МУҲАРРИР МИНБАРИ

МУТЕЪЛИК ДОЯСИ

 

Қўрқув одамзод фитратига хос хусусиятдир. Энди туғилган чақалоқдан тортиб ёши бир жойга бориб қолган қариягача – ҳаммага бу ҳис жуда таниш.

Онаси қорнидаги «макон»идан ажраган чақалоқ қўрқув йиғиси билан дунёга келади. Кейинроқ онасини йўқотиб қўйиш, оч қолиш, ваҳимали шовқин-суронлар, йиқилиб тушиш каби нарсалар уни қўрқитади. Эсини танигач, катталарнинг дўқ-пўписалари, чақмоқ-момақалдироқ каби табиат ҳодисалари, йиртқич ҳайвонлар, жин-алвасти ҳақидаги гаплар, алдов ва зўравонлик, қоронғилик-зулмат кабилар уни қўрқувга сола бошлайди.

Йигитликнинг ҳам ўзига яраша қўрқув ўчоқлари бор; ҳаётда ўрнини тополмаслик, имтиҳондан йиқилиш, севгисининг рад этилиши, муносиб иш йўқлиги ва ҳоказолар. Ҳатто катта ёшдагилар ҳам қўрқув таъқибидан омонда эмас. Турли касалликлар, омадсизлик, амалдан кетиш, душманлар хусумати, болаларининг ноқобил чиқиши, дўстлар хиёнати, турли фалокат ва офатлар, қашшоқлик, шарманда бўлиш, барвақт қариш ва ўлим каби ҳолатлар инсон дунёқарашига қараб даҳшатга солаверади.

Айниқса, эл-юртда гап-сўзга қолишдан, одамлар маломатидан қўрқув инсонни машаққатларга, турли гуноҳ ишларга, виждонига хилоф иш тутишга мажбур қилади. «Халқ нима деркин, одамлар маломат қилмасмикин, маҳаллада, қариндош-уруғлар орасида шарманда бўлиб қолмасмиканман» қабилидаги қўрқув туфайли инсон ўзининг эътиқодига қарши боради. Аллоҳ буюрмаган ишларни қилишга мажбур бўлади. Эл орасида машҳур бўлган одамларнинг гапидан ва маломатидан қўрқиб чиранади, йўқ ердаги бидъат ишларга, хурофотларга қўл уради. Нопок, фосиқ кишилар билан яқинлашади. Ана шу қўрқув туфайли гоҳо бор-будидан ажрайди. Ҳаёти издан чиқади. Эътиқоди, иймонидан чекинади. Қўрқоқлик инсонни ҳар кўйга солади: шахсиятини бузади, хорлик, шармандалик қаърига улоқтиради.

Энг катта фожиа аслида булар ҳам эмас. Қўрқувнинг бундан-да даҳшатлироқ, ёмонроқ асоратлари, зарарлари бор. Қўрқоқ одамнинг иродаси суст, шижоати паст бўлади. У қўрқув орқасидан ёлғон гапириши, сохта гувоҳликка ўтиши, оиласига, халқига, ватанига, динига, эътиқодига хиёнат қилиши, субутсиз ва иродасиз кимсага айланиши мумкин. Бир қарашда беозоргина бошланадиган қўрқув «туққан» алдов-ёлғонлар тўпланиб-йиғилиб охири улкан бир ёлғон тоғига айланади. Бир-икки қўрқоқнинг ёлғон алдов ва ҳийлалари тўпланиб, бутун жамият таназзулига сабабчи бўлиб қолади. Давлатларнинг ёлғонлари ўсиб-кўпайиб, инсоният тарихини булғайдиган уруш-ихтилофлар, вайронгарчилик, инқирозларни келтириб чиқаради.

Қўрқув илдиз отган жамиятда адолат чекинади, зулм-бедодлик урчийди. Қўрқув инсонларда золим ва мустабид кимсаларга мутеликни, итоаткорликни, зулм-ҳақсизликка рози бўлиш ва кўникишни келтириб чиқаради. Оқибатда бутун халқнинг миллий ғурури, эътиқоди, ифтихор туйғуси, маънавиятига катта офат ва зарар етади.

Мутахассислар сўнгги йилларда ажойиб бир кашфиёт қилишди: бир одам инсонларнинг ёмонлигидан, мусибат ва фалокатлардан, бало-офатлардан қаттиқ қўрқса, асаб тизими ишдан чиқиб, бунинг оқибатида юрак, қон томири, жигар ва бошқа аъзоларининг фаолияти бузилар экан. Доимий қўрқув эса ҳатто тузалмас хасталикларга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳдан қўрқилганида эса бунинг тамоман аксини кузатишган. Бунда инсон руҳи чексиз лаззат ва хотиржамликка ғарқ бўлар, бу эса тана аъзоларининг ишлашига фақат ижобий таъсир кўрсатар экан. Олимлар яна инсоннинг дунёвий ташвишлардан ғам чекиб ёки яқинларининг ўлимига қайғуриб узоқ вақт йиғлаганида кўз ёши қуриб, ҳатто кўзи кўрмай қолиши мумкинлигини аниқлашди. Лекин Аллоҳдан қўрқиб ё Унга тавба-тазарру ва илтижолар билан кўз ёши тўкканларнинг, Аллоҳ Каломини доимий тиловат қилганларнинг кўриш қобилиятлари яхшилангани тажрибаларда исботини топган.

Маъсият-гуноҳлардан қўрқиш – солиҳларнинг иши. Қодири Зул-жалолни осийлар таниганларида эди, гуноҳларидан эмас, Ҳақ таолонинг ўзидан қўрқардилар. Чунки Аллоҳдан қўрқув жаноби Пайғамбаримизни коинот сарварига, инсоният фахрига айлантирди, Аллоҳдан қўрқмаслик Абу Жаҳлни икки дунёда хор айлаб, дўзах тубига-асфаласофилинга отди.


«Ҳилол» журналининг 12 (33)-сонидан