Саҳарликни лозим тутинг

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака бордир», дедилар (Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривояти).

Шарҳ: Демак, саҳарлик қилиш фазилатли иш. Шунинг учун баъзи бир ривоятларда айтилганидек, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш керак.

* * *

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизнинг рўзамиз ила аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик ейишидадир», дедилар (Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).

Шарҳ: Бу ҳадис рўзада саҳарлик қилишнинг алоҳида аҳамияти борлигини кўрсатади. Аҳли китобларга ўхшаб қолмаслик учун ҳам саҳарлик қилишга уриниш керак бўлади.

Ушбу ҳадисларга амал қилган ҳолда эринмасдан, доимо саҳарлик қилиб, рўза тутишга одатланишимиз лозим.

* * *

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдик. Сўнгра у зот намозга турдилар», деди. (Анас:) «Азон билан саҳарлик орасида қанча бор эди?» дедим. «Эллик оят миқдорича», деди» (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).

Насоий ва Абу Довудларнинг ривоятларида:

«Саҳарлик емагини лозим тутинглар. Чунки у муборак емакдир», дейилган.

Абу Довуднинг бир ривоятида:

«Хурмо мўмин учун қандай ҳам яхши саҳарлик», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятлардан олинадиган фойдалар:

1. Биргаликда, жамоат бўлиб саҳарлик қилиш одати яхши эканлиги.

2. Саҳарликни бомдод намозининг азонидан олдин тугатиш яхшилиги.

3. Саҳарлик билан бомдоднинг азони орасида эллик оят тиловат қилгунча вақт қолиши яхшилиги.

4. Саҳарлик ейишни лозим тутмоқ яхшилиги.

5. Саҳарлик емагида барака борлиги.

6. Иложи бўлганида саҳарликда хурмо ейиш яхши эканлиги. 

* * *

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳар таомидан наҳор рўзасига, қайлула уйқусидан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар, дедилар» (Ибн Можа, Ҳоким ва Тобароний ривояти).

Шарҳ: Саҳарлик қилишдан мақсад кундузи тутадиган рўза учун тайёргарлик кўриб, бақувват бўлиб олмоқдир. Агар саҳарлик қилинмаса, киши наҳорнинг рўзасини тутишга қийналади.

Шунингдек, кундузи ухлаб олмаса, кечаси бедор бўлиб, ибодат қилишга қийналади. Ким кечаси ибодат қилмоқчи бўлса, кундузи пешин билан асрнинг ўртасида ухлаб олиши керак. Кундузнинг ўртасида ухлаш араб тилида «қайлула» дейилади.

Кўриниб турибдики, Ислом жорий қилган ибодатларни адо этиш учун инсон ўзини қийнаши шарт эмас. Балки тадбир билан, ҳеч қийналмасдан ибодат қилиш керак.

 

* * *

Абу Атийядан ривоят қилинади: «Масруқ иккимиз Оишанинг олдига кириб: «Эй мўминларнинг онаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан икки киши, икковлари ҳам яхшиликни ортга сурмайдилар. Бирлари ифтор билан (шом) намозни тезлатади. Бошқаси эса ифтор билан (шом) намозни ортга суради», дедик.

«Икковларидан қай бири ифторни ва намозни тезлатади?» деди.

«Абдуллоҳ ибн Масъуд», дедик.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар», деди. Бошқаси Абу Мусо эди» (Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривояти).

Шарҳ: Тобеъинлардан Абу Атийя ва Масруқ икки катта саҳобийларнинг ифторни тез қилиш ва шом намозини эрта ўқиш бўйича икки хил иш қилаётганларини мулоҳаза қилганлар. Шу билан бирга, икковларидан қай бирларининг тутаётган ишлари суннатга мувофиқ, тўғри эканлигини билмоқчи бўлганлар. Бунинг учун эса Оиша онамизга мурожаат қилганлар. Оқибатда ифторни вақти кириши билан қилиш ва шом намозини ҳам эртароқ ўқиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари эканлиги маълум бўлган.

Шунинг учун биз ҳам ўз ҳаётимизда шунга одатланишимиз лозим, вақт кириши билан оғизни очиб, нафсни бир оз қондиргандан кейин дарҳол шом намозини ўқиб олишимиз керак бўлади.

 

«Ҳадис ва Ҳаёт»нинг 9-жузидан

 

БИР САВОЛИМ БОР

Савол: Саҳарлик қилиш қандай амал?

Жавоб: Саҳарлик қилиш мустаҳаб амалдир. Саҳарлик қила олмаган киши субҳи содиқдан то қуёш ботгунча ҳеч нарса еб-ичмасдан рўза тутса, рўзаси дуруст бўлаверади. Рамазон рўзаси бўлса ҳам, нафл рўза бўлса ҳам.

Савол: Билмай субҳи содиқдан кейин таомланса, рўза дуруст бўлаверадими?

Жавоб: Йўқ, дуруст бўлмайди. Рўза субҳи содиқдан қуёш ботгунча Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида еб-ичиш ва жимоъ қилишни тарк қилишдир. Киши ҳали субҳи содиқ кирмади, деган ўйда саҳарлик қилсаю, субҳи содиқ кириб бўлган бўлса ёки қуёш ботиб бўлди, деган хаёлда ифторлик қилиб юборсаю, қуёш ҳали ботмаган бўлса, унинг зиммасига ўша кун рўзасининг қазоси лозим бўлади, каффорат эмас.

Савол: Саҳарликнинг охирги вақти қачон?

Жавоб: Субҳи содиқ кириши билан саҳарлик вақти тугаб, рўза вақти бошланади. Иккисининг ўртасини ажратиб турадиган учинчи бир вақт йўқ. Саҳарлик ўз вақтида бўлгани афзал. Лекин субҳи содиқ кирган-кирмагани борасида иккиланадиган даражада кечиктириш макруҳ.

 

«Мўминнинг қалқони» китобидан