Асмо бинт Хорижанинг чимилдиққа кириб кетаётган қизига насиҳати:

«Қизгинам! Қадрдон уйингни, туғилиб-ўсган хонадонингни тарк этиб, янги хонадонга кўчиб ўтяпсан. Ота-онанг, жигарларинг, яқинларингни ташлаб, янги қариндошларинг ҳузурига боряпсан.

Қизгинам! Куёвимга қандай муносабатда бўлишинг кераклигини айтаман, жон қулоғинг билан эшитиб, бир умр амал қилгин:

Сен унинг учун бешик бўлгин, шунда у сенга устун бўлади.

Сен унинг учун ер бўлгин, шунда у сен учун осмон бўлади.

Сен унга чўридек бўлгин, шунда у сенга қулдек бўлади.

Унинг кўзига, қулоғига ва бурнига ёқмайдиган нарсадан узоқ бўлгин».

Келинг, бу насиҳатларни бирма-бир ўрганиб чиқайлик.

«Сен унинг учун бешик бўлгин, шунда у сенга устун бўлади».

Чақалоқ учун энг қадрдон, энг ишончли ва ҳар тарафлама хотиржам ором оладиган жой онанинг бағридир. Лекин она фарзандини эртадан кечгача бағрида, қучоғида кўтариб юра олмайди. Ана шундай пайтда чақалоқ учун иккинчи қадрдон ошён бешик бўлади. Дарҳақиқат, бешик чақалоқ учун хотиржамлик ошёни, маънавий ва жисмоний ҳимоя қалъаси, ором оладиган энг қулай ётоқдир. Демак, ҳар бир аёл ишдан чарчаб келган эри учун руҳий ва жисмоний истироҳат макони бўлиши, чарчоқларини унутиб, тетик ва бардам ҳолатга келишига восита бўлиши керак экан. Куни билан оиласи, рўзғори учун тер тўкиб, ҳалол меҳнат қилган, руҳан ёки жисмонан чарчаб, толиққан эр баъзан уйига асаби бузилиб, ёмон кайфиятда келиши мумкин. Бундай пайтда унга далда бўладиган, қўллаб-қувватлаб, ҳаққига дуо қиладиган ота-она бўлади. Лекин шундай ташвиш ва муаммолар бўладики, уларни ота-онага айтиб бўлмайди. Ана шундай ҳолатда унинг жонига хотини оро кириши керак. Доно, оқила аёл бундай пайтда эри учун ҳақиқий хотиржамлик ошёни бўла олса, миннатдор эр унинг учун суянчиқ, ҳимоячи бўлади, уни ҳар қандай ёмонликдан сақловчи мустаҳкам қўрғон бўлиб, бошига кўтариб юради. Аллоҳ асрасин, бунинг акси бўлса, эр ўз уйидан топа олмаган оромни бошқа жойлардан қидиради. Натижаси эса барчамизга маълум.

«Сен унинг учун ер бўлгин, шунда у сен учун осмон бўлади».

Камтарлик, хокисорлик, ўзини паст олиш, шунингдек, бағрикенглик, унумдорлик ернинг хусусиятидир. Демак, хотин ўз эри учун ана шу маънода ер бўлиши, оғир-босиқлик, мулойимлик билан муомала қилиши керак экан. Аслида кибру ҳаво, манманлик эркак кишига ҳам ярашмайди, лекин аёл кишида бу иллатлар ниҳоятда хунук кўринади. Аёл киши Аллоҳ таолога иймон келтирган бўлса, инсоннинг, хусусан, аёл кишининг бу дунёга келишидан қандай буюк мақсадлар кўзланганини чин дилдан ҳис қилса, ўзига юклатилган улуғ масъулият ва юксак шарафни итоаткорлик билан англаб етади ва бу илоҳий тақдирга норози бўлмайди. Эркак киши Аллоҳнинг розилигига эришиш учун ота-онасини, айниқса, онасини рози қилиши керак. Аёл киши эса Аллоҳнинг розилигига эришиш учун эрини рози қилиши лозим. Афсуски, баъзи аёллар Аллоҳ таолонинг бу ҳукмидан норози бўлишади, «Нега энди мен ўзимнинг ота-онамни эмас, эримни – бировнинг боласини рози қилишим керак экан?» деб, жоҳиллик қилишади. Аввало, ҳеч ким аёл кишига ота-онангни рози қилмагин, демайди. Қолаверса, ота-онасини чинакамига рози қила олган аёл эрини ҳам рози қила олади. Бундай аёллар шуни яхши тушуниб олишсинки, уларнинг жаннатга тушиши эрнинг розилигига боғлиқ бўлганидек, фарзандларининг жаннатга тушиши ҳам уларнинг розилигига боғлиқ. Эрни норози қилган она энди фарзандидан яхши муомала умид қилмасин.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри рози бўлган аёл жаннатидир», деганлар (Термизий ривояти). 

Эрни рози қилиш энг аввал муомалада бўлади. Шариатимизда мутлақо бегона одамга ҳам кибру ҳаво, манманлик қилиш ҳаром. Энди ўзининг жуфти ҳалолига бундай муомала қилиш эса айни ақлсизликдир. Аёл киши пазанда, чевар, озода, саришта, соҳибжамол бўлиши мумкин, лекин эрига итоат қилмаса, мулойим бўлмаса, унинг кўнглини ололмаса, буларнинг ҳеч бирининг фойдаси йўқ. Аёл кишининг итоатсиз, шартаки, маҳмадона бўлиши оилада уруш-жанжал, келишмовчилик, нафрат, аразларга сабаб бўлади. Аллоҳ асрасин, бу ҳолат давом этаверса, оқибатда оила барбод бўлади, фарзандлар тирик етим бўлади. Бунинг охиратдаги азоби тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган даражада даҳшатли бўлади. Эр-хотин муроса қилсагина, оила бутун бўлади, оила қуришдан кўзланган мақсадлар ҳам шундагина амалга ошади.

Демак, шунча муаммоларнинг бор ёки йўқ бўлиши биргина аёл кишининг феълига боғлиқ экан. Шунинг учун аёл кишига «Ердек бўлгин», деб насиҳат қилиняпти. Чунки осмон ерсиз, ер осмонсиз бўлмайди. Эҳтимол, шунинг учун Қуръони Каримда ҳар доим ернинг зикри келса, осмон ҳам зикр қилингандир.

«Сен унга чўридек бўлгин, шунда у сенга қулдек бўлади».

Алҳамдулиллаҳ, динимиз қулдорликка барҳам бергач, инсоният бу исноддан қутулди. Бугунги кунда қул, чўри деган нарсалар йўқ. Улар ҳақида фақат тасаввур қолган, холос. Ана шу тасаввурга кўра, қул ёки чўри хожасининг ҳар бир буйруғини сўзсиз бажаради, уни муҳокама ҳам қилмайди, тортишиб ҳам ўтирмайди. Шунинг учун аёл кишининг итоати чўрининг хожасига қилган итоатига ўхшатиляпти. Бироқ бу кўр-кўрона, ҳар қандай нотўғри буйруқни ҳам бажариб, гуноҳга ботиш дегани эмас. Динимизда «Аллоҳга маъсият бўладиган ишларда бандага итоат қилинмайди» деган қоида бор. Демак, эр ҳам гуноҳ ишга буюриши мумкин эмас, аёл ҳам итоат экан деб, гуноҳ иш қилиши мумкин эмас. Лекин эрнинг айтгани шариатимизда гуноҳ деб саналмаган иш бўлса, уни худди чўридек итоаткорлик, хокисорлик билан бажариш керак. Оддий мисол: фарзандингизга бир иш буюриб кўринг. У чопқиллаб бориб, айтганингизни қилса, меҳрингиз жўшиб кетади, сахийлигингиз тутиб кетади, ҳаммага мақтаниб, «Ана, бизнинг ўғилчани кўрдингизми? Оғзимдан чиққан заҳоти учиб бориб, айтганимни бажаради», дейсиз. Бундай фарзанд сиздан нимани сўраса, ўша куни муҳайё қиласиз. Тўғрими? Энди бунинг акси бўлса-чи? Аллоҳ асрасин, фарзандингиз айтганингизни қилмаса-чи? Гап қайтариб, без бўлиб турса-чи? Бундай фарзанднинг бетига қарагингиз келмай қолади, ўз фарзандингиз бўлса ҳам, кўзингизга хунук кўриниб қолади. Бировнинг олдида ҳам шарманда қилади. Бундай бола сиздан бирон нарса сўраса, шунақанги ўшқириб берасизки, иккинчи яқинингизга йўламай қолади. Ана энди эрнинг итоатсиз аёлга муносабатини шундан билиб олаверинг. Агар аёл эрига итоаткор бўлса, чўридек хизматини қилса, бундай аёл энг севимли, энг азиза аёл бўлади. Чунки чўрининг қадр-қиймати хожасига қай даражада итоат этишига қараб белгилангани каби, хотиннинг ҳам қадр-қиймати эрига қай даражада итоат этишига қараб белгиланади. Тўғри, аёлларнинг табиатида бироз гап қайтариш, ўжарлик, инжиқлик каби ўзига яраша нозик қирралар бор. Лекин аёл ўз хилқатидаги ана шу туйғуларни жиловлай олсагина, мақсад амалга ошади. Қолаверса, бу итоатнинг замирида оилавий бахт-саодат, ўзаро меҳр-муҳаббат ва фарзандларнинг келажаги ётади.

Хўш, мана шу сифатларни ўзида мужассам этган аёлга нисбатан эр қандай муносабатда бўлади? Бу саволга юқоридаги насиҳатнинг «шунда у сенга қулдек бўлади» деган жумласи жавоб бўлади. Юқоридаги мисолдагидек, итоаткор аёл эр учун энг севимли, энг ардоқли малика бўлади, эркак киши бундай аёлни бошига кўтариб юради. Бундай аёли борлар дунёдаги энг бахтиёр эркаклар десак, муболаға бўлмаса керак. Ўзига онадек меҳрибон, чўридек итоаткор аёлга қулдек хизмат қилса ҳам кам.

«Унинг кўзига, қулоғига ва бурнига ёқмайдиган нарсадан узоқ бўлгин».

Янги оилага келин бўлиб тушган оқила, зукко қиз тез кунда бу хонадоннинг тартиб-қоидаларини, паст-баландини ўрганиб олади. Агар бу қизнинг фаҳм-фаросати ўткир бўлса, янги хонадоннинг кам-кўстини ҳатто ўз онасига, ўзининг сирдошларига ҳам айтмайди, чунки бу ер энди унинг уйи. Аммо энг муҳими, оқила аёл аввало эрининг феъл-атворини, одатларини ўрганади, нимани ёқтириб, нимани ёмон кўришини билиб олади ва шунга яраша иш тутади. Албатта, дунёда ивирсиб ётган хонани, тартибсизликни яхши кўрадиган одам бўлмайди. Демак, озодалик, покизалик, гўзаллик ҳаммага ҳам бирдек ёқади. Алҳамдулиллаҳ, биз мусулмон халқмиз, динимиз поклик устига барпо қилинган. Шунинг учун бизнинг аёлларга уйни тоза тутиш, идиш-товоқ, кийим-кечакни покиза тутиш ҳақида кўрсатма бериб ўтириш ортиқча. Саранжом-саришта келин ҳар қадамда, ҳар бир оилада, ҳар бир маҳаллада тилларда достон бўлади.

Бироқ ҳар бир хонадоннинг ўзига яраша ички қонун-қоидалари ҳам бўлади. Шунинг учун аёл эрининг кўзига ёқмайдиган манзара, қулоғига ёқмайдиган гап-сўз ёки шовқин, бурнига ёқмайдиган ҳиддан ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак. Эрингизнинг кўзи ёқимсиз ва ёмон жойларга тушмасин, ҳовли-жойларда чиқинди тўпланиб турмасин. Ошхона ёғ томса ялагудек тоза ва озода бўлсин, ҳеч қачон идиш-товоқлар ювиқсиз қолиб, қалашиб ётмасин. Бундай ҳолатдан нафақат эр, умуман, ҳар қандай одамнинг ғазаби қўзийди, ҳар хил вируслар тарқалиб, турли касалликлар келиб чиқади. Қолаверса, тозалик бўлмаган жойда покиза инсоннинг иштаҳаси ҳам бўлмайди. Бундай хонадондан барака ҳам қочади. Айниқса, ётоқхона биринчи тўй оқшоми кунидагидек безатилган, ҳавоси тоза, хушбўй, покиза бўлсин. Халқимиз бежиз «Онангни отангга бепардоз кўрсатма», деб айтмаган. Келинларимиз бунга доимо амал қилишсин, ҳеч қачон куёвларига бепардоз кўринмасинлар. Шу ўринда эътибор бериш керак бўлган нуқта шуки, онани отага бепардоз кўрсатмаслик деган кўрсатма аёл киши фақат маҳрами учунгина пардозланиши кераклигини ҳам назарда тутади. Уйда ҳар хил эски-туски, ямоқ, кир-чир кийимларда юриб, сочлари тўзиб, бўянмай юрган аёл кўчага чиқишда энг чиройли кийимларини кийиб, бўяниб, хушбўйлар сепиб чиқса, бунда мантиқ қани? Ўзига бундай оро беришдан мақсад нима? Нима учун эрга хунук, бегоналарга чиройли кўриниш керак? Аслида бунга ким ҳақли? Ахир эр кўчада ўзига чирой берган аёлларни, уйга келганда эса ўзига қарамай қўйган аёлини кўриб, беихтиёр уларни таққосламайдими? Аслида эр уйдаги аёлидек гўзал, покиза, хушбўй, пардозли аёлни бошқа жойдан топа олмаслиги керакмасмиди? Афсуски, бугунги кунда бу саволларга жавоб бериш бироз қийин бўлиб қолди.

Ҳадиси шарифларда «Зийнат ва пардознинг энг яхшиси сувдир», дейилган. Бу эса эрнинг кўзига ёқадиган, қулоғига ёқадиган, бурнига ёқадиган бўлиш учун доимо покиза юриш, пардозда юриш, хушбўйланиб юриш лозим, дегандир.

Шу ўринда эрнинг қулоғига ёқимсиз гап эшиттирмаслик деган мавзуга алоҳида тўхталиб ўтиш керак. Инсонга энг кўп зарар келтириш мумкин бўлган нарса тилдир. Аслида аёл нафақат эри учун, балки Аллоҳдан ҳаё қилгани учун ҳам ғийбат, туҳмат, миш-миш каби иллатлардан тилини пок тутиши керак. Нафақат аёллар, балки ҳар бир мўмин-мусулмон тилига ниҳоятда эҳтиёт бўлиши, ҳар бир сўзини шариат ва ақл мезонида ўлчаб гапириши лозим. Эрларимиз ҳеч қачон биздан қулоққа ёқимсиз нарсани: ғийбат, туҳмат, бўҳтон, ёлғон, фаҳш, ҳақорат, нолиш ва шикоятларни эшитмасин. Айниқса, эрнинг қариндош-уруғларига тегишли биронта салбий гап эшитилмасин. Эр ўзининг қариндошларидан ҳар қанча норози бўлмасин, улардан аёлига ҳар қанча шикоят қилмасин, аёл улар ҳақида бирор оғиз ёмон гап айтмаслиги керак. Шундай ҳолатлар бўладики, эр ўзининг жигарларини кечириб юбориши, аммо аёлининг сўзини бир умр унутмаслиги мумкин. Аллоҳ асрасин.

Оқила аёл ҳеч қачон эрининг кўнглини қолдирадиган, кайфиятини бузадиган гап айтмайди. Айниқса, рўзғордаги етишмовчиликлар тўғрисида нолийвериш яхши эмас. Ҳар бир аёл икки қулоғи билан эшитиб, миясига сингдириб олиши керак бўлган қоида шуки, мўмина аёл эрига: «Кам топиб келсангиз келинг, лекин фақат ҳалол топиб келинг», десин. Эри олиб келган нарса ҳар қанча ёмон бўлмасин, у пулини ҳар қанча беҳуда сарфламасин, бунинг учун уни койиш мумкин эмас, чунки кўпинча бунинг натижаси тескари бўлиб кетади. Аксинча, аввало унга раҳмат айтинг, баракот тилаб дуо қилинг, топиб келганини авайлаб-асраб, тежамкорлик билан ишлатинг. Шундан кейингина, бозорга боришидан олдин бу сафар қандай харажат қилишни хушмуомалалик ва ётиқлик билан тушунтиринг. Эрнинг топгани ростдан ҳам кам бўлса, унинг кўнглини кўтариб, умид бахш этсангиз, шунда рўзғорингиз бут бўлади.

Инсоннинг энг сезгир, энг кучли туйғуларидан бири ҳид билиш ҳиссидир. Ҳид инсоннинг кайфиятига, ҳатто феълига таъсир кўрсата олади. Хушбўй ҳид одамни хотиржам қилади, руҳини тетиклаштиради, иштаҳасини очади, дардларига даво бўлади. Ёмон ҳид эса асабини бузади, ғазабини қўзғайди, кўнглини айнитади, иштаҳасини бўғади, касал қилади. Шунинг учун эрингизнинг бурнига эҳтиёт бўлингки, у ҳеч қачон ёқимсиз ҳидни ҳидламасин. Аввало баданингиздан, либосингиздан, қолаверса, уйингиздан, ошхонангиздан, ҳовлингиздан нохуш ҳид келмасин. Бунинг учун доимо покиза юриш, хушбўйланиш, тоза либос кийиш, хоналарни шамоллатиш, ҳамма ёқни озода сақлашга эътиборли бўлинг. Аммо хушбўйланишда меъёр ва мантиққа риоя қилиш лозим. Кўчага чиқаётгандаги кўринишингиз, либосингиз, пардозингиз, атир-упаларингиз уйда эрингизнинг олдидаги ҳолатингиздан афзал бўлмасин. Энг афзал, энг гўзал ҳолатингиз фақат ва фақат жуфти ҳалолингиз, эрингиз учун бўлсин. Акс ҳолда, нафақат гуноҳкор бўласиз, балки эрингизнинг кўнглида сизга нисбатан шубҳа ва гумонлар пайдо бўлишига сабабчи бўласиз. Аёл киши гўзаллигини бегоналарга эмас, ўз эрига бахш этиши керак. Шунда эрнинг кўнгли тўқ бўлиб, у ҳам бор меҳр-муҳаббатини аёлига бахшида этади.

Ушбу гўзал насиҳатлар муаллифаси Асмо бинт Хорижа сўзи билан иши бир бўлган ноёб аёллардан эдилар. Бирорта аёл жамолда, камолда, ақл ва одобда бу муҳтарама зотга тенглаша олмас эди. Айниқса, эрига хизмат қилишда, хушмуомалаликда довруғи дунёга достон бўлган аёллардан бири эдилар. Ҳазрати Асмо эри қаерда бўлишидан қатъи назар, доимо у киши билан бирга бўлар, сафарда ёки муқимликда, ёзда ёки қишда, қийинчилик ёки енгиллик кунлари ҳам бирга эдилар. Асли ироқлик бўлиб, умавийлар даврида яшаб ўтган бу аёл қизларига қилган ушбу насиҳатлари ила машҳур бўлганлар. Биз юқорида ана шу насиҳатлардан бирини эътиборингизга ҳавола этдик.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ