НАФСДАН РОЗИЛИК – КАТТА ХАТО

Барча маъсият, ғафлат ва шаҳватнинг асли нафсдан розиликдир. Барча тоат, уйғоқлик ва иффатнинг асли сенинг нафсдан норозилигингдир. Нафсидан норози бўлган жоҳилга соҳиб бўлишинг нафсидан рози бўлган олимга соҳиб бўлишингдан яхшидир. Нафсидан рози бўлган олимда қандай илм бўлсин? Нафсидан норози бўлган жоҳилда қандай жаҳолат бўлсин?

 

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ

 

– Маъсият – Аллоҳнинг амрларига хилоф қилиш.

– Шаҳват – нафснинг кўйига тушиб, лаззатни талаб қилиш.

– Ғафлат – ҳавойи нафснинг кўйига тушиб, вожиб ва мандуб ҳақларни поймол қилиш.

– Тоат – Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилиш.

– Иффат – барча нарсаларда пасткашликни тарк қилиш.

– Яқаза – уйғоқлик – Аллоҳ таолонинг амрига ўта аҳамиятли бўлиш.

– Нафс – ушбу сўз билан бирга унга маънодош «қалб», «руҳ» атамалари ҳам қўлланилади.

Қалб раббоний, руҳоний ва латиф нарса бўлиб, у инсоннинг моҳиятини намоён қилади. Идрок, билим ва маърифат ҳам, хитоб, итоб, иқоб ва талаб ҳам ундандир.

Руҳ билувчи ва идрок қилувчи латиф нарсадир. Унинг ҳақиқатини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди.

«Нафс» инсондаги ғазаб ва шаҳватни жамлаб ифода этувчи сўздир. Ҳа, «нафс» деганда кўпроқ, ёмон сифатларни ўзида жамловчи нарса кўзда тутилади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида айнан юқоридаги мазкур нафсни – шаҳват, истак ва ёқимсиз табиатларни ўзида жамловчи нафсни ирода қилгандир.

Аслида нафс ўз эгасини доимо ёмонликларга ундаб туради. Аллоҳ раҳм қилган зотнигина нафси ёмонликка ундамайди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу маънога суянган ҳолда банданинг ўз нафсидан рози бўлиши ҳамма гуноҳ, ғофиллик ва шаҳватнинг асли эканини айтмоқда.

«Барча маъсият, ғафлат ва шаҳватнинг асли нафсдан розиликдир».

Ўз нафсидан рози бўлиб, уни оқлаш нафснинг айбларини беркитишга олиб боради. Бу эса ўз-ўзидан ёмонни яхши дейишга етаклайди. Ким нафсидан рози бўлса, унинг барча ҳолини яхши санайдиган бўлиб қолади. Шунда нафс уни ўзига ром қилиб, бандани ғафлат босади. Бу эса ўз навбатида шаҳватни ишга солади. Оқибатда маъсиятлар содир этилади. Барча маъсият, ғафлат ва шаҳватнинг асли ўз нафсидан рози бўлишдан ва нафснинг ёмонликка кўп чорлаб туришидандир. Қуръони Каримнинг қуйидаги ояти худди шу маънода келган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир» (Юсуф сураси, 53-оят).

Ўз нафсидан рози бўлганлар ўзларини оқлайдилар ва шунинг учун ҳам ўзлари сезмаган ҳолда маъсият, ғафлат ва шаҳватдан қайтмайдилар. Ушбу ҳикмат юзасидан Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўзини-ўзи оқлаганларни қоралаган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ўзларини пок қилиб кўрсатаётганларни кўрмадингми?! Йўқ! Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисини поклайди. Ва уларга қилча ҳам зулм қилинмас» (Нисо сураси, 49-оят).

Баъзилар ўзларини ўзлари пок кўрсатишади, жуда ҳам баланддан келишади. Ўзларини Аллоҳнинг маҳбублари деб ҳисоблайдилар. Аслида эса кимни поклаш Аллоҳ таолонинг Ўзининг ишидир. У Зот кимни хоҳласа, шуни поклайди. Поклаш учун адолатни ўлчов қилиб олган. Инсонларни иймонига, қилган амалига қараб поклайди. Бу ишда бирор бандага қилча ҳам зулм қилмайди.

Банданинг ўз нафсидан рози бўлиши ҳадиси шарифларда ҳам қаттиқ қораланган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳалок қилувчи нарсалар учтадир: кишининг ўзига бино қўйиши, зиқналик қилиш ва ҳавойи нафсга эргашиш» (Баззор ривоят қилган). 

Шундай экан, мўмин инсон ўзини доимо ёмонликка амр қилиб турадиган нафсидан рози бўлмаслиги, ўзини ўзи оқламаслиги лозим бўлади.

Нафсдан рози бўлиш қандай қилиб барча маъсиятларнинг асли бўлиши мумкин? Бунинг учун аввал амал билан сулукнинг фарқини билиб олишимиз лозим бўлади. Амал иш бажаришдир. Сулук эса инсоннинг ўз ҳис-туйғулари ва нафсоний турткилари билан курашининг амалий натижасидир. Бундай пайтда инсон икки ўт орасида қолган бўлади. Ўша икки ўтнинг бири – Аллоҳ таолони рози қилиб, нафс ҳавосига қарши чиқиш, иккинчиси эса – нафснинг рағбатини қондириб, Аллоҳ таолонинг амрига ва розилигига зид амал қилишдир. Банда нима қилишини билмай, иккиланиб қолади. Бизда бундай ҳолатда «Раҳмоннинг айтганини қилайми, шайтоннинг айтганини қилайми, билмай қолдим», деган ибора ишлатилади.

Шундан нафс инсондаги шаҳвоний ички хоҳишлар мажмуасидан иборат экани келиб чиқади. Мазкур шаҳвоний ички хоҳишлар эгасини ўз талабларини қондиришга чорлаб туради.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Нафсларга зиқналик ўрнаштирилгандир» (128-оят).

Яъни инсон нафси борки, унда қизғаниш табиати бор. Молу мулкни қизғанади, чиройли нарсаларни қизғанади, мансаб ёки яхши ҳолатларни қизғанади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир» (Оли Имрон сураси, 14-оят).

Оятда зикр қилинган нарсаларнинг зийнати ва муҳаббати нафсда бўлади.

Аллоҳ таолонинг айтганини қилиш билан ёмонликка чорловчи нафсининг айтганини қилиш орасида қолган банда нафсининг айтганини қиладиган бўлса, ёмонликни қилган бўлади.

«Барча тоат, уйғоқлик ва иффатнинг асли сенинг нафсдан норозилигингдир».

Зотан, уйғоқлик, яъни Аллоҳ таолонинг амрига ўта аҳамиятли бўлиш ва барча нарсаларда пасткашликни тарк қилишдан тоат – Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилиш келиб чиқади. Нафсдан норози бўлиш уни доимо айблаб туриш, унинг офатларидан ҳазир бўлиш ва уни ўзи учун ёқимсиз бўлган нарсаларга мажбурлаб туриш ила юзага келади.

Шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳафс Ҳаддод раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги гапини келтиради: «Ким ўз нафсини доимий равишда айблаб турмаса ва барча ҳолатларда унга хилоф қилмаса ва барча кунларда уни ўзига ёқимсиз нарсаларга судраб турмаса, ўша одам алдангандир. Ким ўз нафсига ундан бирор нарсани яхши кўриб назар солса, уни ҳалок қилади. Оқил учун қандай қилиб ўз нафсидан рози бўлиш тўғри бўлади?! Ҳолбуки, Юсуф алайҳиссалом демишдир: «Ўзимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир» (Юсуф сураси 53-оят).

Бандага нафсининг кўйига тушиб қолмаслиги, унинг розилигини излаб, йўлдан адашмаслиги учун насиҳатгўй ҳам керак бўлади. Албатта, дуч келган одам насиҳатгўй бўла олмайди. Нафс розилиги йўлига тушиб қолмаслик учун насиҳатгўй бўладиган одамнинг ўзи аввало нафсининг розилигини кўзламайдиган шахс бўлиши лозимдир. Шунинг учун ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматнинг иккинчи ярмида бу борада ҳам кўрсатмалар бермоқда:

«Нафсидан норози бўлган жоҳилга соҳиб бўлишинг нафсидан рози бўлган олимга соҳиб бўлишингдан яхшидир».

Ислом илм динидир. Бу улкан ҳақиқатни яхши биламиз. Шу билан бирга, илм восита эканини, ғоя эмаслигини ҳам билишимиз зарур.

Агар илм соф табиатли, покиза ниятли ва қалби пок инсонга насиб этса, ўзининг эгасига ҳам, ўзгаларга ҳам икки дунё саодати учун хизмат қилади. Чунки соф табиатли, покиза ниятли ва қалби пок инсон доимо нафсини жиловлаб, ундан рози бўлмай иш кўради. Агар у илмли бўлса, унинг илми ва маърифати ўзи учун ҳам, ўзгалар учун ҳам яхшиликка хизмат қилади. Агар у илмли бўлмаса ҳам, нафсининг ёмонлигидан сақланган инсон бўлгани учун, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам фойдаси тегса тегади, аммо зарари тегмайди.

Аммо ўша илм табиати бузуқ, нияти ёмон ва қалби мараз одамда бўлса, унинг ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам икки дунёнинг ёмонлигини келтиради. Бундай одамларнинг илми зиёда бўлган сари ёмонлиги ҳам ортиб боради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Биз оятларимизни берган, сўнгра улардан суғурилиб чиққан ва уни шайтон эргаштириб кетиб, гумроҳлардан бўлган кишининг хабарини уларга тиловат қилиб бер!» (Аъроф сураси, 175-оят).

Ушбу ояти каримада:

«…оятларимизни берган…» дейилишига кўра, у одам диний илмдан огоҳ экани кўриниб турибди. Демак, Аллоҳ таоло ўша одамга диний илмларни эгаллашга имкон берган, аммо у Аллоҳнинг оятларидан ўзини олиб қочган, яъни илмига амал қилмаган. Шу туфайли,

«...уни шайтон эргаштириб кетиб, гумроҳлардан бўлган...»

Аллоҳнинг йўлида юрмаган, Унинг оятларига амал қилмаган одамни, албатта, шайтон ўз измига солади ва иғвосига мубтало қилади. Шайтоннинг иғвосига учраган диний илмли шахс эса шайтондан баттар бўлиб қолади. Аллоҳнинг оятларидан фақат унинг ўзи қочиб қолмай, ўзгаларни ҳам қочиради, авом халққа катта салбий таъсир кўрсатади. Илмига амал қилмаган, Аллоҳнинг оятларидан ўзини олиб қочиб, шайтонга эргашганлар ер юзида ниҳоятда кўп.

Шу тоифага мансуб илмига амал қилмаганларга кейинги оятда қуйидаги баҳо берилган:

 «Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик. Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди. Унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир. Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Қиссаларни айтиб бер, шоядки, тафаккур қилсалар» (176-оят).

Илмдан хабардор бўла туриб, унга амал қилмаганларнинг таърифи Қуръони Каримнинг ажойиб услубига хос тарзда ифодаланмоқда. Аслини олганда, диний илм Аллоҳ томонидан бандага бериладиган улкан неъматдир. Бу илм ўша одамни, агар у ўзини ҳам, илмини ҳам хор қилмаса, юксак мартабаларга кўтариши муқаррар.

«Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик».

Яъни агар унинг мартабасини юксалтиришни хоҳласак, «улар», яъни диний илмлар билан мартабасини кўтарар эдик. Илмига амал қилганида, инсон етиши мумкин бўлган энг юқори мартабага эришар эди.

«Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди».

Юксалишини хоҳламади, билган илмини оёқости қилди.

«Унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир».

Аллоҳ таоло оятнинг давомида

«Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир», дейди.

Юқорида ўрганиб ўтилган ҳақиқатлардан нафсидан рози бўлган, уни жиловлай олмайдиган, тартибга солмайдиган ва унга қарши тура олмайдиган шахслар ўзлари учун ҳам, ўзгалар учун ҳам бало-офатнинг манбасига айланишларини англаб етдик.

Шунингдек, нафсидан норози бўлган, уни жиловлаган, тартибга солган ва унга қарши тура оладиган шахслар ўзлари учун ҳам, ўзгалар учун ҳам хайр ва барака манбасига айланишларини англаб етдик. Бундай бандаларнинг нафслари хотиржам нафсга айланади ва улар икки дунёнинг саодатига сазовор бўладилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Эй хотиржам нафс! Роббингга сен Ундан, У сендан рози бўлган ҳолда қайт! Бандаларим сафига киргин! Ва жаннатимга киргин!» (Фажр сураси, 27–30-оятлар).

Ҳақиқий илм нафсидан рози бўлмасликка, доимо унинг васвасаларидан ҳазир бўлишга, Аллоҳ таолога тақво қилишга чорловчи бўлиши лозим. Агар илм нафсдан рози бўлишга қарши бўлмаса, унинг боридан йўғи яхши. Шунинг учун ҳам дейилмишким:

«Нафсидан рози бўлган олимда қандай илм бўлсин?»

Илми йўқ бўлса ҳам, нафсидан норози бўлган шахс доимо нафсини жиловлаб туради. Ундан содир бўладиган тасарруфотлар ёмонликка буюрувчи нафснинг хоҳишларига зид, Аллоҳ таолонинг амрларига мувофиқ бўлади. Бундай гўзал сифатли одамни қандай қилиб жоҳил деб аташ мумкин? Шунинг учун ҳам дейилмишким:

«Нафсидан норози бўлган жоҳилда қандай жаҳл бўлсин?»

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда соҳиб тутишнинг бош шартини эслатмоқдалар. У ҳам бўлса, соҳибни нафсини рози қиладиган ёки қилмайдиганлигига қараб танлашдир.

Мўмин банда ўзига яқин соҳиб, дўст, насиҳатгўй, ҳамроҳ, муршид танлашда уларнинг ўз нафсидан рози бўладиганларидан ҳазир бўлиши керак. Чунки нафсидан рози бўладиган шахс мутакаббир, инсофсиз ва иззатталаб бўлади. Ундай шахснинг суҳбатида бўлиш унга қул бўлишни, такаллуфни ва охир-оқибат айрилиқни келтиради. Нафсидан рози бўладиган шахс ўзининг ҳаққи йўқ нарсаларда ҳам ҳаққи борлигини даъво қилади, ҳеч нарсадан рози бўлмайди, хатони кечирмайди, Роббига итоат қилмайди. Агар нафсидан рози бўладиган шахс олим бўлса, илми унинг ёмонлигини зиёда қилади. Агар нафсидан рози бўладиган шахс жоҳил бўлса, жоҳиллиги ўзига ҳам, ўзгага ҳам бало бўлади.

Мўмин банда ўзига яқин соҳиб, дўст, насиҳатгўй, ҳамроҳ, муршид танлашда уларнинг нафсидан рози бўлмайдиганини танлаши лозим. Чунки нафсидан рози бўлмайдиган шахс, агар илмсиз бўлса ҳам, ўзида учта яхши хислатни – ўзига нисбатан инсофли бўлишни, ўзгаларга нисбатан тавозели бўлишни ва ҳақни садоқат билан талаб қилишни жамлаган бўлади. Бундай сифатлар соҳибидан бир қанча фойдалар олинади: унинг яхши сифатларини касб қилиш, қалб ва таннинг роҳати ва дин ҳамда дунё ишларида ёмонликлардан саломат бўлиш шулар жумласидандир.

Аллоҳ таоло барча маъсият, ғафлат ва шаҳватнинг асли нафсдан розилик эканини англаб етишимизни ҳаммамизга насиб этсин! Барча тоат, уйғоқлик ва иффатнинг асли бизнинг нафсдан норозилигимиз эканини англаб етишимизни насиб қилсин! Нафсидан норози бўлган жоҳилга соҳиб бўлишимиз нафсидан рози бўлган олимга соҳиб бўлишимиздан яхши эканини англаб етишимизни насиб этсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф