Шайх Зоҳиджон Қодиров – муфтий муовини (1990 – 1992), шайх ҳазратларининг сафдоши хотираларидан


Устоз Зоҳиджон Қодиров 1951 йилнинг 28 декабрида Қозоғистоннинг Чимкент вилояти Сайрам туманидаги Самарқанд қишлоғида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатиб, 1969-1973 йилларда Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида таҳсил олди. 1975-79 йилларда Тошкентдаги Имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳадида ўқиб, уни имтиёзли диплом билан тамомлади. 1979-1982 йилларда Триполидаги исломга даъват дорилфунунида таҳсил олиб, шариат факультетини имтиёзли якунлагач, 1987 йилгача Тошкент ислом олий маъҳадида дарс берди. 1987 йилда Олий маъҳад проректори, 1989 йилда ректор этиб тайинланди. 1990-1992 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раисининг муовини вазифасида хизмат қилди. 1993 йилдан яна Тошкент Ислом олий маъҳади ректори лавозимида хизматни давом эттириб, тафсир, ислом тарихи ва адабиёт фанларидан дарс берди. 2001-2022 йиллар мобайнида Кувайт давлатининг Тошкентдаги элчихонасида таржимон бўлиб хизмат қилди.



1989 йилда Горбачёвнинг янги – ошкоралик сиёсатидан унумли фойдаланиб, насроний ва яҳудийлар ибодатхоналарини очиш ва фаолиятларини кенгайтиришга ҳаракат қилишганди. Аммо ўша пайтда Ўрта Осиё мусулмонлари идораси раҳбарияти Собиқ Иттифоқнинг узоқ йиллик сиёсати остида ҳаёт кечирганидан ўз диний соҳасида ижобий ўзгартиришлар қилишга журъат қила олишмаган. Бундан норози бўлган халқ 1989 йилда Ҳастимом масжиди ҳамда ҳозирги Мустақиллик майдони атрофига йиғилиб ҳукумат раҳбарларига ўз талабларини қўйишган. Ҳазрат раҳимаҳуллоҳ ўша вақтда Олий маъҳад – Ислом институтида мудир бўлиб ишлардилар. Оддий халқ у кишининг фаолиятлари давомида таълим соҳасида анча ислоҳотларни амалга оширганларидан хабардор эдиШу сабабдан ҳам улар, Ўрта Осиё республикалари намояндалари ва имомлар ушбу масъулиятли мансабга  муфтийликка ҳазратни лойиқ деб топиб, бир овоздан қурултойда у кишининг номзодини сайлаганлар.


Собиқ Иттифоқ даврида ҳам Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар идорасининг 80 та мусулмон давлатлари билан алоқалари бўлган. Аммо буларнинг фаолияти ҳазрат муфтий этиб сайланганларидан кейин янада кенгайди, хориж давлатларининг расмий делегациялари келиши йўлга қўйилди, ўзаро хат алмашинув кўпайди. Шундан сўнг тақсир менга (ўша пайт мен у кишининг ўрниларига Олий Маъҳадга ректор этиб тайинланган эдим)  чет эл билан алоқаларни мустаҳкамлаш, мусулмон давлатларга бизнинг юртимизда бўлаётган ислоҳотларни таништириш, етмиш йил панжара ортида яшаган мусулмонларнинг бағрига ҳам шамол текканини билдириш учун Диний идоранинг халқаро бўлими фаолиятини ривожлантириш мақсадида бир неча чет тилини биладиганлар билан у ерга ўтишимни илтимос қилдилар.


Муфтийлик йилларида мусулмончиликни ривожлантириш, халқни замон билан ҳамнафас ҳаёт кечириши керак деб қаттиқ интилар ва бунга қўлдан келган имконият ва қулайликларни яратиб бериш учун тиним билмасдилар. Имом-хатибларни фаолиятини ислоҳ қилиш, уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, замон тараққий этаётган бир вақтда халқ муҳтож, унга зарур масалаларни муолажа қилишлари учун уларни хорижга таълим олиш учун юборишни йўлга қўйдилар. Юздан зиёд имомлар Миср, Покистонга, маъҳад талабалари эса Мисрга ҳамкорликда ўқишга юборилган. 1992 йили Ўзбекистонга талабаларни илм олишига ҳомийлик қилувчи Абдулазиз Бапкин ташриф буюрган эди. Ўшанда 10 нафар талаба унинг ҳисобидан ўқишга Мисрга юборилди.
 Шунингдек, ҳазрат масжидлар қошида кутубхоналар ташкил қилиб, уларни замонавий олимларнинг китоблари билан таъминлашни йўлга қўйганлар. Кутубхоналарга уч юздан ортиқ қутида Мисрдан китоб келтирилган эди. Ўн бир вилоятга имомларнинг узоғини яқин қилиш мақсадида фойдаланишлари учун автомашина келтирганлар.


Талабаларни етарли шарт-шароит билан таъминлаш мақсадида ҳукуматнинг рухсати билан Мир Араб мадрасаси ва Олий Маъҳадда икки юз кишилик ётоқхона ва дарсхона қурилиши бошланган эди. Бу Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликда молиялаштирилган. Ҳазрат хорижга чиққанларида доим Ислом жамғармалари, хайрия ташкилотлари билан шундай манфаатли ишларни ҳамкорликда йўлга қўйиш тадоригида бўлар эдилар.


Бундан ташқари ўша йиллари ҳар бир вилоятда мадраса очишга ҳаракат қилдилар. ХоразмАндижон ва Наманган, Термиз, Қорақалпоғистонда очилди. Фарғонадаги мадраса кейинчалик беркилди.  Ҳазрат вилоятдан келиб мадрасада ўқиш машаққатларини билар, шу сабабдан ҳам вилоятларнинг ўзида бундай таълим даргоҳларини очишни маъқул кўрдилар. Мадрасанинг унда таҳсил оладиган толиблардан ташқари, маҳаллий аҳолини ҳам илмга жалб қилишда таъсири катта бўлади, деган мақсадда бунга ҳаракат қилгандилар...


Охирги пайтлар ҳазрат билан ҳар жума куни кўришар эдик. Илмий суҳбатлар қилар, хорижга бўлган сафарлари ҳақида сўзлар ва турли давлатлардаги бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабатларини билдирардилар. Чуқур қайғу ва кўп афсус билан мусулмон давлатларни халқи ичидаги ихтилофлар емираётгани, Исломнинг моҳиятини тушунмаган ёшларнинг турли оқимларга қўшилаётганининг асосий сабаби эса баъзи шайхлар ва мутаассиб тоифаларнинг нотўғри йўлга, жиҳод деб бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкишга тарғиб қилаётгани эканини гапирар эдилар. Бунинг ўрнига ёшларни илм-маърифатга йўллаб қўйса, улар чет элларда ўқиб тажриба алмашиб, ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишишга, Ислом шаънини кўтаришга ҳаракат қилсалар, деб ичлари ачишиб сўзлар эдилар.  Инсоннинг қадри оламдан ўтганидан кейин билинар экан. Аллоҳ раҳматига олсин. Издошлари сони кўпайиб, у кишининг ишларини давом эттиришларига Яратганнинг Ўзи куч-қувват ато қилсин.


Флюра УМУРЗОҚОВА оққа кўчирди