ИЛМНИ ТАРТИБ БИЛАН ОЛИШ КЕРАК!
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва салавотлар бўлсин!
Аллоҳ таоло борлиқни тартиб-интизом асосида яратган. Унинг динини ўрганиш ҳам тартибли равишда бўлиши лозим. Ана шунда иш баркамол ва мақсадга мувофиқ бўлади. Мисол учун, инсон эътиқодини ростламай туриб шариат аҳкомларига тўғри ва изчил амал қила олмайди. Араб тилининг балоғатини ўрганмай туриб Қуръоннинг фасоҳатини англашнинг имкони йўқ. Фиқҳдан баҳраланмаган одам Қуръон ва Суннатнинг мақсадини тушунмаслиги аниқ. Тасаввуфнинг таъмини тотмаган одам оят-ҳадисларнинг мазасини туймайди. Ушбу таомил бузилганда нималар содир бўлганини ва бўлаётганини бугун ҳаммамиз кўриб турибмиз. Шу боис, Ислом уламолари қадимдан илмларни тартиб билан ўргатишга алоҳида эътибор берганлар. Ҳатто бир муаллифнинг асарларини ўрганишда ҳам маълум тартибларни тавсия қилишган. Биз ҳам ана ўша анъанага кўра, ҳозирда юртимизда китоблари энг кўп чоп қилинган мусаннифимиз, буюк олимимиз, устозлар устози шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг асарларини ўрганиш тартибини тақдим қилмоқчимиз.
Юртимизда қадимдан буюк алломалар етишиб чиққан. Улар ўзларининг илмий асарлари орқали дунё тамаддунига, жаҳон маданиятига, хусусан, исломий илмлар ривожига бемисл ҳисса қўшганлар. Ана шундай буюк дарғаларнинг сўнгги вакили шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ бўлдилар. Очиғини айтишимиз керак, охирги асрларда олимлар, фузалолар кўп ўтган бўлса-да, улар катта илмий асарлар қолдиришга кўп эътибор бермаганлар. Эҳтимол, бу ҳол улар яшаган давр ва шароит тақозоси бўлгандир. Нима бўлганда ҳам, бу нарса тарихий воқеликдир. Яна бир ҳақиқат шуки, ўшандай илмий ҳаракатлар олиб борган баъзи уламоларнинг асарлари кенг оммага тарқамай қолиб ҳам кетган. Хусусан, худосизлик тузуми ҳукм сурган пайтларда халқимиз ўз динини ўрганишдан буткул маҳрум бўлиб қолди, диний адабиётлар батамом тугатилди. Ушбу катта бўшлиқни тўлдириш эса устоз раҳматуллоҳи алайҳга муяссар бўлди. У киши исломий илмларнинг деярли барча йўналишларида қалам тебратиб, халқимизнинг диний савиясини оширишга, маънавий хазинасини бойитишга улкан ҳисса қўшдилар. Бугун бу ҳақиқатни илму фаросатли, қалб кўзи очиқ, инсофи бор ҳар бир инсон яхши билади, тасдиқлайди.
Шайх ҳазратларининг асарларига халқимизнинг муҳаббати ва иштиёқи ниҳоятда баланд. Бугун бу асарлар кирмаган ўзбек хонадони жуда кам бўлса керак. Мухлис кишилар у зотнинг деярли барча китобларини жамлаган. Аммо бу китоблар турли мавзуларда, турли ҳажмларда бўлгани боис, кўпчилик ўқувчилар ўзлари ёки фарзандлари бу асарларни қайси биридан бошлаб, қай тартибда ўқиш мақсадга мувофиқ бўлишини сўраб, мурожаатлар қилишмоқда. Бу ниҳоятда тўғри фикр. Зеро, Ҳазрат динни тартибли равишда ўрганиш лозимлигини доимо таъкидлар эдилар, барча тушунмовчиликлар ушбу таомилга амал қилмасликдан келиб чиқаётганини уқтирар эдилар. Хуллас, мазкур мурожаатлар, хусусан, фарзандларига шу асарларни ўқитиб, авлодларини илм-маърифатли қилиб тарбиялаш илинжида савол йўллаган ака-ука, опа-сингилларимизнинг ҳаракатлари туртки бўлиб, шу мазмундаги саволларга жавоб тариқасида қуйидаги жадвални омма эътиборига ҳавола қилишни маъқул топдик. Ўйламизки, бу камтарона уринишимиз фойдадан холи бўлмайди.
Ҳар бир ишда тартиб зарур. Тартибли ишнинг самараси мўл бўлади, ўзи бардавом бўлади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амалларнинг энг афзали – оз бўлса ҳам, давомий бўлганидир», деганлар.
Рўйхатда китоблар мазмуни ва долзарблигига кўра босқичларга ажратилди. Ҳар бир босқичда тахминий тартиб бор бўлса-да, уларни ҳар бир ўқувчи ўз қизиқиши ва имкониятидан келиб чиқиб, ўзи учун тартиблаб олиши мумкин. Айниқса, бунда китобхоннинг ёши ҳам эътиборлидир. Ўқувчи толиқмаслиги учун мураккаброқ китоблар ўртасида тушунуш осонроқ бўлган кичикроқ асарлар тавсия қилинди. Бу китобларнинг ҳар бири мустақил асар бўлса-да, уларни тартибли равишда ўрганиш ўқув самарасини ошириб, инсонга илм талаб қилишда ғайрат-шижоат беради.
Айни пайтда, ҳар бир одамга айни дамда кундалик ҳаётида долзарб бўлиб турган мавзуни олдин ўрганиб олиши фарз эканини ҳам эслатиб ўтиш даркор. Мисол учун, оила қурмоқчи бўлганлар «Бахтиёр оила» китобини, савдогарлар «Бозор» китобини аввал ўқиб, ўрганишлари лозим.
Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, бу жадвалда шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳнинг барча асарларини ўқишга ва ўқитишга бел боғлаган кишилар назарда тутилган. Аммо ушбу тартиб ҳазратнинг асарлари билан танишаётган барча ўқувчилар учун ҳам манфаатли бўлади, деган умиддамиз.
ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ
ҲАЗРАТЛАРИНИНГ НАШР ҚИЛИНГАН АСАРЛАРИНИ ЎҚИШ ТАРТИБИ
№ | БИРИНЧИ БОСҚИЧ |
1 | Иймон |
2 | Соф табиат дини |
3 | Амаллар ниятга боғлиқдир («Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» рукни) |
4 | Мўминнинг мерожи – муфассал намоз китоби (кирил ва лотин алифболарида) |
5 | Мўминнинг қалқони – муфассал рўза китоби |
6 | Мўминнинг нажоти – муфассал закот китоби |
7 | Мўминнинг умр сафари - муфассал ҳаж китоби |
8 | Ёлғон |
9 | Ижтимоий одоблар. |
10 | Бахтиёр оила |
11 | Исроф |
12 | Сунний ақийдалар |
13 | Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар |
14 | Васатия – ҳаёт йўли |
15 | Тасаввуф ҳақида тасаввур |
16 | Самарқанднинг сара уламолари |
17 | Зикр аҳлидан сўранг (туркуми) 1-қисм |
|
|
| ИККИНЧИ БОСҚИЧ |
18 | Мукаммал саодат йўли |
19 | Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар |
20 | Кифоя (1, 2, 3-жузлар). |
21 | Яхшилик ва силаи раҳм (1, 2-жузлар) |
22 | Бозор ва унга боғлиқ масалалар |
23 | Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишлар ҳақиқати |
24 | Дин насиҳатдир. |
25 | Очиқ хат |
26 | Руҳий тарбия (1, 2, 3-жузлар) |
27 | «Ҳадис ва Ҳаёт» туркуми (1‒10-жузлар) |
28 | Зуҳд ва ҳаё («Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» рукни) |
29 | Зикр аҳлидан сўранг (туркуми) 2-қисм |
|
|
| УЧИНЧИ БОСҚИЧ |
30 | Қуръон илмлари |
31 | Тафсири Ҳилол (1, 2, 3-жузлар) |
32 | Ҳадис ва Ҳаёт силсиласи (11‒20-жузлар) |
33 | Одоблар хазинаси («Адабул муфрад»: 1, 2, 3, 4-жузлар). |
34 | Нақшбандия |
35 | Мазҳаблар – бирлик рамзи |
36 | Соғлом бола |
37 | Ҳидоят имоми (Имом Абу Мансур Мотуридий) |
38 | Ҳалол очиқ ойдиндир, ҳаром очиқ ойдиндир («Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» рукни) |
39 | Зикр аҳлидан сўранг (туркуми) 3-қисм |
|
|
| ТЎРТИНЧИ БОСҚИЧ |
40 | Ақидатут-Таҳовия шарҳининг талхийси |
41 | Тафсири Ҳилол (4, 5, 6-жузлар). |
42 | Мусталаҳул ҳадис |
43 | Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам |
44 | Ҳадис ва Ҳаёт силсиласи (21‒30-жузлар) |
45 | Хислатли ҳикматлар шарҳи (1, 2, 3, 4-жуз) |
46 | Фиқҳий йўналишлар ва китоблар |
47 | Дин насиҳатдир («Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» рукни) |
48 | Зикр аҳлидан сўранг (туркуми) 4-қисм |
|
|
| БЕШИНЧИ БОСҚИЧ |
49 | Олам ва одам. Дин ва илм |
50 | Сарахс аҳли сўраган масалалар. Касбнинг баёни |
51 | Ҳадис ва Ҳаёт силсиласи (34, 35, 36, 37-жузлар) |
52 | Ислом тарихи 1 ва 2‑жуз |
53 | Мазҳабсизлик – Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир |
54 | Фақиҳ имомлар |
55 | Усулул фиқҳ |
56 | Зикр аҳлидан сўранг (туркуми) 5-қисм |
| |
| ЭРКИН МАВЗУЛАР |
57 | Кексаларни эъзозлаш |
58 | Зикр аҳлидан сўранг (туркуми) 6 ва 7-қисм |
59 | Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар |
60 | Қарз ва унга боғлиқ масалалар |
61 | Қуръон Карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси |
62 | Олтин силсила («Саҳиҳул Бухорий») |
Эслатма: «Мусталаҳул ҳадис», «Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» ва «Усулул фиқҳ» китоблари мутахассисликка оид бўлгани учун бироз мураккаброқ. Уларни ўқишда бирор илмли одамдан ёрдам олишга муҳтож бўлинади. Шуни эътиборда тутиш лозим.
КИТОБ ЎҚИШ ҲАҚИДА
Фурсатдан фойдаланиб, Шайх ҳазратларининг китоб ўқишдаги тажриба ва тавсияларидан ҳам эслаб ўтсак. У киши китоб ўқиш учун кундалик дафтар тутишни тавсия қилар эдилар. «Ҳар бир китобни бошлашда ўша кунни дафтарга қайдлаб қўясиз. Китобда тушуна олмаган, савол туғилган ўринлар учун ҳам дафтарга ишора қўйиб борасиз. Бирор жумла ёки гапни тушуна олмасангиз, кўп ўйланиб вақтни кетказмаслик керак, вақти-соати келиб, бирор жойдан ўша гапнинг содда ифодаланган шакли чиқиб қолади, жумбоқ ўз-ўзидан ечилади. Кейин китобни тугатган санангизни белгилайсиз. Шунда қанча ва қайси китобларни ўқиганингиз кўз ўнгингизда бўлади. Бу ҳолат сизга янада шижоат беради», деган эдилар.
Баъзан одамларнинг «Ҳазратнинг китоблари илмийда, тушуна олмаяпмиз», деяётганини эшитиб қоламиз. Тўғри, аммо бу уларнинг ҳаммаси ҳам шундай дегани эмас. Уларни юқорида берилган тартибда ўқилса, тушуниш қийин бўлган жойини белгилаб бориб, кейин бирор аҳли илмдан сўраб олинса ёки «Савол-жавоб» сайтидан сўралса ёхуд китоб ўқишда бардавом бўлинса, аста-секин ҳамма нарса тушунарли бўлиб, мутолаа очилиб бораверади. Шуниси аниқки, мусулмон одам динини ўрганиш учун ушбу давонни ошиб ўтиши лозим, бошқача қилиб айтганда, лоақал шунчали машаққат тортиши керак.
Шайх ҳазратлари ҳар бир ишда тартибли бўлиб, вазифани маҳкам тутиш лозимлигини ҳам таъкидлардилар. «Бир ишга ўзингизни бир муддат мажбурласангиз, ўша нарса сизга одатга айланиб қолади, кейин ўшани бажармасангиз, уйқунгиз келмайдиган бўлиб қолади», дер эдилар. У зот китоб ўқиш ҳақида яна «Бугун китоб ўқиган одам кечаги одам эмас-да», деб қўрдилар.
Бир куни Ҳазрат билан бир жойдан келаётиб, «фоточтение» ‒ суратли ўқиш ҳақида сўрадим. Ўша кунлари шу мавзуда бир китобчани ўқиётгандим. Устоз: «Бу каби усуллар ҳар доим ҳам муваффақиятли бўлмайди, матн эсда қолса ҳам, бошқа жиҳатларда нуқсон бўлади, масалан, фикрлаш етук бўлмайди. Ундан кўра ўзимизнинг ўқишимиз яхши», дедилар.
Бир сафар Ҳазратга ўқиётган китобларимиздаги кўп гаплар ёддан чиқиб кетаёганидан шикоят қилгандек бўлдим. Шунда Устоз: «Ўзи шунақа бўлади. Бир маълумотни бир китобда кўриб, шу бўйи ўқимасангиз, эсингиздан чиқиб кетиши осон бўлади. Агар ўша маълумотни бир бу китобда, кейин бошқа бир китобда, бир муддат ўтиб, яна қайсидир асарда ўқисангиз, ана шунда хотирада яхши қолади», дедилар. Шу боис, китобларда айрим маълумотларни такрор ўқишдан малолланманг, бу ҳам сиз учун фойда. Бир маълумотни битта китобда такрор ўқигандан кўра, бошқа-бошқа асарларда ўқиш унинг ёдда яхшироқ сақланишини таъминлайди.
Шу ўринда яна бир хотира ёдимга тушади. Бир гал муаллифнинг китобда олдин нашр бўлган битикларидан фойдаланиши ҳақида суҳбатлашиб қолдик. Шунда мен: «Ўзи муаллиф ўзининг китобидан иқтибос келтирса бўлаверадими?» дедим. Ҳазрат: «Ҳа, ўзининг эски асарларидан ўттиз фоизгача фойдаланса бўлади», дедилар.
Шайх ҳазратлари: «Бир мавзу ҳақида қайси китобда қандай маълумот борлигини эслаб қолишнинг ўзи ҳам катта ютуқ, жуда батафсил эсда қолмаса ҳам ҳечқиси йўқ. Керак бўлганда дарров истаб, топиб оласиз», дердилар. У киши яна: «Бир нарсани ўқисангиз, қанчадир қисми эсда қолиб, қолгани эсдан чиқади. Агар ўшани ўқиш билан бирга ёзиб ҳам чиқсангиз, анча кўпроқ қисми ёдингизда сақланиб қолади. Аммо маълумотни эсда сақлашнинг энг юқори даражаси ўша мавзуни дарс қилиб ўтишда экан. Дарс берсангиз, ҳам яхши уқасиз ва эсда сақлаб қоласиз», дегандилар. Шунга кўра, ўқиган китобларингизни фарзанд-набираларга тушунтириб борсангиз, олган маълумотингиз хотирага мустаҳкамроқ жойлашади.
Ҳазратнинг китоб ҳақида айтган яна бир гаплари бугун жуда ҳам муҳим: «Ҳозирда одамлар манави телефон ва шунга ўхшаш жиҳозларда узди-юлди маълумотларни ўқишга ўрганиб қолишяпти. Тўғри, бунда ҳам анча-мунча илмга эга бўлиш мумкин. Аммо китобнинг ўрни бошқа. Китобда муаллиф аввал муқаддима ёзади. Унда ушбу асарда қайси мавзуда ва нималар ҳақида сўзлашини баён қилади. Кейин ўзи ёритаётган мавзунинг тарихидан гап бошлайди ва аста-секин асосий нуқтага етиб боради. Сўнг эса керакли хулосаларни бериб, сўзига хотима ясайди. Шу боис, китобни бир четдан ўқиган одам билан у ер-бу ердан маълумот ўқиб юрган одамнинг орасида ер билан осмонча фарқ бўлади. Ўшанақа ҳаккам-дуккам маълумотларни ўқишга ўрганган одамнинг фикрлаши ҳам ҳаккам-дуккам бўлиб қолади, бир нарсани гапирсангиз, атрофлича фикрлай олмайди».
Ҳозирги кунда китобларнинг электрон шакллари ҳам жуда оммалашди. Бунинг қулайлиги, йўл-йўлакай ўқишга муносиблиги ва бошқа манфаатли жиҳатлари борлиги аниқ. Аммо ҳар қанча фойдали бўлмасин, барибир вароқли китобнинг ўрнини боса олмас экан. Китоб очиб ўқишнинг файзи бошқа. Кимга қанақа билмадим-у, аммо менга шунақа туюлади. Ўзимнинг шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, электрон китобда ўқиган маълумотларим оддий китобда ўқиганларимчалик эсда қолмайди. Менимча, экрандаги кадрни кўриш учун миянинг анча қисми банд бўлади чоғи ва шу боис, маълумотни хотирага сақлашда сустлик юзага келади.
Ота-она фарзандларининг кўз ўнгида ҳадеб телевизор кўриб ўтиравермай, китоб ўқиб турса, болалар ҳам китобхон бўлади. Уларга қилинадиган совғалар ичида ҳам албатта китоб, дафтар-қаламлар бўлиши керак. Уларни ўзлари учун кийим танлашга ўргатганимиз каби китоб олишга ҳам ўргатишимиз даркор. Тўй-тўлқин, борди-келдиларга қунт қилганимиз каби болаларга ҳам китоб хусусида ваъдалар бериб, уларни амалга оширишимиз керак. Ота-она ҳар куни маълум пайтда оила даврасида китоб ўқишни йўлга қўйиши лозим. Болаларга ўқиши керак бўлган китобларни тайинлаб бериб, кейин ундан имтиҳон олиб, кундалигига баҳо қўйиб, муваффақиятлари билан қутлаб, совғалар улашиш жуда ҳам муҳим. Буларнинг барчасида изчиллик талаб қилинади.
Яна бир тавсия. Агар имкон бўлса, фарзандларга «Ҳадис ва Ҳаёт», «Силаи раҳм»дан қисқа ҳадисларнинг матнларини ёдлатиб борилса ҳам жуда яхши бўлади. Шунингдек, «Ақидатут-Таҳовия»нинг матнини ёдлатилса ҳам бўлади. Айниқса, Қуръон ёд олиб бўлгандан кейин болалар нима қилишини билмай тўхталиб қоладилар. Қуръон билан зеҳни чархланиб турган толиби илм учун ҳадис ва илмий матнларни ёдлаш ҳам анча осон кечади. Улар бу матнларнинг маъноларини тўлиқ тушунмасалар ҳам ёдлаб олаверсалар, кейинроқ маъносини ўрганиб, тўлдириб оладилар ва бу илм уларга мулк бўлиб қолади.
Хулоса қилиб айтганда, Шайх ҳазратларининг асарларини ўрганишда муаллиф раҳматуллоҳи алайҳнинг мазкур кўрсатмаларига амал қилиб борилса, иншооллоҳ, жуда ҳам улуғ иш бўлади. «Тома-тома кўл бўлур», деганларидек, ҳадемай анча катта илмга, маънавий камолотга етиб қолинади. Шу билан бирга, китоб ўқишда қалбни мусаффо тутиш ва ўқиганларига амал қилиб бориш илмнинг баракали бўлиши учун асосий омил эканини ҳам унутмаслик керак.
Шуни таъкидлаш ўринлики, бу ерда Шайх раҳматуллоҳи алайҳнинг асарлари ҳақида сўз юритдик, холос. Аммо юртимизда яна бошқа кўплаб уламоларимизнинг китоблари ҳам нашр бўлмоқда. Уларни ҳам ушбу тартибга қиёслаган ҳолда ўқиб борилса, жуда ҳам яхши бўлади.
Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биргина нарсани зиёда этишини сўраб Аллоҳга дуо қилишлари буюрилган. У ҳам бўлса, илмдир. «Роббим! Илмимни зиёда қил!» деб айт» (Тоҳо сураси, 114-оят). Аллоҳ ҳаммаларимизнинг илмимизни зиёда қилсин ва манфаатли айласин!
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
15.03.17
1 Изоҳлар
Ассалому алейкум ва рахматуллох! Каттакон рахмат сизларга Устоз, жуда хам керакли малумотларга эга булдик. Аллох илмингизга ва сиз учун инъом килган барчасига барака берсин. Аллох сиздан рози булсин!
Изоҳ қолдириш