Сийрат ҳақидаги китоблар


Барчамизга яна бир бор Расулуллоҳ таваллуд топган Рабиъул аввал ойи муборак бўлсин!

Аввалги мақолаларимизда айтганимиздек, мазкур ойда У зот алайҳиссаломни кўпроқ эслаш, муборак ҳаётларини ўқиб-ўрганишимиз тарғиб қилинади.

Шу билан бирга нафақат Пайғамбаримизнинг ҳаётлари, балки У зот алайҳиссаломнинг васфлари, ахлоқлари, умматга раҳматлари, умуман олганда, Расулуллоҳга муҳаббатимиз янада зиёда бўлишига сабаб бўлувчи қўшимча маълумотлар битилган китобларни ўқиш ҳам маъқулланади.

Қуйида нашриётимиз томонидан чоп қилинган шу каби китобларни келтириб ўтамиз:


1. «Оламларга раҳмат Пайғамбар». Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан ёзилган мазкур асарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари ёритилади. Китоб аввалида Набий алайҳиссалом ҳақларидаги Қуръон ва ҳадисда келган васфлар, У зот алайҳиссаломнинг фазилатлари келтирилади. Шундан сўнг бевосита Набий алайҳиссалом туғилмасларидан аввалги бўлган воқеалардан бошлаб то умрларининг охиригача ва ундан кейин содир бўлган воқеалар мухтасар шарҳ қилинади.


2. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт». Мазкур асар сийрат фани устози Абдул Азим Зиёуддиннинг қаламларига мансуб. Рисолада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари, яъни оила аъзолари ҳақида аниқ ва ишончли маълумотлар берилган. Китобнинг бошида Набий алайҳиссаломнинг шаклу шамоиллари ва ахлоқ-одоблари келтирилади. Сўнг У зот алайҳиссаломнинг жуфти ҳалоллари, фарзандлари, набиралари ҳақидаги маълумотлар берилади. Шунингдек, китобда Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари давомида содир бўлган муҳим воқеалар ҳам саналари билан бериб ўтилган.


3. «Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» (Макка ва Мадина даврлари). Абдул Азим Зиёуддин томонларидан нашрга тайёрланган икки жузлик асар. Мазкур китобда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка ва Мадинадаги ҳаётлари савол-жавоб услубида ёзилган. Асарлардаги ҳар бир маълумот чуқур изланишлардан кейин, мўътабар сийрат китоблари билан солиштириб, кейин китобга киритилгани, муаллифнинг ўзи ҳам шу соҳада мутахассис эканлиги учун рисоланинг фазилати ортади.


4. «Мавлид». Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид томонларидан нашрга тайёрланган мазкур асар улуғ олим, буюк адиб Имом Барзанжийнинг «Иқдул-жавҳар фи мавлидун-Набиййил-Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг мавлидлари хусусидаги гавҳар маржон») асарининг ўзбек тилидаги таржима ва шарҳидир. Китобда мазкур асар ва унинг мазмунидан атрофлича бохабар бўлиш баробарида, мавлид ва унга боғлиқ жуда кўп қимматли маълумотлар билан ҳам батафсил танишасиз.


5. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир кунлари». Ушбу китобда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг одатдаги кун тартиблари баён қилиб берилган. Китобнинг ёзилиш услуби енгил бўлиб, ўқувчининг тушуниши, эслаб қолиши осон бўлишига эътибор берилган. Шу билан бирга, оят ва ҳадислардан далиллар келтирилгани китобнинг илмий қадрини белгилайди.


6. «Гўзал ўрнак». Мазкур китобда ҳар бир мусулмон учун зарур бўлган гўзал хислатлар ҳақида сўз юритилади. Бу хислатларнинг асоси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бевосита ҳадисларидан, саҳобаларга кўрсатган гўзал муомалаларидан, У зот алайҳисса ҳаётлари давомида бўлиб ўтган воқеалардан олинган. Китобни ўқиган ўқувчи Набий алайҳиссаломнинг гўзал ахлоқлари билан ахлоқланади, деб умид қиламиз.


7. «Нубувват ва рисолат». Ушбу асар шайх ҳазратларининг қаламларига мансуб «Ҳадис ва ҳаёт» силсиласининг 19 («Оламларга раҳмат Пайғамбар») ва 20-жузлари («Анбиёлар қиссаси») битта китоб қилиб чиқарилган нашри ҳисобланади. Китоб орқали Одам алайҳиссаломдан Исо алайҳиссаломгача бўлган пайғамбарларнинг ва алоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларини ўқиб ўрганасиз. Китобга махсус ҚР-код бириктирилган бўлиб, уни сканерлаш орқали китобнинг аудионашрини тинглашингиз мумкин. Матнни шайх ҳазратлари ўқиганлар.

8. «Икки олам сарвари». Мазкур асарда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хилқатлари, юксак ахлоқий ва маънавий фазилатлари, шу билан бир қаторда, У зот алайҳиссаломнинг ўз ҳаёт йўлларида бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, асл Ислом динининг моҳияти ҳисобланадиган инсонпарварлик тамойилларини кўрсатиб беришда барчага намуна бўлганликлари оят ва ҳадислар воситасида тушунарли тарзда баён қилиб берилган.


9. «Мавлид». Китобда Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сийратлари, шамойиллари, ҳусну хулқлари ҳам назм, ҳам наср услубида ёритиб берилган. Уларни тушуниш осон, тилга енгил тарзда ёзилгани ўқувчини зериктириб қўймайди. Шу билан бирга китобда мавлид маросимига алоқадор таълимотлар, яъни мавлид йиғинларининг шартлари, ундан кўзланган мақсадлар, унда воқе бўладиган хатолар, у ҳақидаги нотўғри фикрларга раддиялар, умуман мавлид ҳақида атрофлича тассаввур ҳосил қилишга ёрдам берадиган маълумотлар ўрин олган.


10. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам». Мазкур китобда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятлари, рисолатлари у зотнинг энг муҳим васийқали сўзлари ва ишлари орқали баён қилинган. Китобга фақат ишончли ҳадислар киритилган.


Сийрат ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни янада яқиндан танишга ёрдам берувчи китоблар мутолааси билан ўтказинг, китобларни харид қилинг.