳлайдиган ҳар бир ота-онанинг қўлида бўлиши керак.
Аҳмаджон Мелибоев
1 Изоҳлар
Salom
Изоҳ қолдириш