САҲОБАЛАР ҲАЁТИДАН

 

АСҲОБНИНГ ҲАКИМИ

(Абу Дардо розияллоҳу анҳу)

Куняси Абу Дардо бўлган Уваймир ибн Молик ибн Қайс Ансорий Хазражий розияллоҳу анҳу саҳобалардан. Ҳижратнинг иккинчи йили мусулмон бўлган. Фақиҳ олим ва ҳаким эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Қуръони Каримни жамловчилардан бири эди. Уҳуд ва бошқа барча ғазотларда қатнашган. Шом фатҳидан кейин у ерга волий (ҳоким) этиб тайинланган, айни пайтда Қуръон қироати ва тафсиридан дарс ҳам берган. Ҳазрати Усмон халифаликлари даврида Шом қозиси ва Фаластин фақиҳи бўлган. Расули акрамдан жами 179 та ҳадис ривоят этган, булардан ўн бештаси Бухорий ва Муслимда келган, учтаси фақат Бухорийда, тўққизтаси Муслимда, қолганлари бошқа китобларга кирган. Ҳижратнинг 32 йили (милодий 652) Шомда вафот этган.

У Мадинада дўкондорлик қиларди. Бир куни дўконига савдо қилгани кетганида дўсти Абдуллоҳ ибн Равоҳа уникига келди. Аёлидан Абу Дардони сўради, аёли унинг дўкондалигини айтди. Шунда Абдуллоҳ аёлдан ичкарига киришга изн сўраб, ижозат олгач, тўғри Абу Дардонинг санами жойлашган хонасига кирди. Қўйнидаги болғасини чиқариб, зарб билан бутнинг бошига туширди. Кейин «Аллоҳдан бошқа барча ибодат қилинадиган нарсалар ботилдир», деб пичирлаганча бутни майда-майда қилиб парчалай бошлади. Умму Дардо бут турган хонага кирдию, даҳшатдан қотиб қолди. Эрининг дўсти у сиғинадиган бутни парча-парча қилиб ташлаганди. «Мени ўлдирдинг, эй Ибн Равоҳа», деб уввос сола бошлади.

Кўп ўтмай Абу Дардо уйга қайтди. Бутхона эшиги олдида қўрқувдан тинмай йиғлаётган хотинидан нима бўлганини сўради. У бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди. Эр буни эшитгач, ғазабга минди, аччиқ устида дўстидан ўч олишга шайланди. Бўлган воқеа ҳақида бироз ўйлаб кўриб, шаштидан тушди. «Агар бу санам бирор нарсага қодир бўлганида ўзини ҳимоя қилиб олган бўларди» дея ўзича хулоса чиқарди.

Кейин Ибн Равоҳани топиб, унинг ҳамроҳлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борди ва у зот ҳузурларида Аллоҳнинг динига кирганини эълон қилди. Абу Дардо маҳалласида энг охири бўлиб иймонга келган эди. Аммо Абу Дардонинг Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган иймони жасадининг ҳар бир ҳужайрасига жой бўлиб кетганди. У бошқа мусулмонларга қараганда жуда кўп нарсани бой бериб қўйганини, ҳаммадан орқада қолиб кетганини англаб, қаттиқ пушаймон бўлди. Бошқаларнинг Аллоҳ динини чуқур билишларини, Унинг Китобини ёдлаб олишганини, ибодат ва тақволари билан охират учун захира тайёрлаб қўйишганини билган Абу Дардо биродарларига етиб олишга, ҳатто улардан ўзиб кетишга қатъий бел боғлади. Қуръони Каримни ёдлашга, оятлар маъносини англаб олишга ҳаракат қилди.

У фақат тижоратинигина тарк этмади, балки дунё лаззатларидан ҳам бутунлай юз ўгирди. Унинг зебу зийнатларидан, ҳою ҳашамларидан кечди. Очликни кетказадиган бир луқма оддий таом, жасадни беркитадиган юпунгина кийим билан кифояланадиган бўлди. Унинг зуҳди ва тақвоси ҳақида бошқалар гапирадиган бўлишди.

Умарул Форуқ розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Абу Дардони Шомдаги бир амалга тайинламоқчи бўлди. У аввалига тайсаллаб кўнмай турди. Аммо халифа сўзида қатъий туриб олганидан сўнг рози бўлиб, ўз шартларини қўйди: «Уларга Роббларининг Китобини, Пайғамбарнинг суннатини ўргатишимга, жамоат намозини ўқиб беришимга рози бўлсанг, майли, вазифани қабул қиламан». Ҳазрати Умар рози бўлгач, янги волий Дамашққа жўнаб кетди.

Абу Дардо у ерда одамларнинг роҳат-фароғатга берилиб, дунё тўплашга киришиб кетганини кўрди ва тезда халқни масжидга тўплаб, бундай хутба қилди: «Сизларга не бўлдики, олимларингиз кетиб бормоқда, жоҳилларингиз улардан ҳеч нарса олиб қолмаяпти?! Сизларга не бўлдики, Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган нарсага юзланиб, сизнинг зиммангизга юклаган нарсани тарк этяпсиз?! Сизларга не бўлдики, емайдиган нарсангизни тўплаяпсиз, яшамайдиган биноларингизни тиклаяпсиз, етишолмайдиган орзуларингизга интиляпсиз?!»

Кейинроқ мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ислом ҳукми остидаги вилоятларни текшириш асносида Шомга ҳам келди. Ярим тунда дўсти Абу Дардони зиёрат қилгани борди. Чироқ йўқ хонада икки дўст суҳбатлашиб ўтиришди. Ҳазрати Умар қоронғида пайпаслаб, дўсти қум-тош устида яшаётганини, кўрпа-тўшаги ҳам йўқлигини, эгнида ҳам юпунгина кийим борлигини пайқади. Бундан хижолат бўлиб кетган халифа ундан ўзи юбораётган маошларни қаерга сарфлаётгани ҳақида сўради. Шунда Абу Дардо «Эсингдан чиқдими, эй Умар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг дунёдан оладиган насибангиз мусофирнинг хуржунидаги озуқаси каби бўлсин!» демаганмидилар?!» Ўша куни икки дўст йиғлаб тонг оттиришди.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу вафот этгунига қадар қўлидан келганича Дамашқ аҳлига панду насиҳат қилди, Аллоҳнинг Китобини ва Пайғамбар суннатини ўргатди. Ажали яқинлашганда хасталаниб ётиб қолди. Зиёратга келган асҳоблари «Нимадан шикоят қиласиз?» деб сўрашди. «Гуноҳларимдан», деб жавоб берди Абу Дардо. «Кўнглингиз нима тусайди?» сўрашди. «Роббимнинг мағфиратини», деди саҳоба. Сўнг қўшиб қўйди: «Менга «Лаа илаҳа иллаллоҳ» калимасини талқин қилиб туринглар!» Абу Дардонинг ҳаётидаги сўнгги амали «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг элчисидир» деб гувоҳлик келтириш бўлди.

 

Муниба АҲМАД