«Руҳий тарбия» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди


Қардош қозоқ тилига таржима қилинган «Руҳий тарбия» китобининг «Покланиш» номли биринчи жузи тақдимоти ҳақида хабар қилгандик. Алма-ата шаҳридаги Нур Муборак университетида янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотга уламолар, аҳли илм устозлар, маърифий соҳа мутахассислари ва китобхонлар ташриф буюришди.

Таржима ишига раҳбарлик қилган Оралхан Сайдманов тақдимот маросимига ҳам бош-қош бўлиб, меҳмонларни хурсандчилик билан қаршилади.

Қуттиқиз ҳожи ая китобнинг таржима қилиниш тарихи, иш жараёнлари билан ўртоқлашиб, асарнинг муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтди.

Тадбирга ташриф буюрган муҳтарам меҳмонлардан бири устоз Эрлан Акатаев руҳий тарбия ҳақида, унинг бугунги кундаги аҳамияти нақадар муҳимлиги борасида сўз очиб, керакли тавсия-насиҳатлар берди.
Китоб муаллифи фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг шогирди устоз Рисқулбек Каримбеков эса замонамиздаги руҳий инқирознинг сабаблари ҳақида ва уларнинг ушбу китоб орқали муаммоларга жавоб топиш мумкинлиги ҳақида маъруза қилди.