
«КИТОБХОНЛИК МАКТАБИ» УЧ ЁШДА!
2022 йил 3 февраль куни «Hilol-nashr» матбаа-нашриёти учун муҳим сана бўлиб тарихга ёзилган. Шу куни китобхонликни тарғиб қилиш, халқимизнинг китобхонликка ошно қилишни ниятида «Китобхонлик мактаби» номли лойиҳага асос солинган эди.
Болалар ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Эркин Малик бошчилигида йўлга қўйилган ушбу лойиҳа бу йил уч ёшга тўлди!
Ортда қолган уч йил ичида «Китобхонлик мактаби»да элимиз ардоқлаган ёзувчилар, шоирлар, устозлар билан суҳбатлар, бир қатор китоблар тақдимоти, хос ойлар ва кунларга оид кўплаб маърифий тадбирлар ўтказилди.
Аввал бошида лойиҳамиз тингловчиларга, китобхонларга асосан суҳбат ва тақдимотлар билан хизмат қилган бўлса, кейинчалик лойиҳага турли йўналишлар қўшилиб, «Китобхонлик мактаби»нинг кўлами янада кенгайди. Жумладан, мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг ҳаёти ва меросини ўрганишга қаратилган «Маснавийхонлик дарслари», китоб ўқишнинг яна бир ўзига хос тарғиби бўлган «Ҳилол» интеллектуал клуби, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросини ўрганишни мақсад қилган «Устозлар билан мутолаа» лойиҳалари китобхонларни хушнуд қилиб келмоқда. Эслатиб ўтамиз, бугунгача лойиҳамиз доирасида 148 та суҳбат ўтказилди.
2025 йилнинг 25 февраль куни «Ҳилол» интеллектуал клубининг қишки мавсум финал ўйини бўлиб ўтди. Тадбир якунида ғолиб жамоалар билан бирга «Китобхонлик мактаби»нинг уч йиллиги муносабати билан лойиҳанинг ташкилотчилари, ходимлари тақдирландилар. Лойиҳа ташкилотчиси Эркин Малик, лойиҳамизнинг бошловчиси Қамариддин Бекмуҳаммад, суҳбатларни онлайн эфирга узатишда жонбозлик кўрсатадиган islom.uz ва «Hilol-media» жамоалари, лойиҳамиз учун кўзга кўринмаса-да, муҳим хизматлари билан ёрдам бериб келаётган «Hilol-nashr» матбаа-нашриёти операторлари, «Hilol dasturlari» жамоасига эсдалик ҳадялар топширилди. Мукофотларни нашриётимиз раҳбари Исмоил Муҳаммад Содиқ тақдим қилдилар.
Аллоҳ таоло «Китобхонлик мактаби» лойиҳасининг китобхонларга узоқ йиллар давомида хизмат қилишини, илмий, маънавий-маърифий суҳбатлар, китоб тақдимотлари ташкил қилиб, икки дунё саодатини топишларида ёрдам беришини насиб қилсин! Лойиҳамизнинг фаолияти бардавом бўлиб, янада сифатли, манфаати кўп бўлишини Ўзидан сўраймиз!
Изоҳ қолдириш