«Амри маъруф ва наҳйи мункар»
Инсонларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
Мусулмонларни яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришда намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин!
Алҳамдулиллаҳ, Яратган инъом этган истиқлол шарофати туфайли жонажон юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Йўқ бўлиш арафасига бориб қолган анъаналаримиз ўзимизга қайтди. Юртдошларимиз муборак ҳаж ва умра зиёратларига эмин-эркин бориб келмоқдалар. Ислом билим юртлари, масжид-мадрасалар фаолияти халқимизга беҳад қувонч бахш этмоқда. Диний адабиётлар нашр этилмоқда. Миллий ўзлигимизни англаш, фарзандларимиз келажагини юксалтириш, халқимизнинг илму маърифатини ошириш борасида уламоларимиз, имом-хатибларимиз жонбозлик кўрсатиб келмоқда.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бирингиз гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин. Қўли билан қайтара олмаса, тили билан қайтарсин. Тили билан ҳам қайтара олмаса, дили билан қайтарсин, аммо бу иймоннинг заифлигидандир», деганлар.
Имом Термизий бобомизнинг ривоятларида эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта амри маъруф ва наҳйи мункар қилинглар. Акс ҳолда Аллоҳ таоло сизларга шундай уқубат жўнатадики, дуо қилсангиз, дуоларингиз қабул бўлмай қолади», деганлар.
Шуларни инобатга олган ҳолда имом-хатибларимизга ёрдам сифатида ушбу мўъжаз қўлланмани тузиб, унда амри маъруф ва наҳйи мункарнинг аҳамияти, маъноси ва эътибор бериладиган хусусиятлари тўғрисида имкон қадар маълумот беришга ҳаракат қилдик. Зеро, инсонларни яхшиликка бошлаш, ёмонликдан қайтариш негизида ҳалоллик, одамийлик, инсонпарварлик, меҳр-мурувват, бирдамлик, қолаверса, бандалик бурчи каби эзгу фазилатлар ётади.
Ушбу қўлланмада амри маъруф ва наҳйи мункарнинг татбиқий жиҳатлари, бошқа ибодатлар орасида тутган ўрни, шартлари, бу ибодатнинг қачон ва кимларга вожиб бўлиши, унинг жамиятга таъсири, тадрижий босқичлари, амри маъруф жараёнида нотиққа зарур бўлган омиллар, мавзу танлай билиш, жума тезисларидан фойдаланиш, унга тартиб бериш, хутба жараёнида овозга, имо-ишораларга аҳамият бериш, уларнинг турлари ва фойдалари борасида оят, ҳадис ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларидан намуналар келтирилди. Айни пайтда эътиқод софлиги, бидъат ва хурофотлардан сақланиш борасида ҳам эслатмалар бериб ўтилди.
Илоҳим, барчамизни эзгуликда пешқадам, эл-юрт манфаати ва фаровонлиги йўлида камарбаста айласин!
Муаллиф: Азизхўжа Иноятов
Номи: «Амри маъруф ва наҳйи мункар»
Нашриёт: «Hilol» нашриёти
Сана: 2018 йил
Ҳажми: 88 бет
ISBN: 978-9943-5140-4-1
Ўлчами: 84×108 1/32
Муқоваси: юмшоқ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 6677-сонли хулосаси асосида чоп қилинди.
Мундарижа:
Муқаддима
Амри маъруф ва наҳйи мункарнинг маъноси
Амри маъруф ва наҳйи мункарнинг аҳамияти, фазилати, хусусияти
Амри маъруф ва наҳйи мункарнинг уламолар учун аҳамияти
Амри маъруф ва наҳйи мункарнинг хусусиятлари ва татбиқий жиҳатлари
Амри маъруф ва наҳйи мункарнинг бошқа ибодатлар ичида тутган ўрни
Амри маъруф ва наҳйи мункарнинг ҳукми ва унинг шартлари
Натижаларга эътибор
Жума амри маъруфига тайёргарлик
Хотима