«Болалигимда уйда чироқ ўчиб қолишини орзу қилардим» — Санъат Ҳасанов, телекоммуникация соҳаси бўйича мутахассис

"Ucell" компаниясининг биллинг ва тарификация бўлими бошлиғи Санъат Ҳасанов ахборот технологиялари соҳаси мутахассислари ва бу йўналишга қизиқувчи кенг аудитория учун иккита асарни тақдим этди. Қўлланмалар "Бу менинг оилам" ва "Қандай қилиб етук муҳандис бўлиш мумкин?" деб номланади.

Муаллифнинг айтишича, асарда ҳаётий воқеалар, оилавий шажараси акс этган лавҳалар ўрин олган бўлиб, аслида мақсади уни эсдалик учун ёзиш, қариндош-уруғлар ўртасида тарқатиш билан чекланган эди. Аммо китобларни мутолаа қилганлар ёзилган маълумотлар муҳимлиги, ибратли воқеалар бугунги кундаги соҳа ходимлари ва етишиб чиқаётган авлод учун асқатишини таъкидладилар. Кўпчиликнинг таклифи асосида ҳар иккала асар 3 мингта тиражда нашр этилди.  Мутахассисни ота ёди ва унга бўлган чуқур эҳтироми китоб ёзишга ундаган. Падари бузруквори Ҳасанов Пўлат, Ўзбекистон республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор - техника фанлари  бўйича етук олим бўлган. Санъат Ҳасанов ҳам отасига ҳавасан электр алоқа муҳандислиги соҳасини танлаган, ҳозирда телекоммуникация соҳасидаги тажрибали мутахассисга айланган.  Муаллиф ҳозирги кунда "Ucell" компаниясининг биллинг ва тарификация бўлимида мижозларга кўрсатилаётган хизматларни автомат ҳисоб-китоб қилиш тизимини эксплуатацияга маъсул бўлган 22 кишилик  жамоага раҳбарлик қилади.

- Отам республикамизда биринчилардан бўлиб автоматика, робототехника, сунъий интеллект, ахборот хавфсизлиги ва криптография йўналишлари бўйича илмий ишлар қилганлар - дейди муаллиф – Болалигимда уйда чироқ ўчиб қолишини кутардим, чунки қоронғуликда отам фарзандларни ёнларига олиб, келажак технологиялари ҳақида сўзлаб берардилар. Ҳозирги пайтда оддий воқеага айланган сунъий интелект, роботлар меҳнати ёхуд масофавий харидлар 80-йилларда биз учун фантастик эртакдек туюларди ва буларга ҳеч ишонолмасдик. У вақтларда ҳали шахсий компьютерлар кенг тарқалмаган, одамлар уйида компьютер бўлиши хаёлга ҳам келмайдиган вақтлар эди. Отам 50 дан ортиқ ихтиро патентлари муаллифи бўлган, робототехникага оид 20 дан ортиқ патентлари халқаро патентлар базасидан ўрин олган. Илмий фаолиятлари давомида 40 дан ортиқ фан номзодлари ва фан докторларини тайёрладилар. Отам жуда ҳалол, адолатпарвар ва илмга ихлоси юқори инсон бўлганлар. Отамни билган ва таниган одамлар фарзандларини ўқишга олиб кириш учун олдиларига кўп марта илтимос билан келишарди. Лекин жавоб ҳар доим бир хил бўлар­ди, «Келинг, яхшиси, фарзандингизни ўзим ўқишга тайёрлаб бераман, фарзандингиз ўқишга ўз кучи би­лан кириб олади ва бошқалар олдида мағрур юра­ди», – деб жавоб қайтарар эдилар. Қариндошлар, қўни-қўшнилар ва хатто бегоналарни ҳам олий таълим даргоҳига кириш учун тайёрлар, онам уларга овқатлар пишириб берардилар. Отам илм ўргатганлари учун ҳақ ҳам олмас, толиби илмлардан кимдир кичик тўрва кўтариб келса, жуда қаттиқ ранжир ва бошқа қайтармасликни тайинлардилар. Ўнта фарзандни ўқитиб катта қилган отам ва онамнинг умри кўп жиҳатдан барчага ўрнак, намуна, десак арзийди.

Муаллифнинг "Бу менинг оилам" асарида ўз шажарасидаги аждод ва авлодларининг ахборот технологиялари соҳасига қўшган ҳиссалари, фанга киритган янгиликлари ҳикоя қилинган. Иккинчи китоб - "Қандай қилиб етук муҳандис бўлиш мумкин?" ҳам ўзига хос ажойиб қўлланма бўлиб, унда асосан ота-оналар ва устозларга етук мутахассисларни тайёрлаш бўйича тавсия ҳамда маслаҳатлар ҳавола этилган. Бўлажак муҳандисларга қандай тарбия ва сабоқ кераклиги ҳақидаги ноодатий фикрлар ва сир-асрорларни асардан топишингиз мумкин

 

- Фарзандларингиз уйда техника жиҳозларини бузиб қўйишса, асло ранжиманг ва уларни изланишидан бездирманг. Мен ҳам кичкиналигимда айрим жиҳозларнинг ичини очиб кўрардим, бузиб қўярдим. Айниқса, радио ва шунга ўхшаш нарсаларнинг ичини очиб кўриш мен учун жуда мароқли машғулот эди, - дейди муаллиф - Бунинг самарасида кўплаб керакли нарсаларни ўз қўлим билан ясаш, ҳатто уларнинг орқасидан даромад олишга муваффақ бўлдим. Ота-она ўқишдан йиқилган фарзандига "Ўқисанг, дунёни олиб берармидинг?!" деган миннатли гапларни айтмаслиги керак. Балки уларни яна ҳам яхши тайёргарлик кўришга руҳлантириб, қўллаб-қувватлаши лозим. Агар фарзандингизда фанларни яхши ўзлаштириб олиш қобилияти бўлмаса, балки, бирор бир ҳунарга қизиқар.

Қўлланмада нафақат ота-она ва устозлар, балки етишиб чиқаётган кадрларга ҳам зарур ўгитлар берилган. Масалан, муаллиф курс ишлари ва диплом ишларини, илмий ишларни энг талабгир йўналишларда қилишни уқтирган. "Кўчирмакашликка йўл қўйманг, бу сизни галдаги муваффақиятсизликка итарувчи омилдир" - деб таъкидлайди муаллиф ёшларга қарата. Асардан раҳбарда мавжуд бўлиши лозим бўлган қобилиятлар, бошқарув санъатининг нозик жиҳатлари ҳам ўрин олган. Шу жиҳатдан ҳар иккала китобни ҳам ёшу қарига мос келувчи, соҳа кишиларига мотивация берувчи муҳим манба, дейиш мумкин. Ундаги фикрлар мушоҳадага чорлайди ва қўлига олган ҳар бир инсони янги билимлар билан бойитади.

Санъат Ҳасанов ҳозирги кунда яна бир нечта китобларини нашрдан чиқариш харакатида. Улар орасида телекоммуникация соҳасида лойиҳаларни бошқаришда дуч келиш мумкин бўлган нозик жиҳатларни кўрсатиб берадиган рисоласи ҳам ўрин олган. Ўйлаймизки ушбу рисола ҳам соҳа мутахассиларига керакли маълумотларни тақдим этади.

Муаллифнинг китоблари:

1. «Бу менинг оилам» (Ҳаётий воқеалар)

2. «Қандай қилиб етук муҳандис бўлиш мумкин?»

Манба: xabar.uz