РАСУЛУЛЛОҲ соллаллоҳу алайҳи васаллам

РЎЗАНИ ҚАНДАЙ ТУТГАНЛАР?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳар жабҳада ўрнак бўлганлар. Бу ҳақда кўп айтилган. Шундай бўлса-да, қуйидаги мақолада у зотнинг муборак Рамазон ойида ибодатларини қай тарзда адо этганлари, қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратганлари тўғрисида сўз юритишни мақсадга мувофиқ деб топдик.

Хусусан, саҳобалар ҳамда бошқа ровийларнинг айтган ва ёзиб қолдирган маълумотларига кўра, Расулуллоҳ алайҳиссалом рўзадорларни албатта ифторлик ва саҳарлик қилишга даъват этганлар, ўзлари вақти кириши билан ифторликни тез, яъни шом намозини ўқимасдан олдин, саҳарликни эса кечиктириб, яъни бомдод намозига яқинроқ вақтгача қилганлар, ифторликда оғизни ҳўл ёки қуруқ хурмо билан, ёхуд сув билан очганлар. Бу ҳолатларга далолат бўладиган ҳадиси шарифлар жуда кўп. Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ намоз ўқишдан олдин бир нечта ҳўл хурмо билан оғиз очар эдилар. Агар ҳўл хурмо бўлмаса, қуруқ хурмо билан очар эдилар. Агар хурмо ҳам бўлмаса, бир неча қултум сув ичар эдилар» (Термизий ривояти).

Абу Атийя ҳикоя қилади: «Масруқ билан Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирдик. Масруқ Оиша онамизга: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки саҳобаси бор. Иккаласи ҳам яхшиликдан оғишмайди. Уларнинг бири шом намози ва ифторликни тезроқ вақтида қилади. Бошқаси эса кечиктириб қилади», деди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Шом намози ва ифторликни ким тезроқ қилади?» деб сўради. Масруқ: «Абдуллоҳ», деди. Оиша: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай қилар эдилар», деди» (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Абу Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ билан Рамазон ойида сафарга чиқдик. Қуёш ботганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй фалончи, туш ва шавласимон(таом)ни аралаштир», дедилар. У: «Ё Расулуллоҳ, ҳали кун ёруғ-ку!», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Туш ва аралаштир», дедилар. У тушиб, таомни тайёрлаб, ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб келди. У зот ўша овқатдан тановул қилдилар, сўнг қўллари билан кўрсатиб: «Агар қуёш бу ердан ғойиб бўлиб, бу ердан тун кириб келса, рўзадор оғзини очади», дедилар» (Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саҳобаларининг биридан бундай ривоят келтирган: «Мен Расулуллоҳ ҳузурларига кирдим. У зот саҳарлик қилаётган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу (саҳарлик) Аллоҳ сизларга берган баракадир. Уни тарк қилманглар», дедилар» (Насоий ривояти).

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ билан бирга саҳарлик қилдик. Сўнг у зот намозга турдилар. Мен: «Азон ва саҳарлик орасида қанча муддат бор эди?», дедим. У зот: «Эллик оят (ўқиш) миқдорича», дедилар» (Бухорий ривояти).

Бундан чиқиб айтиб ўтиш мумкинки, саҳарликни кечиктириш рўзани енгиллаштиради, рўзадорга осонлик туғдиради ва бомдод намозигача ухлаб қолишдан сақлайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуруқ хурмо мўмин учун қандоқ яхши саҳарлик-а!» дедилар (Абу Довуд ривояти).

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ саҳарлик пайтида «Эй Анас, мен рўза тутмоқчиман. Менга бирор таом бер» дедилар. Мен у зотга қуруқ хурмо ва бир идишда сув олиб келдим...» (Насоий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ифторликни тезроқ қилиш ва оз бўлса-да, тановул қилиб саҳарлик қилиб олишлари ҳақида яна Анас розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ифторлик қилмасдан туриб шом намозини ўқиганларини кўрмадим. У зот бир қултум сув билан бўлса ҳам, оғиз очар эдилар». Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ҳам қуйидаги ривоят мавжуд: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир ҳўплам сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилинглар», деб айтардилар» (Ибн Ҳиббон ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Бизнинг рўзамиз ва аҳли китоб рўзаси орасидаги фарқ саҳарликдир» (Муслим ривояти).

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга қурбат ва ибодат қилишда энг гўзал амаллар билан бирга нафсининг ҳақини ҳам адо қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳолатларини таҳлил қилар эканмиз, айрим мусулмонлар бу борада камчиликларга йўл қўйиши кўзга ташланади. Жумладан, баъзи рўзадорлар саҳарлик қилмайди ёки саҳарликни жуда эрта – тун ярмида қилади ва нафсининг ҳақига риоя қилмайди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига эргашмасликнинг оқибатидир. Зеро, Амр ибн Маймун розияллоҳу анҳу бундай деган: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ифторликни тезроқ қилиб, саҳарликни охирги вақтигача олиб боришар эди» (Абдураззоқ ривояти).

 

Рўза тутган киши мисвок ишлатса бўладими?

Омир ибн Робиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳнинг рўзадор ҳолларида мисвок ишлатганларини саноғига ета олмайдиган даражада кўп кўрганман» (Термизий ривояти).

Рўза ҳолида мисвок ишлатиш ҳанафий мазҳабида жоиз саналади. Мисвокни қуруқ, ҳўл ёки нам ҳолда ишлатиш ҳам мумкин (Алоуддин Косоний, «Бадоэъус саноеъ»).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нега Рамазон ойида мисвок ишлатмасинлар? Ахир, мисвокнинг фазилатлари ҳақида кўплаб ҳадисларни ривоят қилган бўлсалар! Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилгувчидир» (Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бундай марҳамат қилганлар: «Мен мисвок ишлатишга шунчалик кўп буюрилдимки, ҳатто мисвок ҳақида менга Қуръон ёки ваҳий тушади, деб гумон қилиб қолдим» (Аҳмад ривояти).

Бу ҳадислардан шуни англаш мумкинки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кун бўйи мисвоқдан фойдаланганлар. Қуйидаги ҳадислар ҳам бунга далил бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар умматимга машаққат бўлмаганида, уларни ҳар таҳоратда мисвок ишлатишга буюрар эдим» (Аҳмад ривояти). Яна бир ҳадисда бундай дейилган: «Агар мўминларга машаққат бўлмаганида, уларни ҳар бир намоз вақтида мисвок ишлатишга буюрар эдим» (Муслим ривояти).

Бу ҳадислар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзларига хилоф келмайди, албатта: «Рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳнинг ҳузури(назди)да мушкнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқдир» (Бухорий ривояти). Бу ҳадиснинг маъноси шуки, сизларнинг наздингизда бадбўй бўлган рўзадор оғзидаги бу ҳид Аллоҳнинг наздида сизлар энг хушбўй деб ўйлайдиган мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқ, тозароқ ва ёқимлироқдир. Чунки рўзадор оғзидаги ҳид Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниш, Унга қурбат ҳосил қилишдан пайдо бўлади. Бу ҳиднинг ўзи хушбўй эмас, бу ҳадис оғиздаги мазкур ҳидни сақлаш, уни йўқотмасликка ҳаракат қилишга тарғиб қилмайди, балки бу ҳиднинг фазилатини баён қилади. Бу ҳиднинг хушбўйлиги моддий эмас, балки маънавий озуқадир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мисвок ишлатишга бепарво бўлмаслик керак. Чунки унинг ажри буюк ва фойдалари санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада кўп!

 

Рўзадор киши чўмилиши мумкинми?

Ушбу саволга қуйидаги ҳадислар жавоб бўла олади: Абу Бакр ибн Абдураҳмон розияллоҳу анҳу баъзи саҳобалардан бундай ривоят қилади: «Аржда (Мадинадан жанубда тахминан 113 км масофадаги қишлоқ) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўзадор ҳолларида ташналик [ёки иссиқ] туфайли бошларидан сув қуйганларини кўрганман» (Абу Довуд ривояти).

Бу танга раҳм қилиш, нафс ишини осонлаштириш ва уни ибодатга фаол бўлишга ундашдир. Чунки рўзадан кўзланган асосий мақсад – Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниш ҳамда хузуъ туфайли нафс у яхши кўрган ва лаззатли бўлган нарсаларни унга тақдим қилишдир. Нафсни уни азоблаш, унга озор бериш ва қорайтиришдан асраш.

Ғусл қилиш ва кийимни ҳўллаб олиш ҳам бошдан сув қуйишнинг ҳукмидир. Имом Бухорий рўзадорнинг ғусл қилиши ҳақида баъзи саҳоба ва тобеъинлардан ривоятлар келтирган. Бу зотлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кучли муҳаббат қўйганлари ҳаммага маълум. «Ибн Умар розияллоҳу анҳумо рўзадор ҳолида кийимини ҳўллаб, устига ташлаб олди. Шаъбий эса рўзадор ҳолида ҳаммомга кирган. Ҳасан Басрий бундай деган: «Ғарғара ва салқинлаб олишнинг рўзадорга зарари йўқ» (Бухорий ривояти).

Хулоса шуки, ибодатни енгиллаштирадиган, уни бажаришда имконият яратадиган ҳар қандай амал Аллоҳнинг ҳузурида мақбул ишдир.

Ибодатни қийинлаштирадиган, машаққат туғдирадиган амаллар эса, шариатимиз мақсадларига кирмайди, балки улардан халос бўлишга чақиради. Лекин ибодатни қийинлаштирадиган машаққат ажрни кўпайтиради. Масалан, қишда таҳорат олиш, ҳаж учун сафарга отланиш, иссиқ ва совуқ кунларда жамоат намозига қатнаш шулар жумласидандир.

Олимлар бу ҳақда бундай фикр билдиришган: «Шуни билиб олиш зарурки, Аллоҳнинг ризоси ёки муҳаббати фақат нафсни қийнаш ва уни машаққатларга дучор этишда эмас. Яъни амал қанча машаққатли бўлса, шунча афзал бўлади, деган тушунча нотўғри. Баъзи кимсалар ўйлаганидек, ажр-савоб машаққат миқдорига қараб берилмайди. Балки ажр амалнинг манфаати ва фойдасига қараб, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилиш даражасига қараб берилади. Икки амалдан қайси бири чиройли бўлса, амал соҳиби итоатгўйроқ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ эргашувчи бўлса, шу амал энг афзали саналади. Чунки амаллар кўплиги билан фазилатли бўлмайди. Балки уларнинг афзаллиги қалбда амал ҳолатининг ҳосил бўлиши билан боғлиқдир».

Шариатимиз кенг қамровлидир. Ишларнинг энг афзали энг осонидир. Нафсга ёки бошқаларга машаққат юклаш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоят ва кўрсатмаларига зид амал саналади.

 

Рўзадор ғарғара қилиши мумкин

Бунга қуйидаги ҳадислар далил бўлади: Лақийт ибн Сабра ривоят қилади: «Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга таҳорат ҳақида ҳам айтинг», дедим. У зот: «Таҳоратни мукаммал қил. Бармоқларинг орасига бармоқларингни кирит. Агар рўза бўлмасанг, бурунга сувни яхшилаб торт», дедилар» (Абу Довуд ривояти). Яъни ғарғара қилишда ичига сув кириб кетишдан эҳтиёт бўлиши лозимдир. Ҳанафий манбаларда эса, ғарғара қилишда эҳтиёткорликка буюрилади ҳамда катта сув ҳавзасида чўмилганда махраждан сув кириши билан рўзанинг синиши қайд этилган.

Бу васатия – мўътадилликнинг энг ёрқин кўринишларидан бири. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзани муҳофаза қилиш қаторида озодаликни ҳам тарғиб қилмоқдалар. У зот бир томонга берилиб, бошқа жиҳатларни унутмаганлар.

 

Расулуллоҳ рўзани улаб тутганларми?

Бу ҳолатга далил бўладиган ҳадислар ҳам кўп. Жумладан, Анас розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Рўзани улаб тутманглар». Шунда саҳобалар: «Сиз улаб тутасиз-ку» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларнинг ҳеч бирингизга ўхшамайман. Мен (Роббим томонидан) таомлантириламан ва (сув билан) қондириламан», дедилар» (Бухорий ривояти).

Бу ҳадисдан маълум бўладики, рўзани улаб тутиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқага шаръан жоиз эмас. Ким рўзани улаб тутишни истаса, саҳарликкача уласин. Чунки «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўзани улаб тутманглар. Агар сизлардан бирингиз рўзани улаб тутишни истаса, саҳарликкача уласин» деганлар» (Бухорий ривояти).

Демак, саҳарлик вақтигача рўзани улаб тутиш жоиз, лекин бу шаръан шарт дегани эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ифторликни тезроқ қилишга кўп тарғиб қилганлар. Жумладан, Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу бундай ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Модомики инсонлар ифторликни тезроқ қилишар экан, доим яхшиликда бўладилар» (Бухорий ривояти).

Олимлар юқоридаги ҳадисда келган «Менга Роббим доим таом ва сув бериб туради» жумласини изоҳлашда турли хил фикрларни билдиришган. Жумладан, айрим олимлар мазкур ҳадисда ҳиссий, яъни ҳаммага маълум моддий таом ва ичимлик назарда тутилган, сўзлар ўзининг ҳақиқий маъносида қўлланилган, бошқа маънога буриш шарт эмас, дейишган. Яна бир гуруҳ олимлар эса, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни маърифат, муножотларнинг файзи ва лаззати, Аллоҳга бўлган муҳаббат ва қурбатнинг баракаси билан озиқлантиради. Агар таом ва ичимлик ҳиссий бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзани улаб тутишларида ҳеч бир маъно ва фойда қолмаган бўлар эди, деган фикрни билдиришган. Ушбу охирги фикр ҳақиқатга яқинроқ.

Бу ҳадисларда, банда тоат-ибодат билан машғул бўлса ва Аллоҳнинг кўрсатмаларига мувофиқ ҳаёт кечирса, нафс шаҳватларидан узоқда бўлиб, тана эҳтиёжларининг озайишига, ишора бор. Чунки кўп ибодат мақсадни кучайтиради ва иродани мустаҳкамлайди ҳамда нафснинг шаҳват ва истакларига асир бўлишдан халос этади. Шунинг учун ҳам рўза банда учун «сақланиш» – жаҳаннамдан парда вазифасини бажаради ҳамда шайтон ва ҳавои нафсга қарши курашишда ёрдамчи бўлади.

Рўзани улаб тутиш шаръан фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жоизлиги шуни англатадики, у зотнинг яхши амалларни кўп қилишга, шаҳватлардан тийилишга ва ғафлатни йўқотиш учун лаззатларни озайтириш туфайли уни тарбиялаб боришга рағбатлари кучли бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни баъзан Аллоҳ таолонинг ибодатига бутунлай шўнғиб кетганига гувоҳ бўламиз. Айниқса, муборак Рамазон ойида бу ҳолат кўп кузатилади. Бу ҳадислар яна шунга далолат қиладики, Аллоҳ таоло гоҳида ҳеч бир сабабсиз ҳам ғайри оддий ҳолатларни юзага чиқариши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўзани улаб тутган ҳолларида саҳобаларни бундай қилишдан қайтаришларига келсак, бу ишда у зотнинг ўз умматларига нақадар меҳрибон ва шафқатли эканликлари намоён бўлади. Чунки саҳобалар ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга ва уни худди у зотдек бажаришга интилишар эди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ишларни асло қилмас эдилар. Аллоҳ билгувчироқдир!

 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда»

китоби асосида тайёрланди

 

«Ҳилол» журналининг 9 (66)-сонидан«Мўминнинг қалқони» китобидан