«Кифоятул ғулом»
(Исломнинг беш рукни)
Сўзбоши
Бандаларига Исломни дин дея рози бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
«Ислом беш нарса устига бино бўлган», дея марҳамат қилиб, ушбу рукнларни умматига баён этиб берган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин!
Расулларидан олган таълимотларни у зотдан кейин бутун умматга етказган саҳобаларга, тобеъин ва табаъа тобеъинларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин!
Анбиёларга меросхўр бўлган барча уламоларга, фуқаҳоларга, алалхусус, ҳанафий мазҳаби фақиҳларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!
Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсинки, ҳанафий мазҳабимизнинг машҳур уламоларидан бўлмиш Саййид Абдулғоний Нобулсий ибн Саййид Исмоил Нобулсий ҳазратларининг «Кифоятул ғулом» номли машҳур манзумаларини таржима қилиб, шарҳлаш шарафига муяссар бўлиб турибмиз.
Асарнинг номидан кўриниб турганидек, бу китоб динимизнинг беш рукнини ўрганиш учун кифоя қилгудек ихчам, лўнда ва осон тарзда, ёш болаларга ёдлатиш учун назмий услубда ёзилган. Шу сабаб биз унинг ўзбекча номини «Исломнинг беш рукни» деб атадик. Ушбу манзума гўзал муқаддимадан, 151 байт ҳамда хотимадан иборат. Унда асосан Исломнинг беш рукни – калимаи шаҳодат, намоз, рўза, закот, ҳаж ибодатлари ҳамда уларга оид ҳукмлар баён қилинган.
Муаллиф манзумани «Ёш болалар учун кифоя» деб атаган бўлса-да, у фиқҳ илмини бошланғич босқичда ўрганаётган ҳар қандай ёшдаги кишилар учун ҳам айни муддаодир. Исломнинг рукнларини, фиқҳ илмини илк бор ўрганмоқчи бўлганлар ушбу манзума ва унинг шарҳи билан кифояланишлари, кейин бошқа босқичларга ўтишлари тавсия қилинади. Шу боис мазкур қўлланмани таълим муассасаларида бошланғич босқичдаги толиби илмлар учун ўқув дастурига киритиш ҳам мумкин. Зеро, буни кўпчилик устозлар тавсия қилишган, кўплаб мусулмон юртларда бу асар бошланғич дарсликлар қаторига киритилган.
Айни пайтда бу китобдан фойдаланишни мустақил ўрганувчиларга ҳам тавсия қилиш мумкин, чунки китобнинг тили осон ва равон бўлиб, у оила даврасида ўқиб-ўрганилиши, ота-оналар уни фарзандларига ўқиб беришлари, ўргатишлари ҳам мақсадга мувофиқдир.
Асарнинг асл шаклидаги руҳиятни сақлаб қолиш мақсадида таржима ва шарҳ асносида аввал асл арабча матнни келтириб, толиби илмлар яхши ўзлаштириши учун унинг сўзма-сўз ўзбекча таржимаси ҳам берилди, сўнг байтнинг ўзбекча маъно таржимаси ҳам назмга солинди. Сўнг ҳар бир байт кенгроқ шарҳ қилиниб, ундаги аҳком ва масалалар келтириб ўтилди. Ўқувчилар учун нотаниш бўлиши мумкин бўлган айрим сўз ва ибораларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳам зикр қилинди. Асар бошланғич босқичга мўлжаллангани учун шарҳни ҳам енгилроқ беришга ҳаракат қилинди, қўшимча изоҳ ва ҳаволалар билан оғирлаштирилмади.
Манзума имкон қадар енгил усулда ёзилгани учун унда Исломнинг беш рукнига оид барча масалалар тўлиқ берилмаган. «Туҳфатул атфол» китобида тажвиднинг ҳамма қоидалари келтирилмаганидек, бу асарда ҳам барча мавзуларни тўлиқ қамраб олиш мақсад қилинмаган.
Ўқувчиларни муаллиф билан таништириш мақсадида китобнинг аввалида у зотнинг таржимаи ҳоли берилди. Шунингдек, манзуманинг арабча ва ўзбекча матнларини ёдлаш осон бўлиши учун улар алоҳида матн қилиб ҳам тақдим қилинди.
Исломий илмларни ўрганишни бошлаётганлар беш рукнни яхши билиб олишлари учун асарнинг арабча матнини ёдлашни тавсия қиламиз. Сўнгра унинг маъноларини ҳам тушуниш, аҳкомларига амал қилиш мақсадида сўзма-сўз таржима ҳамда ўзбекча назмдан ҳам фойдаланиш мумкин. Матнни яхшилаб ёд олиб, шарҳларни такрор-такрор ўқиб, мустаҳкам ўзлаштирган талаба исталган пайтда матнни эслаб, унга таянган ҳолда мавзуга алоқадор ҳукмларни, фиқҳий қоидаларни ёдга олиши осон бўлади, бирор мавзу зикр қилинса, шу ҳақдаги байтлардан иқтибос, шарҳлардан далил келтириши ҳам мумкин бўлади. Манзуманинг арабча матни ҳам, ўзбекча назми ҳам ёд олинса, нур устига нур бўлади. Зеро, илмни мана шундай услубда ўрганиш буюк аждодларимиздан бизга меросдир.
Фурсатдан фойдаланиб, бу ожизона меҳнатимизни эътироф этиб, вақтларини аямай, тақдим ва тақризлар ёзиб берган улуғ устозларимизга ташаккуримни билдираман, Аллоҳ мартабаларини янада юксак қилсин!
Шунингдек, манзуманинг таржимасини ниҳоятда тез ва гўзал тарзда назмга солиб берган биродаримиз моҳир шоир Тўлқин Азимга алоҳида ташаккурларимни изҳор қиламан. Аллоҳ таоло солиҳ амалларига, вақтларига баракот берсин!
Айни пайтда, барча таржима ва таълифотларда камина билан баробар меҳнат қиладиган муҳарриримиз Барно Саидраҳмонга ҳам самимий ташаккуримни изҳор қиламан, Аллоҳ таоло кўп йиллар барча хайрли ишларимизда камарбаста бўлишларини насиб айласин!
Шунингдек, бу ишга холис ҳисса қўшган биродаримиз Абдуллоҳ Раҳимга ҳам ташаккурлар айтаман. У кишига манфаатли илм ато этишини, хусусан, фиқҳ илмида юксак чўққиларни забт этишларини насиб қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуолар қиламан.
Шариат ходимаси
Одинахон Муҳаммад Содиқ
Муаллиф: Шайх Абдулғоний Нобулсий
Таржимон: Одинахон Муҳаммад Содиқ
Нашриёт: «Hilol nashr»
Сана: 2024 йил
Ҳажми: 296 бет
ISBN: 978-9910-731-34-1
Бичими: 84×108 1/16
Муқоваси: юмшоқ
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг 2023 йил 07 ноябрдаги 03-07/8232-рақамли ҳамда 13 ноябрдаги 03-07/8374-рақамли хулосалари асосида тайёрланди.
Мундарижа
Тақдим
Сўзбоши
Муқаддима
Шаҳодат тақозо қиладиган масалалар
Намоз ҳақидаги фасл
Закот бериш ҳақидаги фасл
Рўза ҳақидаги фасл
Қодир бўлган одамнинг Байтуллоҳни ҳаж қилиши ҳақидаги фасл
Фойдаланилган манбалар
«Кифоятул ғулом» (Исломнинг беш рукни)
- Нашриёт: «Hilol Nashr»
- Маҳсулот коди: 4983
- Сотувда: Мавжуд
-
49 000 сўм
Ўхшаш маҳсулотлар
Kifoyatul g'ulom, Islomning besh rukni, Odinaxon Muhammad Sodiq, Одинахон Муҳаммад Содиқ, Шайх Абдулғоний Нобулсий, Shayx Abdulg'oniy Nobulsiy